1447 йил 17 зулҳижжа2026 йил 3 июн, чоршанба

Anbiyo сураси

Makkaда нозил бўлган.

17-жуз,21-сура,112 оятдан иборат

1.Одамлар учун қиёмат кунидаги ҳисоблари яқинлашиб қолди. Улар ҳануз ғафлатда бўлиб, иймондан юз ўгирувчи бўлган ҳолдалар.

2.Қачонки уларга Роббиларидан бирор янги эслатма келса, уни ўйин қилиб тинглайдилар.

3.Уларнинг қалблари эса ғофилдир. Золимлар: “Ахир бу Муҳаммад ўзингизга ўхшаган бир одам-ку! Кўриб туриб, алданиш учун бу сеҳрга қулоқ тутиб келаверасизларми?!” – дея пинҳона пичирлашадилар.

4.Шунда Муҳаммад уларга: “Роббим осмон ва Ердаги барча сўзни билади. У ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва барчасини билиб турувчи – Аълим Зотдир”, – деди.

5.Улар: “Муҳаммад ваҳий деб даъво қилаётган сўзлар, балки, алғов-далғов тушлардир, балки, уни ўзи тўқиб олгандир, балки, у шоирдир. Бас, у ҳам аввалги юборилган пайғамбарлар каби бизга бирор мўъжиза келтирсин!” – дедилар.

6.Улардан олдин Биз ҳалок қилган бирор шаҳар аҳолиси иймон келтирмаган эди. Энди, улар иймон келтирармидилар?!

7.Эй Муҳаммад, Биз сиздан илгари ҳам фақат эркакларни ўзимиз ваҳий қилган ҳолда пайғамбар қилиб юборганмиз. Бас, эй Макка аҳли, агар билмайдиган бўлсангизлар, Таврот ва Инжилни биладиган зикр аҳлидан сўранглар.

8.Биз у пайғамбарларни таом емайдиган бир жасад қилмадик улар ҳам инсонлардек еб-ичадилар. Ҳамда улар абадий ҳаёт кечирувчи ҳам эмас эдилар.

9.Сўнгра уларга берган ваъдага содиқ қолиб, Ўзимиз хоҳлаган иймонли кишилар билан бирга пайғамбарларга нажот берганмиз ва ҳаддан ошганларни эса ҳалок қилганмиз.

10.Дарҳақиқат, сизларга китобни нозил қилдик. Унда сизларнинг ибратли зикрингиз бор. Ахир, ақл ишлатмайсизларми?!

11.Олдин қанчалаб золим қишлоқ аҳлларини ҳалок қилдик ва уларнинг кетидан бошқа қавмларни пайдо қилдик.

12.Бас, қачонки, азобимиз келишини ҳис қилишганда, улар бирданига у жойдан қочиб қолмоқчи бўлар эдилар.

13.Шунда фаришталар: “Қочманглар, маишатга шўнғиган ундаги ўз масканларингизга қайтинглар, эҳтимол сўроқ қилинасизлар”, – дедилар.

14.Улар бир-бирларига: “Эҳ, ҳолимизга вой бўлсин! Дарҳақиқат, бизлар золимлардан бўлган эдик”, – дедилар.

15.Бас, Биз уларни ўт-ўлан каби ўрилган, ўтин каби ўчиб ҳалок бўлган ҳолга келтиргунимизча уларнинг ана ўша дод-фарёдлари давом этди.

16.Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг орасидагиларни ўйнаб бекорга яратмаганмиз.

17.Иймону, кўнгилхушлик қилишни хоҳлаганимизда эди, Биз уни Ўз томонимиздан қилган бўлар эдик.

18.Йўқ, Биз ундай айбу нуқсондан покдирмиз ва ҳақни ботил устига ташлаймиз. Бас, ҳақ уни эзиб ташлагач, бирдан ботил йўқ бўлиб қолувчидир. Эй мушриклар, Аллоҳни бундай сифатлаётганингиз учун сизларга вой бўлсин!

19.Осмонлар ва Ердаги барча нарса Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар Унга қуллик қилишдан кибрланмайдилар ва ибодатда толиқмайдилар.

20.Фаришталар туну кун тўхтамасдан Аллоҳга тасбеҳ айтадилар.

21.Ёки мушриклар ердан ўзларига ўликларни тирилтира оладиган сохта илоҳларни ясаб олдиларми?!

22.Агар Ер ва осмоннинг иккисида Аллоҳдан ўзга илоҳлар бўлганида эди, ихтилофлар туфайли иккаласи ҳам бузилиб кетган бўлар эди. Субҳаналлоҳ, Арш Роббиси бўлган Аллоҳ улар сифатлаётган шериклардан покдир.

23.Аллоҳ Ўзи қиладиган бирор нарсасидан сўралмайди, аксинча, у бандалар қилган ишларидан сўраладилар.

24.Ёки мушриклар Ундан бошқа сохта илоҳларни қилиб олдиларми?! Эй Расулим уларга: “Ундай бўлса, далилингизни келтирингиз! Мана бу мен билан бирга бўлган мўминларнинг эслатмаси Қуръондир ва мендан олдингиларнинг эслатмалари эса Таврот ва Инжилдир”, – деб айтинг. Йўқ, уларнинг кўпчилиги ҳақиқатни билмай туриб, ундан юз ўгирувчилардир.

25.Эй Муҳаммад, сиздан олдин Биз юборган пайғамбарларга ҳам: “Мендан бошқа илоҳ йўқ, бас, фақат Менга ибодат қилинглар”, – деб ваҳий қилар эдик.

26.Мушриклар: “Раҳмоннинг фаришталардан боласи бор”, – дейдилар. У эса бундан мутлақо покдир! Аксинча, фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки улар азизу мукаррам бандалардир.

27.Фаришталар Ундан олдин бирор сўз айтмайдилар. Улар Аллоҳнинг амри билан иш қиладилар.

28.Аллоҳ бандаларининг олдиларидаги ва орқаларидаги барча ишларини билади. Улар қиёмат кунида фақат Аллоҳ Ўзи рози бўлган кишиларга шафоат қиладилар. Ундай зотлар Унинг қўрқувидан титраб турувчилардир.

29.Улардан бирон кимса: “Мен ҳам Аллоҳдан ўзга бир илоҳман”,– деб айтса, бас, уни жаҳаннам билан жазолаймиз. Биз золимларни ана шундай жазолаймиз.

30.Куфр келтирган кимсалар осмонлар ва Ер аввалда битишган ҳолда бўлганини, кейин Биз у иккисининг орасини ёриб юборганимизни кўрмадиларми?! Шунингдек, сувдан барча тирик нарсаларни пайдо қилдик, ҳали ҳам иймон келтирмайдиларми?!

31.Ер куррасидаги мавжудотларни тебратиб юбормаслиги учун унда улкан тоғларни яратдик. Ҳамда у ерда одамлар манзилларига тўғри боришлари учун кенг йўлларни пайдо қилдик.

32.Осмонни қаттиқ муҳофаза қилинган том қилиб қўйдик. Лекин улар Аллоҳнинг оятларидан юз ўгирувчилардир.

33.У кеча ва кундузни, қуёш ва ойни яратган Зотдир. Барча сайёралар фалакда доимий сузиб юрадилар.

34.Эй Муҳаммад, Биз сиздан аввал бирор одамзотга ҳаётида абадийлик бермаганмиз. Нима, сиз ўлсангиз, улар абадий қолувчимилар?!

35.Ҳар бир жон эгаси ўлимни тотувчидир. Биз сизларни сабрингизни синаш ёмонлик билан ҳам, шукр қилишингизни билиш учун яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қиламиз. Кейин, албатта, Бизнинг ҳузуримизга қайтариласизлар.

36.Эй Муҳаммад, қачонки куфр келтирганлар сизни кўриб қолсалар бир-бирларига: “Илоҳларингизни айблаб тилга оладиган одам шуми?” – деб масхара қиладилар. Ваҳоланки, улар Раҳмоннинг зикрини инкор қилувчилардир.

37.Инсон шошқалоқ табиатда яратилган. Яқинда сизларга ваъда қилган аломатларимни кўрсатаман. Бас, Мени бу борада шошилтирманглар.

38.Улар: “Агар ростгўйлардан бўлсангиз, бу ваъда қачон бўлади?” – дейдилар.

39.Агар куфр келтирган кимсалар юзлари ва орқаларидан дўзах оловини тўса олмайдиган ва уларга қиёматда ҳеч қандай ёрдам берилмайдиган даҳшатли онни билганларида эди, бу гапни айтмаган бўлар эдилар.

40.Йўқ, қиёмат тўсатдан келиб қолади ва уларни лол қилиб қўяди. Бас, уни қайтаришга кучлари етмайди ва уларга тавба қилиш учун муҳлат ҳам берилмайди.

41.Эй Муҳаммад, аниқки, сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам масхара қилинган. Натижада, уларнинг устидан кулган кимсаларни эса ўзлари масхара қилган нарсалари ўраб азобга солди.

42.Эй Муҳаммад уларга: “Кечаси ва кундузи сизларни Раҳмоннинг азобидан ким сақлай олади?!” – деб айтинг. Йўқ, улар Роббиларининг зикридан юз ўгирувчилардир.

43.Ёки уларда Биздан бошқа ҳимоя қиладиганилоҳларборми?! Ахир у бутларнинг ўзларига ёрдам беришга ҳам кучлари етмайдику! Шунингдек, улар Биз томондан ҳимоя ҳам қилинмайдилар.

44.Аксинча, Биз анави кофирларни ва ота-боболарини дунё матоларидан шундай баҳраманд қилиб қўйдикки, ҳатто уларга умр ҳеч тугамайдигандек узоқ бўлиб кўринди. Ахир, улар куфр дунёси қисқариб, Биз ерни атрофидан камайтириб келаётганимизни кўрмаяптиларми?! Ёки улар ҳар нарсада устунмилар?!

45.Эй Расулим, уларга: “Мен сизларни фақат ваҳий билан огоҳлантираман. Лекин қулоғи маънан карлар огоҳлантирилаётган вақтларида даъватни эшитмайдилар”, – деб айтинг.

46.Қасам бўлсинки, агар уларга Роббингизнинг азобидан озгина етса, албатта, улар: “Ҳолимизга вой бўлсин, чиндан ҳам бизлар ўзимизга золим эканмиз”, – деб айтадилар.

47.Биз қиёмат куни учун адолатли тарозилар қўямиз, бас, бирор жонга заррача зулм қилинмайди. Агар амаллар хардал ўсимлиги донасининг оғирлигича бўлса ҳам, ўшани келтирамиз! Ҳисоб кўрувчи сифатида Ўзимиз кифоя қиламиз.

48.Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга ҳақ билан ботилни айирувчи Тавротни тақводорлар учун зиё ва эслатма қилиб бердик.

49.Улар Роббиларидан ғойибона қўрқадилар ва қиёмат соатидан ҳам титраб турувчидирлар.

50.Бу Қуръон Биз нозил қилган муборак эслатмадир. Ҳали сизлар уни инкор қилувчимисизлар?!

51.Дарҳақиқат, Мусодан олдин Иброҳимга тўғри йўлни бердик. Биз уни солиҳ эканини билар эдик.

52.Ўшанда Иброҳим отаси ва қавмига қарата: “Сизлар берилиб сиғинадиган бу ҳайкаллар нимадир?!” – деди.

53.Улар Иброҳимга: “Ота-боболаримизни уларга сиғинган ҳолда топганмиз”, – дедилар.

54.Иброҳим: “Ҳақиқатан, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатда бўлгансизлар”, – деди.

55.Улар яна Иброҳимга: “Бизга ҳақ нарсани келтирдингми ёки сен ўйин қилувчиларданмисан?” – дедилар.

56.Иброҳим уларга: “Сизларнинг Роббингиз мана бу ҳайкаллар эмас, балки осмонлар ва Ернинг Роббидир. У уларни йўқдан бор қилган Зотдир. Мен бунга гувоҳлик берувчиларданман”, – деди.

57.Аллоҳ номига қасамки, сизлар бу ердан ортингизга қараб кетганингиздан кейин бутларингизга бир найранг қиламан.

58.Одамлар кетишгач, Иброҳим бутларни парча-парча қилиб ташлади. Фақат уларнинг энг каттасини синдирмай, балки унга мурожаат қиладилар деб ўз ҳолида қолдирди.

59.Улар қайтиб келиб: “Бизнинг илоҳларимизни ким бундай қилди? Ким бўлса ҳам у золимлардан экан”, – дедилар.

60.Уларнинг айримлари: “Бутларни айблаб гапириб юрадиган бир йигитни эшитдик, уни Иброҳим дейишарди”, – дедилар.

61.Шунда уларнинг катталари: “Уни одамларнинг олдига олиб келинглар шояд, улар Иброҳимнинг ишларига гувоҳ бўлишар”, – дедилар.

62.Иброҳимни олиб келишгач унга: “Эй Иброҳим, илоҳларимизни сен шундай қилдингми?” деб сўрадилар.

63.Иброҳим уларга: “Йўқ, бу ишни уларнинг мана бу катталари қилди. Қани, агар гапира олсалар улардан сўраб кўринглар-чи!” – деди.

64.Шунда мушриклар бироз ўзларига келиб бир-бирларига: “Сизлар ўзингиз золимсизлар”, – дедилар.

65.Сўнгра, яна бошлари айланиб: “Ахир сен уларнинг гапирмасликларини яхши биласанку!” – дейишди.

66.Иброҳим уларга: “Наҳотки, Аллоҳни қўйиб, сизларга бирор фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган нарсаларга сиғинасизларми?!” – деди.

67.Сизларга ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф бўлсин. Ҳали ҳам ақл ишлатмайсизларми?!

68.Кейин золим подшоҳ Намруд бошчилигидаги мушриклар: “Агар Иброҳимга қарши бирор иш қилувчи бўлсангиз, уни оловда ёқиб юборинглар! Бу ишни қилиш билан илоҳларингизга ёрдам қилинглар!” – дедилар.

69.Биз: “Эй олов, Иброҳим учун салқин ва омонлик бўлгин!” дедик.

70.Улар Иброҳимга макр қилмоқчи бўлдилар. Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўрувчи қилиб қўйдик.

71.Унга ва Лут пайғамбарга нажот бериб, уларни барча оламлар учун муборак қилган Шом заминига юбордик.

72.Биз унга Исҳоқни ҳадя қилдик ва Яъқубни ҳам набира қилиб қўшиб бердик ҳамда барчаларини солиҳ кишилардан қилдик.

73.Яна уларни Бизнинг амримиз билан одамларни тўғри йўлга бошлайдиган раҳнамолар қилдик. Шунингдек, уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўлиқ адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик. Улар, фақат Бизгагина ибодат қилувчи бўлдилар.

74.Лутга эса ҳикмат ва илм бердик. Уни нопок ишлар қилган қишлоқ аҳлидан қутқардик. Дарҳақиқат, улар ёмон фосиқлар қавми эдилар.

75.Биз уни ўз раҳматимиз ичига киритдик. Ҳақиқатан, у солиҳ кишилардан эди.

76.Шунингдек, Нуҳга ҳам ҳикмат ва илм бердик. Олдин у Бизга нидо қилганида, унинг нидосига ижобат қилдик, кейин ўзини ва аҳлини буюк ғамдан қутқардик.

77.Унга оятларимизни ёлғонга чиқарган қавм устидан ғалаба бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон қавм эдилар. Бас, уларнинг барчасини тўфонда ғарқ қилиб юбордик.

78.Довуд ва Сулаймон пайғамбарларнинг экинзор хусусида ҳукм қилган пайтини эсланг. Ўшанда кечаси у ерга қавмнинг қўйлари кириб пайҳон қилиб кетган эди. Биз уларнинг чиқарган ҳукмига гувоҳ эдик.

79.Кейин адолатли ҳукм чиқариш учун уни Сулаймонга ўргатдик. Ҳар иккисига ҳикмат ва илм бердик. Довуд билан бирга тасбеҳ айтсин деб тоғларни ва қушларни бўйсундириб қўйдик. Буларни Биз қилган эдик.

80.Довудга уруш шиддатларингиздан сизларни ҳимоя қиладиган совут ясаш санъатидан таълим бердик. Энди, шукр қилувчилардан бўласизми?!

81.Сулаймонга эса шиддатли шамолни бўйсундирдик. Унинг буйруғи билан шамолни Биз ичини муборак қилган Шом диёрига эсадиган қилиб қўйдик. Биз бўлаётган барча нарсаларни билувчи эдик.

82.Яна шайтон ва жинлардан Сулаймон учун денгизда ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа қийин ишларни ҳам қила оладиганларини яратдик. Яна Биз уларнинг қилаётган ишларини қўриқлаб турувчи бўлдик.

83.Айюбнинг эса Роббисига: “Менга касалликдан мусибат етди, Ўзинг раҳмлиларнинг энг раҳмлисисан”, – деб нидо қилган пайтини эсланг.

84.Бас, Биз унинг дуосини ижобат қилиб, ундаги заҳматни кетказдик. Ҳамда Ўз ҳузуримиздан раҳмат қилиб, ибодат қилувчиларга эслатма бўлсин, деб Айюбга оиласини ва улар билан қўшиб, яна уларнинг баробарича аҳлу авлод ато қилдик.

85.Исмоил, Идрис ва Зулкифл номли пайғамбарларни эсланг. Барчалари сабр қилувчи бандалардан эди.

86.Биз уларни ўз раҳматимиз ичига киритдик. Дарҳақиқат, улар солиҳ зотлардандир.

87.Зуннун, яъни Юнус пайғамбарнинг ўз қавмидан ғазабланган ҳолда Бизнинг изнимиз бўлмасдан қишлоғидан чиқиб кетган пайтида унга қарши ҳеч нарса қилолмаймиз деб ўйлади. Биз уни денгизда балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин қоронғи зулматлар ичида: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен барча нуқсонлардан поксан. Дарҳақиқат, мен ўзимга зулм қилувчилардан бўлдим”, – деб нидо қилди.

88.Бас, унинг дуосини қабул қилдик ва уни ғамдан халос қилдик. Биз мўминларга мана шундай нажот берамиз.

89.Закариё ҳам: “Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма менга меросхўр фарзанд ато қил. Сен ворисларнинг энг яхшисисан”, – деб нидо қилди.

90.Бас, унинг дуосини ҳам мустажоб қилдик ва унга Яҳёни ҳадя қилдик. Ҳамда жуфтини туғадиган қилиб ўнглаб қўйдик. Дарҳақиқат, бу пайғамбарлар яхши ишларни қилишда шошилар, умид ва қўрқув билан Бизга дуо қилар ва Бизга итоат қилувчи зотлар эди.

91.Яна номусини сақлаган аёл Марямни эсланг. Бас, руҳимиздан унга пуфладик ва у Исога ҳомиладор бўлди. Ҳамда уни ва ўғлини оламлар учун ибрат қилдик.

92.Эй инсонлар, сизларнинг ушбу умматингиз аслида бир умматдир Мен эса ҳаммангизнинг Роббингизман. Бас, фақат Менга ибодат қилинглар.

93.Одамлар эса ишларини ораларида бўлиб юбордилар. Қиёмат куни барчалари Бизнинг ҳузуримизга қайтувчидирлар.

94.Бас, ким мўмин ҳолида солиҳ амаллардан қилса, унинг саъй-ҳаракати бекорга кетмайди. Биз, албатта, унинг амалларини ёзиб қўювчимиз.

95.Биз ҳалок қилган қишлоқ аҳлларининг дунё ҳаётига қайтиб келишлари мумкин эмас.

96.Ниҳоят, қиёматга яқин Яъжуж ва Маъжуж қавмининг тўғони очилади. Улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадилар.

97.Ҳақ бўлган қиёмат ваъдаси яқинлашганда бирдан у куфр келтирган кимсаларнинг кўзлари даҳшатдан қотиб: “Эҳ ҳолимизга вой бўлсин, бизлар ростдан ҳам бундан ғафлатда эдик, аксинча, бизлар золим эканмиз”, – дейдилар.

98.Эй мушриклар, сизлар ҳам Аллоҳдан бошқа сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинидир. Сизлар унга кирувчисиз!

99.Агар ўша маъбудалар ростдан ҳам худолар бўлганида, дўзахга тушмас эдингиз. Энди, ҳаммалари у ерда мангу қолувчидирлар.

100.Улар учун у ерда, фақат инграш бордир. Улар у ерда фарёддан бошқа ҳеч нарсани эшитмайдилар.

101.Албатта, Биз томондан улар учун гўзаллик тайёрлаб қўйилган кимсаларга келсак, улар дўзахдан узоқ қилинганлардир.

102.Улар ўша дўзахнинг шивирлашини ҳам эшитмайдилар. Улар нафслари иштаҳа қилган неъматлар ичида мангу қолувчилардир.

103.Кофирларни даҳшатга солган катта қўрқув уларни хафа қилмайди. Уларни фаришталар: “Бу сизларнинг ваъда қилинган бахтли кунингиздир”, – деб кутиб оладилар.

104.Биз у кунда осмонни худди мактуб ёзилган саҳифани ўрагандек ўраб, аввал қандай яратган бўлсак, уни яна ўша ҳолга қайтарамиз. Бу Бизнинг зиммамиздаги ваъда бўлиб, албатта, Биз буни қилувчимиз.

105.Ҳақиқатан, Биз Зикрдан кейин Забур китобида: “Албатта, Ер юзига фақат Менинг солиҳ бандаларим меросхўр бўладилар”, – деб ёзиб қўйганмиз.

106.Шубҳасиз, мана шу Қуръонда ибодат қилувчи қавмлар учун аниқ ўгит бордир.

107.Эй Муҳаммад, Биз сизни барча оламларга раҳмат қилиб юбордик.

108.Эй Расулим: “Менга илоҳингиз ягона Илоҳ экани ҳақида ваҳий қилинмоқда. Бас, энди мусулмон бўларсизлар?!” – деб айтинг.

109.Бас, агар юз ўгирсалар, уларга: “Мен сизларга ваҳийни ҳаммага баробар қилиб эшиттирдим. Сизларга ваъда қилинаётган қиёмат яқинми ё узоқми билмайман”, – денг.

110.Албатта, У сўзнинг ошкорасини ҳам билади. Шунингдек, сизлар ичингизда нимани беркитаётган бўлсангиз ҳам билиб туради.

111.Жазонинг кечиктирилиши сизга берилган синовми ёки маълум бир вақтгача дунёдан фойдаланиб қолишми, буни мен ҳам билмайман.

112.Муҳаммад: “Эй Роббим, Ўзинг ҳақ билан ҳукм чиқар. Роббимиз меҳрибондир ҳамда У сизлар қилган васфлардан ёрдам сўраладиган Зотдир”, – деди.