1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Jumu'a сураси

Madinaда нозил бўлган.

28-жуз,62-сура,11 оятдан иборат

1.Осмонлардаги ва Ердаги барча нарса мутлақ подшоҳ, айб ва нуқсонлардан пок, қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳга тасбеҳ айтади.

2.У Зот омий кишилар орасига ўзларидан бўлган, уларга Унинг оятларини тиловат қиладиган, уларни ширк ва куфрдан поклайдиган ҳамда уларга китоб ва ҳикматни ўргатадиган бир пайғамбарни юборган Зотдир. Ҳақиқатан, улар пайғамбар келишидан олдин очиқ-ойдин залолатда эдилар.

3.Аллоҳ Муҳаммадни яна улардан бошқаларга – дунёга кейин келиб уларга етиша олмаган инсонлар учун ҳам юборди. У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.

4.Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга беради. Аллоҳ буюк фазл соҳибидир.

5.Таврот юклатилган, сўнгра унга амал қилмай кўтара олмаган кимсаларнинг мисоли худди китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли нақадар ёмондир. Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят қилмайди.

6.Эй Муҳаммад уларга: “Эй яҳудий бўлганлар, агар сизлар бошқа одамларни эмас, фақат ўзларингизни Аллоҳнинг дўстлари деб даъво қилсангизлар, бас, агар шу даъволарингизда ростгўй бўлсангизлар, унда ўлимни орзу қилиб кўринглар-чи?” – деб айтинг.

7.Ўз қўллари билан қилиб қўйган ёмон ишлари сабабли ҳеч қачон ўлимни орзу қила олмайдилар. Аллоҳ золимларни билувчидир.

8.Эй Расулим уларга: “Сизлар қочаётган ўлим, албатта, сизларга йўлиқувчидир! Сўнгра сизлар яширин ва ошкора нарсаларни билувчи Аллоҳга қайтариласизлар. Бас, У Зот қиёматда сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини беради”, – деб айтинг.

9.Эй иймон келтирганлар, қачонки, жума кунидаги намозга азон чақирилса, дарҳол Аллоҳнинг зикри сари шошилинглар ва савдо-сотиқни тарк қилинглар! Агар билсангиз, мана шу иш ўзингиз учун яхшидир.

10.Бас, қачонки, намоз тугаганидан кейин, ер юзида тарқалиб, Аллоҳнинг фазлидан истайверинглар! Аллоҳни кўп ёд қилинглар, шояд шунда нажот топсангиз.

11.Қачонки, улар бирор тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб тарқалиб кетдилар ва сизни минбарда тик турган ҳолингизда тарк қилдилар. Эй Расулим уларга: “Аллоҳ ҳузуридаги нарса ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир. Аллоҳ ризқ берувчиларнинг яхшироғидир”, деб айтинг.