1447 йил 17 зулҳижжа2026 йил 3 июн, чоршанба

Moida сураси

Madinaда нозил бўлган.

6-жуз,5-сура,120 оятдан иборат

1.Эй иймон келтирганлар, қилинган аҳдларга вафо қилинглар. Кейинида тиловат қилиб бериладиган ҳайвонлардан ташқари, барча чорва моллари сизларга ҳалол қилинди. Эҳромда бўлган пайтингизда эса сизларга ов қилишни ҳалол деб билиш мумкин эмас. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаганича ҳукм қилади.

2.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳнинг ҳажга доир белгиларини, жанг қилиш ҳаром қилинган ойларни, қурбонлик учун келтирилган ҳадяларни, қурбонликка аталганини билдириш мақсадида уларга илиб қўйилган тақинчоқларни ҳамда Роббиларидан фазлу карам ва розилик истаб Байт ул-Ҳаромга ният қилиб келувчилар ҳақини поймол қилишни ўзингизга ҳалол деб ҳисобламанглар. Эҳромдан чиқиб ҳалол бўлгач, бемалол ов қилаверинглар. Сизларни Масжид ул-Ҳаромга боришга қаршилик кўрсатган қавмнинг хусумати уларга душманлик қилишингизга жалб қилмасин. Сизлар, фақат эзгулик ва тақво йўлида кўмаклашинглар, гуноҳ ва душманлик йўлида эса ҳамкорлик қилманглар. Аллоҳдан қўрқинглар ва Аллоҳ азоби қаттиқ бўлган Зотдир.

3.Сизларга ўлимтик ҳайвон, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи билан сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, тепаликдан йиқилиб тушиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич ҳайвонлар уларнинг бир бўлагини парчалаб еган жониворлар ҳаром қилинди. Бироқ жонлари чиқмасдан бурун етиб келиб, уларни сўйиб олсангиз, ҳалолдир. Шу билан бирга, бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвонлар, фол чўпларига қараб қисматингизни билиш учун фол очиш ҳам ҳаром қилинди. Бугун эса энди кофирлар динингизга зарар етказа олишдан умидларни уздилар. Шунинг учун ҳам улардан асло қўрқманглар, фақат Мендан қўрқинглар. Бугун динингизни камолига етказдим, неъматимни сизларга тўлиқ қилиб бердим ҳамда сизлар учун Исломни танлаб, дин бўлишига рози бўлдим. Агарда кимки қаттиқ очарчиликда ночор қолиб, гуноҳга майл бўлмаган ҳолда ҳаром қилинганлардан бир миқдор еса, гуноҳ бўлмайди. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

4.Эй Расулим, сиздан ўзларига нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Сиз уларга: “Сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди. Аллоҳнинг сизларга таълим берган илмидан фойдаланиб, қўлга ўргатган ва уларни овчи қилиб парваришлаганингиз йиртқич ҳайвонларнинг сизлар учун тутиб келганларини ҳам еяверинглар. Уларни овга қўйиб юбораётганингизда Аллоҳнинг номини зикр қилиб, “Бисмиллоҳ” денглар”, – деб айтинг. Аллоҳдан қўрқинглар, шубҳасиз, Аллоҳ ҳисоб китобни тез қилувчи Зотдир.

5.Мана бугун сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, китоб берилган яҳудий ва насроний динидагиларнинг таоми сизлар учун ҳалол ҳамда сизларнинг таомингиз ҳам улар учун ҳалолдир. Зино ва яширинча ўйнаш қилиб олиш мақсадида бўлмай, аксинча, маҳрларини бериб, ор-номусли мўмина аёллардан ва сизлардан олдин китоб берилганлардан иффатли аёлларни топиб никоҳингизга олишингиз ҳалол қилинди.

6.Эй иймон келтирганлар, намоз ўқишга турмоқчи бўлсангизлар, олдин юзларингизни ювинглар. Кейин қўлларингизни тирсакларигача ювинглар. Сўнгра бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқларигача ювинглар. Агарда жунуб ҳолда ювуқсиз бўлсангиз, унда ғусл қилиб чўмилинглар. Агар бемор ё сафарда бўлиб ёки сизлардан бирингиз ҳожатхонадан қайтиб, ёхуд аёлларга яқинлик қилгандан кейин сув топа олмасангиз, у ҳолда тоза тупроқ жинсидан бўлган нарсаларни ният қилиб, таяммум қилинглар. У тупроқ билан юзларингиз ва қўлларингизга суртиб масҳ тортинглар. Аллоҳ сизларга қийинчилик қилишни хоҳламайди, аксинча, сизларни поклаш ва шукр қилишингиз учун сизларга Ўз неъматини тўла-тўкис қилиб беришни истайди.

7.Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини ҳамдаЭшитдик ва итоат қилдик”, – деганингизда сизлардан олган аҳдини ёдга олинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, албатта, Аллоҳ кўнгиллардаги сирларни билувчи Зотдир.

8.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ учун ҳақда собит туриб, гувоҳлик қилишда адолатли бўлинглар. Бирор бир қавмга бўлган хусуматингиз сизларни уларга қарши адолатсиз бўлишга чорламасин. Адолат қилинглар, мана шу тақвога энг яқин жиҳатдир. Ҳамда Аллоҳдан қўрқинглар, шубҳасиз, Аллоҳ барча қилаётган ишларингиздан хабардор Зотдир.

9.Аллоҳ иймон келтирган ва эзгу амалларни қилган кимсалар учун мағфират ва улкан ажр-мукофотлар ваъда қилди.

10.Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсалар эса, ана улар дўзах эгаларидир.

11.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланглар. Бир гуруҳ сизга қўл узатиб, ҳамла қилмоқчи бўлган пайтда, Аллоҳ қўлларини сиздан қайтарган эди. Аллоҳдан қўрқинглар, мўминлар, фақат Аллоҳга таваккул қилиб суянсинлар.

12.Ҳақиқатан, Аллоҳ бани Исроил авлодларининг қатъий аҳду паймонини олди. Биз уларнинг орасидан ўн икки бошлиқни танлаб юбордик. Шунда Аллоҳ уларга: “Шубҳасиз, Мен сизлар билан биргаман. Агарда намозларни тўла тўкис адо этсангиз, закот берсангиз, Расулларимга иймон келтирсангиз, уларга ёрдам берсангиз, Аллоҳ йўлига чиройли қарз берсангиз, шунда сизларнинг гуноҳларингиздан ўтаман ва тагидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатларга киргизаман. Шундан кейин ҳам кимки куфр келтирса, шубҳасиз, тўғри йўлдан адашган бўлади.

13.Шундан кейин берган аҳдларини бузганликлари туфайли уларни лаънатладик ва қалбларини қаттиқ қилиб қўйдик. Улар Тавротдаги сўзларнинг жойини ўзгартирардилар ҳамда ўзларига эслатилган ҳукмларнинг бир ҳиссасини унутдилар. Ичларидан озгина тоифадан бошқаларини доимо хиёнат қилаётган ҳолда устидан чиқаверасиз. Шундай бўлса ҳам, уларни афв этиб, кечириб тураверинг. Чунки, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчи муҳсинларни севади.

14.Шунингдек, яна “Бизлар насронийлармиз”, – деб айтган кимсалардан ҳам аҳду паймонларини олганмиз. Улар ҳам ўзларига эслатилган ҳукмларнинг бир ҳиссасини унутдилар. Шу сабабдан то қиёмат кунигача улар орасига адоват ва нафратни солиб қўйдик. Яқинда Аллоҳ уларга қилмишлари ҳақида хабар беради.

15.Эй аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлар! Сизларга юборган Расулимиз қўлингиздаги китобда беркитганларингизнинг кўпини баён қилиш учун келди. Шу билан бирга, баъзи хатоларингизни кўпини кечирмоқда. Ҳақиқатан, сизларга Аллоҳдан Ислом нури ва очиқ-ойдин Қуръон китоби келган.

16.У туфайли Ўзининг ризосига эргашган кишиларни омонлик йўлига етаклайди. Ҳамда Ўз изни иродаси билан уларни зулматлардан нурга чиқаради ва тўғри йўлга бошлайди.

17.Марям ўғли Масиҳ Аллоҳдир, деб айтган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Эй Расулим, уларга: “Агар Аллоҳ Марям ўғли Масиҳни, унинг онасини ҳамда Ер юзидаги барчани ҳалок этишни хоҳласа, ким Ундан бирор нарсани қайтариб қолишга қодир бўла олади”, – деб айтинг. Ахир осмонлару Ер ва улар орасидаги барча борлиқнинг ҳукмронлиги, шубҳасиз, Аллоҳга оиддир. У нимани қандай хоҳласа, яратади. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган Зотдир.

18.Яҳудийлар ва насронийлар: “Биз Аллоҳнинг болалари ва суюкли бандаларимиз”, – дейдилар. Эй Расулим, уларга: “Ундай бўлса, нега сизларни гуноҳларингиз туфайли азоблайди?” – деб айтинг. Йўқ, асло, сизлар ҳам У яратган башарият кабисизлар. Аллоҳ истаган кишисини мағфират қилади ва истаганини азоблайди. Осмонлару Ер ва улар орасидаги барча борлиқнинг ҳукмронлиги, шубҳасиз, Аллоҳга оиддир. Охир-оқибат қайтиб бориладиган жой ёлғиз Унинг Ўзигадир.

19.Эй аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлар! Пайғамбарлар келиши камайган вақтдан кейин: “Бизга ҳеч қандай жаннат билан хушхабар берувчи ҳам, охират азобидан огоҳлантирувчи ҳам келмаган”, – деб баҳона айтмаслигингиз учун сизларга элчимиз Муҳаммад ҳақиқатни баён қилувчи бўлиб келди. Дарҳақиқат, у сизларга жаннатдан хушхабар берувчи ва жаҳаннамдан огоҳлантирувчи бўлиб келган. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган Зотдир.

20.Бир вақтлар Мусо ўз қавмига қарата: “Эй қавмим, Аллоҳнинг сизларга ато этган неъматларини эсланглар. У сизнинг орангиздан пайғамбарлар чиқарди ва сизларни подшоҳлар қилди. Шунингдек, оламлардан ҳеч бир кимсага бермаганини сизларга берди”, – деганини хотирланг.

21.Мусо ўз қавмига: “Эй қавмим, Аллоҳ сизларга битиб қўйган муқаддас заминга киринглар. Итоатсизлик қилиб ортларингизга ўгирилиб кетманглар, акс ҳолда, зиён кўрувчиларга айланиб қоласиз”, – деб айтган.

22.Қавми унга: “Эй Мусо, у ерда жуда баҳайбат одамлар бор. Улар у ердан чиқиб кетмагунларича биз у ерга асло кириб бормаймиз. Агар у ердан чиқсалар шунда биз, албатта, унга кириб борувчимиз”, – дедилар.

23.Шунда итоатсизликдан қўрқадиган ҳамда Аллоҳ уларга инъом қилган икки киши: “Уларнинг устига шаҳар дарвозасидан тўғри бостириб киринглар. Унга кириб олгач, албатта, ғолиб келувчи бўласизлар. Агарда чин мўмин бўлсангиз, у ҳолда ёлғиз Аллоҳга суянинглар”, – деб айтди.

24.Яна улар: “Эй Мусо, модомики улар у ерда бор экан, биз ҳеч қачон асло у ерга кирмаймиз. Сен ва Роббинг бориб, улар билан жанг қилаверинглар. Биз эса мана бу ерда кутиб ўтирувчилармиз”, – дедилар.

25.Шунда Мусо: “Эй Роббим, мен фақат ўзим ва биродарим Ҳорундан бошқага сўз уқтиришга қодир эмасман. Ўзинг биз билан бу фосиқ қавмларнинг орасини айиргин”, – деди.

26.Аллоҳ уларга: “Шубҳасиз, энди улар муқаддас заминга киришдан қирқ йилга маҳрум бўлдилар. Шунингдек, улар у ердаги чўлларда сарсону саргардон бўлиб адашиб юрадилар. Сен бу фосиқ қавмларнинг ҳоли учун ғам емагин”, – деди.

27.Эй Муҳаммад, Уларга Одамнинг икки ўғли бўлган Қобил ва Ҳобил тўғрисидаги хабарни ҳақиқати билан тиловат қилиб беринг. Ўшанда иккаласи Аллоҳ учун қурбонлик қилдилар. Улардан бирининг қурбонлиги қабул қилинди, бошқасиники эса қабул қилинмади. Қурбонлиги қабул қилинмагани ҳасад қилиб: “Сени, албатта, ўлдираман”, – деди. Қурбонлиги қабул қилингани эса: “Шубҳасиз, Аллоҳ тақводор кимсалардан қурбонликни қабул қилади”, – деб айтди.

28.Агар мени ўлдириш учун қўлингни менга узатсанг ҳам, мен сени ўлдириш учун сенга қўл узатувчи эмасман. Мен гуноҳ қилишга оламлар Роббисидан қўрқаман.

29.Албатта, мен гуноҳимни ва гуноҳингни устингга олиб, оқибатда жаҳаннам аҳлидан бўлиб кетишингни хоҳлайман. Ҳа, золимларнинг жазоси шудир.

30.Ниҳоят нафси унга биродарини ўлдиришга ундади ва уни ўлдирди. Шу сабабдан икки дунёда ҳам зиён кўрувчилардан бўлиб қолди.

31.Шундан кейин нима қилишни билмай турганда, Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ерни титаётган бир қарғани юборди. Бу ҳолни кўриб: “Ҳолимга вой бўлсин, шу қарғачалик бўлишдан ҳам ожиз қолиб, биродаримнинг мурдасини кўма олмадим-а?!” – деб, қилган ишига надомат қилувчилардан бўлди.

32.Мана шу ҳодиса туфайли бани Исроил авлодларига шу ҳукмни ёзиб қўйдик. Унга кўра, агар кимда-ким бирор одамни ноҳақ ўлдирмаган, Ер юзида бузғинчилик қилмаган бегуноҳ кимсани ўлдирса, гўё у ҳамма инсонларни ўлдиргандек бўлади. Шунингдек, кимки бегуноҳларни ўлдирмай ҳаётини қутқарса, худди у барча инсонларнинг ҳаётини қутқаргандек бўлади. Дарҳақиқат, уларга Расулларимиз очиқ-ойдин далилларни келтирганлар. Сўнгра шундан кейин ҳам, улардан аксарияти Ер юзида ҳаддидан ошиб, исроф қилувчилардир.

33.Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши уруш қиладиганларнинг ва Ер юзида бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси – уларни қатл қилинишлари, дорга осилишлари, қўл-оёқларининг қарама-қарши томонга кесилишлари ва ўз ерларидан сургун қилинишларидан иборатдир. Мана шу жазолар уларга бу дунёда шармандаликдир. Шунингдек, охиратда эса уларга улкан азоб бордир.

34.Бироқ қўлга олишингиздан олдин қилмишларига тавба қилган кимсаларгина жазоланмайди. Билиб қўйинглар, шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва бандаларига марҳаматли бўлган – Раҳим Зотдир.

35.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва Унга яқинлашиш учун йўл ахтаринглар. Ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилинглар. Шояд, шунда нажот топсангизлар.

36.Дарҳақиқат, куфр келтирган кимсалар борди-ю Ер юзидаги барча нарсага ҳатто яна шунчасига эга бўлиб, уни қиёмат кунининг азобидан қутулиш учун тўлаб берсалар ҳам, улардан қабул қилинмайди. Уларга охиратда аламли азоб бордир.

37.Улар дўзахдан чиқишни хоҳлайдилар, бироқ ундан чиқувчи эмаслар, Уларга доимий азоб бордир.

38.Ўғрилик қилган эркакни ҳам аёлни ҳам қилган ишларига яраша бир жазо ва Аллоҳдан бир ибрат бўлиши учун қўлларини кесинглар. Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.

39.Кимки, қилган бу зулмидан кейин тавба қилса ва ўзини ўнглаб тузатиб олса, албатта, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

40.Осмонлар ва Ернинг бошқаруви, шубҳасиз, Аллоҳга оид эканини, Ўзи истаган кишини азоблаши ҳамда истаган кишини кечиришини билмадингизми?! Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган Зотдир.

41.Эй Расул, оғизларидаИймон келтирдик”, – дейдиган, лекин қалблари иймон келтирмаган мунофиқлар ва яҳудий бўлган кимсалардан куфр сари ҳаракат қилаётганлари сизни хафа қилмасин. Улар доимо ёлғонга қулоқ осувчилардир, сизнинг олдингизга келмаган бошқа бир яҳудий қавм номидан жосуслик қилиб қулоқ тутиб турувчидирлар. Улар калималарни Аллоҳ тарафидан қўйилганидан кейин жойларини ўзгартирадилар. Яҳудийлар: “Агар Муҳаммад томонидан сизларга мана бу ўзгартирилган ҳукм берилса, уни олинглар. Борди-ю ундай ҳукм берилмаса, уни тарк қилинглар”, – дейдилар. Аллоҳ кимни фитнага мубтало бўлишини хоҳласа, Аллоҳнинг иродасига қарши сиз у учун ҳеч нарса қилишга қодир эмассиз. Аллоҳ ана шундай кимсаларнинг қалбларини тозалашни истамаган. Улар учун бу дунёда шармисорлик, охиратда эса аламли азоб бордир.

42.Улар доимо ёлғонга қулоқ осувчилар ва ҳаром ейдиганлардир. Агарда сизнинг ҳузурингизга ҳукм сўраб келсалар, истасангиз, ўрталарида ҳукм чиқаринг ёки улардан воз кечинг. Агар улардан воз кечсангиз ҳам, зинҳор сизга бирор зарар келтира олмайдилар. Борди-ю ҳукм қилсангиз ҳам, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг. Албатта, Аллоҳ адолатли бўлганларни севади.

43.Ичида Аллоҳнинг ҳукмлари бўлган Таврот ўзларининг олдиларида бўла туриб, қандай қилиб сиздан ҳукм сўрайдилар? Ҳақиқатни эшитганларидан кейин эса сиздан юз ўгириб кетадилар. Улар ҳеч ҳам иймон келтирган эмаслар.

44.Ҳақиқатан, Биз ичида ҳидоят ва нур бўлган Тавротни нозил қилдик. Аллоҳга таслим бўлган пайғамбарлар у китоб билан яҳудийларга ҳукм қилар эдилар. Аллоҳнинг китобини муҳофаза этишга масъул қилинган илоҳий билим эгалари бўлган Роббонийлар ва яҳудий уламолар ҳам шундай ҳукм қилиб, ўзлари унга гувоҳ бўлганлар. Шундай экан, ҳукм чиқаришда одамлардан қўрқманглар. Фақат Мендан қўрқинглар ҳамда оятларимни ўткинчи дунё манфаати учун арзимас баҳога сотиб юборманглар. Кимки Аллоҳ нозил қилган оятлар билан ҳукм қилмас экан, ана ўшалар айнан кофир кимсалардир.

45.Биз уларга Тавротда жонга жон, кўзга кўз, бурунга бурун, қулоққа қулоқ, тишга тиш ва бошқа жароҳатлар учун қасос олинади, деб, ёзиб қўйдик. Кимки у қасосни садақа қилиб кечиб юборса, у ўз гуноҳларини ўчирувчи каффоратдир. Кимки Аллоҳ нозил қилган оятлар билан ҳукм қилмас экан, ана ўшалар айнан золим кимсалардир.

46.Пайғамбарларнинг изларидан эса ўзидан олдин нозил қилинган Тавротни тасдиқловчи қилиб, ортидан Марям ўғли Исони юбордик. Унга ичида нур ва ҳидоят бўлган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлайдиган ҳамда Аллоҳдан қўрқадиган кимсалар учун ҳидоят манбаи ва панду насиҳат бўлган Инжилни бердик.

47.Инжил эгалари бўлган насронийлар ундаги Аллоҳ нозил қилган оятлар билан ҳукм қилсинлар. Кимки Аллоҳ нозил қилган оятлар билан ҳукм қилмас экан, ана ўшалар айнан фосиқ кимсалардир.

48.Эй Расулим, сизга эса ўзидан олдинги китобларни тасдиқ қилувчи ва улар устига гувоҳ бўлувчи Қуръон китобни барҳақ нозил қилдик. Шундай экан, улар орасида Аллоҳ нозил қилган оятлар билан ҳукм қилинг. Сизга келган ҳақиқатдан айрилиб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг. Сизлардан ҳар бирингиз учун алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйганмиз. Агар Аллоҳ хоҳлаганда эди сизларни бир уммат қилиб қўяр эди. Лекин сизларга берганлари билан имтиҳон қилиши учун ҳар бир умматга алоҳида йўл қилиб қўйди. Шундай экан, яхши амалларни қилишга шошилинглар. Барчангизнинг қайтар жойингиз Аллоҳнинг ҳузуригадир. Ана ўшанда сизларга тортишаётган нарсаларингиз ҳақида хабар беради.

49.Эй Расулим, улар орасида Аллоҳ нозил қилганига кўра ҳукм қилинг. Ҳамда уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан сизни чалғитиб, фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг. Агар чақириғингиздан юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга баъзи гуноҳлари сабабидан мусибатга мубтало қилишни истамоқда.

50.Ёки жоҳилият даврининг ҳукмларини хоҳлайдиларми? Чиндан ҳам ишонган қавмлар учун Аллоҳдан кўра кимнинг ҳукми яхшироқдир?!

51.Эй иймон келтирганлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст қилиб олманглар. Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сиздан кимки уларни дўст тутса, демак, у, албатта, улардан биридир. Албатта, Аллоҳ золим қавмларни тўғри йўлга бошламайди.

52.Эй Расулим, қалбларида мунофиқлик касали бор кимсаларнинг улар томонга ошиқаётганларини кўрасиз. Мунофиқлар: “Давр келиб бизларга улардан бир бало етиб қолишидан қўрқамиз”, – дейдилар. Шояд, Аллоҳ мусулмонларга ғалаба ёки Ўз ҳузуридан хайрли бир иш бериб қолса, ана ўшанда ичларида сақлаб юрганлари учун пушаймон қилувчи бўлиб қоладилар.

53.Кейин иймон келтирганлар: “Жон-жаҳдлари билан, албатта, сизлар билан биргамиз деб, қасам ичганлар манавиларми?” – дейдилар. У мунофиқларнинг қилган амаллари беҳуда кетди ва зиён кўрганлардан бўлиб қолдилар.

54.Эй иймон келтирганлар, сизлардан ким динидан қайтса, унинг ўрнига Аллоҳ уларни севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган бир қавмни келтиради. Улар мўминларга юмшоқ кўнгилли, кофирларга эса виқорлидирлар ҳамда Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жиҳод қиладилар, маломатгўйнинг маломатидан қўрқмайдилар. Мана бу Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаганига берадиган фазлу карамидир. Аллоҳ фазлу карами кенг – Восиъ ва барча нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир.

55.Шубҳасиз, сизларнинг дўстингиз Аллоҳ ва унинг Расулидир. Ҳамда Роббиларига бўйинларини эгиб намозларини тўлиқ адо қиладиган ва закот берадиган мўминлардир.

56.Ким Аллоҳни, Унинг Расулини ва иймон келтирганларни ўзига дўст деб тутса, шубҳасиз, Аллоҳнинг лашкарлари жамоаси доимо ғолиб келувчилардир.

57.Эй иймон келтирганлар, сизлардан олдинги китоб берилганлар ичидан динингизни масхара ва ўйин қилиб олган кимсаларни ва кофирларни дўст қилиб олманглар. Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, ёлғиз Аллоҳдан қўрқинглар.

58.Қачонки сизлар бир-бирингизни намозга чақирсангизлар, улар намозни масхара ва ўйин қиладилар. Мана бу қилиқлари уларнинг ақл ишлата олмайдиган қавм эканлигидир.

59.Эй Расулим, уларга: “Эй аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлар! Бизлар Аллоҳга, ўзимизга нозил қилинган Қуръонга, бундан олдин нозил қилинган китобларга иймон келтирганимиз ҳамда сизларнинг аксариятингиз эса бузғунчилардан бўлганингиз учун бизни ёқтирмайсизлар”, – деб айтинг.

60.Эй Расулим, уларга: “Сизларга Аллоҳнинг наздида бундан ҳам ёмонроқ жазоси бўлган кимсанинг хабарини берайми? Улар Аллоҳ лаънатлаган, уларга ғазаб қилган, улардан баъзиларини маймун ва чўчқаларга айлантириб қўйган ва шайтонга сиғинган кимсалардир”, – деб айтинг. Ана ўшалар энг ёмон маконда бўлган ва тўғри йўлдан тамоман адашган кимсалардир.

61.Қачонки, яҳудий ва мунофиқлар олдингизга келганларида: “Иймон келтирдик”, – дейдилар. Лекин аслида улар куфр билан кириб, яна у куфр билан чиқиб кетадилар. Аллоҳ уларнинг пинҳон тутиб юрган нифоқларини жуда яхши билувчидир.

62.Улардан кўпчилигини гуноҳ ишларда, душманлик қилишда ва ҳаром ейишга ошиқаётганларни кўрасиз. Қилаётган бу ишлари нақадар ёмон ишдир.

63.Аҳли китоб бўлган руҳонийлар ва уламолар уларни гуноҳ гапларни айтишларидан ва ҳаром топиб ейишларидан ман қилсалар эди?! Уларнинг бу қилаётган хатти-ҳаракатлари нақадар ёмондир.

64.Яҳудийлар: “Аллоҳнинг қўли боғлангандир”, – дедилар. Бахиллик қилганлари туфайли ўзларининг қўллари боғлиқ бўлиб қолар ва бу айтган сўзлари сабабли лаънатланадилар. Аксинча, Аллоҳнинг икки қўли очиқдир. Ўзи қандай истаса шундай бераверади. Роббингиздан сизга нозил қилинган Қуръон улардан кўпчилигининг туғён ва куфрини янада орттиради. Уларнинг ораларига қиёмат кунигача адоват ва нафрат ўтини солиб қўйганмиз. Қачонки улар сизларга қарши уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ уни дарҳол сўндириб қўяди. Ер юзида бузғунчилик қилишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ фасод тарқатувчиларни севмайди.

65.Агар аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлар иймон келтириб Аллоҳдан қўрққанларида эди, албатта, уларнинг хатоларини кечирган ва неъматлар билан тўла жаннатга киргизган бўлар эдик.

66.Агар улар Тавротга, Инжилга ва Роббилари томонидан уларга нозил қилинган Қуръон ҳукмларига тўғри амал қилганларида эди, тепаларидан ҳам, оёқ остиларидан ҳам ризқ еган бўлар эдилар. Шу билан бирга, уларнинг орасида ҳаддан ошмаган адолатли тоифа ҳам бор. Лекин улардан аксариятининг қилаётган ишлари жуда ёмондир.

67.Эй Расул, Роббингиздан сизга нозил қилинган оятларни одамларга тўлиқ етказинг. Агар шундай қилмасангиз, унда Аллоҳнинг рисолатини етказмаган бўласиз. Аллоҳ сизни одамларнинг зараридан ҳимоя қилади. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни тўғри йўлга бошламайди.

68.Эй Расулим, уларга: “Эй аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлар! Тавротга, Инжилга ва Роббингиз томонидан сизларга нозил қилинган Қуръон ҳукмларига тўғри амал қилмагунингизгача аниқ бир дин устида эмассизлар”, – деб айтинг. Роббингиздан сизга нозил қилинган Қуръон улардан кўпчилигининг туғён ва куфрини янада орттиради. Шундай экан, кофир қавмлар учун қайғурманг.

69.Шубҳасиз, иймон келтирган кимсалар, яҳудий динида бўлганлар, собиийлар, насроний динида бўлганлардан ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ва яхши амаллар қилган бўлсалар, ундай зотлар учун охиратда ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғам-ташвиш ҳам чекмайдилар.

70.Дарҳақиқат, бани Исроил авлодларининг аҳд-паймонини олдик ҳамда уларга Расуллар юбордик. Ҳар гал уларга бир пайғамбар нафслари истамаган амрларни олиб келса, бир қисмини ёлғончига чиқардилар ва бир қисмини эса ўлдирардилар.

71.Қилмишлари туфайли бошларига бало бўлмайди деб ўйлаб, кўр ва кар бўлиб олдилар. Шундан кейин ҳам Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилди. Сўнгра уларнинг кўпчилиги яна ҳақни кўрмайдиган ва эшитмайдиган бўлиб қолдилар. Аллоҳ уларнинг барча қилаётган ишларини кўриб турувчи Зотдир.

72.Аллоҳ бу Марям ўғли Масиҳдир, деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ваҳоланки, Масиҳ уларга: “Эй бани Исроил авлодлари, менинг ҳам Роббим сизларнинг ҳам Роббингиз бўлган Аллоҳга ибодат қилинглар”, – деган эди. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилгандир ва жойи дўзахдир. Золимлар учун азобдан қутқарувчи ёрдамчилар йўқдир.

73.Аллоҳ уч илоҳнинг биридир, деб айтган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ёлғиз Илоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Агар бу айтаётган гапларидан тийилмасалар, улардан кофир бўлган кимсаларни қиёматда аламли азоб тутиши шубҳасиздир.

74.Ахир, Аллоҳга тавба қилиб, Ундан мағфират сўрамайдиларми?! Зеро, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

75.Марям ўғли Исо Масиҳ фақат бир пайғамбардир. Ундан олдин ҳам қанчадан-қанча Расуллар ўтган. Шунингдек, унинг онаси Марям эса иймонда содиқ аёлдир. У иккови ҳам бошқалар каби таом ер эдилар. Эй Расулим, уларга оятларимизни қай йўсинда аниқ баён қилиб бераётганимизга назар солинг. Шундан кейин ҳам уларнинг ҳақдан қай томонга юз ўгириб кетаётганларни кўринг.

76.Эй Расулим, уларга: “Аллоҳни қўйиб, сизларга зарар ҳам, фойда ҳам беришга қодир бўлмаганга ибодат қиласизларми?” – деб айтинг. Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва билиб турувчи – Аълим Зотдир.

77.Эй Расулим, уларга: “Эй аҳли китоб бўлган яҳудий ва насронийлар! Ҳақсиз равишда динингиз хусусида ҳаддингиздан ошманглар. Ҳамда аввалари ҳақ йўлдан адашган ва кўплаб инсонларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан тойган қавмнинг ҳавойи нафсларига эргашманглар”, – деб айтинг.

78.Бани Исроил авлодларидан куфр келтирган кимсалар Довуд пайғамбар ва Марям ўғли Исо тили билан лаънатланганлар. Бу уларнинг исён қилиб ҳадларидан ошганлари сабабидандир.

79.Улар бир-бирларини қилган номақбул ишларидан қайтармас эдилар. Уларнинг қилиб юрган ишлари нақадар ёмон эди.

80.Улардан аксариятини куфр келтирган кимсалар билан дўст бўлганларини кўрасиз. Нафслари ўзлари учун тақдим қилган нарса нақадар ёмондир. Аллоҳ уларга ғазаб қилган ва улар жаҳаннам азобида мангу қолувчидирлар.

81.Агар улар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни ўзларига дўст қилиб олмас эдилар. Лекин уларнинг орасидан кўпчилиги фосиқ кимсалардир.

82.Эй Муҳаммад, инсонлар орасида мўминларга энг қаттиқ душман деб, яҳудийлар ва мушрикларни кўрасиз. Мўминларга дўстликда яқинроғи эса “Биз насронийлармиз”, – деганларни кўрасиз. Бунинг сабаби эса улар орасида руҳоний ва роҳибларнинг борлиги ҳамда уларнинг кибр қилмасликларидир.

83.Улар Элчимиз Муҳаммадга нозил қилинган Қуръонни эшитган пайтларида, унинг ҳақ эканини билганлари учун кўзларидан ёш тўлиб оқаётганини кўрасиз. Ҳамда улар: “Эй Роббимиз, иймон келтирдик ва бизларни ҳақиқатга гувоҳлик берувчилардан қилиб ёзгин”, – дейдилар.

84.Улар: “Роббимиз бизларни солиҳ қавмлар қаторига қўшишини орзу қиламиз-у, нима учун энди бизлар Ҳақдан келганга иймон келтирмаслигимиз керак?!” – дейдилар.

85.Шу айтган гаплари учун Аллоҳ уларни тагидан анҳорлар оқиб турувчи, у ерда абадий қолинадиган жаннатлар билан мукофотлайди. Мана бу яхшилик қилувчи муҳсин зотларнинг мукофотидир.

86.Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсалар эса ана улар дўзах эгаларидир.

87.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ўзингизга ҳаром қилманглар ва ҳаддан ошманглар. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни севмайди.

88.Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини еб-ичинглар. Ўзингиз Унга иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар.

89.Аллоҳ сизларни тил учида айтган беҳуда қасамларингиз учун жавобгар тутмайди. Лекин сизларни қалбдан қаттиқ тугиб ва хоҳлаб ичган қасамлар бузилгани учун жавобгар қилади. Унинг каффороти эса, ўз оилангизга берадиган ўртача таом миқдорини ўнта мискинга едириш ёки уларнинг кийимини қилиб бериш ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки буларни қилишга имкон топа олмаса у ҳолда уч кун рўза тутиши керак бўлади. Мана булар ичган ва кейин бузган қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни бузишдан сақланглар. Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга оятларини мана шундай қилиб баён қилмоқда.

90.Эй иймон келтирганлар, ароқ ва шароб каби маст қилувчи ичимликлар, қимор ўйнаш, бут-санамлар, фол очадиган чўплар шайтоннинг амалидан бўлган ифлос ишдир. Бас, ундан узоқлашинг шояд, шундай қилиб нажот топсангиз.

91.Шайтон сизларни маст қилувчи ичкилик ва қимор ўйнаш туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни, Аллоҳнинг зикрини қилишдан ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бўлди энди ундан тийиласизларми?

92.Аллоҳга итоат қилинглар ва Пайғамбарга итоат қилинглар ҳамда ҳаром ишлардан ҳазар қилинглар. Агар итоатдан юз ўгирсангиз, билиб қўйингларки, шубҳасиз, Расулимиз зиммасида, фақат аниқ қилиб етказиб қўйиш бордир.

93.Аллоҳдан қўрққан, иймон келтирган, эзгу амалларни қилган, ман қилинганидан кейин тақво қилиб ҳаромлигига ишонган, кейин барча ҳаромлардан сақланиб, яхшилик қилган мўмин ва солиҳ ишларни амалга оширган кимсаларга тақиқланмасдан олдинги еб ичганларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ яхшилик қилувчи муҳсин бандаларни севади.

94.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ғойибона, кўрмаган ҳолда Ўзидан қўрқадиган кишиларни билиш учун эҳромда эканлигингизда қўлларингиз ва найзаларингиз уни осонликча тутиб оладиган баъзи бир ов ўлжалари билан сизларни, албатта, синаб кўради. Кимки шу ҳукмдан кейин ҳаддидан ошиб ов қилса, унга аламли азоб бордир.

95.Эй иймон келтирганлар, эҳромда бўлган ҳолингизда овни ўлдирманглар. Сизлардан кимда-ким уни қасддан ўлдирса унинг гарданига ўлдирган овининг қиймати баробарича хонаки ҳайвонлардан жазо бўлади. У ҳам бўлса, Каъбага юборилиб, етиб борадиган қурбонлик ҳадясидир, уни тайинлашда орангиздан икки адолатли зот ҳакамлик қилади. Ёки бўлмаса унинг миқдорича мискинларга таом улашиш ё, шу баробарида рўза тутиш каффороти бордир. Бу ҳукмларнинг бари қилмишининг машаққатини тотиб кўриш учундир. Аллоҳ ўтмишда бўлиб ўтганларни кечирди. Шундан кейин ҳам ким бу ишни такрорласа у ҳолда Аллоҳ ундан интиқом олади. Аллоҳ иззати буюк – Азиз ва золимлар учун интиқом Соҳибидир.

96.Эҳромда бўлсангизлар, ҳам сизлар ва йўловчилар учун фойда бўлиши учун денгиз маҳсулотларининг ови ва егуликлари ҳалол қилинди. Бироқ сизлар эҳромдалик чоғингизда қуруқликдаги ов ҳаром қилинди. Унинг ҳузурига тўпланадиган Аллоҳдан қўрқинглар.

97.Аллоҳ Байт ул-Ҳаром бўлган Каъбани, жанг қилиш ҳаром қилинган ойларни, қурбонлик учун келтирилган ҳадяни, қурбонликка аталганини билдириш мақсадида уларга илиб қўйилган тақинчоқли қурбонликларни инсонларнинг ҳаёт манбаи учун асос қилиб қўйди. Булар Аллоҳнинг осмонлар ва Ердаги барча нарсалардан хабардор эканини билишингиз учундир. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи Зотдир.

98.Яна шуни билиб қўйингларки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир. Ҳамда, албатта, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

99.Расулнинг зиммасида фақат Аллоҳнинг буйруқларини етказиб қўйиш бордир. Аллоҳ сизларнинг пинҳона қилган ва ошкора қилган барча ишларингизни билади.

100.Эй Расулим, уларга: “Агар нопок нарсаларнинг кўплиги сени ҳайрон қолдирса ҳам, ифлос ва покиза нарсалар баробар бўлмайди”, – деб айтинг. Эй ақл эгалари, Аллоҳдан қўрқинглар, шояд, шунда нажот топсангизлар.

101.Эй иймон келтирганлар, жавоби баён қилинганда сизларни ёмон аҳволга соладиган нарсалар ҳақида савол сўраманглар. Агарда Қуръон оятлари нозил қилинаётган пайтда улар ҳақида сўрасангизлар, сизларга у ҳақда очиб берилади кейин уни қилиш мажбурияти юклатилади. Аллоҳ ундан олдин қилган хатоларингизни кечирди. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва бандаларига марҳаматли бўлган – Ҳалим Зотдир.

102.Сиздан аввалги қавмлар ҳам бу каби саволларни сўрашган эди. Кейин у саволларни инкор қилувчиларга айланганлар.

103.Аллоҳбаҳийра, соиба, васийла, ҳом”, – деб аталган ҳайвонлар хусусида бирор амр қилмаган. Лекин куфр келтирган кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқияптилар. Чунки уларнинг кўпчилиги ақл ишлатмайдилар.

104.Агарда уларга: “Аллоҳ нозил қилганга ва Расулнинг йўлига келинглар”, – дейилса, улар: “Ота-боболаримизни қайси йўл устида топган бўлсак, ўша бизга етарлидир”, – дейдилар. Агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва тўғри йўлни топа олмайдиган бўлса ҳам, эргашаверасизларми?

105.Эй иймон келтирганлар, сизлар ўзингизга диққат қилинглар. Модомики, ҳидоят йўлини топган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар келтира олмайдилар. Барчангизнинг қайтар жойингиз Аллоҳнинг ҳузуригадир. Ўшанда Аллоҳ сизларга қилган амалларингиз хабарини беради.

106.Эй иймон келтирганлар, агар сизлардан бирингизга ўлим ҳолати яқинлашиб қолса, васият чоғида орангиздан икки нафар адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Агарда бошқа ерларда сафарда бўлиб ўлим мусибати сизларга етиб қолса, унда, ўзингиздан бўлмаган бошқа икки нафар кимсани гувоҳ қилинглар. У икки гувоҳни намоздан кейин ушлаб турасизлар. Агарда улар ҳақида гумон қилсангизлар, унда улар: “Қариндош бўлса ҳам, у қасамни арзимас баҳога сотмаймиз. Аллоҳнинг гувоҳлигини яширмаймиз. Агар бундай қилсак, бизлар, албатта, гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз”, – деб Аллоҳ номига қасам ичсинлар.

107.Агар у икки шоҳиднинг гуноҳ иш қилиб хиёнат қилганлиги фош бўлиб қолса, унда уларнинг ўринларига мерос олишга ҳақи бўлган кимсалардан бошқа икки нафар муносиброқ киши гувоҳликка туради. Улар ҳам: “Бизнинг гувоҳлигимиз шоҳидлик учун у икковининг гувоҳлигидан кўра тўғрироқдир. Биз ҳаддимиздан ошмаганмиз акс ҳолда, биз бешак золимлардан бўлиб қоламиз”, – деб Аллоҳ номига қасам ичсинлар.

108.Мана бу гувоҳликни асл талаб қилинганига кўра қилишлари ёки қасам ичганларидан кейин бу қасамларини рад этилишидан қўрқиб одил бўлишлари учун қилинган энг тўғри усулдир.

109.Аллоҳ барча пайғамбарларни жамлайдиган кунда уларга: “Даъватингизга сизларга қандай жавоб берилди?” – дейди. Шунда улар: “Бизлар билмаймиз, албатта, Сен Ўзинг ғайбларни яхши билувчисан”, – дейдилар.

110.Аллоҳ ўша кунда: “Эй Марям ўғли Исо, сенга ва волидангга берган неъматларимни хотирлагин. Ўшанда сени Руҳ ул-Қудус бўлган Жаброил билан қўллаган эдим. Одамларга бешикда эканингда ҳам, навқирон чоғингда ҳам гапирардинг. Ҳамда сенга ёзиш ва ҳикмат илмини ҳамда Таврот ва Инжилни ўргатдим. Менинг изним билан лойдан қуш шаклини ўхшатиб ясар, кейин унга пуфлардинг ва у Менинг изним билан ҳақиқий бир қуш бўлиб қолар эди. Менинг изним билан туғма кўр ва пес касаллигини тузатар эдинг. Менинг изним билан ўликларни ҳам тирилтира олар эдинг. Уларга очиқ-ойдин далиллар билан келганингда улар орасидаги куфр келтирган кимсалар: “Бу аниқ сеҳрдир”, – деган эдилар. Ўшанда бани Исроил авлодларининг ёмонлигидан сени тўсиб қолганимни ҳам ёдга ол”, – дейди.

111.Ўшанда ҳаворийларга: “Менга ва элчим Исога иймон келтиринглар”, – деб ваҳий қилган эдим. Ҳаворийлар эса: “Иймон келтирдик ва бизларни, албатта, Аллоҳга таслим бўлганлардан эканимизга шоҳид бўл”, – деган эдилар.

112.Ҳаворийлар: “Эй Марям ўғли Исо, Роббинг бизга самодан бир дастурхон тушира олишга қодирми?” – деб сўраганлар. Исо уларга қарата: “Агар ҳақиқий мўмин бўлсангизлар, Аллоҳдан қўрқинглар”, – деб жавоб берган.

113.Кейин улар: “Биз у дастурхондаги неъматлардан ейишни ва қалбларимиз хотиржам бўлишни ҳамда бизларга рост гапирганингни билишни ва бу ҳодисага гувоҳлик берувчилардан бўлишни истаймиз”, – дедилар.

114.Шунда Марям ўғли Исо: “Эй Роббимиз бўлган Аллоҳим, бизларга осмондан бир дастурхон туширгинки, у аввалги ва охиргиларимиз учун бизларга бир байрам ва сендан бир мўъжиза бўлиб қолсин. Ҳамда бизларни ундан ризқлантиргин. Сен энг яхши ризқ берувчидирсан”, – деди.

115.Шунда Аллоҳ: “Мен уни, албатта, сизларга туширувчиман. Лекин сизлардан кимки шундан кейин ҳам куфр келтирса, оламлардан ҳеч кимни азобламаган азоб билан уни азоблайман”, – деди.

116.Аллоҳ ўшанда: “Эй Марям ўғли Исо, одамларга Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни икки худо қилиб олинглар деб сен айтдингми?” – деди. Исо эса: “Субҳаналлоҳ, мен ҳақим бўлмаган нарсани айта олмайман-ку. Борди-ю уни айтган бўлсам ҳам, албатта, Сен уни билар эдинг. Чунки Сен менинг ичимдагиларни биласан, мен эса Зотингдагини билмайман. Сен Ўзинг ғайбларни яхши билувчисан”, – деб жавоб берди.

117.Мен уларга фақат Ўзинг менга амр қилганларингни айтдим. У эса, “Роббим ва Роббингиз бўлган Аллоҳга ибодат қилинглар”, – деганим эди. Уларнинг орасида бўлган онларимда қилаётган ишларида уларга гувоҳ бўлиб турдим. Мени ҳузурингга олганингда Сен Ўзинг уларнинг устидан кузатувчи бўлдинг. Сен барча бўлиб ўтган нарсаларга гувоҳдирсан.

118.Агар уларни азобласанг, шубҳасиз, улар Сенинг бандаларингдир. Борди-ю уларни мағфират қилсанг, албатта, Сен иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотсан.

119.Шунда Аллоҳ: “Бу кун иймонларига содиқ қолганларнинг ростгўйлиги фойда берадиган кундир. Улар учун тагидан анҳорлар оқиб турувчи ва у ерда абадий қолинадиган жаннатлар бордир. Аллоҳ улардан рози ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Мана бу энг катта ютуқдир.

120.Осмонлару Ердаги ва улардаги барча мавжудотнинг бошқаруви Аллоҳга оиддир. Аллоҳ ҳар нарсага кучи етадиган Зотдир.