1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Saba' сураси

Makkaда нозил бўлган.

22-жуз,34-сура,54 оятдан иборат

1.Осмонлардаги ва ердаги барча нарсалар Уники бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Охиратда ҳам ҳамд фақат Унга хосдир. У ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким ва барча ишлардан хабардор бўлган – Хобир Зотдир.

2.У Ер остига нимаики кирса ҳам, ундан нималар униб чиқса барчасини билади. Шунингдек, осмондан тушадиган баракатларни ҳам, унга кўтариладиган дуоларни ҳам билади. У марҳамати кенг бўлган – Раҳим ва гуноҳларни кечирувчи – Ғофур Зотдир.

3.Куфр келтирган кимсалар: “Бизларга қиёмат келмайди”, – дедилар. Эй Муҳаммад, уларга: “Йўқ, ғайбни билувчи Роббимга қасамки, албатта, у сизларга келади. Осмонлар ва Ердаги бир зарра вазнича, ҳатто ундан ҳам кичик ёки катта бирор нарса Аллоҳдан махфий қолмайди, барчаси аниқ китобда мавжуддир”, – деб айтинг.

4.Аллоҳ иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни жаннат билан мукофатлаши учун ҳам қиёмат қоим бўлади. Ана ўшалар учун Аллоҳдан мағфират ва фаровон ризқ бордир.

5.Бизнинг оятларимизга қарши ожиз қолдирувчи бўлиш учун ҳаракат қилган кимсалар учун эса аламли жазодан иборат азоб бордир.

6.Эй Расулим, илм берилган кимсалар сизга Роббингиз томонидан нозил қилинган Қуръоннинг ҳақ китоб эканини ва у иззатли, ҳамдга лойиқ Зотнинг йўлига ҳидоят қилишини биладилар.

7.Куфр келтирган кимсалар: “Сизларга чириб титилиб бутунлай парча-парча бўлиб кетган вақтингизда, албатта, сизлар яна янгитдан яратиласизлар, деб хабар берадиган бир кишини кўрсатайликми?” – дедилар.

8.Яна улар: “У Аллоҳ шаънига ёлғон уйдирдими ёки унда жиннилик борми?” – дедилар. Йўқ, ундай эмас, охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг ўзлари азобда ва ҳидоятдан узоқ залолатдадирлар.

9.Ахир улар осмон ва ердаги нарсаларга, олдиларидаги ва ортларидаги нарсаларга назар солмайдиларми?! Агар Биз хоҳласак, уларни ерга юттириб юборамиз ёки устиларига осмондан парчалар ташлаб юборамиз. Албатта, бунда Аллоҳга тавба қилиб қайтувчи ҳар бир банда учун далолат бордир.

10.Биз Довуд пайғамбарга улуғ фазл ато қилиб: “Эй тоғлар ва қушлар! Довуд билан бирга тасбеҳ айтинглар”, – дедик. Ҳамда унинг учун темирни хамирдек юмшоқ қилиб қўйдик.

11.Яна унга: “Совутлар ясагин ва тўқишда ҳалқаларини ўлчовли қил. Эй Довуд оиласи, яхши амал қилинглар. Албатта, Мен қилаётган амалларингизни кўриб турувчиман”, – дедик.

12.Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик масофани босиб ўтадиган шамолни хизматкор қилиб қўйдик ва унга мис булоғини оқизиб қўйдик. Ҳамда жинлардан ҳам Роббисининг изни билан унинг қўл остида ишлайдиган тоифаларни бўйсундириб қўйдик. Агар улардан ким амримиздан ташқари чиқса, унга ўт азобидан тоттириб қўярдик.

13.Жинлар унга мисдан у хоҳлаган нарсаларнимеҳроблар, ҳайкаллар, ҳовузлардек келадиган катта лаганлар ва мустаҳкам қозонларни ясаб берадилар. Эй Довуд оиласи, бу неъматларнинг шукронаси учун амал қилинглар. Лекин бандаларим орасида шукр қилувчиси камдир.

14.Бас, қачонки, Биз Сулаймонга ўлимни ҳукм қилганимизда, унинг ўлимига фақат ҳассасини еяётган ёғоч кемирувчи қуртгина далолат қилди. Вақтики, Сулаймон жойидан қулаб тушгач, жинларга аён бўлдики, агар улар ғайбни билганларида бу хор қилувчи меҳнат азобида қолмаган бўлар эдилар.

15.Сабаъ қабиласи учун ўз масканларида Аллоҳнинг фазлига доир бир далил бор эдиўнг томондан ҳам, чап томондан ҳам икки боғ бўлиб, Биз уларга: “Роббингизнинг ризқидан еб-ичинглар ва Унга шукр қилинглар. Чиройли шаҳрингиз ва мағфиратли Роббингиз бор”, – деган эдик.

16.Бас, улар шукр қилишдан юз ўгирдилар. Биз уларнинг устига фалокат селни юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва сийрак бутазор бўлган хароба икки боғга алмаштириб қўйдик.

17.Куфр кетирганлари сабабли уларни мана шу фалокат билан жазоладик. Биз фақат кофир кимсагагина мана шундай жазо берамиз.

18.Улар билан Биз муборак қилган шаҳарларнинг орасида кўриниб турадиган, бир-бирига яқин қишлоқларни барпо қилиб, улар орасида юриш масофасини қулай қилиб ўлчаб қўйдик ва: “Бу қишлоқларда кечалари ҳам, кундузлари ҳам омонликда юраверинглар!” – деган эдик.

19.Улар эса шунча неъматларга ношукрлик қилиб: “Эй Роббимиз, сафарларимиз орасидаги масофани улардан йироқ қил”, – деб, ўзларига зулм қилдилар, бас, Биз уларни одамлар оғзидаги ҳикояларга айлантириб қўйдик ва уларни бутунлай эзиб ташладик. Албатта, бу ҳодисаларда ҳар бир сабрли ва шукр қилувчи кимсалар учун аломатлар бордир.

20.Дарҳақиқат, иблис уларнинг устидаги “Мен уларни йўлдан оздираман”, – деган гумонини тасдиқлади. Бас, Сабаъ қабиласи иблисга эргашдилар. Фақат бир гуруҳ мўминларгина унга бўйсунмадилар.

21.Ҳолбуки, иблиснинг улар устидан ҳеч қандай бир ҳукмронлиги йўқ эди. Фақат охиратга иймон келтирадиган кишиларни ундан шубҳада бўлган кимсалардан ажратиб, билиб олишимиз учун шундай қилдик. Роббингиз барча нарсани кузатиб турувчидир.

22.Эй Муҳаммад, мушрикларга: “Сизлар Аллоҳдан бошқа худолар деб гумон қилган бутларингизга илтижо қилаверинглар! Улар на осмонларда ва на Ерда бир зарра вазнича нарсага ҳам эга эмасдирлар. Улар учун Еру осмон – иккисининг яратилишида шериклик ҳам йўқдир. Ҳамда У Зотга улардан бирорта ёрдамчи ҳам йўқ”, – деб айтинг.

23.Аллоҳ ҳузурида фақат Ўзи изн берган кишиларнинг шафоатигина фойда беради. Қачонки, уларга изн берилиб, қалбларидан қўрқув кетказилгач, бир-бирларига: “Роббингиз изн учун нима деди?” – дейдилар. Уларга: “Ҳақни айтди ва шафоатга изн берди. У барчадан олий ва улуғ Зотдир”, – деб жавоб айтадилар.

24.Эй Муҳаммад, мушрикларга: “Ким сизларга осмонлардан ва ердан ризқ беради?” – деб айтинг. Яна уларга: “Албатта, ризқ берувчи Аллоҳдир. Ундай бўлса, аниқ бизлар ёки сизлар ҳидоят узрамиз ёки очиқ-ойдин залолатдамиз” – деб айтинг.

25.Эй Муҳаммад, уларга: “Биз қилган гуноҳлар хусусида сизлар сўралмайсизлар ва сизлар қилаётган амаллар тўғрисида бизлар сўралмаймиз”, – деб айтинг.

26.Эй Расулим, уларга: “Роббимиз қиёмат куни ўртамизни бир орада жамлайди сўнгра орамизда ҳақ билан ҳукм қилади. Фақат У адолат билан ҳукм қилувчи – Фаттоҳ ва барча нарсани билувчи – Аълим Зотдир.

27.Яна мушрикларга: “У Зотга қўшиб олган шерикларингизни менга кўрсатинлар-чи?! Йўқ, Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир”, – деб айтинг.

28.Эй Муҳаммад, Биз сизни, барча одамларга жаннатдан хушхабар берувчи ва жаҳаннамдан огоҳлантирувчи қилиб юбордик! Лекин одамларнинг кўпчилиги бу ҳақиқатни билмайдилар.

29.Улар: “Агар чиндан ҳам ростгўй бўлсангизлар, айтинглар-чи, мана шу ваъда қилинган қиёмат қачон бўлади?” – дейдилар.

30.Эй Муҳаммад, уларга: “Сизлар учун шундай бир куннинг ваъдаси борки, Ундан бир соат ортга ҳам қолмайсиз, олдинга ҳам кета олмайсиз”, – деб айтинг.

31.Куфр келтирган кимсалар: “Биз бу Қуръонга ҳам, ундан олдинги китобларга ҳам асло иймон келтирмаймиз”, – дедилар. Эй Расулим, агар сиз ўша золим кимсаларни қиёмат куни Роббилари ҳузурида тик турғизиб қўйилиб, бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди?! Ўшанда заиф ҳисобланган кимсалар мутакаббир кимсаларга: “Агар сизлар бўлмаганингизда, бизлар, албатта, мўминлардан бўлар эдик”, – дейдилар.

32.Мутакаббир кимсалар заиф саналганларга: “Сизларга ҳидоят келганидан кейин сизларни ундан биз тўсдикми? Аксинча, ўзингиз гуноҳ қилувчилардан бўлган эдингиз”, – дейдилар.

33.Заиф саналганлар мутакаббир кимсаларга: “Йўқ, кеча-ю кундуз бизга қилган макрларингизчи?! Ўшанда сизлар бизларни Аллоҳга куфр келтиришга ва Унга тенг шериклар қилишга буюрар эдингиз”, – дейдилар. Улар азобни кўзлари билан кўрган вақтларида надоматни ичларида тутадилар. Биз куфр келтирган кимсаларнинг бўйинларига кишанлар соламиз. Улар фақат дунёда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланадилар.

34.Биз қайси бир қишлоққа бирор огоҳлантирувчи пайғамбар юборсак, албатта, у ернинг маишатпарастлари: “Биз сизлар элчи қилиб юборилган динни инкор қилувчилармиз!” – дедилар.

35.Яна улар: “Бизларнинг молларимиз ва фарзандларимиз сизларникидан кўра кўпроқ. Демак, биз азобланувчи эмасмиз”, – дедилар.

36.Эй Муҳаммад, уларга: “Шубҳасиз, Роббим Ўзи хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилади ва Ўзи хоҳлаганининг ризқини тор қилади. Лекин одамларнинг кўпчилиги буни билмайдилар”, – деб айтинг.

37.На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қила олмайди. Лекин ким иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бўлса, ана ўшаларгагина қилган амаллари туфайли кўпайтирилган мукофот бордир. Улар жаннатдаги кўшкларда омонликда бўладилар.

38.Бизнинг оятларимизни ожиз қолдириш ҳаракатида юрадиган кимсалар эса – ана улар азобга ҳозир қилинувчилардир.

39.Эй Муҳаммад уларга: “Албатта, Роббим бандаларидан хоҳлаганининг ризқини кенг қилади ва хоҳлаганига ризқни тор қилади. Бирор нарсани эҳсон қилсангизлар, бас, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдиради. У ризқ берувчиларнинг энг яхшисидир”. – деб айтинг.

40.У кунда Аллоҳ мушрикларнинг барчасини йиғиб, кейин фаришталарга: “Ана улар сизларга ибодат қилармидилар?” – дейди.

41.Фаришталар: “Эй пок Роббимиз, улар эмас, Сен бизнинг дўстимизсан. Йўқ, улар жинларга ибодат қилар эдилар. Уларнинг аксарияти уларга ишонувчилар эди”, – дейдилар.

42.Бас, бу кунда бирингиз бошқангизга на фойда ва на зарар етказишга кучи етмайди. Биз, зулм қилганларга: “Уни ёлғон деб айтган дўзах азобини тотиб кўринглар”, – деймиз.

43.Қачонки, уларга оятларимиз равшан ҳолда тиловат қилинса, улар: “Бу Муҳаммад фақат сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб ўтган нарсалардан тўсишни хоҳлайдиган кимсадир”, – дейдилар. Бунинг устига яна: “Бу Қуръон фақат тўқилган бир уйдирмадир”, – дейдилар. Куфр келтирган кимсалар ўзларига ҳақ бўлган Қуръон келган пайтда: “Бу китоб аниқ бир сеҳрдан иборатдир”, – дейдилар.

44.Ҳолбуки, олдин Биз уларга уни ўқиб ўрганадиган китоблар келтирмаган эдик. Шунингдек, уларга сиздан аввал бирор огоҳлантирувчи пайғамбар ҳам юбормаган эдик.

45.Улардан илгари ўтган кимсалар ҳам ўз пайғамбарларини инкор қилган эдилар Ҳолбуки, Макка мушриклари Биз уларга ато этган неъматларнинг ўндан бирига ҳам етмаганлар. Бас, улар расулларимни ёлғончига чиқардилар, кейин эътирозим қандай бўлган эди?!

46.Эй Муҳаммад, мушрикларга: “Мен сизларга фақат битта нарсани насиҳат қиламан. Холис Аллоҳ учун иккита-иккита ва битта-битта туриб, бир фикр қилиб кўринглар. Соҳибингиз Муҳаммадда ҳеч қандай жиннилик йўқ. У фақат қаттиқ азоб олдидан сизларга юборилган бир огоҳлантирувчи пайғамбардир, , холос”, – деб айтинг.

47.Эй Расулим, уларга: “Мен сизлардан даъватим учун ҳақ сўрамайман. Бас, у сизларга бўла қолсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасида. У барча бўлаётган ишларга гувоҳдир”, – деб айтинг.

48.Яна уларга: “Албатта, Роббим ҳақни ўртага ташлайди. У Зот ғайбларни яхши билувчидир” –, деб айтинг.

49.Эй Муҳаммад, уларга: “Ҳақ бўлган Қуръон келди. Ботил эса янги бир нарсани бошлай олмайди ва эски бир нарсани қайтара олмайди”, – деб айтинг.

50.Эй Расулим, уларга: “Агар мен йўлдан озсам, бас, фақат ўз зараримга йўлдан озаман ва агар ҳидоят топсам ҳам Роббим менга ваҳий қилаётган нарса туфайли топаман”, – деб айтинг. Албатта, У ҳамма нарсани эшитувчи – Самиъ ва бандаларига яқин – Қориб Зотдир.

51.Эй Расулим, агар сиз мушрик ва кофирларни даҳшатга тушиб, қочгани жой бўлмаган ва яқин бир макондан дўзах томон тутиб кетилган пайтларида кўрсангиз эди!

52.Қиёмат куни улар: “Энди, иймон келтирдик”, – дейдилар. Узоқ бир макон бўлган охират диёридан уларга иймонга қўл узатиш қаёқда экан?!

53.Ҳолбуки, олдин улар дунё ҳаётида уни инкор қилган эдилар. Улар узоқдан туриб, ғайбга тош отар эдилар.

54.Мана энди, худди улардан олдинги тарафдорларига қилингани каби, улар билан ўзлари орзу қиладиган нарсаларнинг ўртаси тўсиб қўйилди. Чунки улар дунёда шак-шубҳада эдилар.