1447 йил 17 зулҳижжа2026 йил 3 июн, чоршанба

Haqqo сураси

Makkaда нозил бўлган.

29-жуз,69-сура,52 оятдан иборат

1.Қиёмат аниқ рўй берувчидир.

2.Ўша аниқ рўй берувчи нимадир?

3.Эй Муҳаммад, аниқ рўй берувчининг нималигини сизга нима билдирди?

4.Самуд ва Од қабилалари қаттиқ зарба берувчи қиёмат кунини ёлғонга чиқардилар.

5.Бас, Самуд қабиласи ҳаддан ташқари қаттиқ чақмоқ билан ҳалок қилиндилар.

6.Од қабиласи эса, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар.

7.У бўронни Аллоҳ уларнинг устига кетма-кет етти кеча ва саккиз кундуз хизматкор қилиб қўйди. Бас, қавмнинг у ерда ағдарилиб ётганини кўрар эдингиз. Улар худди хурмонинг чириб ичи бўшаб қолган ходаларига ўхшар эдилар.

8.Бас, уларнинг ортларидан бирор нарса ҳаётда қолганини кўраяпсизми?!

9.Фиръавн ҳам, ундан аввалги ўтган динсизлар ҳам, Лут қавмининг остин-устун бўлган қишлоқ аҳллари ҳам хато иш қилдилар.

10.Бас, улар Роббиларининг пайғамбарига осий бўлдилар. Бас, Аллоҳ уларни ўта қаттиқ ушлаш билан тутиб азоблади.

11.Дарвоқе, Биз сув туғёнга келган вақтида сизларни Нуҳ пайғамбар ясаган кемада кўтардик.

12.Биз буни сизларга бир эслатма ва англовчи қулоқлар фаҳмлаб олишлари учун ибрат қилдик.

13.Бас, қачонки, сурга бир бор пуфланганида,

14.Ер ва тоғлар ўз жойларидан кўтарилиб, бир-бирларига бир бор урилиб чилпарчин бўлганида,

15.Ана ўша кунда воқеа содир бўлиб қиёмат қоим бўлади.

16.Осмонлар ҳам ёрилади. Чунки, осмон у кунда беҳол бўлиб қолади.

17.Фаришталар осмон атрофида Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб турадилар. Уларнинг устида Роббингиз Аршини у кунда саккиз фаришта кўтариб туради.

18.Ўша кунда сизлар ҳисоб-китоб учун Аллоҳга кўндаланг қилинасизлар, бирорта сирингиз Ундан махфий қолмайди.

19.Бас, ўз китоби ўнг томонидан берилган саодатли кимса: “Мана, менинг китобимни ўқинглар, дейди.

20.Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга дуч келишимни билар эдим.

21.Бас, у розилик ҳаётида бўлади.

22.Олий жаннатда бўлади.

23.Унинг мевалари қўл узатгудек яқиндир.

24.Жаннат аҳлига: “Дунёда яшаб ўтган кунларда қилган яхши амалларингиз туфайли ушбу ноз-неъматларни ёқимли иштаҳа билан еб-ичаверинглар”, – дейилади.

25.Аммо китоби чап томонидан берилган бахтсиз кимса эса: “Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса эди-я”, – дейди.

26.Бунинг устига, ҳисоб-китобим қандай бўлишини ҳам билмасам эди!

27.Эҳ, қанийди, ўша дунёдаги ўлимим ҳамма ишни ҳал қилувчи бўлса эди!

28.Менга мол-мулк ҳам асқотмади.

29.Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди.

30.Эй жаҳаннам қўриқчилари! Уни ушланглар кейин кишанга солинглар.

31.Сўнгра уни оловда тобланглар.

32.Сўнгра узунлиги етмиш қулоч бўлган занжирга боғланглар.

33.Чунки, у дунёдалик пайтида улуғ Аллоҳга иймон келтирмаган эди.

34.Мискинга таом беришга ўзини ва бошқаларни ундамас эди.

35.Бас, бугун бу ерда унга бирор қадрдон дўст йўқдир.

36.Жаҳаннам аҳлига йирингдан бўлган таом берилади.

37.Уни эса фақат хатокорлар ейдилар.

38.Сизлар кўриб турган нарсалар билан қасам ичаман.

39.Ҳамда сизлар кўрмайдиган нарсалар билан ҳам қасам ичаман.

40.Албатта, бу Қуръон, мукаррам Пайғамбарнинг Аллоҳ номидан айтган сўзидир!

41.У бирор шоирнинг сўзи эмасдир. Сизлар ушбу Қуръонга нақадар оз иймон келтирасизлар?!

42.У бирор фолбиннинг сўзи ҳам эмас. Нақадар оз эслатма оласизлар?!

43.У барча оламлар Роббиси томонидан нозил қилинган ҳақ китобдир.

44.Агар пайғамбар Бизнинг номимиздан Биз айтмаган баъзи сўзларни тўқиб айтганда эди,

45.Албатта, Биз унинг ўнг қўлидан тутар эдик.

46.Сўнгра унинг шоҳтомирини кесиб ташлаган бўлар эдик.

47.Шундай қилсак, бас, сизлардан ҳеч ким уни тўсиб қолувчи бўлмас эди.

48.Ҳақиқатан, бу Қуръон тақводорлар учун эслатмадир.

49.Биз сизларнинг орангизда Қуръонни ёлғонга чиқарувчилар бор эканини аниқ биламиз.

50.Албатта, у Қуръон кофирларга қиёмат кунида ҳасрат бўлади.

51.Албатта, у Қуръон аниқ ҳақиқатдир.

52.Бас, улуғ Роббингиз номи билан тасбеҳ айтинг!