1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Luqmon сураси

Makkaда нозил бўлган.

21-жуз,31-сура,34 оятдан иборат

1.Алиф, Лом, Мим.

2.Ушбулар ҳикматли китобнинг оятларидир.

3.Чиройли амал қилувчилар учун ҳидоят ва раҳмат манбаидир.

4.Улар намозни тўлиқ адо этадиган, закотни ўз жойига берадиган ва охират кунига аниқ ишонадиган кимсалардир.

5.Роббилари тарафидан ҳидоят топганлар ҳам ана ўшалардир ва нажот топувчилар ҳам уларнинг ўзидир.

6.Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан бошқаларни Аллоҳ йўлидан адаштириш учун ва у йўлни масхара қилиш учун бекорчи гапларни сотиб оладилар. Ана улар учун охиратда хор қилувчи азоб бордир.

7.Қачонки, унга оятларимиз тиловат қилинса, уни эшитмагандек бўлади, гўё қулоқларида оғирлик бордек, кибрланиб, ҳақдан юз ўгириб кетади. Бас, унга аламли азоб ҳақидахушхабарбериб қўйинг.

8.Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун неъматланиш жаннатлари бордир.

9.Улар у жойда мангу қоладилар. Бу Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.

10.Аллоҳ сиз уни кўриб турган осмонларни устунсиз яратди. Сизларни тебратиб юбормаслиги учун ерда мустаҳкам тоғларни барпо қилди ва унда ҳар турли жонзотларни тарқатиб қўйди. Ҳамда Биз осмондан сув ёғдириб, ерда турли фойдали ўсимликларни ундириб қўйдик.

11.Булар Аллоҳнинг яратган махлуқотларидир. Қани, энди, эй мушриклар, сизлар Менга Ундан ўзгалар ерда нималарни яратганини кўрсатинглар-чи! Йўқ, золимлар аниқ адашувдалар!

12.Биз Луқмонга ҳикмат ато қилдик ва унга: “Аллоҳга шукр қилгин. Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилади. Кимки ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ барча нарсадан беҳожат – Ғаний ва ҳамд эгаси бўлган – Ҳамид Зотдир”, – дедик.

13.Луқмон ўғлига насиҳат қилиб: “Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк катта зулмдир”, – деганини эсланг.

14.Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни амр қилдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан қорнида кўтариб юрди. Уни кўкракдан ажратиш муддати икки йилда тугайди. Биз инсонга: “Менга ва ота-онангга шукр қилгин. Охирида қайтишлик, фақат Менинг ҳузуримгадир!” – дедик.

15.Агар ота-онанг сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга мажбурласалар, у ҳолда уларга итоат қилма. Лекин уларга гарчи кофир бўлсалар ҳам, дунёда чиройли муомалада бўлгин ва Менга тавба қилиб қайтган кишиларнинг йўлига эргашгин. Сўнгра қиёмат кунида қайтишлик Менинг ҳузуримгадир, бас, сизларга нима амал қилганингизнинг хабарини бераман.

16.Луқмон: “Эй ўғилчам, шубҳа йўқки, агар хардал ўсимлигининг уруғидек яхши ёки ёмон амал қилинадиган бўлса, бас, у амал бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтиради. Шубҳасиз, Аллоҳ нозик нарсаларни кўра олувчи – Латиф ва барча ишлардан хабардор бўлган – Хобир Зотдир”, – деди.

17.Эй ўғилчам, намозни тўлиқ адо эт, одамларни яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган турли балоларга сабр қил. Албатта, мана шу амаллар ишларнинг пухтасидандир.

18.Одамларга катта кетиб юзингни буриштирмагин ва ер юзида керилиб юрмагин. Чунки Аллоҳ ҳеч бир кибрли, мақтанчоқ кимсаларни севмайди.

19.Юрганингда ўртача юргин ва овозингни пастроқ қилгин. Чунки овозларнинг энг хунуги эшакларнинг овозидир.

20.Эй инсонлар, Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизнинг хизматингизга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча кўринган ва кўринмаган неъматларини мукаммал қилиб берганини кўрмадингизми?! Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар илмсиз бўла туриб, ҳидоят топмаган ва аниқ китобга эга бўлмаган ҳолларида Аллоҳ ҳақида тортишадилар.

21.Агарда уларга: “Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар”, – дейилса, улар: “Йўқ, бизлар ота-боболаримизни нимани устида ибодат қилганларини топган бўлсак, ана ўшанга эргашамиз», – дейдилар. Борди-ю шайтон уларни ловуллаган олов азобига чақириб турган бўлса ҳамми?!

22.Кимки чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас, у мустаҳкам халқани ушлабди. Барча ишларнинг оқибати ёлғиз Аллоҳга қайтади.

23.Эй Муҳаммад кимки куфр келтирса, бас, сизни унинг куфри ғамгин қилмасин. Уларнинг қайтар жойлари Бизнинг ҳузуримизгадир. Бас, яқинда уларга қилган амалларининг хабарини берамиз. Шубҳасиз, Аллоҳ кўнгиллардаги яширинган нарсаларни ҳам билувчи Зотдир.

24.Биз уларни бу ўткинчи дунёда озгина муддат фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азоб тортишга мажбур қиламиз.

25.Қасам бўлсинки, агар улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” – деб сўрасангиз, улар: “албатта, Аллоҳ”, – дейдилар. Сиз: “Аллоҳга ҳамд” – денг. Йўқ, уларнинг кўпчилиги ҳақиқатни билмайдилар.

26.Осмонлар ва Ердаги бор нарсалар Аллоҳникидир. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғаний ва мақтовга сазовар – Ҳамид Зотдир.

27.Агар ер юзидаги барча дарахт қаламлар бўлиб, денгиз сиёҳ бўлса ва ундан сўнг яна етти денгиз ёзиш учун унга ёрдамга келса ҳам Аллоҳнинг сўзлари тугамайди. Шубҳасиз Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.

28.Эй инсонлар, сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни яратиш ва қайта тирилтиришнинг ўзгинаси каби осондир. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи – Самиъ ва бўлаётган ишларни кўриб турувчи – Басир Зотдир.

29.Аллоҳ кечани кундузга киритишини, кундузни эса кечага киритишини ҳамда қуёш ва ойнинг ҳар бирини белгиланган муддатгача юрадиган қилиб бўйсундириб қўйганини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ қилаётган барча ишларингиздан хабардор Зотдир.

30.Бунинг боиси Аллоҳнинг Ўзигина ҳақ илоҳ экани, мушрикларнинг Ундан бошқага илтижо қилаётган бутлари эса ботил нарса экани ва Аллоҳнинг Ўзигина энг юксак ва олий Зот эканидир.

31.Кемалар Аллоҳнинг неъмати билан сизга Унинг мўъжизаларини кўрсатиш учун денгизда сузиб юрганини кўрмадингми?! Албатта, бунда қийинчиликларга сабр қилувчи ва неъматларга шукр қилувчилар учун белгилар бордир.

32.Қачонки, одамларни денгизда кетаётганларида тоғлардек тўлқинлар ўраб олса, Аллоҳнинг динига ихлос этган ҳолларида дуо қила бошлайдилар. Бас, қачонки, Аллоҳ уларга нажот бериб, эсон-омон қуруқликка чиқарса, у ҳолда улардан айримларигина тўғри йўл тутувчидир. Бизнинг оятларимизни фақат барча хоин ва ношукр кимсаларгина инкор қиладилар.

33.Эй инсонлар, Роббингизга тақво қилинг ва яна шундай бир кундан қўрқингизки, у кунда бирор ота ўз боласи томонидан ҳеч нарсани ўтаб бера олмайди ва бола ҳам отаси томонидан бирор нарсани ўтаб берувчи эмасдир. Албатта, Аллоҳнинг қиёмат ҳақидаги ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни ўткинчи дунё ҳаёти асло алдаб қўймасин ва сизларни ўта алдоқчи шайтон, ҳар қандай гуноҳни Аллоҳ кечаверади, деган алдов билан алдаб қўймасин.

34.Шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёматнинг қачон бўлиши тўғрисида маълумот бордир. У хохлаган вақтда ва хохлаган жойга ёмғир ёғдиради ва, фақат У бачадонлардаги нарсани ўғилми-қизми, будми нобудми, бахтлими-бахтсизми эканини билади. Бирор жон эгаси эртага нима иш қилишини билмайди. Бирор жон қаерда ва қачон ўлишини билмайди. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва барча ишлардан хабардор бўлган – Хобир Зотдир.