1.Ўз бандаси Муҳаммадга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун тунда, Маккадаги Масжид ул-Ҳаромдан Биз атрофини баракатли қилиб қўйган Қуддусдаги Масжид ул-Ақсога сайр қилдирган Зот барча айбу нуқсонлардан покдир. Албатта, У эшитувчи ва кўрувчидир.
Isro сураси
Makkaда нозил бўлган.
15-жуз,17-сура,111 оятдан иборат2.Биз Мусога Таврот Китобини бердик ва уни бани Исроил авлодлари учун ҳидоят қилиб бериб, уларга: “Мендан ўзгани вакил қилиб олманглар!” – дедик.
3.Эй Нуҳ билан бирга кемада кўтарганларимизнинг зурриётлари! Албатта, у Нуҳ кўп шукр қилувчи банда эди.
4.Шунингдек, Биз бани Исроил авлодига китобда: “Сизлар, албатта, Шом заминида икки марта бузғунчилик қиласизлар ва катта туғёнга кетасизлар”, – деб билдирдик.
5.Бас, қачонки, ўша икки бузғунчиликдан биринчисининг ваъда вақти келганида, сизларнинг устингизга жазолаш учун шиддатли қувватга эга бўлган бандаларимизни юбордик. Улар ҳовлиларни оралаб кездилар. Бу қилиниши керак бўлган ваъда эди.
6.Сўнгра тавба қилганингиздан кейин сизларни вайрон қилган у кимсаларнинг устидан сизларга яна ғалабани қайтардик ва сизларни мол-дунё ва фарзандлар билан мадад бериб, саноғингизни кўпроқ қилиб қўйдик.
7.Агар шундан кейин яхшиликлар қилсангиз, ўзингиз учун яхшилик қилган бўласизлар, агар ёмонлик қилсангиз, ўзингиз учун ёмонлик қилган бўласиз. Бас, кейинги бузғунчиликнинг вақти келганида, улар яна юзларингизни қора қилишлари, аввалги сафар унга кирганлари каби Масжид ул-Ақсога кириб, ҳолингизни танг қилишлари ўзлари эгаллаб олган барча ерларни вайрон қилишлари учун яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборамиз.
8.Агар тавба қилсангиз, шояд, Роббингиз сизларга раҳм қилса. Агар яна бузғунчиликка қайтсангиз, Биз ҳам яна сизларни яксон қилишга қайтамиз. Жаҳаннамни эса кофирлар учун зиндон қилиб қўйганмиз.
9.Шубҳасиз, мана бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилади ва яхши амалларни қиладиган мўминларга улкан мукофот борлиги ҳақида хушхабар беради.
10.Шунингдек, охиратга ишонмайдиган кимсалар учун эса қиёматда аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз.
11.Инсон Аллоҳдан яхшиликни сўраб дуо қилганидек, баъзан шошқалоқлик қилиб ёмонлик ҳам тилаб дуо қилиб қўяди. Инсон мана шундай шошқалоқ бўлган.
12.Биз кеча ва кундузни қудратимизни кўрсатиб турадиган икки ибратли белги қилиб қўйдик. Сўнгра кечанинг аломати бўлган зулматни ўчириб, унинг ўрнига Роббингиздан фазл исташларингиз учун ҳамда йилларнинг саноғини ва ҳисобини билишингиз учун кундуз аломати бўлган ёруғликни кўрсатувчи қилдик. Ҳамда барча нарсани Қуръонда батафсил баён қилиб қўйдик.
13.Биз ҳар бир инсоннинг қилган амалини ажралмас қилиб бўйнига боғлаб қўйганмиз. Унга қиёмат кунида уни очилган ҳолда учратадиган номаи аъмол китобини чиқариб берамиз.
14.Қиёматда унга: “Мана, китобингни ўқи! Бугун нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисоб қилувчидир”, – дейилади.
15.Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи фойдаси учун юради. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолатга кетган бўлади. Гуноҳ юкини кўтарувчи ҳеч ким бошқасининг гуноҳ юкини кўтармайди. Биз токи бир пайғамбар юбормагунимизча, бирор қавмни азобловчи бўлмадик.
16.Биз қачонки, бирор-бир шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг маишатпарастларини юборган пайғамбарларимизга итоат қилишга буюрамиз. Ана шундан кейин улар у ерда итоат қилмай бузғунчилик қиладилар. Бас, уларга азоб тушиши ҳақидаги сўзимиз муқаррар бўлади. Кейин у шаҳар аҳолисини яксон қилиб вайронага айлантирамиз.
17.Нуҳ пайғамбардан кейин ҳам қанчадан-қанча наслларни итоатсизликлари туфайли ҳалок қилдик. Роббингиз ўз бандаларининг қилаётган гуноҳларидан етарли хабардор ва кўриб турувчидир.
18.Кимки тез келиб-кетувчи дунёни истаса, Биз унга шу дунёда Ўзимиз хоҳлаган кимсаларга истаганимизча неъматлардан нақд қилиб берамиз. Кейин охиратда унга жаҳаннамни берамиз. Унга хорланган ва қувғинга учраган ҳолда кириб, куяди.
19.Кимки охират савобини истаса ва мўмин ҳолида саъй-ҳаракати билан унга ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъй-ҳаракатлари Аллоҳ наздида мақбулдир.
20.Эй Расулим, охират ажрини истаган мана бу мўминларга ҳам, дунё манфаатини истаган анави кофирларга ҳам – барчаларига Роббингизнинг неъматидан ато қиламиз. Роббингизнинг неъмати ҳеч кимдан чекланган эмасдир.
21.Бу дунёда уларнинг айримларини айримларидан ризқ ва мартабада қандай устун қилганимизни кўринг. Албатта, охират даражаси улуғроқ ва афзаллиги каттароқдир.
22.Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳни шерик қилманг. Акс ҳолда, мазамматга учраб, чорасиз ўтириб қоласиз.
23.Роббингиз, фақат Ўзигагина ибодат қилишларингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр қилди. Эй инсон, агар уларнинг бирлари ёки ҳар иккиси ёнингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф” демагин ва уларни жеркимагин. Уларга доимо чиройли бир сўз айтгин.
24.У икковларига меҳрибонлик билан хокисорлик қанотингни пастлатиб очгин. Ҳамда дуонгда: “Эй Роббим, улар мени гўдаклик чоғимда шафқат билан тарбия қилганларидек, Сен ҳам уларга марҳамат қилгин”, – деб айт.
25.Эй инсонлар, Роббингиз ичингиздаги барча нарсани жуда яхши билувчидир. Агар сизлар тавба қилиб солиҳлардан бўлсангиз, албатта, У тавба қилувчиларни кечирувчи Зотдир.
26.Қариндошга, мискинга ва йўловчига хайру садақа қилиб ҳақиларини беринг ва неъматларимни бекорга совуриб исрофгарчилик қилманг.
27.Чунки исрофгарлар, шубҳасиз, шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Роббисига ўта ношукр бўлган эди.
28.Эй Расулим, агар ўзингиз муҳтож бўлган ҳолда Роббингиздан ёрдам ёки марҳамат умид қилаётганингиз учун улардан вақтинчалик юз ўгириб турган бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг.
29.Бахиллик қилиб қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. Исрофгарчилик қилиш билан уни бутунлай очиб ҳам юборманг. Акс ҳолда, бундай феълдан маломат ва ҳасрат ичида ўтириб қоласиз.
30.Албатта, Роббингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб қўяди ва хоҳлаганини тор қилиб қўяди. Албатта, У бандаларининг барча ишларидан хабардор бўлган – Хобир ва қилаётган ишларини кўриб турувчи – Басир Зотдир.
31.Эй инсонлар, болаларингизни камбағалликдан қўрқиб ўлдирманглар. Уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берамиз. Уларни ўлдириш, албатта, катта хатодир.
32.Зинога яқинлашманг, албатта, у бузуқлик ва ёмон йўлдир.
33.Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ўлдирманг, бу фақат ҳақ шаръий сабаб туфайли мумкин. Кимки зулм қилиниб ноҳақ ўлдирилса, Биз унинг эгаси учун қасос олишга ҳақ бердик. Лекин у қотилни ўлдиришда ҳаддан ошмасин. Зеро, у ёрдам берилувчи шахсдир.
34.Токи етуклик чоғига етмагунча, етимнинг молига яқинлашманг. Лекин у яхшилик нияти билан чиройли тарзда бўлса, етимнинг молидан фойдаланиб туриш мумкин. Аҳдга вафо қилинглар, чунки аҳд қиёмат куни сўраладиган ишдир.
35.Савдо-сотиқда ўлчаган пайтингизда ўлчовни тўлиқ қилинглар ва тўғри тарозида тортинглар. Мана шундай қилишингиз яхши ва энг гўзал ечимдир.
36.Эй инсон, у ҳақида аниқ билимга эга бўлмаган нарсаларга эргашма. Чунки қулоқ, кўз, кўнгил – буларнинг барчаси у қилинган ишлар тўғрисида жавобгардир.
37.Эй инсон, Ер юзида кибрланиб юрма. Чунки сен куч қувватинг билан асло ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ҳам ета олмайсан.
38.Буларнинг барчасининг ёмонлари Роббингиз наздида ёқтирилмаган ишлардир.
39.Эй Расулим, бу оятлар Роббингизнинг сизга ваҳий қилган ҳикматларидан бир қисмидир. Аллоҳга бошқа бир сохта илоҳни шерик қилманг. Акс ҳолда, маломатланган ва Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлган ҳолда жаҳаннамга ташланасиз.
40.Эй мушриклар, нима Роббингиз ўғилларни сизларга хос қилиб бериб, фаришталарни эса Ўзига қиз қилиб олдими? Албатта, сизлар оғир гапни айтмоқдасиз.
41.Дарҳақиқат, ушбу Қуръонда одамларга эслатма олишлари учун турли масал ва ҳикматларни баён қилдик. Лекин бу эслатмалар уларни янада ҳақдан йироқлаштирмоқда.
42.Эй Муҳаммад, уларга: “Агарда мушриклар айтганларидек У билан бирга бошқа илоҳлар ҳам бўлганида эди, у ҳолда улар Аршга эга бўлишга йўл излаган бўлар эдилар”, – деб айтинг.
43.Мушриклар айтаётган нарсалардан У пок ва ниҳоят даражада юксакдир.
44.Етти қават осмон ва Ер ҳамда улардаги бор жонзот Унга тасбеҳ айтади. Борлиқда Унинг ҳамди билан поклаб тасбеҳ айтмаган бир нарса йўқ. Лекин сиз уларнинг тасбеҳларини фаҳмламайсиз. Албатта, У бандаларига марҳаматли бўлган – Ҳалим ва гуноҳларни кечирувчи – Ғофур Зотдир.
45.Эй Муҳаммад, қачонки Қуръонни қироат қилганингизда, сиз ва охиратга ишонмайдиганларнинг ўртасига кўринмас маънавий парда тортиб қўямиз.
46.Шунингдек, Қуръонни англай олмасинлар, – деб уларнинг қалбларига тўсиқлар ва эшитмасликлари учун қулоқларига оғирлик қилиб қўямиз. Сиз қачон Қуръонда ёлғиз Роббингизни зикр қилсангиз, мушриклар орқаларига бурилиб, қочиб кетадилар.
47.Биз улар сизнинг қироатингизга қулоқ тутаётган пайтларида унга нима сабабдан қулоқ тутаётганларини ва золимлар ўзаро пичирлашиб: “Чиндан ҳам сиз сеҳрланган ва ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз”, – деб айтаётганларини жуда яхши билувчимиз.
48.Эй Муҳаммад, улар сиз ҳақингизда қандайдир бўлмағур мисоллар келтирганларини кўринг. Бас, улар ҳақ йўлдан адашдилар, энди тўғри йўлни топа олмайдилар.
49.Кофирлар: “Чириган суяк ва титилган тупроқларга айланиб кетгач, чиндан ҳам янгитдан яратилиб, тириламизми?!” – дедилар.
50.Эй Муҳаммад, уларга: “Хоҳ тош бўлинг хоҳ темир бўлинг, барибир қайта тириласизлар”, – деб айтинг.
51.Ёки бўлмаса, қайта тирилиши имконсиз, – деб ўз кўнглингизча катта кўринадиган бирор махлуқ бўлинг, барибир Аллоҳ сизларни тирилтиради. Ҳали улар: “Бизларни ким яна ҳаётга қайтаради?” – деб сўрайдилар. Эй Расулим, уларга: “Сизларни илк бор яратган Зот”, – деб жавоб беринг. Улар яна сизга бошларини чайқаб: “У кун қачон бўлади?” – дейдилар. Уларга: “Шояд, у кун яқинда бўлса”, – деб айтинг.
52.Аллоҳ сизларни маҳшарга чақирадиган кунда Унга ҳамд айтиш билан жавоб берасизлар ва дунёда жуда оз муддат қолганингизни ўйлаб қоласизлар.
53.Эй Расулим, бандаларимга айтингки, улар ўзаро суҳбатларда доимо энг чиройли сўзлардан сўзласинлар. Чунки шайтон уларнинг ораларини бузиб туради. Дарҳақиқат, шайтон инсонга аниқ душмандир.
54.Эй инсонлар, Роббингиз сизларни жуда яхши билувчидир. Хоҳласа, сизларга раҳм қилади, хоҳласа, сизларга азоб беради. Эй Муҳаммад, Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборган эмасмиз.
55.Роббингиз осмонлар ва Ердаги бор жонзотни яхши билувчидир. Ҳақиқатан, Биз баъзи пайғамбарларни баъзиларидан афзал қилдик ва Довудга Забур китобини бердик.
56.Эй Муҳаммад, мушриклардан: “Ундан ўзгани илоҳ деб ўйлаган маъбудаларингизга илтижо қилиб кўрингларчи, улар сизлардан бирор зарарни кетказа олармикинлар ёки уни бошқа томонга буриб юбора олармикинлар?!” – деб сўранг.
57.Аслида, улар худо деб илтижо қилаётган кимсаларнинг ўзлари ҳам қай бирлари Роббиларининг ризосига яқинроқ экан, – деб йўл излайдилар. Унинг раҳматидан умид қиладилар, азобидан эса қўрқадилар. Дарҳақиқат, Роббингизнинг азоби қўрқинчлидир.
58.Ер юзидаги бирор қишлоқ ёки шаҳар аҳли йўқки, Биз уларни қиёмат куни келишидан олдин ҳалок этувчи бўлмасак ёки уларни қаттиқ азоб билан азобловчи бўлмасак. Буларнинг тақдири китобда битилгандир.
59.Кофир ва мушриклар сўраган мўъжизаларни юборишимиздан Бизни фақат аввалги умматлар у мўъжизаларни ёлғонга чиқарганлари учун ман қилди. Самуд қабиласига очиқ мўъжиза сифатида туяни келтирганимизда унга зулм қилдилар. Биз мўъжизаларни фақат одамларни ҳалокатдан қўрқитиш учун юборамиз.
60.Эй Муҳаммад, сизга: “Роббингиз барча одамларни қамраб олган”, – деб айтганимизни эсланг. Биз сизга кўрсатган тушни ва Қуръонда лаънатланган заққум номли дарахтни одамлар учун фақат синов қилдик. Биз мушрикларни шу каби хабарлар билан қўрқитамиз, лекин бу уларнинг туғёнларини янада кўп орттиради.
61.Вақтики, Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”, – дедик. Кейин барчалари сажда қилдилар. Фақат иблис кибрланиб сажда қилмади ва: “Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?” – деди.
62.Иблис яна: “Мендан устун қилган шу кимсанинг ҳолига қарамайсанми? Қасам бўлсинки, агар мени қиёмат кунигача тирик қолдирсанг, албатта, мен унинг зурриётини ўзимга тортиб кетаман. Улардан фақат озгиналари ҳақ йўлда қоладилар”, – деди.
63.Аллоҳ унга: “Боравер, сенга қиёматгача умр бердим. Бас, улардан кимки сенга эргашса, у ҳолда, шубҳасиз, жаҳаннам тўлиқ жазонгиз бўлади”, – деди.
64.Аллоҳ иблисга: “Улардан кучинг етган кимсани васваса овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда лашкарингни торт, бойликлари ва фарзандларида уларга шерик бўлиб ҳаромдан орттиришга унда, уларга истаганингча ёлғон ваъдалар бер”, – деди. Малъун шайтон уларга фақат ёлғон нарсаларни ваъда қилади.
65.Менинг солиҳ бандаларим устидан эса сен учун ҳеч қандай ҳукмронлик йўқдир. Роббинг Ўзи вакилликка кифоядир.
66.Эй инсонлар, Роббингиз Ўз фазлидан ризқ излашларингиз учун сизларга денгизда кемаларни юргизиб қўйган Зотдир. Албатта, У сизларга меҳрибондир.
67.Денгизда сизларга бирор мусибат етса, илтижо қиладиган маъбудаларингиз йўқ бўлиб қолади, фақат Унинг Ўзи қолади. Сизларга нажот бериб, яна қуруқликка омон чиқариб қўйгач эса Ундан юз ўгирасиз. Ҳақиқатан, инсон ношукрдир.
68.Ёки сизларни қуруқликнинг бир томонига ер юттириб юбориш ёхуд устингиздан тош ёғдириш хавфидан хотиржаммисизлар?! Аллоҳ шундай бало юборадики, ўзингизга ҳимоячи тополмайсиз.
69.Ёки Аллоҳ сизларни яна бир марта денгизга қайтариб, устингизга қаттиқ шамол юборишидан ҳамда куфр келтирганингиз учун ғарқ қилиб юбориш хавфидан хотиржаммисизлар?! Шундай офат келадики, Бизга қарши ундан ўч олиб берувчи бирортани топа олмайсизлар.
70.Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда улов ва кемаларга миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп махлуқотлардан афзал қилиб қўйдик.
71.Биз қиёмат кунида барча одамларни ўз раҳнамолари билан чақирамиз. Бас, кимгаки номаи аъмоли бўлган китоби ўнг қўлидан берилса, айнан ўшалар ўзларига заррача зулм қилинмаган ҳолда севиниб китобларини ўқийдилар.
72.Кимки, бу ердаги дунёда ҳақиқатни билмай кўр бўлган бўлса, бас, у охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озувчидир.
73.Эй Расулим, мушриклар сизга Бизнинг шаънимизга ваҳийдан бошқа нарсани тўқиб чиқаришингиз учун алдаб, буриб юборишларига оз қолди. Агар уларнинг хоҳишларига юрсангиз, у ҳолда сизни дўст қилиб олар эдилар.
74.Агар Биз сизни ҳақ йўлда собитқадам қилмаганимизда, сиз уларга бироз мойил бўлишингизга оз қолган эди.
75.Шундай бўлган тақдирда, албатта, Биз сизга дунё азобини ҳам, охират азобини ҳам икки ҳисса қилиб тоттирган бўлар эдик. Сўнгра Биз томондан ўзингизга бирор ёрдамчи топа олмас эдингиз.
76.Улар сизни турли ҳийлалар билан Маккадаги ердан чиқариб юбориш учун қўзғатиб юборишларига оз қолди. У ҳолда, ўзлари ҳам сиздан кейин озгина муддат тура олар эдилар, холос, сўнгра, албатта, ҳалокатга учрардилар.
77.Пайғамбарларини қувиб чиқарган қавмнинг ҳалок қилиниши сиздан олдин юборган элчиларимиздан қолган йўлдир. Бизнинг қонунимизда ўзгариш кўрмайсиз.
78.Қуёш оғишидан то тун қоронғисигача намозни мукаммал қоим қилинг ва тонгги ўқишни ҳам адо қилинг. Зеро, тонгги ўқиш фаришталар ҳозир бўладиган намоздир.
79.Туннинг бир қисмида уйғониб таҳажжудга туринг. Бу сизга хос бўлган нафл ибодатидир. Шоядки, Роббингиз сизни қиёмат кунида шафоат қиладиган мақтовли мақомда тирилтирса.
80.Яна дуо қилиб: “Эй Роббим, мени қабрдаги кирадиган жойимга гуноҳларим кечирилган ҳолда содиқлик билан киритгин ва қайта чиқадиган жойимдан ҳам содиқлик билан чиқаргин. Менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато қил”, – деб айт.
81.Эй Расулим: “Ҳақ бўлган Ислом дини келди ва ботил бўлган куфр йўқ бўлиб кетди. Чунки ботил йўқ бўлувчи нарсадир”, – деб айтинг.
82.Биз Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат манбаи бўлган оятларни нозил қиламиз. Лекин бу оятлар золимларга фақат зиённи орттиради.
83.Агар Биз инсонга неъматларимизни ато қилсак, у шукр қилишдан юз ўгириб, четга бурилиб кетади. Қачон унга бирор ёмонлик етса, дарров ноумид бўлиб қолади.
84.Эй Расулим, уларга: “Ҳар ким ўз ҳолига кўра амал қилади. Роббингиз эса ким энг тўғри йўлда эканини яхши билувчидир”, – деб айтинг.
85.Эй Муҳаммад, сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Уларга: “Руҳ фақатгина Роббимнинг ишидандир. Сизларга эса у ҳақида оз илм берилгандир”, – деб айтинг.
86.Қасам бўлсинки, агар хоҳласак, албатта, сизга ваҳий қилганларимизни кетказамиз, сўнгра ўзингизга уни қайтариб олиш учун Бизга қарши бирор вакил топа олмассиз.
87.Фақат Роббингизнинг марҳамати билангина у қалбингизда боқийдир. Ҳақиқатан, сизга Унинг фазли каттадир.
88.Эй Расулим, уларга: “Қасам бўлсинки, агар инсоният ва жинлар олами ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, агарда бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар ҳам унинг ўхшашини келтира олмайдилар”, – деб айтинг.
89.Шубҳасиз, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун ибратли бўлган ҳар бир масалдан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўпчилиги фақат инкорни танладилар.
90.Ҳақни инкор қилувчилар: “Токи бизлар учун мана шу ердан бир булоқ чиқариб бермагунингча, асло сенга иймон келтирмаймиз”, – дедилар.
91.Ёки сенинг хурмозор, узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ёриб анҳорлар чиқармагунингча ҳам, ишонмаймиз.
92.Ёки бўлмаса ўзинг даъво қилганингдек, устимизга осмонни парча-парча қилиб туширмагунингча, ёхуд Аллоҳни ва фаришталарни олдимизга келтириб қўймагунингча сенга иймон келтирмаймиз.
93.Ёхуд сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунча ёки кўз ўнгимизда осмонга кўтарилиб кетмагунингча, ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз. Бизларга ўқийдиган бирон китоб туширмас экансан, ҳатто, бу осмонга кўтарилишингга ҳам асло ишонмаймиз. Эй Расулим, уларга: “Ё пок Парвардигорим, мен фақат пайғамбар бўлган бир одам эдим-ку!” – деб айтинг.
94.Одамларга ҳидоят келган пайтда иймон келтиришидан тўсган нарса – бу уларнинг: “Аллоҳ фаришталарни эмас, балки одамзотни пайғамбар қилиб юборибдими?!” – дейишлари эди.
95.Эй Муҳаммад, уларга: “Агар Ерда одамлар эмас фаришталар маскан тутиб бемалол юрганларида эди, албатта, уларга осмондан пайғамбар қилиб фариштани туширган бўлар эдик”, – деб айтинг.
96.Яна уларга: “Мен билан сизларнинг ўртамизда Аллоҳнинг ўзи етарли гувоҳдир. Албатта, У барча ишлардан хабардор бўлган – Хобир ва бўлаётган ишларни кўриб турувчи – Басир Зотдир.
97.Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топувчидир. Кимни йўлдан адаштирса, бас, улар учун Ундан ўзга дўстларни топа олмайсиз. Уларни қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов ва кар қилиб тирилтирамиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Агар қачон унинг олови сўнадиган бўлса, яна уларга ловуллаган оловни кўпайтираверамиз.
98.Бу кўргиликлар Бизнинг оятларимизга куфр келтирганлар ҳамда: “Чириган суяк ва титилган тупроққа айланган вақтимизда, янгитдан яралиб, қайта тирилувчимизми?!” – деганларнинг жазосидир.
99.Ахир, улар осмонлар ва Ерни яратган Аллоҳ уларнинг мислини ҳам яратишга қодир эканини кўра билмайдиларми?! Аллоҳ улар учун, шубҳа бўлмаган бир муддатни белгилаб қўйган. Бас, лекин золимлар куфрдан бошқасини танламадилар.
100.Эй Муҳаммад, мушрикларга: “Агар сизлар Роббимнинг раҳмат хазиналарига эга бўлсангизлар, ўшанда ҳам бахиллик билан ишлатишдан қўрқиб, қаттиқ ушлаб қолардингиз. Чунки инсон зоти шундай хасис бўлади”, – деб айтинг.
101.Биз Мусо пайғамбарга тўққиз хил аниқ мўъжизаларни бердик. Кейин Мусо фиръавн олдига келган пайтида, унга: “Бани Исроил авлодларини ўз юртлари бўлган Шом диёрига қўйиб юборишини ундан сўрагин”, – деб амр қилдик. Шунда фиръавн унга: “Эй Мусо, ҳақиқатан, мен сени сеҳрланган, деб ўйламоқдаман”, – деди.
102.Мусо унга: “Эй фиръавн, сен мана бу мўъжизаларни фақат осмонлар ва Ернинг Роббиси далиллар қилиб туширганини аниқ биласан. Эй фиръавн, албатта, мен сени ҳалок қилинувчи, деб ўйлайман”, – деди.
103.Шунда, фиръавн Мусо ва унинг қавмини у ердан қўзғатиб, ҳайдаб чиқармоқчи бўлганида, Биз уни ва у билан бирга бўлганларнинг барчасини денгизда ғарқ қилдик.
104.Ундан кейин бани Исроил авлодларига: “Ҳозирча мана шу ерни маскан тутинглар. Энди қачонки ваъда қилинган охират келганида, сизларнинг барчангизни бир орага тўплаб келтирамиз”, – дедик.
105.Биз бу Қуръонни ҳақ ҳикмат билан нозил қилдик ва у ҳақ билан нозил бўлди. Эй Муҳаммад, Биз сизни мўминларга фақатгина хушхабар берувчи ва кофирларни жаҳаннам азобидан огоҳлантирувчи қилиб юбордик.
106.Биз Қуръонни одамларга аста-секинлик билан ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга ажратдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик.
107.Эй Расулим, мушрикларга: “Хоҳ унга ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳеч фарқи йўқ. Зотан, ундан олдин Тавротдан илм берилган кишилар Қуръон тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида ияк юзлари билан ерга йиқиладилар”, – деб айтинг.
108.Шунингдек, улар: “Роббимизга тасбеҳ айтамизки, албатта, Роббимизнинг ваъдаси, ҳақиқатан, амалга ошибди”, – дейдилар.
109.Илм берилган кимсалар йиғлаган ҳолларида, ияк юзлари билан саждага йиқиладилар ва Қуръон уларга хокисорликни зиёда қилади.
110.Эй Муҳаммад: “Истасангиз, Аллоҳ деб дуо қилинглар ёки Раҳмон деб дуо қилинглар. Қандай дуо қилсангиз ҳам жоиздир. Зеро, барча гўзал исмлар Унга хосдир”, – деб айтинг. Эй Муҳаммад, намозингизни жуда баланд овозда жаҳрий қилиб юборманг, токи мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар ва уни ўта паст овозда махфий қилиб ҳам юборманг, токи саҳобаларингиз тинглаб, фойдалансинлар. Шу жаҳрийлик ва махфийлик ўртасида бир йўл тутинг.
111.Эй Расулим: “У фарзанд тутмаган, Унинг мулкида шериги бўлмаган ва хорликдан қутқарувчи дўстга зор бўлмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, – деб айтинг. Ҳамда Унга такбир айтиб улуғланг.

