1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Shuro сураси

Makkaда нозил бўлган.

25-жуз,42-сура,53 оятдан иборат

1.Ҳо, Мим.

2.Айн, Син, Қоф.

3.Эй Муҳаммад, иззатли ва ҳикматли Аллоҳ сизга ва сиздан олдинги пайғамбарларга шундай ваҳий қилади.

4.Осмонлар ва Ердаги барча нарсалар Уникидир. У олий ва буюкдир.

5.Мушрикларнинг келтираётган ширкидан устиларидаги осмонлар ёрилиб кетай дейди. Фаришталар эса, Роббиларининг ҳамди билан тасбеҳ айтадилар ва ер юзидагилар учун Аллоҳдан мағфират сўрайдилар. Огоҳ бўлингларки, албатта, Аллоҳнинг Ўзи гуноҳларни мағфират қилувчи Ғофур ва бандаларига марҳаматли бўлган Раҳим Зотдир.

6.Ундан ўзгани дўст тутиб олган кимсаларнинг устидан Аллоҳ кузатиб турувчидир. Эй Муҳаммад, сиз уларга вакил эмассиз.

7.Ана шундай қилиб, шаҳарлар онаси бўлган Макка ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун ва у ҳақида ҳеч қандай шубҳа бўлмаган тўпланиш кунидан ҳам огоҳлантиришингиз учун сизга арабий Қуръонни ваҳий қилдик. У кунда бир гуруҳ жаннатда, бир гуруҳ эса дўзахдадир.

8.Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта, инсонларни бир миллат қилган бўлар эди. Лекин У Ўзи хоҳлаган кишиларни Ўз раҳмати бўлган жаннатга киритади. Золимлар учун эса, бирор дўст ва ёрдам берувчи ҳам йўқдир.

9.Ёки улар Аллоҳдан ўзгаларни дўст тутиб олдиларми? Ҳақиқий дўст У Аллоҳдир. У ўликларни тирилтиради ва У барча нарсага қодирдир.

10.Эй Муҳаммад уларга: “Сизлар ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми Аллоҳдадир. Мана шу Аллоҳ менинг Роббимдир. Унга таваккул қилдим ва Унга тавба қиламан”, деб айтинг.

11.Аллоҳ осмонлар ва Ернинг илк яратувчисидир. У сизлар учун ўзларингиздан бўлган жуфтларни яратди ва чорва ҳайвонларидан ҳам жуфт-жуфт қилиб яратди. У сизларни ўша жуфтлик асосида кўпайтиради. У Зотга ўхшаш бирор нарса йўқдир. У ҳамма нарсани эшитиб турувчи Самиъ ва бўлаётган ишларни кўриб турувчи – Басир Зотдир.

12.Осмонлар ва Ер хазиналарининг калитлари Уникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилади ва хоҳлаганини тор қилади. Дарҳақиқат, У барча нарсани билувчидир.

13.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ сизлар учун дин қилиб Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сиз Муҳаммадга ваҳий қилган нарсани, шунингдек, Биз Иброҳим, Мусо ва Исо пайғамбарларга буюрган нарсани шариат қилди ва: “Динни барпо қилинглар ва унда фирқаларга ажралманглар”, – деди. Эй Муҳаммад, мушрикларга сиз унга даъват қилаётган нарса оғирлик қилди. Аллоҳ динга Ўзи хоҳлаган кишиларни танлаб олади ва Ўзига тавба қилувчи кишиларни ҳидоят қилади.

14.Аввалги ўтган қавмлар ўзларига ажралмаслик ҳақида билим келганидан сўнг ўзаро ҳасад қилишиб, фирқаларга бўлиниб кетганлар. Агар Роббингиз томонидан азоблашни маълум муддатгача кечиктириш ҳақида сўз ўтмаганида, улар орасида албатта ҳукм чиқарилган бўлар эди. Аниқки, улардан кейин Таврот ва Инжил китобларига ворис қилинган яҳудий ва насроний кимсалар ундан шубҳададирлар.

15.Бас, эй Муҳаммад шунинг учун ҳам сиз ўзингизга буюрилганидек даъват қилинг ва тўғри йўлда бўлинг ҳамда уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг. Уларга: “Мен Аллоҳ нозил қилган китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда адолатли бўлишга буюрилдим. Аллоҳ бизнинг ҳам Роббимиз, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бизнинг амалларимиз ўзимизга, сизларнинг амалларингиз эса ўзингизгадир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда жанжалга ўрин йўқдир. Аллоҳ қиёматда барчамизни бир орага жамлайди ва қайтиб бориш фақат Унинг Ўзигадир”, деб – айтинг.

16.Аллоҳнинг дини ҳақида уни қабул қилинганидан сўнг одамларни адаштириш учун талашадиган кишиларнинг ҳужжатлари Роббилари наздида ботилдир. Уларга бу дунёда ғазаб, охиратда эса шиддатли азоб бордир.

17.Аллоҳ ҳақ билан китобни ва адолат тарозисини туширган Зотдир. Қаердан биласиз, эҳтимол, қиёмат соати яқиндир.

18.Қиёматга иймон келтирмайдиган кимсалар уни тезроқ келишини истайдилар. Иймон келтирган кимсалар эса ундан қўрқувчидирлар. Улар унинг ҳақ эканлигини биладилар. Огоҳ бўлингларки, қиёмат хусусида тортишадиган кимсалар ҳақ йўлдан узоқ залолатдадирлар!

19.Аллоҳ бандаларига меҳрибондир. У Ўзи хоҳлаган кишиларга кенг ризқ беради. У барча нарсага кучи етувчи – Қовий ва иззати улуғ бўлган Азиз Зотдир.

20.Ким ўз амали билан охират ҳосилини истаса, унга ҳосилини зиёда қилиб берамиз. Кимки, фақат дунё ҳосилини хоҳласа, унга бу дунё насибасини берамиз. Бироқ унинг учун охиратда насиба бўлмайди.

21.Балки уларнинг диндан Аллоҳ рухсат бермаган нарсаларни уларга шариат қилиб берган шериклари бордир?! Агар қиёмат кунида яхши ва ёмон амаллар ажралиши хусусидаги сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида шу дунёдаёқ ҳукм қилинган бўлар эди. Золимлар учун шубҳасиз, аламли азоб бордир.

22.Қиёматда золимларни қилган ёмон ишларидан қўрқиб турган ҳолларида кўрасиз. Бу жазо барибир уларга тушувчидир. Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса жаннат боғларида бўлиб, улар учун Роббилари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шунинг ўзи катта фазлдир.

23.Аллоҳнинг иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган бандаларига берадиган хушхабари мана шудир. Эй Муҳаммад, уларга: “Мен сизлардан бу даъватим учун ҳақ сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги меҳринигина сўрайман”, деб айтинг. Кимки, бирор яхши амал қилса, унинг учун ўша амалида яхшиликни зиёда қиламиз. Албатта, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи Ғофур ва кўп савоб берувчи – Шакур Зотдир.

24.Ёки мушриклар: “Муҳаммад пайғамбарман деб, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиди”, – дейдиларми?! Ундоқ эмас, чунки агар сиз ёлғон тўқиган бўлсангиз Аллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўяр эди. Аллоҳ Ўз сўзлари билан ботил гапларни йўқ қилади ва ҳақни муқаррар қилади. Албатта, У кўнгиллардаги яширинган нарсаларни ҳам билувчи Зотдир.

25.У бандаларидан тавбани қабул қиладиган, ёмонликларни афв этадиган ва қилаётган ишларингизнинг барчасини биладиган Зотдир.

26.У иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларнинг дуоларини ижобат қилади ва уларга Ўз фазлидан зиёда қилади. Кофирлар учун эса шиддатли азоб бордир.

27.Агар Аллоҳ бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилиб юборса, албатта, улар ер юзида ҳаддан ошиб кетган бўлар эдилар. Лекин Аллоҳ ризқни хоҳлаганча ўлчов билан туширади. Албатта, У бандаларидан хабардор ва барчасини кўриб турувчидир.

28.У қурғоқчилик туфайли одамлар умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳматини кенг қилиб ёядиган Зотдир. У бандаларига дўст Валий ва мақтовга сазовор Ҳамид Зотдир.

29.Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда уларда турли жонзотларни таратиб қўйиши Унинг аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни йиғиб олишга кучи етувчидир.

30.Эй инсонлар, сизларга нимаики мусибат етса, бас, у ўз қўлларингиз қилган гуноҳ ишларингиз сабаблидир. Шунда ҳам Аллоҳ кўп гуноҳларни афв қилиб туради.

31.Сизлар ер юзида Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизлар учун Аллоҳдан бошқа бирор дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.

32.Денгиздаги тоғлардек сузиб юрувчи улкан кемалар ҳам Унинг аломатларидандир.

33.Агар Аллоҳ хоҳласа, шамолни тўхтатиб қўяди, бас, кемалар у денгизнинг устида туриб қоладилар. Албатта, бунда ҳар бир мусибатга сабр қилувчи ва Аллоҳнинг неъматларига шукр қилувчилар учун ибратлар бордир.

34.Ёки одамларнинг қилган гуноҳ ишлари сабабли у кемаларни ҳалок қилади шунда ҳам Аллоҳ кўп гуноҳларни афв қилиб туради.

35.Оятларимиз ҳақида тортишадиган кимсалар ўзлари учун Аллоҳнинг азобидан қочиб қутуладиган жой йўқ эканини билиб олсинлар!

36.Сизга берилган нарсалар ўткинчи дунё ҳаётининг матоҳи, холос. Иймон келтирган ва Роббиларига суянадиган кимсалар учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса дунё матоларидан яхшироқ ва боқийроқдир.

37.Улар катта гуноҳлардан ва фаҳш ишлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган кимсалардир.

38.Улар Роббиларининг ҳар бир амрига ижобат этган ва намозни тўлиқ адо этган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат билан бўлади ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан муҳтожларга эҳсон қиладилар.

39.Улар ўзларига тажовуз қилинганда унга қарши курашиб, ғолиб бўладиган зотлардир.

40.Ҳар қандай ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдек бўлади. Бас, кимки интиқом олишга кучи етса ҳам афв қилиб ўртани тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золимларни севмайди.

41.Албатта, кимки мазлум бўлганидан сўнг ўзига зулм қилган кимсадан устун келиб ўч олса бас, уларни айблашга йўл йўқдир.

42.Фақат одамларга зулм қиладиган ва ер юзида ноҳақлик билан тажовузкорлик қиладиган кимсаларни айблаб жазолашгагина йўл бордир. Ана ўшалар учун аламли азоб бордир.

43.Албатта, кимки берилган азиятларга сабр қилса ва Аллоҳ учун кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир.

44.Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унга ўшандан кейин бирор йўл кўрсатувчи дўст бўлмайди. Ундай золимларнинг қиёмат куни азобни кўрган вақтларида: “Яна бир бор дунёга қайтишга йўл бормикан?” – деб айтаётганларини кўрасиз.

45.Уларнинг хорликдан бошлари эгилган ва дўзахга кўз қирлари билан қараган ҳолларида унга кўндаланг қилинаётганларини кўрасиз. Иймон келтирган зотлар: “Албатта, ҳақиқий зиён кўрувчилар қиёмат кунида ўзларига, аҳли оилаларига зиён қилган кимсалардир”, – дейдилар. Огоҳ бўлингларки, золимлар доимий азобдадирлар.

46.Қиёматда уларга Аллоҳдан бошқа ёрдам берадиган ҳеч қандай дўстлар бўлмайди. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирор тўғри йўл йўқдир.

47.Эй инсонлар, Аллоҳ томонидан ҳеч ортга қайтариб бўлмайдиган бир кун келиб қолишидан олдин Роббингизнинг амрларига ижобат итоат қилинглар. У кунда сизлар учун паноҳ бўлмайди. Сизлар учун қилиб ўтган ишларингизни инкор қилиш имкони ҳам бўлмайди.

48.Эй Муҳаммад, агар мушриклар шунда ҳам иймон келтиришдан юз ўгирсалар, бас, Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юбормаганмиз. Сизнинг зиммангизда фақат ваҳийни етказиш бор, холос. Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўз томонимиздан раҳмат қилиб неъмат тоттирган вақтимизда бу билан хурсанд бўлади, аммо агар уларга ўз қўллари билан қилган гуноҳлари сабабли бирор ёмонлик етса, бас, албатта, инсон ношукрлик қилади.

49.Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳникидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. У Ўзи хоҳлаган кишига қиз фарзандларни ато қилади ва хоҳлаган кишига ўғилларни беради.

50.Ёки уларга ўғил ва қизларни жуфтлаб беради. Шунингдек, Ўзи хоҳлаган кишини туғмас қилиб қўяди. Албатта, У барча нарсани билувчи – Аълим ва ўзи хоҳлаган нарсани қилувчи Қодир Зотдир.

51.Аллоҳ инсонга бевосита сўзлаши мумкин эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки фаришталарни элчи қилиб юбориб гапиради. Ўз изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилади. Албатта, У шаъни улуғ – Алий ва ҳикмат эгаси бўлган Ҳаким Зотдир.

52.Эй Муҳаммад, шундай қилиб, худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек амримиз билан сизга Руҳни ваҳий қилдик. Сиз бундан олдин китобни ҳам иймон моҳиятини ҳам билмас эдингиз. Лекин Биз бу Қуръонни бир нур қилдик ва у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қиламиз. Албатта, сиз ваҳий ёрдамида одамларни тўғри йўлга бошлайсиз.

53.Бу йўл осмонлардаги ва Ер юзидаги барча нарса Уники бўлган Аллоҳнинг йўлидир. Огоҳ бўлингларки, барча ишлар албатта, Аллоҳга қайтади.