1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Toho сураси

Makkaда нозил бўлган.

16-жуз,20-сура,135 оятдан иборат

1.То, Ҳо.

2.Эй Муҳаммад, Биз сизга ушбу Қуръонни қийналиб машаққат чекишингиз учун нозил қилмаганмиз.

3.Аксинча, уни Аллоҳдан қўрқадиган кишилар учун эслатма қилиб нозил қилганмиз.

4.Қуръон Ерни ва юксак осмонларни яратган Зот томонидан нозил қилингандир.

5.У Зот Ўз Аршини эгаллаган Раҳмондир.

6.Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда тупроқ остидаги барча нарсалар Унинг мулкидир.

7.Агар сиз сўзни ошкора қилсангиз ҳам ёки пинҳона гапирсангиз ҳам, У Зотга бари бирдир. Бас, албатта, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билади.

8.Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир фақат ёлғиз Унинг Ўзи бордир. Энг гўзал исмлар Уникидир.

9.Эй Муҳаммад, сизга Мусо ҳақидаги хабар келдими?

10.Ўшанда у узоқдан бир оловни кўриб оиласига: “Шу ерда кутиб туринглар, мен бир оловни кўриб қолдим, балки сизларга ундан бир чўғ олиб келарман ёки шу ўт атрофида бирор йўл кўрсатувчи топарман”, – деди.

11.Вақтики, у олов яқинига келгач: “Эй Мусо!” – деб нидо қилинди.

12.Эй Мусо, албатта, Мен сенинг Роббингман. Бас, кавушларингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан.

13.Мен сени пайғамбарлик учун танладим. Бас, ўзингга юборилаётган ваҳийга қулоқ сол!

14.Ҳақиқатан, Мен Аллоҳман! Мендан ўзга илоҳ йўқ! Бас, Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!

15.Албатта, қиёмат соати келувчидир. Лекин ҳар бир жон қилган ҳаракатига яраша жазо олиши учун уни махфий тутаман.

16.Бас, қиёматга ишонмайдиган ва ҳавойи нафсига эргашган кимсалар асло сени ундан тўсмасинларки, у ҳолда ҳалок бўласан.

17.Эй Мусо, ана у қўлингдаги нима?!

18.Мусо: “У ҳассам, унга суянаман ва у билан қўйларимга дарахтдан барг қоқиб бераман. Шунингдек, унда бошқа ҳожатларим ҳам бор”, – деди.

19.Аллоҳ Мусога: “Эй Мусо, уни ерга ташла”, – деди.

20.Бас, Мусо уни ташлаган эди, бирданига у ҳаракатланаётган илон бўлиб қолди.

21.Аллоҳ унга: “Уни қайтиб ол, қўрқма. Биз уни аввалги ҳолига қайтарамиз”, – деди.

22.Қўлингни қўлтиғингга тиқ, қорамтир бўлган қўлинг ҳеч қандай ёмонликсиз оппоқ ҳолда бўлиб чиқади. Бу эса яна бир бошқа мўъжизадир.

23.Биз сенга катта мўъжизаларимиздан бирини кўрсатиш учун шундай қилдик.

24.Энди, сен фиръавннинг олдига бор. Ҳақиқатан, у “худоман” деб ҳаддан ошди.

25.Мусо: “Эй Роббим, кўксимни кенг қил”, – деди.

26.Ҳамда ишимни осон қилгин.

27.Дудуқлигим сабабли тилимдаги тугунни ечиб юбор.

28.Қавмим гапимни яхши тушунсинлар.

29.Менга ўз аҳлимдан вазир қилгин.

30.У вазир биродарим Ҳорун бўлсин.

31.У биродарим билан белимни қувватли қилгин.

32.Ҳамда уни пайғамбарлик ишимда шерик қилгин.

33.Токи, Сенга кўпроқ тасбеҳ айтайлик.

34.Ҳамда Сени кўп зикр қилайлик.

35.Шубҳасиз, Сен бизни кўриб турувчи Зотсан.

36.Аллоҳ Мусога: “Эй Мусо, сўраган нарсанг сенга берилди”, – деди.

37.Дарҳақиқат Биз сенга гўдаклик чоғингда ҳам бир марта инъом этган эдик.

38.Ўшанда сен бешикда эканингда онангга шундай ваҳий юборган эдик:

39.Уни сандиққа солиб, дарёга ташлагин. Бас, уни дарё тўлқини соҳилга отсин. Шунда уни Менинг ҳам, унинг ҳам душмани фиръавн ушлаб олади”. Эй Мусо, сен барчага суюкли бўлишинг ва Менинг кўз ўнгимда ўсишинг учун сенга ўз томонимдан муҳаббат ташладим.

40.Ўшанда опанг сени дарёдан ушлаб олган одамлар ортидан юриб: “Сизларни бу болага кафил бўлиб эмизадиган аёл олдига бошлаб борайми?” – деганларини эсла! Сўнг Биз сени кўзлари қувонсин, ғамгин бўлмасин, – деб онангга қайтарган эдик. Йигитлик чоғингда бир жонни ўлдириб қўйганингда, Биз сени бу дарддан ҳам қутқарган эдик. Кейин Биз сени кўп синовлар билан синаб кўрдик. Мадян аҳли орасида ҳам анча йиллар қолдинг, сўнгра эй Мусо, пайғамбарлик учун белгилаб қўйилган тақдирга кўра бу ерга келдинг.

41.Сени ўзимга пайғамбарлик учун танлаб олдим.

42.Эй Мусо, энди сен ва биродаринг Ҳорун Менинг оятларим билан одамларга боринглар ва Мени зикр қилишда сустлик қилманглар!

43.Иккингиз фиръавнинг олдига боринглар, чунки у “худоман", деб ҳаддидан ошди.

44.Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд, у эслатма олар ёки ҳалок бўлишидан қўрқар.

45.Мусо ва Ҳорун: “Эй Роббимиз, дарҳақиқат биз агар уни иймон келтиришга даъват қилсак бизга шошқалоқлик билан азобга дучор қилишидан ёки баттар туғёнга кетишидан қўрқамиз”, – дедилар.

46.Аллоҳ уларга: “Қўрқманглар, албатта, Мен сизлар билан биргаман, барчасини эшитиб тураман ва кўраман”, – деди.

47.Бас, сизлар унинг олдига бориб: “Биз Роббингнинг элчиларимиз. Бани Исроил авлодини биз билан бирга ватанларига қўйиб юборгин, уларни азоблама. Биз сенга Роббинг томонидан мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин”, – деб айтинглар.

48.Унга: “Аллоҳнинг пайғамбарларини ёлғончига чиқарган ва иймон келтиришдан юз ўгирган кимсаларга, албатта, азоб бор деб, бизга ваҳий қилинди”, – деб айтинглар.

49.Улар фиръавннинг ёнига бориб даъват қилишди, шунда у: “Эй Мусо, сиз иккингизнинг Роббингиз ким?” – деди.

50.Мусо фиръавнга: “Бизнинг Роббимиз ҳар бир нарсага ўз яратилишини кўрсатиб берган сўнгра уни ҳидоятга солган Зотдир”, – деди.

51.Кейин фиръавн: “Унда аввалги авлодларнинг ҳоли нима бўлди?” – деди.

52.Мусо унга: “Уларнинг маълумоти Роббим ҳузуридаги китобда битилгандир. Роббим сира адашмайди ва унутмайди”, – деди.

53.У Зот Ерни сизлар учун бешик қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув ёғдирди. Бас, у сув билан турли набототлардан жуфтларини чиқардик.

54.Сизлар улардан енглар ва чорваларингни ўтлатинглар. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.

55.Биз сизларни ердан яратдик, унга қайтарамиз ва қиёмат кунида сизларни яна бир бор ундан чиқарамиз.

56.Дарҳақиқат, Биз у фиръавнга барча мўъжизаларимизни кўрсатдик. Бас, фиръавн уларни ёлғонга чиқарди ва юз ўгирди.

57.Фираъвн: “Эй Мусо, сен ўз сеҳринг билан бизларни еримиздан чиқариб юбориш учун келдингми”, – деди.

58.У ҳолда, биз ҳам сенга унга ўхшаш сеҳр келтирамиз. Бас, биз билан ўзинг орангда бир ваъдалашилган жой танлагин. Биз ҳам сен ҳам унга қарши чиқмайдиган мос бир жой бўлсин.

59.Мусо унга: “Ваъда қилинган вақтингиз одамлар чошгоҳда тўпланадилар зийнат байрами кунидир”, – деди.

60.Бас, фиръавн бориб, ўзининг сеҳргарлар билан макрини йиғди. Сўнгра ваъда қилинган жойга келди.

61.Мусо у сеҳргарларга: “Ҳолингизга вой бўлсин, сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиб мўъжизани сеҳр деманглар, у ҳолда Аллоҳ сизларни азоб билан ҳалок қилади. Ёлғон тўқиганлар ноумид бўлишлари муқаррардир”, – деди.

62.Бас, сеҳргарлар қиладиган ишларини талашиб-тортишиб, аста шивирлаша бошладилар.

63.Сўнг бир-бирларига: “Албатта, бу иккови ўз сеҳрлари билан сизларни ерингиздан чиқаришни ва барчага намуна бўлган йўлингизни йўқотишни хоҳлайдиган сеҳргарлардир”, – дедилар.

64.Энди, бор макр-ҳийлангизни йиғинг, кейин саф тортиб келинглар. Бугун устун бўлган кишилар зафар қучадилар.

65.Маслаҳатлари битгач, улар: “Эй Мусо, қўлингдаги асонгни сен олдин ташлайсанми ёки бизлар биринчи ташловчи бўлайликми?” – дедилар.

66.Мусо уларга: “Йўқ, сизлар олдин ташланглар”, – деди. Улар қўлларидаги нарсаларни ташлаган эдилар сеҳрлари сабабли бирдан арқонлари ва ҳассалари унга юриб кетаётгандек туюлди.

67.Бас, Мусо ичида бир қўрқувни ҳис қилди.

68.Биз унга: “Қўрқмагин, албатта, сен улардан устунсан”, – дедик.

69.Аллоҳ унга: “Қўлингдаги нарсани ташла, сеҳргарларнинг ясаган нарсаларини ютиб юборади. Уларнинг ясагани фақат бир сеҳргарнинг макридир. Сеҳргар эса, қаерга борса ҳам зафар топмайди”, – деди.

70.Мусо асосини ташлагач, аждарҳога айланиб, улар ясаган нарсаларини ютиб юборди. Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида ерга ташланиб: “Ҳорун ва Мусонинг Роббисига иймон келтирдик”, – дедилар.

71.Фиръавн сеҳргарларга: “Мен сизларга рухсат бермай туриб, унга иймон келтирдингизми?! Шубҳасиз, у сизларга сеҳр ўргатган каттангиздир. Бас, энди мен, албатта, қўл ва оёқларингизни қарама-қаршисига қилиб кесаман ва сизларни хурмо шохларига осаман, ўшанда менми ёки Мусонинг худосими қайсимиз азоблашда қаттиқроқ ва узоқроқ эканлигини билиб оласизлар”, – деди.

72.Сеҳргарлар: “Бизлар ўзимизга келган мўъжизалардан ва бизларни йўқдан бор қилган Зотдан асло сени устун қўймаймиз. Бас, бизга қарши нима ҳукм қилсанг, қилавер. Сен фақат шу дунё ҳаётида ҳукм қиласан, холос”, – дедилар.

73.Хатоларимизни ва бизларни унга мажбур қилган сеҳргарликдан гуноҳимизни кечириши учун биз Роббимизга иймон келтирдик. Аллоҳнинг савоби яхшироқ ва азоби боқийроқдир”, – дедилар.

74.Ҳақиқатан, кимда-ким Роббисининг ҳузурига гуноҳкор ҳолида келса, албатта, унинг учун жаҳаннам бордир, у жойда на ўлиб қутилади ва на яшаб роҳатда қолади.

75.Ким у Зотга ҳақиқатдан яхши амалларни қилиб, мўмин ҳолида келса, бас, ана улар учун олий даражалар бордир.

76.Уларга остидан анҳорлар оқадиган, у ерда доимий қоладиган Адн номли мангулик жаннатлари бўлади. Бу ширк ва куфрдан пок бўлган кишиларнинг мукофотидир.

77.Биз Мусога: “Бандаларим бани Исроил авлодини тунда олиб кет ва улар учун асонг билан уриб денгиздан қуруқ йўл оч. Ортингдан душманлар етиб келишидан хавф қилмаган ва ғарқ бўлишдан ҳам қўрқма”, – деб ваҳий юбордик.

78.Шундан кейин, фиръавн уларнинг ортидан ўз лашкарлари билан қувиб борди. Денгиз уларни ўраганча ўраб барчаларини денгизга ғарқ қилди.

79.Фиръавн ўз қавмини адаштирди ва тўғри йўлга бошламади.

80.Эй бани Исроил авлоди, Биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва Мусога Таврот нозил қилиш учун Тур тоғининг ўнг томонида сизлар билан ваъдалашдик ва сизларга ҳолва ва беданалар туширдик.

81.Пок ризқларимиздан енглар ва уларга шукр қилмаслик билан ҳаддан ошманглар, акс ҳолда устингизга ғазабим тушади. Кимнинг устига ғазабим тушса, албатта, у йиқилиб ҳалок бўлади.

82.Шубҳасиз, Мен тавба қилган ҳамда иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган, сўнгра тўғри юрган кишилар учун мағфират қилувчи – Ғаффор Зотман.

83.Эй Мусо, қавмингдан нега илдамлаб кетдинг?

84.Мусо: “Ана улар, изимдан келяптилар. Эй Роббим, мен эса Сен томон рози бўлишинг учун шошилдим”, – деди.

85.Аллоҳ унга: “Ҳақиқатан, Биз сенинг ортингдан қавмингни имтиҳон қилиб кўрдик. Сомирий номли киши уларни йўлдан оздирди”, – деди.

86.Кейин, Мусо ўз қавмига ғазабланган ва афсусланган ҳолда қайтиб келиб: “Эй қавмим, Роббингиз сизларга Таврот нозил қилиниши ҳақида чиройли ваъда қилмаганмиди?! Сизларга ўтган вақт узун кўриниб кетдими ёки устингизга Роббингиз томонидан ғазаб тушишини хоҳлаб, менга берган ваъдангизни буздингизми?!” – деди.

87.Шунда улар: “Бизлар сенга берган ваъдани ўз ихтиёримиз билан бузмадик. Лекин бизлар Мисрдан чиқиб келаётганимизда, қавмнинг зеб-зийнатларидан иборат нарсаларни кўтариб чиққан эдик. Кейин Сомирийнинг кўрсатмаси билан уларни оловга ташладик. Сўнгра Сомирий ҳам нарсаларини оловга ташлади”, – дедилар.

88.Кейин Сомирий уларни оловда эритиб, худди бўкираётган бузоқ каби ҳайкал ясаб чиқариб берди, сўнг Сомирий ва унинг шериклари: “Сизларнинг ҳам, Мусонинг ҳам илоҳи энди шудир. Бас, Мусо буни сизга айтишни унутди”, – дедилар.

89.Ахир, бу ҳайкал уларга ҳеч қандай сўз қайтара олмаслигини ҳамда зарар ҳам, фойда ҳам келтиришга кучи етмаслигини кўрмайдиларми?!

90.Ҳолбуки, Ҳорун бузоққа сиғинишларидан олдин уларга: “Эй қавмим, сизлар бу билан имтиҳон қилиндингиз. Роббингиз, шубҳасиз, ягона Раҳмондир. Бас, менга эргашинглар ва амримга итоат қилинглар!” – деган эди.

91.Улар: “Токи Мусо бизга қайтиб келмагунча унга берилиб сиғинишдан асло тўхтамаймиз”, – дедилар.

92.Мусо қайтиб келгач: “Эй Ҳорун, уларнинг адашганларини кўрганингда тўхтатиб қолишдан сени нима ман қилди?” – деди.

93.Ёки нега менинг орқамдан излаб бормадинг? Амримга итоатсизлик қилдингми?!.

94.Ҳорун Мусога: “Эй онамнинг ўғли, соч-соқолимдан тортмагин ва мени койима. Агар орқангдан борсам, сен: “Менинг гапимга кирмай, бани Исроил авлодини бўлиб юборибсан”, – деб айтишингдан қўрқдим.

95.Сўнгра Мусо Сомирийга юзланиб: “Эй Сомирий, бу нима қилганинг?!” – деди.

96.Сомирий Мусога: “Мен улар кўрмаган нарсани кўриб қолдим. Бас, элчи Жаброилнинг изидан бир сиқим олиб, уни бузоқнинг ҳайкалига сочган эдим ундан тирик бузоқ каби бўкирган овоз чиқди. Нафсим шу ишни қилишни менга чиройли кўрсатди”, – деди.

97.Мусо унга: “Бас, жўна! Энди, сен учун ҳаётда, фақат “Менга тегинманг!” – деб юришинг қолади. Ҳамда сенга охиратда асло хилоф қилинмайдиган бир ваъда бордир. Сен устидан берилиб сиғинган илоҳинг ҳолига назар сол! Биз, албатта, уни ёндириб, кейин кулини денгизга майдалаб сочиб юборамиз”, – деди.

98.Албатта, илоҳингиз Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳдир. У ҳар бир нарсани Ўз илми билан қамраб олган.

99.Эй Муҳаммад, сизга ўтиб кетган қавмлар хабарларини шу тарзда қисса қилиб берамиз. Шунингдек, сизга ўз даргоҳимиздан зикр бўлмиш Қуръонни келтирдик.

100.Ким ундан юз ўгирса, бас, шубҳасиз, у қиёмат кунида оғир гуноҳ юкини кўтаради.

101.Улар у юк остида мангу қоладилар. Қиёмат кунида улар учун жуда ёмон юк бўлади.

102.Сур чалиниб, барча одамлар тирилтириладиган ўша кунда жиноятчиларни кўзлари қўрқувдан кўкариб кетган ҳолларида жамлаймиз.

103.Улар даҳшатга тушиб ўзаро: “Дунёда фақат ўн кунгина турдинглар”, – дея пичирлашадилар.

104.Биз уларнинг айтаётган сўзларини жуда яхши билувчимиз. Ўшанда уларнинг йўл жиҳатидан энг муносиблари: “Дунёда фақат бир кунгина қолдинглар”, – деб айтадилар.

105.Эй Муҳаммад, сиздан тоғларнинг қиёматдаги вазияти ҳақида сўрайдилар. Бас, уларга: “Роббим уларни қум каби сочиб ташлайди”, – деб айтинг.

106.Кейин уларни теп-текис ер қилиб қўяди.

107.У ерда чуқурлик ҳам баландлик ҳам кўрмайсиз.

108.У кунда барча одамлар чорловчи фаришталарга оғишмай сўзсиз эргашадилар. Овозлар ҳам Раҳмон ҳайбатидан кесилади. Уларнинг фақат пичирлашини эшитасиз.

109.У кунда Раҳмон унга изн берган ва унинг сўзига рози бўлганлардан бошқага шафоат фойда бермайди.

110.Аллоҳ уларнинг олдиларидаги нарсаларни ҳам, орқаларидаги нарсаларни ҳам билади. Одамлар эса, Уни илм билан қамраб ололмайдилар.

111.Барча юзлар тирик ва доим турувчи Аллоҳга бош эгди. Ким зулмни кўтариб келган бўлса, албатта, ноумид бўлди.

112.Кимда-ким мўмин бўлган ҳолда солиҳ амалларни қилса, бас, у зулмдан ҳам мукофоти камайишдан ҳам қўрқмайди.

113.Шунингдек, Биз уни арабий Қуръон қилиб нозил қилдик ва унда огоҳлатиришга доир ваъдаларни баён қилдик. Балки, улар бу ширк ва куфрдан сақланадилар ёки бу Қуръон улар учун эслатма пайдо қилади.

114.Ҳақ подшоҳ бўлган Аллоҳ олий Зотдир. Эй Муҳаммад, сизга Қуръоннинг ваҳийси ҳали битмасдан олдин уни қироат қилишга шошилманг ҳамда: “Эй Роббим, менга илмни янада зиёда қил”, – деб айтинг.

115.Дарҳақиқат, Биз олдин Одам билан жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслиги ҳақида аҳдлашган эдик. У эса аҳдни унутди ва Биз унда азму қарор кўрмадик.

116.Бир вақтлар фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар”, – дейишимиз билан барчалари сажда қилдилар, фақат иблис сажда қилишдан бош тортди.

117.Биз: “Эй Одам, албатта, бу иблис сенга ҳам, жуфтингга ҳам душмандир. Яна у икковингизни жаннатдан чиқариб юбормасин, акс ҳолда бахтсиз бўлиб қоласан”, – деган эдик.

118.Шубҳасиз, сен у ерда оч ҳам бўлмайсан ва яланғоч ҳам қолмайсан.

119.Шунингдек, у ерда чанқоқ ҳам бўлмайсан, иссиқда ҳам қолмайсан.

120.Шундан кейин шайтон унга васваса қилиб: “Эй Одам, мен сени мангулик дарахти ва туганмас мулкка бошлаб борайми?” – деди.

121.Бас, Одам билан Ҳавво ундан ейишлари билан уларнинг авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Роббисига осий бўлиб, адашди.

122.Кейин улар тавба қилишгач, Роббиси уни танлаб олди. Уларнинг тавбасини қабул қилиб тўғри йўлга солди.

123.Аллоҳ уларга: “Энди, иккингиз биргаликда, бир-бирингизга душман ҳолда у ердан тушинглар. Қачонки сизларга Мен тарафдан ҳидоят бўлмиш дин, китоб ёки пайғамбар келгач, ким юборган ҳидоятимга эргашса, демак у адашмайди ва бахтсиз бўлмайди”, – дедик.

124.Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта, унинг учун дунёда тор ҳаёт бўлади. Ҳамда уни қиёмат кунида кўзлари кўр ҳолда тирилтирамиз.

125.У одам: “Эй Роббим, нима учун мени кўзим кўр ҳолда тирилтирдинг, ахир мен дунёда кўрадиган эдим-ку?!” – дейди.

126.Аллоҳ унга: “Ҳа шундай, лекин сенга оятларимиз келганида, уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай унутиласан”, – дейди.

127.Ҳаддидан ошган ва Роббисининг оятларига иймон келтирмаганларни мана шундай жазолаймиз. Охират азоби эса, шубҳасиз, қаттиқроқ ва узунроқдир.

128.Биз улардан илгари ўзларининг масканларида яшаб юрган қанчадан-қанча наслларни куфрлари сабабли ҳалок қилганимиз ҳам уларни тўғри йўлга солмадими?! Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.

129.Агар Роббингиз томонидан мукофот ва жазолар қиёмат кунида бўлиши ҳақидаги сўз ва белгиланган муддат айтиб ўтилмаганда эди, уларга дарров азоб берилиши лозим эди.

130.Бас, эй Расулим, улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Роббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг. Туннинг боши ва охирги вақтларида ҳамда кундузнинг аввалги ва охирги тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг шояд, шунда розиликка эришсангиз.

131.Эй Расулим, уларни синашимиз учун дунё ҳаётининг зийнати қилиб, айримларини баҳраманд қилган нарсаларимизга кўзингизни тикманг. Роббингизнинг сизга ато қиладиган ризқи яхшироқ ва боқийдир.

132.Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам унга бардошли бўлинг. Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, аксинча, Биз сизга ризқ берамиз. Чиройли оқибат эса тақво аҳли учундир.

133.Мушрик ва кофирлар: “Муҳаммад Роббисидан бизларга бирор ҳужжат келтирса эди”,– дейдилар. Ахир уларга аввалги саҳифалардаги нарсаларнинг баёни бўлган Қуръон келмадими?!

134.Агар Биз уларни Муҳаммаднинг келиши ва Қуръон нозил бўлишидан олдин бирор азоб билан ҳалок қилганимизда, улар, албатта: “Эй Роббимиз, бизларга бирор пайғамбар юборганингда эди, бизлар хор-зор ва шарманда бўлмай оятларингга эргашар эдик”, – дер эдилар.

135.Эй Муҳаммад, уларга: “Барчамиз охири ким ҳақ, ким ноҳақ бўлиб чиқишини кутувчимиз, бас, сиз ҳам кутаверинглар. Яқинда кимлар тўғри йўл эгалари ва ким ҳидоят топганини билиб оласизлар.