1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Yosin сураси

Makkaда нозил бўлган.

22-жуз,36-сура,83 оятдан иборат

1.Йо, Син.

2.Эй Муҳаммад, ушбу ҳикматли Қуръонга қасам бўлсин.

3.Албатта, сиз расуллардансиз!

4.Шубҳасиз сиз тўғри йўлдасиз.

5.Ушбу Қуръон азиз ва раҳмли бўлган Аллоҳнинг нозил қилган китобидир,

6.Ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари ҳам ғофил бўлган қавмларни огоҳлантиришинг учун нозил қилингандир.

7.Уларнинг кўпларига азоб ҳақидаги сўз муқаррар бўлган. Бас, улар иймон келтирмайдилар.

8.Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига, иякларигача етадиган кишанларни солиб қўйдик. Бас, улар ҳаққа бўйин эгмай кеккайиб тураверадилар.

9.Яна уларнинг олдиларидан ҳам бир тўсиқ, орқаларидан ҳам бир тўсиқ қилиб, кўзларига парда тортдик. Бас, улар кўра олмайдилар.

10.Эй Муҳаммад, уларни охират азобидан огоҳлантирсангиз ҳам ёки огоҳлантирмасангиз ҳам уларга барибир, иймон келтирмайдилар.

11.Сиз фақат эслатма бўлиб келган Қуръонга эргашган ва Раҳмондан ғойибона қўрққан кишиларнигина огоҳлантира оласиз. Бас, ўша кимсаларга мағфират ва улуғ мукофот борлиги ҳақида хушхабар беринг!

12.Албатта, Биз қиёматда ўликларни тирилтирамиз ва уларнинг тақдим қилган нарсаларини ва ҳаётда қолдирган изларини ёзиб борамиз. Барча нарсани очиқ-ойдин китобда ҳисоблаб қўйганмиз.

13.Эй Муҳаммад, уларга қишлоқ аҳолисига расуллар келган пайтни мисол қилиб келтиринг.

14.Ўшанда Биз уларга иккита пайғамбарни юборганимизда қишлоқ аҳли иккисини ҳам ёлғончига чиқаришди. Кейин учинчи пайғамбар билан қувватлантирдик. Бас, уччала пайғамбар қишлоқ аҳлига: “Чиндан ҳам, биз сизларга юборилган элчилармиз”, деган эдилар.

15.Қишлоқ аҳли уларга: “Сизлар ҳам худди бизга ўхшаган одамларсиз. Раҳмон ҳеч нарса нозил қилган эмас. Сизлар фақат ёлғон гапиряпсизлар”, – дедилар.

16.Пайғамбарлар уларга: “Албатта, биз сизларга юборилган элчилар эканимизни Роббимиз билади”, – дедилар.

17.Бизларнинг зиммамизда фақат Аллоҳнинг ваҳийсини сизларга аниқ қилиб етказиш бор.

18.Қишлоқ аҳли: “Бизлар сизлардан бадгумон бўлдик. Қасамки, агар даъватларингизни тўхтатмасангизлар, сизларни, албатта, тошбўрон қиламиз ва сизларга биз томондан аламли азоб етади”, – дедилар

19.Элчилар уларга: “Бадгумон бўлишингиз ўзингиз биландир. Сизларга эслатма берилса, ёмон гумон қиласизларми?! Йўқ, сизлар ҳаддидан ошган қавмдирсиз!” – дедилар.

20.Шу пайт бир киши шаҳарнинг чеккасидан шошганча келиб: “Эй қавмим, бу элчиларнинг даъватига эргашинглар!” – деди.

21.Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан ҳақ сўрамайдиган зотларга эргашинглар!

22.У халойиққа юзланиб: “Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмас эканман? Барчангиз Унинг ҳузурига қайтариласизлар”, – деди.

23.Мен Ундан ўзгаларни илоҳ қилиб олайми?! Ҳолбуки, агар Раҳмон менга бирор зарар етказишни истаса, у сохта илоҳларнинг шафоатлари менга бирор фойда бермайди ва улар мени азобдан ҳам қутқара олмайдилар.

24.У ҳолда мен, албатта, аниқ залолатда бўламан-ку!

25.Ҳақиқатан, мен Роббингизга иймон келтирганман, бас, мени тингланглар.

26.Унинг сўзларини эшитмай уни қатл қилишгач, унга: “Жаннатга кир”, – дейилди. Жаннатдаги неъматларни кўргач: “Қани, эди, қавмим буларни билсалар”, – деди.

27.Роббимнинг мени мағфират қилганини ва мени мукаррам кишилардан қилганини билсалар эди.

28.Биз унинг қатлидан кейин қавми устига осмондан азоб фаришталаридан иборат бирор қўшин туширмадик. Биз осмондан ҳеч нарса туширувчи бўлмадик.

29.Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, бирданига улар ўчиб қолдилар.

30.Аллоҳнинг элчиларини ёлғончига чиқариб уларни ўлдирган бандаларга ҳасрат бўлсин! Қачонки уларга пайғамбар келса, уни масхара қилувчи бўлар эдилар.

31.Ахир, улар ўзларидан олдин ҳам қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилганимизни ва улар олдиларга тирилиб, қайтиб келмаётганини кўрмадиларми?!

32.Албатта, барчалари қиёматда тўпланган ҳолларида ҳузуримизга ҳозир қилинувчидирлар.

33.Ўлик ер улар учун қиёматда қайта тирилишга бир аломатдир, Биз уни сув билан тирилтирдик ва ундан турли донларни ундириб чиқардик. Бас, улар у донлардан ейдилар.

34.Яна Биз у ерда хурмозор ва узумзор боғларни пайдо қилдик ва ичидан булоқларни оқизиб қўйдик.

35.Одамлар унинг мевасидан ейишлари учун уларни яратдик. Ҳолбуки, у меваларни ўз қўллари билан барпо қилмаган эдилар. Ахир шукр қилмайдиларми?!

36.Ер ундирадиган нарсалардан, одамларнинг ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган Аллоҳ ҳар қандай айбу-нуқсондан пок Зотдир.

37.Тун ҳам улар учун қудратимизни кўрсатиб турган бир аломатдир. Ундан кундузни суғуриб олишимиз билан бирданига улар зулматда қоладилар.

38.Қуёш тўхтамай ўз қароргоҳи томон юриб боради. Бу қудратли ва барча нарсани билувчи Зотнинг ўлчовидир.

39.Биз ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғи каби эгилиб қолгунича манзилларга ботадиган қилиб ўлчаб қўйганмиз.

40.На қуёш ойга етиб олиши мумкин ва на тун кундуздан ўзиб кетувчи бўла олади. Самодаги барча сайёралар фалакда сузиб юрадилар.

41.Биз уларнинг зурриётларини Нуҳ пайғамбар ясаган ичи тўла кемада кўтарганимиз ва тўфон балосидан қутқарганимиз улар учун қудратимиздан яна бир аломатдир.

42.Яна Биз уларга ўша кемага ўхшаш минадиган бошқа улов воситаларини ҳам яратдик.

43.Агар хоҳласак, уларни сувга ғарқ қиламиз-да, сўнг улар учун бирор ёрдамчи ҳам бўлмайди ва улар ҳалокатдан қутқарилмайдилар.

44.Фақат Биз томондан бўлган марҳамат туфайли ва маълум бир вақтгача ҳаёт неъматларидан баҳраманд бўлишлари учун муҳлат бердик.

45.Агарда уларга: “Раҳм қилинишингиз учун олдингиздаги охират азобидан ва ортингиздаги дунё мусибатларидан қўрқинглар”, – дейилса, парво қилмайдилар.

46.Агар уларга Роббиларининг оятларидан бирор оят келса, фақат ундан юз ўгирувчи бўладилар.

47.Агар уларга: “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан муҳтожларга эҳсон қилинглар”, – дейилса, куфр келтирган кимсалар иймон келтирганларга истеҳзо билан: “Агар Аллоҳ хоҳласа, уни Ўзи едирадиган кимсани биз таомлантирамизми?! Сизлар, аниқ залолатдасизлар”, – дейдилар.

48.Яна улар: “Агар ростгўй бўлсангизлар, айтинглар-чи, мана шу ваъда қилинаётган азоб қачон бўлади?” – дейдилар.

49.Улар тортишиб турганларида, тўсатдан уларни тутиб олувчи биргина қичқириқни кутмоқдалар, холос.

50.Ўшанда, улар васият қилишга ҳам аҳли оилаларининг олдига қайтиб боришга ҳам кучлари етмайди.

51.Қиёмат куни сур чалиниши билан бирданига улар қабрларидан Роббилари томон суғурилиб чиқадилар.

52.Улар: “Ҳолимизга вой бўлсин! Ким бизларни қабрдаги ухлаётган жойимиздан уйғотди?” – дейдилар. Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар тасдиқлаган нарсадир.

53.Фақатгина бир қичқириқ бўлди ва дарҳол уларнинг барчалари Бизнинг ҳузуримизда ҳозир қилинувчидирлар.

54.Мана бугун ҳеч бир жонга зулм қилинмайди ва сизлар фақат қилиб ўтган амалларингизга яраша жазоланасизлар.

55.Албатта, жаннат аҳли бу кунда роҳат ва фароғат ишлари билан хурсанддирлар.

56.Улар жуфтлари билан бирга салқин жойлардаги сўриларда ястаниб ўтирадилар.

57.Улар учун у ерда турли мевалар ва уларнинг истаган нарсалари мавжуддир.

58.Уларга Раҳим Зот бўлган Парвардигор томонидан салом айтилади.

59.Эй жиноятчилар, энди бу кунда, мўминлардан ажралинглар!

60.Мен сизларга: “Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилманглар, албатта, у сизларга аниқ душмандир”, – деб амр қилмаганмидим?!

61.Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу тўғри йўлдир, – демаганмидим?!

62.Шайтон сизларнинг ичингиздан кўплаб авлодларни йўлдан оздирди. Ахир, ақл ишлатувчи бўлмадингизми?

63.Мана энди, сизларга ваъда қилинган жаҳаннам шудир!

64.Дунёда куфр келтириб ўтганингиз туфайли бугунги кунда унга кириб, куйинглар.

65.Биз бу кунда гапирмасликлари учун уларнинг оғизларини муҳрлаб қўямиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик беради.

66.Агар хоҳласак, уларнинг кўзларини йўқ қилган бўлар эдик. Ана унда йўлга шошардилар-у, аммо қандай қилиб йўлни кўрсинлар.?!

67.Агар хоҳласак, уларни турган жойларида бошқа нарсаларга айлантириб қўйган бўлар эдик. Кейин улар олдинга юришга ҳам кучлари етмас эди орқаларига ҳам қайта олмас эдилар.

68.Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини эгик қилиб қўямиз. Ахир, ақл ишлатмайдиларми?!

69.Биз Муҳаммадга шеърни ўргатмадик ва унга шоирлик тўғри келмайди. Бу ваҳий фақат зикр ва аниқ Қуръондир.

70.У тирик кишиларни огоҳлантириш ва кофирларга азоб сўзи муқаррар бўлиши учун нозил қилинган китобдир.

71.Биз улар учун қудрат қўлимиз билан қилган чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Мана улар ўша ҳайвонларга эгадирлар.

72.Биз ўша ҳайвонларни уларга бўйсундириб қўйдик. Ана у ҳайвонлардан минадиганлари ҳам ва улардан сўйиб ейдиганлари ҳам бор.

73.Яна улар учун ўша ҳайвонларда бошқа турли фойдалар ва сут-қаймоқ каби ичимликлар ҳам бор. Ахир, шукр қилмайдиларми?!

74.Лекин одамлар Аллоҳни қўйиб, ёрдам олиш умидида сохта илоҳларни худо қилиб олдилар.

75.Сохта илоҳлари уларга ёрдам беришга кучлари етмайди. Ҳолбуки, улар бу бутлар учун хизматга шай турган лашкар каби эдилар.

76.Бас, эй Муҳаммад, сизни уларнинг сўзлари хафа қилмасин! Зотан, Биз уларнинг беркитиб юрган нарсаларини ҳам, ошкора қилаётган ишларини ҳам биламиз.

77.Биз уни бир томчи нутфадан яратганимизни, инсон билмайдими?! Энди, эса у бирдан, очиқ-ойдин хусуматчи бўлиб турибди!

78.У Бизга: “Чириган суякларни ким ҳам тирилтира олади?” – деб, масал келтирди-ю, лекин ўзининг қандай яратилишини унутиб қўйди.

79.Эй Муҳаммад, уларга: “У чириган суякларни биринчи марта пайдо қилган Зотнинг Ўзи уни қайта тирилтиради. У ҳар бир яратилган нарсани билувчидир”, деб айтинг.

80.У сизлар учун яшил дарахтдан олов пайдо қилиб берган Зотдир. Бас, сизлар унинг ўтинидан олов ёқасизлар.

81.Осмонлар ва Ерни яратган Зот яна уларнинг ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Йўқ, албатта, қодирдир. У кўплаб яратувчи ва ҳамма нарсани билувчидир.

82.Бирор нарса яратишни ирода қилганда, Унинг амри фақатгина унгаБўл!” деб айтишдир. Бас, У амр қилган нарса дарҳол пайдо бўлади.

83.Бас, барча нарсанинг тўлиқ мулки Унинг қўлида бўлган Зот барча нуқсонлардан покдир. Ҳаммангиз Унинг ҳузурига қайтариласизлар.