1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Hujurot сураси

Madinaда нозил бўлган.

26-жуз,49-сура,18 оятдан иборат

1.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари олдида унинг изнисиз бирор сўз айтманг ёки бирон ишда улардан олдин ўтманглар. Аллоҳдан қўрқинглар, албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани эшитиб турувчи Самиъ ва барчасини билиб турувчи – Аълим Зотдир.

2.Эй иймон келтирган кимсалар, яхши амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва у билан бир-бирларингизга баланд овоз билан гапиргандек юқори овоз билан сўзлашманглар.

3.Аллоҳнинг Пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган кимсаларайнан ўшалар Аллоҳ уларнинг қалбларини тақво учун имтиҳон қилган кимсалардир. Улар учун мағфират ва улкан мукофот бордир.

4.Эй Муҳаммад, албатта, аёлларингиз яшайдиган ҳужралар орқасидан туриб, сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари ақл ишлатмайдилар.

5.Агар улар, то ўзингиз уларнинг олдига чиққунингизгача, сабр қилганларида, албатта, ўзлари учун яхши бўлар эди. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган Раҳим Зотдир.

6.Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар ҳақиқий ҳолатни билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, кейин қилган ишларингиздан пушаймон бўлмаслигингиз учун у хабарни аниқлаб кўринглар.

7.Ораларингизда Аллоҳнинг Пайғамбари бор эканини билинглар. Агар у кўп ишларда сизларга бўйсунса, албатта, сизлар машаққатларга дучор бўлар эдингизлар. Лекин Аллоҳ сизларга иймонни суюкли қилди ва уни қалбларингизга зийнат қилди ҳамда сизларга куфрни фисқу-фужурни ва итоатсизликни ёмон кўрсатиб қўйди. Ана ўшаларгина тўғри йўл топувчилардир.

8.Бу Аллоҳ томонидан сизларга бўлган фазл ва неъматдир. Аллоҳ, ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.

9.Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ қилинглар. Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то тажовузкор тоифа Аллоҳнинг амрига қайтгунча, сизлар тажовуз қилган тоифа билан урушинглар. Агар у тоифа тажовузкорликдан қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан тузатиб қўйинглар ва адолат қилинглар. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севади.

10.Албатта, мўминлар ака-укадирлар. Бас, сизлар икки оға-инингиз ўртасини тузатиб қўйинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, шояд, раҳм қилинсангизлар.

11.Эй иймон келтирган кимсалар, сизлардан бўлган бир қавм бошқа бир мўмин қавмни масхара қилмасин. Эҳтимолки, масхара қилинган қавм улардан яхшироқ бўлсалар. Яна сизлардан бўлган аёллар ҳам бошқа аёлларни масхара қилмасинлар. Эҳтимолки, масхара қилинган аёллар улардан яхшироқ бўлсалар. Бир-бирларингизни мазах қилманглар ва бир-бирларингизни лақаблар билан атаманглар. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар золимлардир.

12.Эй иймон келтирганлар, кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир! Ўзгаларнинг айбини излаб жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, шундайми?! Аллоҳдан қўрқинглар! Шубҳасиз, Аллоҳ тавбаларни кўплаб қабул қилувчи – Таввоб ва марҳамати кенг бўлган Раҳим Зотдир.

13.Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишларингиз учун сизларни турли-туман халқлар ва қабила ва элатлар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида энг мукаррамингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва барча ишлардан хабардор бўлган – Хобир Зотдир.

14.Аъробийлар: “Иймон келтирдик”, – дедилар. Эй Муҳаммад, уларга: “Сизлар иймон келтирганингиз йўқ, лекин сизларИсломга кирдикдеб айтинглар! Чунки ҳали дилларингизга иймон кирмаган. Агар сизлар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилсангизлар, У сизларга қилган яхши амалларингиздан бирор нарсани камайтирмайди. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган Раҳим Зотдир”, – деб айтинг.

15.Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ҳамда моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшалар иймонларида содиқдирлар.

16.Эй Муҳаммад, аъробийларга: Сизлар Аллоҳга динингизни билдирмоқчимисизлар?! Ваҳоланки, Аллоҳ осмонлардаги ва Ердаги барча нарсани билади. Аллоҳ барча нарсани билувчидир”, – деб айтинг.

17.Улар сизга Исломга кирганларини миннат қиладилар. Уларга: “Сизлар менга мусулмон бўлганингизни миннат қилманглар. Балки агар иймонингизда содиқ бўлсангиз, билингларки, Аллоҳ сизларни иймонга ҳидоят қилганини миннат қилади”, – деб айтинг.

18.Албатта, Аллоҳ осмонлар ва Ердаги ғайб сирларини билади. Аллоҳ барча қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.