1.Алиф, Лом, Мим.
Rum сураси
Makkaда нозил бўлган.
21-жуз,30-сура,60 оятдан иборат2.Румликлар форсларга қарши мағлуб бўлди.
3.Ернинг энг қуйи жойида мағлуб бўлдилар. Лекин улар бу мағлубиятларидан кейин албатта, ғалаба қиладилар.
4.Саноқли йиллар ичида ғалаба қозонадилар. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳникидир. Ғалаба қилинган кунда мўминлар шод бўладилар.
5.Аллоҳнинг ёрдами билан бу ғалабага эришилади. Аллоҳ хоҳлаган кишига нусрат беради. Албатта, У иззати улуғ – Азиз ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
6.Бу Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. Аллоҳ ваъдасига асло хилоф қилмайди. Лекин одамларнинг аксарияти буни билмайдилар.
7.Улар охиратдан бехабар бўлган ҳолларида, фақат дунё ҳаётининг ташқи кўринишини биладилар, , холос.
8.Ахир, улар ўз ичларида Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳамда улар орасидаги барча нарсани фақат ҳақ ҳикмат ва қиёматгача белгиланган муддат билан яратганини тафаккур қилиб кўрмадиларми?! Дарҳақиқат, одамларнинг кўпчилиги қайта тирилиб Роббиларига рўбарў бўлишни инкор қилувчидирлар.
9.Ахир, улар ер юзида сайр қилиб, ўзларидан аввалги пайғамбарларни инкор қилган ва иймонсиз кетган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Улар бу Макка кофирларидан кўра қувватлироқ бўлган ва ўз ерларини булар обод қилганидан кўра кўпроқ ишлов бериб, обод қилган эдилар-ку! Уларга ҳам ўз пайғамбарлари ҳужжатлар келтирганлар, лекин улар пайғамбарларни ёлғонга чиқаришган. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин ҳақ йўлдан юрмай улар ўзларига зулм қилувчи бўлдилар.
10.Кейин охиратда Аллоҳнинг оятларини ёлғон дейиш ва уларнинг устидан кулиш билан ўзларига ёмонлик қилган кимсаларнинг оқибати янада ёмонроқ бўлди.
11.Аллоҳ аввал бошда Ўзи яратиб, кейин бу яратишни қиёматда такрорлайди. Сўнгра ҳисоб-китоб учун Унга қайтариласизлар.
12.Қиёмат бўладиган кунда жиноятчилар бари ноумид бўладилар.
13.У кунда улар учун бут-санамлари томонидан оқловчилар бўлмайди ва улар бут-санамларини инкор қиладилар.
14.Қиёмат қоим бўладиган ўша кунда мўминлар билан кофирлар бир-бирларидан ажраладилар.
15.Бас, аммо иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар жаннат боғларида шодланадилар.
16.Аммо куфр келтирган кимсалар, оятларимизни ҳамда охиратга дуч келишни инкор қилган кимсалар эса, улар доимий азобга ҳозир қилингандирлар.
17.Бас, тунга кириш пайтингизда ҳам, тонгга кириш пайтингизда ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтинглар.
18.Осмонлар ва Ердаги барча ҳамд, фақат Унгадир. Оқшомда ҳам, пешин пайтига киришингизда ҳам Унга тасбеҳ айтинглар.
19.Аллоҳ ўликдан тирикни чиқаради, тирикдан ўликни чиқаради ва ерни эса ўлганидан кейин баҳорда ёмғир ёғдириб яна қайта тирилтиради. Сизлар ҳам қиёмат кунида қабрларингиздан шу тарзда чиқариласизлар.
20.Унинг аломатларидан бири – Аллоҳ сизларнинг отангиз Одамни аввал тупроқдан яратгани, сўнгра сизлар башарга айланиб, ер юзига тарқалишингиздир.
21.Яна Унинг аломатларидан бири – сизлар сокинлик топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда муҳаббат ва меҳр пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун ибратлар бордир.
22.Унинг бошқа далилларидан яна бири – осмонлар ва Ерни яратиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турли бўлишидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир.
23.Унинг белгиларидан яна бири – кечаси ва кундузи ухлашларингиз ҳамда кундузлари Унинг фазлидан исташингиздир. Албатта, бунда ҳақни эшитадиган қавм учун ибратлар бордир.
24.Яна Унинг белгиларидан бири – сизларга момақалдироқдан қўрққан ва ёмғир ёғишидан умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўрсатиши ва осмондан сув ёғдириб, у билан ерни сувсизликдан ўлганидан сўнг тирилтиришидир. Албатта, бунда ақл юргизадиган қавм учун далиллар бордир.
25.Унинг белгиларидан яна бири – осмон ва Ер Унинг амри билан фазода устунсиз муаллақ туришидир. Сўнгра қиёматда У сизларни қабрда ётган ерларингиздан бир бор чақириши билан барчангиз бирдан тирилиб чиқасизлар.
26.Осмонлар ва Ердаги барча жонзотлар Уникидир. Ҳаммаси Унга бўйин эгувчидир.
27.У илк бор борлиқни яратиб, сўнгра қиёмат куни Ўзи уни яна қайта яратадиган Зотдир. У Зотга буларни қилиш жуда осондир. Осмонлар ва Ердаги энг олий сифат Уникидир. У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
28.Аллоҳ сизларга ўзингиздан бир мисол келтирди. Сизлар учун қўлларингиз эгаллаган қулларингиздан Биз сизларга ризқ қилиб берган мол-мулкка шерик бўлиб олувчилар бормидирки, сизлар унда мол-мулкингизни тасарруф қилишда қулларингиз билан баробар бўлсангиз. Ахир сиз улар ҳақида ҳам ўз ҳақингизда қўрққанингиздек қўрқасизми?! Ақл юритадиган қавмлар учун оятларни ана шундай батафсил баён қиламиз.
29.Аксинча, зулм қилган кимсалар ҳеч қандай илмсиз ҳавойи нафсларига эргашдилар. Бас, Аллоҳ йўлдан оздирган кимсани ким ҳам ҳидоят қила олади?! Улар учун охиратда ёрдам берувчилар ҳам бўлмайди.
30.Бас, эй Муҳаммад, юзингизни доимо тўғри бўлган Ислом динида тутинг. Аллоҳнинг инсонларни унинг устида яратган табиий хилқатини сақланглар. Аллоҳнинг яратган махлуқотларида ўзгартириш йўқдир. Энг тўғри дин шудир! Лекин одамларнинг аксарияти буни билмайдилар.
31.Унга ўзингизни топширган ҳолларингизда динини маҳкам тутинглар ва Ундан қўрқинглар ҳамда намозни мукаммал адо этинглар, мушриклардан бўлманглар.
32.Динларини бўлиб юбориб, турли фирқаларга ажралган мушрик кимсалардан бўлманг. Ҳар бир фирқа ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар.
33.Қачонки, одамларга бирор зиён етса, дарҳол Роббиларига қайтиб, Унга илтижо қиладилар, сўнгра қачонки, Аллоҳ уларга Ўз томонидан бўлган марҳаматни тоттириб қўйса, бирдан улардан бир гуруҳи Роббиларига ширк келтира бошлайдилар.
34.Улар Биз ато этган неъматларга ношукрлик қилишда давом этаверсинлар. Бас, эй мушриклар, бу ўткинчи дунё завқидан фойдаланиб қолинглар. Бас, яқинда барча ҳақиқатни билиб оласизлар!
35.Ёки Биз осмондан уларнинг Аллоҳга ширк келтиришларини тўғри деб сўзлайдиган бирор далил нозил қилдикми?!
36.Қачонки, Биз одамларга ҳузуримиздан бирор марҳамат тоттирсак улар бундан хурсанд бўладилар. Агар ўз қўллари билан қи
37.Аллоҳ хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиши ва хоҳлаганининг ризқини тор қилишини кўрмадиларми?! Албатта, бунда иймон келтирувчи қавмлар учун ибратлар бордир!
38.Бас, қариндош, мискинлар ва мусофир ҳақини хайру-эҳсон қилиш билан адо қилинг. Ана шу Аллоҳнинг розилигини истайдиганлар учун яхши амалдир. Айнан мана шундай одамлар охиратда нажот топувчидирлар.
39.Одамларнинг мол-мулки ичида зиёда бўлиб қайтиши учун берган риболарингиз, Аллоҳ наздида ҳеч нарсани зиёда қилмайди. Аксинча, Аллоҳнинг розилигини истаб берган закотингизнинг ажри кўпайтирилиб берилади. Бас, айнан ўшалар ажрларини кўпайтирувчилардир!
40.Аллоҳ аввал сизларни яратган, сўнгра сизларни турли неъматлар билан ризқлантирган, сўнгра ажалингиз етгач вафот эттирадиган, кейин қиёматда яна қайта тирилтирадиган Зотдир! Сизлар сиғинаётган шерикларингиз ичида булардан бирортасини қила оладигани бор-ми?! Аллоҳ уларнинг келтираётган ширкларидан пок ва олийдир.
41.Одамларнинг ўз қўллари билан қилган ёмон ишлари туфайли қуруқлик ва денгизда ҳар хил бузғунчиликлар ўртага чиқди. Бу уларнинг ўз қилмишларидан тавба қилиб қайтишлари учун қилган баъзи ёмон ишларининг жазосини уларга тоттириш учундир.
42.Эй Муҳаммад, уларга: “Ер юзида сайр қилинглар, бас, олдингиларнинг оқибати қандай ёмон бўлганига назар солинглар. Уларнинг аксарияти мушриклардан эди”, – деб айтинг.
43.Аллоҳ томонидан қайтарилиши мумкин бўлмайдиган қиёмат куни келмасдан олдин юзингизни тўғри дин бўлган Исломга тутинг. Ўша кунда мўминлар билан кофирлар бўлиниб кетадилар.
44.Кимки Аллоҳга куфр келтирса, бас, унинг куфри ўзининг зараригадир. Кимки солиҳ амаллар қилган бўлса, бас, ўзлари учун жаннатдан жой тайёрлаётган бўладилар.
45.Бу ажрлар Аллоҳга иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни Ўз фазлидан мукофатлаши учундир. Шубҳасиз, У кофирларни севмайди.
46.Сизларга Ўз раҳматидан баҳраманд қилиши учун ҳамда Унинг фазлидан ризқ талаб қилишингиз учун шамолларни ёмғирдан хушхабар берувчи қилиб юбориши ва амри билан денгизда кемаларнинг сузиб юриши, Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган белгиларидан биридир.
47.Эй Муҳаммад, Биз сиздан олдин ҳам пайғамбарларни ўз қавмларига юборганмиз. Бас, элчиларимиз уларга аниқ ҳужжатларни келтирганлар. Жиноят қилганлардан эса интиқом олганмиз. Мўминларга ғалаба бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган.
48.Аллоҳ шамолларни юбориб, булутларни қўзғатадиган Зотдир. Бас, у булутларни осмонда хоҳлаганича ёяди кейин уни бўлак-бўлак қилгач, уни орасидан ёмғир сизиб чиқишини кўрасиз. Бас, қачонки у ёмғирни бандаларидан хоҳлаган кишисига етказганда, улар бирдан хурсанд бўлиб кетадилар.
49.Ҳолбуки улар устларига ёмғир ёғдирилишидан олдин мутлақо умидсиз эдилар.
50.Аллоҳнинг раҳмат ёмғири изларига назар солинг. У сувсиз қақраб ётган ерни ўлганидан кейин қандай қилиб тирилтиради! Албатта, ана шу Зот ўликларни ҳам тирилтирувчидир ва У барча нарсага қодирдир.
51.Агарда Биз булутларни юборсак-да, улар экинларини сувсизликдан сарғайган ҳолда кўрсалар, шундан кейин ҳам барибир ношукрчилик қилаверардилар.
52.Эй Расулим, аниқки, сиз ўликларга сўзингизни англата олмайсиз, ортларига бурилиб кетаётган карларга ҳам даъватни эшиттира олмайсиз.
53.Яна сиз қалб кўзи кўрларни ўз залолатларидан қайтариб, ҳидоят йўлига солувчи эмассиз. Сиз фақат бизнинг оятларимизга иймон келтирадиган кишиларгагина ўз сўзларингизни эшиттира оласиз. Бас, ана ўшалар мусулмонлардир.
54.Аллоҳ шундай Зотдирки, сизларни аввал заиф гўдак ҳолида яртди. Сўнгра заифликдан кейин қувват пайдо қилди. Куч-қувватли қилгандан кейин яна заифлик ва қариликни пайдо қилди. Аллоҳ холаган нарсани яратади. У барча нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳар нарсага кучи етувчи Қодир Зотдир.
55.Қиёмат соати қоим бўладиган кунда жиноятчи кимсалар дунё ҳаётида бир соатдан ортиқ турмаганларига доир қасам ичадилар. Улар дунёда ҳам мана шундай ҳақдан юз ўгирувчи эдилар.
56.Шунда ўзларига Аллоҳ томонидан илм ва иймон берилган зотлар: “Аниқки, сизлар Аллоҳнинг Лавҳ ул-Маҳфузда ёзиб қўйганидек, тирилиш кунигача турдинглар. Бас, энди мана бу тирилиш кунидир. Лекин сизлар буни ҳақ эканини билмас эдинглар”, – дейдилар.
57.Ана ўша кунда зулм қилган кимсаларга узрлари фойда бермайди ва улардан Аллоҳ рози бўладиган амалларга қайтиш ҳам талаб қилинмайди.
58.Биз ушбу Қуръонда одамлар учун ҳар турли мисолларни келтирдик. Эй Муҳаммад, қасам бўлсинки, агар сиз, уларга ўзлари талаб қилган мўъжизани келтирсангиз ҳам, албатта, куфр келтирган кимсалар: “Сизлар, албатта, ёлғончисизлар”, – дейдилар.
59.Аллоҳ ҳақиқатни билмайдиган кимсаларнинг дилларини ана шундай қилиб тамғалаб қўяди.
60.Бас, эй Муҳаммад, уларнинг озорларига сабр қилинг. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Охиратга ишонмайдиган кимсалар сизни суст деб ҳисобламасинлар.

