1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Sajda сураси

Makkaда нозил бўлган.

21-жуз,32-сура,30 оятдан иборат

1.Алиф, Лом, Мим.

2.У ҳақида ҳеч қандай шубҳа бўлмаган китобнинг нозил қилиниши барча оламларнинг Роббиси томонидандир.

3.Балки кимлардир: “Уни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган”, – деб айтарлар?! Йўқ, бу Қуръон сиздан олдин бирор огоҳлантирувчи келмаган қавмни огоҳлантиришингиз учун Роббингиз томонидан нозил қилинган ҳақиқатдир. Шояд, улар бу Қуръон туфайли ҳидоят топсалар.

4.Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга эгалик қилган Зотдир. Сизлар учун Ундан ўзга бирор дўст ва шафоатчи йўқдир. Наҳотки, эслатма олмайсизлар?!

5.У осмондан ергача бўлган барча ишни бошқариб туради. Сўнгра бу ишларнинг барчаси миқдори сиз санаётган ҳисобда минг йилга тенг бўлган кунда Унинг Ўзига кўтарилади.

6.Ана шу Зот сизларга кўринган ва кўринмаганни билувчи, ўта иззатли ва ўта раҳмлидир.

7.У барча нарсани чиройли қилиб яратган Зотдир. Аллоҳ илк инсонни яратишни эса лойдан бошлади.

8.Кейин унинг наслини ҳақир бир томчи сувдан иборат нутфадан пайдо қилди.

9.Сўнгра уни инсон қилиб тиклади, ичига Ўз даргоҳидаги руҳидан пуфлади. Сизлар учун қулоқ, кўз, дилларни пайдо қилди. Сизлар эса шукрни жуда кам қиласизлар.

10.Кофирлар: “Бизлар ер остида йўқ бўлиб кетгач, чиндан ҳам яна янгитдан яратиламизми?” – дедилар. Йўқ, улар охиратда Роббларига рўбарў бўлишни инкор қилувчилардир.

11.Эй Расулим, уларга: “Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олади, сўнгра, албатта, Роббингизга қайтариласизлар”, – деб айтинг.

12.Агар сиз, гуноҳкорларни қиёмат кунида Роббилари ҳузурида бошлари эгик ҳолларида туриб: “Эй Роббимиз, ваъдангнинг рост эканлигини кўрдик ва эшитдик, бас, бизларни яна ҳаётга қайтар, бизлар энди яхши амал қиламиз. Энди, бизлар, албатта, қиёмат ҳақ эканлигига аниқ ишонувчимиз”, – деб ёлворишларини кўрсангиз эди!

13.Агар Биз хоҳласак, дунёда иродангизни қўлингиздан олиб, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини берган бўлар эдик, Лекин Мен томондан, “жаҳаннамни кофир жин ва иймонсиз одамларнинг барчаси билан тўлдираман”, деган сўз ҳақ бўлди.

14.Бас, эй кофирлар, ушбу кунингиздаги учрашувни унутиб қўйганингиз сабабли энди азобни тотинглар! Дарвоқе, Биз ҳам бугун сизларни унутдик. Ёмон ишларни қилганлигингиз туфайли доимий азобни тотинглар!

15.Бизнинг оятларимизга фақат у билан эслатилганларида сажда қилган ҳолларида йиқиладиган ва такаббурлик қилмай ҳамд билан Роббиларига тасбеҳ айтадиган кимсаларгина иймон келтиради.

16.Уларнинг ёнбошлари ибодат учун оз ухлаганларидан ётоқ жойларидан ажраб туради. Улар Роббиларига қўрқув ва умид билан дуо қиладилар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан муҳтожларга эҳсон қиладилар.

17.Бас, ҳеч ким улар учун қилиб ўтган амалларининг мукофоти учун беркитиб қўйилган охират неъматларидаги кўз қувончларини билмайди.

18.Ахир, мўмин киши билан фосиқ кимса баробар бўладими?! Йўқ, баробар бўлмайдилар!

19.Иймон келтирган ва солиҳ амалларни бажарган кимсалар учун қилган амаллари туфайли зиёфат сифатида жаннат масканлари бўлади.

20.Фосиқ бўлган кимсаларнинг масканлари эса дўзахдир. Ҳар гал ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтариладилар ва уларга: “Ўзларингиз ёлғонга чиқарган дўзах азобини тотинглар!” – дейилади.

21.Албатта, Биз уларга шояд, итоатсизликдан қайтарлар деб, охиратдаги катта азобдан олдин дунёдаги яқин азобни ҳам тоттирамиз.

22.Роббисининг оятлари билан эслатилгандан кейин улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, Биз ундай жиноятчилардан интиқом олувчидирмиз.

23.Биз Мусога китоб ато қилдик, Бас, эй Муҳаммад, сиз унинг Тавротга рўбарў бўлганидан шубҳада бўлманг. Биз Тавротни бани Исроил авлоди учун ҳидоят манбаи қилдик.

24.Улар мусибатларга сабр қилишгач, Биз улардан амримиз билан тўғри йўлга бошлайдиган раҳнамоларни чиқардик. Улар оятларимизга аниқ ишонар эдилар.

25.Эй Расулим, албатта, Роббингизнинг Ўзи қиёмат кунида одамлар ўзаро ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ажрим қилади.

26.Ўзларидан олдин ўтган ва ҳозирда масканларида юриб турган қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилган эдик, бу уларни ҳидоятга бошламадими?! Албатта, бунда аломатлар бордир! Ахир, улар ҳақни эшитмайдиларми?!

27.Ахир, улар Биз қуруқ ерга сув ҳайдаб, унинг сабаби билан уларнинг чорвалари ҳам, ўзлари ҳам ейдиган экинларни чиқаришимизни билмадиларми?! Ахир, буни кўрмайдиларми?!

28.Улар мўминларга: “Агар ростгўй бўлсангизлар, мана шу фатҳ қачон рўй беради?” – дейдилар.

29.Эй Муҳаммад,уларга: “Фатҳ рўй берган кунида куфр келтирган кимсаларга иймон келтиришлари фойда бермайди ва уларга тавба учун муҳлат ҳам берилмайди”, – деб айтинг.

30.Бас, сиз эса улардан юз ўгиринг ва уларнинг ҳоли нима бўлишини кутиб туринг! Зеро, улар ҳам ҳалокатни кутиб турувчидирлар.