1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Soffat сураси

Makkaда нозил бўлган.

23-жуз,37-сура,182 оятдан иборат

1.Аллоҳ йўлида саф-саф тизилиб турувчи фаришталар билан қасам бўлсин.

2.Гуноҳ ишлардан тўсувчилар билан қасам бўлсин.

3.Аллоҳнинг каломини доимо тиловат қилувчи фаришталар ва инсонлардан иборат барча зотларга қасам бўлсин.

4.Албатта, Илоҳингиз ягонадир!

5.У осмонлар ва Ер ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларнинг Роббисидир. У яна кунчиқар томонларнинг Роббисидир.

6.Дарҳақиқат, Биз дунё осмонини юлдузлар билан зийнатлаб қўйдик.

7.Осмонни ҳар бир итоатсиз шайтондан сақладик.

8.Шайтонлар энг олий мавжудотлар бўлган фаришталарнинг сўзларини эшита олмайдилар, у ердан қувилиш учун ҳар томондан юлдузлар билан отиладилар.

9.Ҳайдалган ҳолда уларга доимий азоб бордир.

10.Агар ким бир сўзни илиб олса, унга ҳам куйдирувчи шуъла қувиб етади.

11.Бас, эй Муҳаммад, Макка кофирларидан сўранг, уларни яратиш қийинроқми ёки Биз яратган нарсаларними?! Зотан, Биз уларни аввал ёпишқоқ лойдан яратганмиз.

12.Балки сиз уларнинг қайта тирилишини инкор қилаётганларидан ажаблангандурсиз, аммо улар охират ҳақидаги сўзларингизни масхара қиладилар.

13.Агар улар Қуръон билан эслатма қилинсалар, эслатма олмайдилар.

14.Сизнинг ҳақ пайғамбар эканлигингизга далолат қиладиган бирор белги кўрсалар, иймон келтириш ўрнига янада қаттиқроқ масхара қиладилар.

15.Бу оятлар фақат аниқ бир сеҳрдир, дейдилар.

16.Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетганимизда чиндан ҳам, яна қайта тирилувчи бўламизми?!

17.Аввалги ўтиб кетган ота-боболаримиз ҳам тириладиларми?!

18.Эй Муҳаммад, уларга: “Ҳа, сизлар қиёмат куни хор бўлган ҳолингизда, албатта, қайта тириласизлар”, – деб айтинг.

19.Ваъда қилинган бу қайта тирилиш фақатгина Исрофилнинг сури билан чалинувчи бир қичқириқдир, холос. Бас, улар қайта тирилиб, Аллоҳнинг ҳукмига қараб турадилар.

20.Шунда улар: “Ҳолимизга вой! Бу ахир жазо куни-ку!” – деб қоладилар.

21.Мана шу сизлар уни ёлғонга чиқарган ва ҳақ билан ботилни ажратиладиган кунидир.

22.Эй фаришталар, зулм қилган кимсалар ва уларнинг жуфтларини ҳамда Аллоҳдан бошқага ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўпланглар.

23.Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларини тўпланглар. Кейин уларни дўзах йўлига бошлаб боринглар.

24.Аллоҳдан буйруқ бўлгунча уларни дўзахга ташламай тўхтатиб туринглар. Чунки улар дунёдаги қилмишлари тўғрисида сўралувчидирлар.

25.Уларга: “Нега бир-бирларингизга ёрдам бермаяпсизлар?!” – дейилади.

26.Йўқ, улар бу кунда ҳеч нарса қилолмай, Бизнинг ҳукмимизга таслим бўлувчидирлар!

27.Улар савол бериб, бир-бирларига юзланадилар.

28.Эргашганлар ўз раҳнамоларига: “Ҳақиқатан, сизлар биз ишониб яхшилик кутадиган ўнг томондан келар эдингиз”, – дейдилар.

29.Раҳнамолари уларга: “Йўқ, ўзларингиз мўмин бўлмаган эдингизлар”, – дейдилар.

30.Ахир бизлар учун сизларнинг устингиздан дунёда ҳукмронлик йўқ эди-ку! Йўқ, сизлар ўзларингиз туғёнга кетган қавм эдингиз.

31.Бас, энди бизларга Роббимизнинг азоб ҳақидаги сўзи муқаррар бўлди. Энди, бизлар бу азобни тотувчилармиз.

32.Чунки бизлар йўлдан озувчи бўлганимиз учун сизларни ҳам йўлдан урдик.

33.Бас, албатта, улар ўша кунда азобда шерикдирлар.

34.Албатта, Биз гуноҳкорларни мана шундай азобга дучор қиламиз.

35.Чунки уларга: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”,дейилганда, такаббурлик қилар эдилар.

36.Мушриклар: “Нима, бизлар бир мажнун шоирни деб илоҳларимизни тарк қиламизми?” – деб айтардилар.

37.Йўқ, Муҳаммад ҳақ динни олиб келди ва олдинги барча пайғамбарларни тасдиқ қилди.

38.Эй жиноятчилар, сизлар, шак-шубҳасиз, аламли азобни тотувчидирсизлар!

39.Сизлар фақат қилиб ўтган гуноҳларингиз сабабли жазоланасизлар.

40.Фақат Аллоҳнинг ихлосли бандалари бундан мустаснодир.

41.Ана улар учун маълум ризқ бордир.

42.Уларга жаннатда турли мевалар бўлади. Улар иззат-икромдадирлар,

43.Неъматланиш жаннатларида бўладилар.

44.Жаннатдаги сўрилар устида бир-бирларига рўбарў бўлиб ўтирадилар.

45.Уларга оқар чашмадан қадаҳлар айлантирилиб турилади.

46.Бу қадаҳлардаги шароблар уни ичувчилар учун лаззатли ва оппоқдир.

47.У шаробда ақлдан оздирувчи нарса бўлмайди ва улар ундан маст бўлмайдилар.

48.Яна уларнинг олдиларида нигоҳлари бегоналарга қарашдан тийилган, шаҳло кўзли ҳур қизлар бўлади.

49.Улар худди пардага ўралган оппоқ тухумдекдирлар.

50.Бас, улар жаннатда бир-бирларига юзланиб савол-жавоб қиладилар.

51.Улардан бири: “Менинг дунёда бир дўстим бор эди”, – дейди.

52.У менга: “Чиндан ҳам сен ўлганимиздан кейин яна қайта тирилишимизни тасдиқ қилувчиларданмисан?” – дер эди.

53.Ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетган вақтимизда ҳақиқатан, ҳам қайта тирилиб жазоланувчимизми?, – деб айтарди.

54.Охиратни инкор қилган дўсти ҳақидаги воқеани айтиб берувчи сўзини тугатгач жаннатдагиларга: “Сизлар ҳам ўша дўстимнинг дўзахдаги ҳолига қараяпсизларми?” – дейди.

55.Кейин ўзи қараб уни дўзахнинг ўртасида кўради.

56.Шундан кейин: “Аллоҳга қасамки, мени ҳам ҳалок қилишингга оз қолган экан”, – дейди.

57.Агар Роббимнинг ҳидоят неъмати бўлмаганида эди, албатта, мен ҳам сен билан бирга дўзахга ҳозир қилинувчилардан бўлар эдим.

58.Қани, энди айт-чи, бизлар ўлувчи эмас эканмизми?!

59.Биринчи ўлимимиздан кейин азобланувчи ҳам эмас эканмизми?!

60.Албатта, мана бу жаннат неъматлари улкан ютуқдир!

61.Бас, амал қилувчилар мана шундай абадий саодат учун амал қилсинлар!

62.Мана шу жаннат яхши зиёфатми ёки дўзахдаги заққум дарахтими?

63.Ҳақиқатан, Биз бу заққум дарахтини золимлар учун фитна қилиб қўйдик.

64.Чиндан ҳам, у дўзах қаъридан ўсиб чиқадиган бир дарахтдир.

65.Унинг бутоқларидаги мевалари худди шайтонларнинг бошларига ўхшаб хунукдир.

66.Бас, дўзах аҳллари, албатта, ундан еювчи ва қоринларни у билан тўлдирувчидирлар.

67.Сўнгра, бунинг устига, уларга қайноқ сувдан аралаштириш ҳам бордир.

68.Сўнгра уларнинг қайтар жойлари, албатта, дўзах томон бўлади.

69.Албатта, улар ўзларининг ота-боболарини ҳақ йўлдан адашган ҳолда топдилар.

70.Бас, ўзлари ҳам уларнинг изларидан югуриб бормоқдалар.

71.Улардан аввал ўтганларнинг кўпчиликлари ҳақ йўлдан адашган эдилар.

72.Ҳолбуки, Биз уларнинг орасига огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборган эдик.

73.Бас, огоҳлантирилганларнинг оқибатлари қандай бўлганини мана кўринг!

74.Фақат Аллоҳнинг ихлосли бандаларигина ҳалокатга дучор бўлмадилар.

75.Қасам бўлсинки, Нуҳ пайғамбар қавмидан шикоят қилиб, Бизга нидо қилди. Бас, Биз дуоларни нақадар яхши ижобат қилувчимиз!

76.Биз унга ва унинг аҳлига катта ташвишдан нажот бердик.

77.Тўфондан кейин унинг зурриётини боқий қолувчи кишилар қилиб қўйдик.

78.Кейинги авлодлар орасида у ҳақида чиройли мақтовлар қолдирдик.

79.Барча оламларда Нуҳга салом бўлсин!

80.Биз яхши амал қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз!

81.Албатта, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир!

82.Сўнгра Нуҳга эргашганлардан бошқаларни тўфонда ғарқ қилиб юбордик.

83.Ҳақиқатан, Иброҳим ҳам у Нуҳ пайғамбарнинг гуруҳидандир.

84.Ўшанда, Иброҳим Роббисига соғлом қалб билан келди.

85.Ўшанда у отаси ва қавмига: “Нималарга ибодат қиляпсизлар?!” – деди.

86.Аллоҳни қўйиб, уйдирма илоҳларга сиғинишни хоҳлайсизларми?!

87.У ҳолда бутун оламлар Роббисининг жазоси ҳақида нима гумонингиз бор?!”

88.Кейин у юлдузларга бир назар солди.

89.Сўнгра: “Ҳақиқатан, мен беморман”, – деди.

90.Одамлар дарҳол ундан юз ўгириб, ортга қараб кетдилар

91.Кейин Иброҳим уларнинг уйдирма илоҳлари олдига аста келиб: “Олдиларингизга қўйилган таомдан емайсизларми?” – деди.

92.Сизларга нима бўлди, гапирмайсизлар?!

93.Сўнгра уларга яқин келиб, ўнг қўлидаги болта билан урди.

94.Шунда, қавми унинг олдига бир-бирларини туртиб келдилар.

95.Иброҳим уларга: “Ўзларингиз йўниб, ясаб олган нарсаларга ибодат қиласизларми?!” – деди.

96.Ҳолбуки, сизларни ҳам, ясаган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!

97.Улар бир-бирларига қараб: “У Иброҳим учун ичида олов ёнадиган бинолар қуриб, уни ўша олов ичига ташланглар”, – дедилар.

98.Бас, улар Иброҳимга макр қилмоқчи бўлдилар. Биз эса уларни энг тубанлардан қилдик.

99.Иброҳим олов ичидан саломат чиқиб: “Албатта, мен Роббим буюрган тарафга кетувчиман. Унинг Ўзи мени тўғри йўлга бошлайди”, – деди.

100.Эй Роббим, менга солиҳ фарзандлардан ато қилгин.

101.Бас, Биз унга бир юмшоқкўнгил ўғилнинг хушхабарини бердик.

102.Бас, қачонки у бола отаси билан бирга юрадиган бўлгач, Иброҳим унга: “Эй ўғилчам, мен кўпинча тушимда сени қурбон қилиш учун сўяётганимни кўрмоқдаман. Ўйлаб қараб кўр, нима дейсан?” – деган эди. Ўғли Исмоил: “Эй отажон, сенга тушингда Аллоҳ томонидан нима буюрилган бўлса, ўша нарсани қилгин. Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топасан”.

103.Бас, қачонки, икковлари ҳам Аллоҳнинг амрига таслим бўлиб, Исмоилни қурбонлик учун пешонаси билан ерга ётқизган эди.

104.Биз унга: “Эй Иброҳим тўхта!” – деб нидо қилдик.

105.Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқладинг. Албатта, Биз яхши иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз.

106.Албатта, бу қурбонликка амр қилишим аниқ бир синов эди.

107.Биз Исмоилнинг ўрнига жаннатдан тушган катта бир қўчқор сўйишни эваз қилиб бердик.

108.Кейинги авлодлар орасида у Иброҳим ҳақида яхши гапларни қолдирдик.

109.Иброҳимга салом бўлсин!

110.Биз яхши иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз!

111.Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.

112.Яна, Биз унга солиҳлардан ва пайғамбар бўлган Исҳоқнинг хушхабарини бердик.

113.Унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. У иккисининг зурриётидан яхши амал қилувчи ҳам, ўзига аниқ зулм қилувчи ҳам бўлади.

114.Қасам бўлсинки, Биз Мусо ва Ҳорунга ҳам пайғамбарлик инъом қилдик.

115.Биз иккисига ҳам уларнинг қавмига ҳам катта ташвишдан нажот бердик.

116.Биз уларга мадад бердик, бас, улар фиръавн устидан ғолиб бўлдилар.

117.Биз у иккисига мукаммал баёнли Таврот китобини бердик.

118.Шунингдек, уларни тўғри йўлга ҳидоят қилдик.

119.Кейинги авлодлар орасида у иккиси хусусида яхши гапларни қолдирдик.

120.Мусо ва Ҳорунга салом бўлсин!

121.Биз яхши иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз!

122.Дарҳақиқат, у иккиси ҳам мўмин бандаларимиздандир.

123.Албатта, Илёс ҳам пайғамбарлардандир!

124.Ўшанда, у ўз қавмига: “Аллоҳдан қўрқмайсизларми?!” – деган эди:.

125.Сизлар яратувчиларнинг энг яхшисини қўйиб, олтиндан ясалган Баъл номли бутга сиғинасизларми?!

126.Сизларнинг Роббингиз ва аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Роббиси Аллоҳдан бошқага ибодат қиласизларми?!

127.Бас, қавми Илёсни ёлғончига чиқардилар. Сўнгра, албатта, улар дўзахга ҳозир қилинувчилардир.

128.Фақат Аллоҳнинг ихлосли бандаларигина бундан мустаснодир.

129.Биз кейинги авлодлар орасида у ҳақида чиройли мақтовлар қолдирдик.

130.Илёсинга салом бўлсин!

131.Биз яхши амал қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз!

132.Шубҳасиз, у мўмин бандаларимиздандир.

133.Лут ҳам, шубҳасиз, пайғамбарлардандир!

134.Ўшанда, Биз унга ва унинг барча аҳлига нажот берган эдик.

135.Лекин азобда қолувчилардан бўлган бир кампирга нажот бермадик.

136.Сўнгра қолганларини ҳалок қилдик.

137.Эй Макка аҳли, аниқки сизлар ҳалигача уларнинг устидан тонгда ўтиб турасизлар.

138.Тунлари ҳам уларнинг устидан ўтасизлар. Ахир, Лутнинг қавми бошига тушган ҳалокат сизларнинг ҳам бошингизга тушиб қолишидан қўрқиб ақл юритмайсизларми?!

139.Юнус ҳам, шубҳасиз, пайғамбарлардандир!

140.Ўшанда у ўз қавмидан ғазабланиб ичи тўла юкли кемага қараб қочган эди.

141.Кейин кемадагилар билан қуръа ташлашди ва мағлуб бўлди.

142.Сўнгра Юнусни денгизга улоқтиришди, уни маломатга қолган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди.

143.Бас, агар у Аллоҳга доимо тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида

144.Аниқ, у балиқ қорнида, то қайта тириладиган қиёмат кунигача қолиб кетган бўлар эди.

145.Кейин Биз уни хаста ҳолида қуруқликка улоқтирдик.

146.Унинг устида соя ташлаб туриши учун бир қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.

147.Биз уни юз минг, балки ундан ҳам кўпроқ одамларга пайғамбар қилиб юбордик.

148.Бас, улар Аллоҳга иймон келтирдилар. Кейин уларни маълум бир муддатгача ҳаётдан баҳраманд қилдик.

149.Эй Муҳаммад, Макка кофирларидан сўранг-чи, қизлар Роббингизники-ю, ўғиллар уларникими?!

150.Ёки Биз фаришталарни уларнинг гувоҳликларида қиз қилиб яратдикми?!

151.Огоҳ бўлинглар, улар уйдирмалари туфайли шундай дейдилар.

152.Мушриклар: “Аллоҳ бола туғди”, деб бўҳтон қиладилар. Улар, аниқ ёлғончидирлар!

153.Аллоҳ ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эканми?!

154.Эй мушриклар сизларга нима бўлди?! Қандай ноҳақ ҳукм чиқаряпсизлар?!

155.Ахир ўйлаб кўрмайсизларми?!

156.Ёки сизлар учун Аллоҳнинг фарзанди бор экани ҳақида бирор аниқ ҳужжат борми?!

157.Бас, агар ростгўй бўлсангиз, мана шу даъволарингизни тасдиқловчи китобингизни келтиринглар-чи?!

158.Мушриклар У билан жинлар ўртасида насаб бор деб гумон қилдилар. Ҳолбуки, жинлар бу мушрикларнинг Аллоҳнинг азобига ҳозир қилинувчи эканларини билганлар.

159.Аллоҳ мушрикларнинг сифат бераётган нарсаларидан покдир.

160.Фақат Аллоҳнинг ихлосли бандалари Аллоҳни тўғри сифатлайдилар.

161.Эй мушриклар, шак-шубҳа йўқки, сизлар ҳам, сиғинаётган бутларингиз ҳам

162.У Зотга қарши фитнага солувчи эмассизлар.

163.Фақат дўзахга кирувчи бўлган кимсаларнигина фитна қиласизлар.

164.Фаришталар: “Бизларнинг ҳар биримиз учун осмонларда маълум бир мақом бордир”, – дедилар.

165.Албатта, бизлар Аллоҳнинг йўлида саф тортиб турувчилармиз.

166.Ҳамда бизлар доимо Аллоҳга тасбеҳ айтувчилардирмиз.

167.Дарвоқе Макка аҳли Қуръон нозил бўлишидан илгари айтар эдиларки

168.Кошки, бизнинг олдимизда ҳам аввалгиларнинг китобларидан бирор эслатма бўлса эди.

169.Шунда, албатта, бизлар ҳам Аллоҳнинг ихлосли бандалари бўлар эдик.

170.Бас, Қуръон нозил бўлгач, уни инкор қилдилар. Бас, яқинда қилмишларининг оқибатини биладилар.

171.Пайғамбар қилиб юборилган бандаларимиз учун сўзимиз собит бўлган.

172.Сўзимиз, албатта, уларнинг нусрат топувчилар бўлишидир.

173.Шубҳасиз, пайғамбарлар ва мўминлардан бўлган лашкарларимизулар ғолибдирлар.

174.Бас, эй Муҳаммад, сиз улардан маълум бир вақтгача юз ўгириб туринг.

175.Уларни мағлуб бўлганларида кўринг! Бас, яқинда улар куфрларининг оқибатини кўрадилар.

176.Ҳали улар азобимизга ошиқмоқдаларми?!

177.Бас, қачонки, азобимиз уларнинг ҳовлиларига тушганида огоҳлантирилган кимсаларнинг тонглари жуда ёмон бўлади.

178.Бас, эй Муҳаммад, сиз улардан маълум бир вақтгача юз ўгириб туринг.

179.Уларни мағлуб бўлганларида кўринг! Бас, яқинда улар куфрларининг оқибатини кўрадилар.

180.Иззат эгаси бўлган Роббингиз улар сифатлаётган нуқсонлардан покдир.

181.Ҳамда расулларга салом бўлсин!

182.Барча оламларнинг РоббиАллоҳга ҳамд бўлсин!