1.Алиф, Лом, Мим, Ро. Булар муқаддас Китоб бўлган Қуръон оятларидир. Эй Муҳаммад, сизга нозил қилинган бу Қуръон айни ҳақиқатдир, лекин шунда ҳам одамларнинг кўпчилиги иймон келтирмайдилар.
Ra'd сураси
Makkaда нозил бўлган.
13-жуз,13-сура,43 оятдан иборат2.Аллоҳ осмонларни уни кўриб турганингиздек устунсиз кўтариб қўйган, сўнгра Аршни эгаллаган ҳамда қуёш ва ойни Ўз амрига бўйсундирган Зотдир. Ҳар бири муайян муддат бўлган қиёмат кунигача юриб туради. Аллоҳ барча ишнинг тадбирини қилади ва оятларни батафсил баён қилади. Шоядки, сизлар қиёмат кунида Роббингизга рўбарў бўлишга аниқ ишонсангиз.
3.У Зот Ерни ёйиб ва унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилгандир. У ердаги барча мевалардан иккитадан эркак-урғочи қилиб жуфт яратгандир. У тун билан кундузни қоплайди. Албатта, бу мисолларда фикр юритадиган қавм учун далиллар бордир.
4.Ер юзида унумдор ва унумсиз бир-бирига қўшни тупроқ парчалари бор. Ҳамда узумзор боғлар, экинзорлар ва шохлаб кетган ва шохлаб кетмаган хурмолар бўлиб, барчаси бир сув билан суғорилади. Лекин бир хил сув билан суғорилса ҳам уларнинг емишларини таъмда баъзиларини баъзиларидан афзал қилиб қўямиз. Албатта, бунда ақл ишлатадиган қавм учун ибратлар бордир.
5.Эй Муҳаммад, агар бу ажойиб гўзалликлардан ҳайратга тушиб ажабланаётган бўлсангиз, унда у кофирларнинг: “Тупроқ бўлиб кетгач, янгидан яратиламизми?” – деган гаплари янада ажабланарлидир. Ана ўшалар Роббиларига куфр келтирганлардир. Қиёмат кунида ана уларнинг бўйинларида кишанлар бўлади. Ана ўшалар дўзах аҳли бўлиб, у ерда мангу қоладилар.
6.Эй Расулим, мушриклар ва мунофиқлар, сендан яхшиликдан олдин ёмонликни тезлаштиришни сўрайдилар. Ҳолбуки, улардан олдин ҳам ҳалокатга учраган қавмлар ҳақида кўплаб мисоллар ўтган. Лекин Роббинг уларнинг зулмига қарамай одамлар учун мағфират эгасидир. Шу билан бирга, шубҳасиз, Роббингиз азоби қаттиқ Зотдир.
7.Куфр келтирган кимсалар: “Унга Роббиси томонидан бирор мўъжиза туширилса эди”, – дейдилар. Эй Муҳаммад, сиз эса фақат уларни қиёмат азобидан огоҳлантирувчисиз. Ҳар бир қавм учун ҳидоятга етакловчиси бор.
8.Фақат Аллоҳ таологина ҳар бир аёлнинг ҳомиласини ўғилми-қизми, оқми-қорами нима кўтариб юрганини ва бачадонлар муддатидан илгари ташлайдиган болани ҳам, тўққиз ойдан ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам билади. Унинг ҳузурида ҳар бир нарса ўлчов биландир.
9.Аллоҳ махфий ва ошкора барча нарсани билувчи буюк ва юксак Зотдир.
10.Сизлардан ким сўзини сир сақласа ёки уни ошкор қилса ва кечаси яширинган билан кундузи айланиб юрган ҳаммаси баробардир. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг илмидадир.
11.У инсоннинг олдида ҳам, орқасида ҳам таъқиб қилиб, кузатиб юрувчи фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб турадилар. Шубҳасиз, бир қавм ўзидаги ҳолатни ўзгартирмагунча Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмайди. Агарда Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни раво кўрса, бас, уни орқага қайтариб бўлмайди ва улар учун Ундан Ўзга балодан сақлаб қолувчи ҳоким йўқдир.
12.Эй одамлар, У сизларга момоқалдироқнинг кучли овозидан хавф ва унинг натижасида ёмғир ёғишидан умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўрсатадиган ва оғир булутларни пайдо қиладиган Зотдир.
13.Момақалдироқ ҳам Унга ҳамд билан тасбеҳ айтади. Фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан тасбеҳ айтадилар. У Зот яшинларни юбориб, Ўзи хоҳлаган кишиларни улар Аллоҳ ҳақида талашиб-тортишиб турганларида у билан уради. Унинг азоб билан ушлаши қаттиқдир.
14.Ҳақиқий дуо, фақат Унга қилинади. Ундан бошқани қўйиб бутларига илтижо қилаётганларида у мушрикларнинг бирорта дуосини ижобат қилмайди. Улар худди икки кафтини сувга узатиб, сув оғзига етиб келишини кутиб турган одамга ўхшайдилар. Ваҳоланки, у сув унга етиб келувчи эмасдир. Кофирларнинг дуоси йўқотишдан бошқа нарса эмас.
15.Осмонлар ва Ердаги барча махлуқот ва уларнинг соялари ҳам хоҳ истасин, хоҳ истамасин эртаю кеч Аллоҳга сажда қилади.
16.Эй Муҳаммад, уларга: “Осмонлар ва Ернинг Роббиси ким?” – деб айтинг. Кейин уларга: “Албатта, Аллоҳдир”, – деб жавоб беринг. Ҳамда уларга: “Бас, Уни қўйиб, ўзларига фойда ҳам зарар ҳам етказишга кучи етмайдиган бут ва санамларни дўстлар қилиб олдингизми?” – деб айтинг. Яна улардан: “Қалби кўр гумроҳ билан ҳидоят йўлини кўрувчи одам баробар бўладими? Ёки бўлмаса зулматлар билан нур баробар бўладими? Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У Зотга шерик қилиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар Аллоҳ томониданми ёки бут томониданми эканлиги номаълум бўлиб қолдими?” – деб айтинг. Эй Расулим, уларга: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У ёлғиз ва Ўз ишида ғолибдир”, – деб жавоб беринг.
17.Аллоҳ таоло осмондан сув ёғдиргач, водийларда ўз миқдорича сел оқиб тошади. Шунда сел ўз устига чиқиб қолган кўпикларни ҳам кўтариб келади. Одамлар зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна ясаш учун тоблаб ёқадиган оловлардан ҳам шунга ўхшаш кўпик ва чиқинди пайдо бўлади. Аллоҳ ҳақ билан ботилни мана шундай мисол билан баён қилади. Аммо кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Одамларга фойда берадиган нарса эса ерда қолади. Аллоҳ ибратли мисолларни ана шу тарзда келтиради.
18.Роббиларининг чақириғига лаббай деб жавоб берган кимсалар учун гўзал мукофот бўлган жаннат бордир. Бироқ Унга ижобат қилмаганлар эса, борди-ю Ер юзидаги барча нарса ҳатто, у яна икки баробар кўпайиб уларники бўлса, уни Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун фидо қилган бўлар эдилар. Улар учун ҳисоб-китобнинг ёмони бўлади. Борар жойлари жаҳаннамдир ва у нақадар ёмон жойдир.
19.Эй Муҳаммад, сизга Роббингиздан нозил қилинган нарсанинг, шубҳасиз, ҳақ эканини биладиган кимса қалб кўзи кўр одам каби бўладими? Ундан фақатгина, ақл эгалари эслатма олади.
20.Иймонли кимсалар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладилар ва Аллоҳ йўлида содиқ қолишга берган ваъдаларини бузмайдилар.
21.Улар Аллоҳнинг қариндошлар билан алоқани мустаҳкамлашга доир буюрган ишларига амал қилиб ришталарни боғлайдилар, Роббиларидан қўрқадилар ва ҳисоб-китобнинг ёмон бўлишидан хавфсирайдилар.
22.Улар Роббиларининг розилигини истаб турли машаққатларга сабр қиладиган, намозларини тўлиқ қоим қиладиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан билдирмай ва билдириб эҳсон қиладиган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган солиҳ кимсалардир. Айнан улар учун охират диёрининг гўзал оқибати бор.
23.Бу охират диёри мангу Адн номли жаннатлари бўлиб унга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан бўлган мўмин ва солиҳ кимсалар билан кирадилар. Кейин уларнинг ҳузурларига ҳар бир эшикдан фаришталар кириб келадилар.
24.Аллоҳ йўлида ҳар қандай машаққатларга сабр қилиб ўтганларингиз учун энди бу ерда сизларга саломатлик бўлгай. Охират диёрининг оқибати нақадар яхши!
25.Аллоҳга берган ваъдасини мустаҳкамлаганидан кейин ҳақ ва яхшиликдан юз ўгириб уни бузадиганлар, Аллоҳ боғланишига буюрган хайрли амалларни кесадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсаларга эса Аллоҳдан лаънат ва диёрнинг ёмони бўлган дўзах бордир.
26.Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб қўяди ва хоҳлаган кишиларнинг ризқини тор қилиб қўяди. Мушриклар мана шу ўткинчи дунё ҳаёти билан хурсанд бўлиб юрдилар. Ҳолбуки, бу дунё ҳаётининг хурсандчилиги охират олдида фақатгина бир арзимас матодир.
27.Куфр келтирган кимсалар: “У Муҳаммадга Роббиси томонидан бирор мўъжиза нозил қилинса эди”, – дейдилар. Эй Расулим, уларга: “Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни адаштиради ва Аллоҳга тавба қилиб қайтган кишиларни эса ҳидоят қилади”, – деб айтинг.
28.Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган кимсалардир. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором топади.
29.Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар учун хушнудлик ва қайтиб бориладиган жойнинг энг гўзали – жаннат бордир.
30.Шундай қилиб, сизни ундан олдин ҳам кўплаб умматлар ўтган бир уммат ичига сизга ваҳий қилган Қуръонни тиловат қилиб беришингиз учун юбордик. Ҳолбуки, улар даъватга қулоқ тутмай Раҳмонни инкор қилар эдилар. Уларга: “У менинг Роббимдир, Ундан ўзга илоҳ йўқ. Унинг Ўзига суяндим ва тавба қилишим ҳам ёлғиз Унгадир”, – деб айтинг.
31.Борди-ю бир Қуръон бўлиб унинг кучи билан тоғлар ўрнидан силжитилса ёки Ер парчаланадиган бўлса ёки бўлмаса ўликлар тирилиб тилга киритилса ҳам мана шу Қуръон бўлар эди. Аксинча, ишларнинг барчаси Аллоҳга хосдир. Наҳотки, ҳали ҳам иймон келтирганлар, агар Аллоҳ хоҳласа, барча одамларни ҳидоятга солар эди, деб тушунмаяптиларми? Кофир бўлганларга эса, Аллоҳнинг ваъдаси келгунча, қилган ишлари сабабли даҳшатли офат етиб тураверади ёки уларнинг юртлари яқинига фалокатлар тушиб кофирларни саросимага солиб туради. Шубҳасиз, Аллоҳ ваъдасига асло хилоф қилмайди.
32.Эй Расулим, дарҳақиқат, сиздан олдинги пайғамбарларнинг устидан ҳам масхара қилинганида, Мен пайғамбарларни ёлғончи қилиб куфр келтирган кимсаларга бир оз муҳлат бердим, кейин уларни азобим билан тутдим. Мана уларга берган жазоларим қандай бўлди?!
33.Ҳар бир жон эгасининг қилаётган ишини кузатиб турувчи Зотни ҳеч нарсага қодир бўлмаган махлуқлар билан тенглаштириш мумкинми? Улар турли нарсаларни Аллоҳга шерик қилиб олдилар. Эй Расулим, уларга: “Қани, у бутларнинг номларини ва қила оладиган ишларини айтинглар-чи? Ёки Унга Ер юзидаги билмайдиган бирон нарсасининг хабарини берасизларми?! Ёки, фақат юзаки гап билан сўзларига ишониб, сиғиниб кетаверасизларми?” – деб айтинг. Аксинча, куфр келтирган кимсаларга ўзларининг макрлари чиройли кўрсатилди ва улар ҳақ йўлдан тўсилдилар. Кимни Аллоҳ йўлдан адаштирса, унинг учун бирор ҳидоят қилувчи йўқдир.
34.Улар учун бу дунё ҳаётида азоб бордир. Охират азоби эса машаққатлироқдир. Уларни Аллоҳнинг азобидан сақлаб қолувчи ҳеч қандай куч йўқдир.
35.Тақводор кишилар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли унинг тагидан анҳорлар оқиб туради, мевалари ва соялари доимийдир. Мана бу тақво қилган кимсаларнинг чиройли оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса мангу дўзахдир.
36.Биз Таврот ва Инжил Китобини берган кимсалар сизга нозил қилинган Қуръон сабабли хурсанд бўладилар. Бироқ яҳудий ва насронийлардан иборат гуруҳлар орасида Қуръоннинг баъзи бир қисмини инкор қиладиганлар ҳам бор. Эй Муҳаммад, уларга: “Албатта, мен ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка буюрилдим. Фақат ёлғиз Унга қул бўлишга даъват қиламан ва охири қайтар жойим ҳам Унинг ҳузуригадир”, – деб айтинг.
37.Шунингдек, Биз бу Қуръонни олдин ўтган элчиларимизга ўз тилларида ваҳий қилганимиздек, арабий ҳукм ҳолида нозил қилдик. Қасам бўлсинки, агар сизга келган шу билимдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи истакларига эргашсангиз, сизга Аллоҳ томонидан бирор дўст ҳам, ҳимоячи ҳам йўқдир.
38.Дарҳақиқат, сиздан аввал ҳам кўплаб пайғамбарлар юборганмиз ва уларга жуфти ҳалоллар ва зурриётлар берганмиз. Ҳеч бир пайғамбар учун Аллоҳнинг изнисиз бирор мўъжиза келтириш мумкин эмас. Ҳар бир вақт учун муносиб Китоб бордир.
39.Аллоҳ нимани хоҳласа, унинг ҳукмини бекор қилади ва нимани хоҳласа, уни собит қилади. Китобнинг онаси бўлган Лавҳ ул-Маҳфуз Унинг ҳузуридадир.
40.Эй Расулим, агар сизга у кофирларга ваъда қилганларимизнинг баъзиларини кўрсатсак ҳам ёки сизни бундан олдинроқ вафот эттирсак ҳам, албатта, сизнинг зиммангизда Исломни одамларга тўлиқ етказиш бордир. Бизнинг зиммамизда эса қиёмат куни ҳисоб-китоб қилиш бор.
41.Макка мушриклари Биз ерларига келиб, мусулмонларнинг аста-секин фатҳ қилиб келаётганлари сабабли уни атрофларидан қисқартириб бораётганимизни кўрмадиларми?! Аллоҳ Ўзи хоҳлаганича ҳукм қилади. Унинг ҳукмини кузатиб, таъқиб қилиб борувчи йўқ. У тез ҳисоб-китоб қилувчидир.
42.Улардан аввалги яшаб ўтган кимсалар ҳам пайғамбарларига қарши макр қилганлар. Бироқ барча макрлар Аллоҳнинг измидадир. У Зот ҳар бир жон эгасининг қилаётган ишини билиб туради. Яқинда кофирлар охират диёрининг оқибати кимники эканини билиб оладилар.
43.Куфр келтирган кимсалар сизга: “Сен Аллоҳ томонидан юборилган элчи эмассан”, – дейдилар. Эй Расулим, уларга: “Мен билан сизнинг орангизда Аллоҳнинг гувоҳлиги ва уларда Таврот, Инжил ва Қуръон китобининг илми бор кишилар гувоҳлиги кифоядир”, – деб айтинг.

