1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Taloq сураси

Madinaда нозил бўлган.

28-жуз,65-сура,12 оятдан иборат

1.Эй Пайғамбар, қачонки, сизлар хотинларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг поклик пайтларидаги иддаларида талоқ қилинглар ва иддани сананглар. Роббингиз бўлган Аллоҳдан қўрқинглар. Идда тугагунча уларни яшаб турган уйларидан чиқарманглар ва улар ҳам ўзларича чиқиб кетмасинлар. Фақат улар очиқ фаҳш ишни қилсаларгина уйларидан чиқариладилар. Бу Аллоҳнинг чегараларидир. Кимки, Аллоҳ чегараларидан чиқса, демак, у ўзига зулм қилибди. Сиз билмайсиз, эҳтимол, Аллоҳ бу талоқдан кейин бирор ишни пайдо қилар.

2.Бас, қачонки, идда муддатларига етсалар, бас, уларни яхшилик билан олиб қолинглар ёки яхшилик билан маҳрларини бериб ажрашинглар. Шунингдек, ярашаётган ёки ажралишаётганда ўзларингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар ва гувоҳликни Аллоҳ учун мукаммал адо қилинглар. Бу ҳукмдан фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирувчи киши панд-насиҳат олади. Ким Аллоҳга тақво қилса, унга ташвишлардан чиқиш йўлини пайдо қилади.

3.Ҳамда унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ беради. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилади. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишига етувчидир. Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйган.

4.Хотинларингиз орасидаги кексайиб ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида шубҳалансангизлар, бас, билингки, уларнинг иддалари уч ойдир, яна ҳали ҳайз кўрмаганларнинг иддалари ҳам шундайдир. Ҳомиладорларнинг идда муддатлари ҳомилаларини туғишларидир. Кимки Аллоҳга тақво қилса, Аллоҳ унинг ишини осон қилади.

5.Бу ҳукмлар Аллоҳнинг сизларга нозил қилган амридир. Кимки Аллоҳга тақво қилса, унинг ёмонликларини ўчиради ва унинг мукофотини буюк қилиб беради.

6.Идда сақлаётган хотинларингизга ўзларингиз яшаб турган жойдан имкониятингизга қараб жой беринглар ва уларни турган жойларидан сиқиб чиқариш мақсадида уларга зарар етказманглар. Агар улар ҳомиладор бўлсалар, у ҳолда, то ҳомилаларини қўйгунларича, уларга нафақа бериб туринглар. Бас, агар талоқ қилган аёлларингиз сизлар учун бола эмизсалар, у ҳолда уларнинг ҳақларини беринглар. Эмизиш хусусида яхшилик билан ўзаро келишиб олинглар. Агар келиша олмасдан қийинчиликка учрасангиз, бас, у ота учун боласини бошқа бир аёл эмизади.

7.Ўзига тўқ одам бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи тор қилинган бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато қилган нарсадан ҳолига яраша нафақа берсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи берганидан ортиқчани беришни таклиф қилмайди. Аллоҳ қийинчиликдан кейин осончиликни ҳам пайдо қилади.

8.Қанчадан-қанча қишлоқ ва шаҳарлар борки, улар Роббилари ва пайғамбарларининг амридан бош тортганлар, бас, Биз уларни қаттиқ ҳисоб-китоб қилганмиз ва хунук азоб билан азоблаганмиз.

9.Бас, у қишлоқ ва шаҳарларнинг аҳли ўз қилмишларининг уқубатини тоттилар ва бу ёмон ишларининг оқибати зиён кўриш бўлди.

10.Аллоҳ уларга охиратда ҳам қаттиқ азобни тайёрлаб қўйган. Бас, эй иймон келтирган ақл эгалари, Аллоҳдан қўрқинглар. Ҳақиқатан, Аллоҳ сизларга эслатма бўлиб келган Қуръонни нозил қилди.

11.Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган кимсаларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга Аллоҳнинг баён қилувчи оятларини тиловат қиладиган пайғамбарни юборди. Кимки Аллоҳга иймон келтирса ва яхши амаллар қилса, Аллоҳ уни тагидан анҳорлар оқиб турадиган ҳамда абадий қолинадиган жаннатларга киритади. Ҳақиқатан, Аллоҳ унинг учун гўзал жаннатнинг туганмас ризқини ато қилгандир.

12.Аллоҳ етти қават осмонни ва Ердан ҳам ўшанча миқдорни яратган Зотдир. Аллоҳнинг амри у осмон ва Ер ўртасида нозил бўлиб туради. Булар токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканини ва Аллоҳ барча нарсани Ўз илми билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учундир.