1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Mumtahana сураси

Madinaда нозил бўлган.

28-жуз,60-сура,13 оятдан иборат

1.Эй иймон келтирганлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманингиз бўлган мушрикларни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик ҳақида хабар юборасизлар, ҳолбуки, улар сизларга келган ҳақ динни инкор қилганлар. Улар пайғамбарнинг ва сизларнинг Роббингиз бўлган Аллоҳга иймон келтирганларингиз учун ўз юртларингиздан ҳайдаб чиқармоқдалар. Агар сизлар Менинг йўлимда жиҳод қилиш ва розилигимни исташ учун чиққан бўлсангиз уларни дўст тутманглар! Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмоқдасизлар. Ҳолбуки, Мен сизлар беркитган ва ошкор қилган нарсани яхши билувчиман. Сизлардан кимки шу ишни қилса, бас, аниқки, у тўғри йўлдан озибди.

2.Эй мўминлар, агар мушриклар сизлардан устун келсалар, душманларингиз бўладилар ва сизларга қўл ва тилларини ёмонлик билан узатадилар. Яна улар сизларни ўзларига ўхшаб кофир бўлишингизни хоҳлайдилар.

3.Қиёмат кунида сизларга қариндошларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам асло фойда бермайди! Қиёмат куни Аллоҳ ўрталарингизни ажратиб қўяди. Аллоҳ барча қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.

4.Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган иймонли кимсаларда гўзал намуна бордир. Ўшанда улар ўз қавмларига: “Бизлар сизлардан ва Аллоҳдан бошқага ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор қилдик. Токи, сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтирмагунингизгача, сизлар билан бизнинг ўртамизда доимий адоват ва нафрат пайдо бўлди”, – дедилар. Фақат Иброҳимнинг отасига: “Албатта, мен Аллоҳдан сен учун мағфират сўрайман, лекин сенга Аллоҳ томонидан бўладиган бирор нарсани қайтаришга кучим етмайди”, – деган сўзи бундан мустаснодир. Иброҳим ва у билан бирга бўлган иймонли кимсаларнинг дуоси: “Эй Роббимиз, Сенгагина таваккул қилдик, Ўзингга қайтдик ва қайтишимиз ҳам фақат сенинг ҳузуринггадир”, – дейиш эди.

5.Эй Роббимиз, Бизни куфр келтирган кимсаларга фитна қилиб қўймагин, бизни мағфират қил! Эй Роббимиз, албатта, Сен иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотсан.

6.Дарҳақиқат, сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган кишилар учун Иброҳим пайғамбар ва у зот билан бирга бўлган мўминларнинг тутган йўлларида гўзал намуна бордир. Кимки иймондан юз ўгириб кетса, бас, албатта, Аллоҳ ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғаний ва мақтовга лойиқ – Ҳамид Зотдир.

7.Ажаб эмас, балки Аллоҳ сизлар билан ва Макка кофирлари орасидаги сизлар душманлашиб юрган кимсалар ўртасида уларни иймонга киритиб дўстлик пайдо қилиб қўяр. Аллоҳ ҳаммасига қодирдир. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган Раҳим Зотдир.

8.Аллоҳ дин борасида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан сизларни қайтармайди. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севади.

9.Лекин албатта, Аллоҳ динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан қувиб чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсаларни дўст тутишдан қайтаради. Кимки улар билан дўстлашса, бас, ана улар золим кимсалардир.

10.Эй мўминлар, қачонки, сизларга Макка кофирлари томонидан мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар уларни имтиҳон қилиб кўринглар! Аллоҳ уларнинг қалбларидаги иймонларини жуда яхши билувчидир. Бас, агар уларнинг чиндан ҳам мўмина эканликларини билсангиз, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар! Булар энди кофирлар учун ҳалол эмас ва у кофирлар бу аёллар учун ҳалол эмасдир. Сизларнинг олдингизда қолган мўминаларнинг Маккада қолган кофир эрларига мана шу хотинлари учун сарфлаган маҳрларини эрларига қайтариб беринглар. Қачонки, уларга маҳрларини берсангизлар кейин уларни никоҳларингизга олишда сизларга гуноҳ йўқдир. Шунингдек, сизлар ҳам хотинларингиз кофира бўлган ҳолларида кофирлар билан қолишни истаса, уларнинг йўлларини тўсиб, никоҳларингизда сақламанглар ва кофир аёлларнинг қўлларини тутманглар. Ўзларингиз сарфлаган маҳрни улардан талаб қилинглар ва улар ҳам сарфлаган маҳрларини мўминлардан талаб қилсинлар! Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. У сизларнинг ўртангизда ҳукм қилади. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.

11.Агар жуфтларингиздан бирортаси кофирлар томонига ўтиб кетса-ю, аммо улар ўша хотин учун берилган маҳрни унинг эрига қайтариб бермасалар сўнг сизлар ўч олсангиз ва ўлжа қўлга киритсангиз, у ҳолда ўша ўлжалардан жуфтлари кофирлар томонига ўтиб кетган кишиларга улар сарфлаган маҳр миқдорини беринглар. Ҳамда ўзингиз Унга иймон келтирувчи бўлган Аллоҳдан қўрқинглар.

12.Эй Пайғамбар, қачонки, олдингизга мўминалар келиб, сизга ўзларининг Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликларига, ўғирлик қилмасликларига, зино қилмасликларига, ўз болаларини ўлдирмасликларига, қўллари ва оёқлари орасида тўқиб оладиган бўҳтонни келтирмасликларига ҳамда бирор яхши ишда сизга итоатсизлик қилмасликларига доир байъат қилсалар, сиз уларнинг байъатларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.

13.Эй иймон келтирганлар, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутманглар. Худди барча кофирлар қабр эгаларининг қайта тирилишларидан ноумид бўлганларидек, улар ҳам охиратдан ноумид бўлгандирлар.