1.Мушриклар бир-бирларидан нима ҳақида сўрашмоқдалар?!
Naba' сураси
Makkaда нозил бўлган.
30-жуз,78-сура,40 оятдан иборат2.Улуғ хабар ҳақида сўрамоқдалар.
3.Шундайки, у ҳақда улар доимо тортишувчидирлар.
4.Йўқ, уларнинг гумонлари беҳудадир. Улар яқинда бу хабарнинг ҳақ эканини билиб оладилар.
5.Сўнгра, яна йўқ, яқинда билиб оладилар.
6.Биз Ерни бешик қилиб тўшаб қўймадикми?!
7.Тоғларни эса Ерни тутиб турувчи қозиқлар қилиб қўймадикми?!
8.Биз сизларни жуфт-жуфт қилиб яратдик.
9.Уйқуларингизни танангиз учун ором қилдик.
10.Кечани эса ўз қоронғуси билан барча нарсани яшириб турадиган либос қилдик.
11.Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик.
12.Тепаларингизда етти қават мустаҳкам осмонни бино қилдик.
13.Яна қуёшни ҳарорат таратувчи чироқ қилдик.
14.Яна Биз сиқилган булутлардан дув-дув ёмғир ёғдирдик.
15.У сабабли дон ва наботот ундириб чиқарамиз.
16.Шунингдек, қалин боғларни ҳам яратдик.
17.Албатта, ажрим куни ҳисоб-китоб учун белгиланган вақтдир.
18.У кунда сур чалинади, бас, сизлар тўп-тўп бўлиб маҳшаргоҳга келасизлар.
19.Осмон ҳам очилиб, фаришталар учун дарвозаларга айланиб қолади.
20.Тоғлар ҳам жойларидан кўчирилади. Бас, у саробга айланиб қолади.
21.Албатта, жаҳаннам кофирларни пойлаб турувчидир.
22.Туғёнга кетганлар учун қайтиш жойидир.
23.Улар у ерда узун замонлар қолувчидирлар.
24.У ерда совуқлик ва ичимликни тотмайдилар.
25.Фақат қайноқ сув ва йирингни тотадилар.
26.Мана шу қилмишларига лойиқ жазодир.
27.Чунки, улар қиёмат кунидаги ҳисоб-китобдан умид қилмас эдилар.
28.Оятларимизни бутунлай ёлғонга чиқарган эдилар.
29.Ҳолбуки, Биз барча нарсани ҳисоб-китоб қилиб, ёзиб қўйганмиз.
30.Бас, эй кофирлар, азобимизни тотиб кўринглар! Энди сизларга фақат азобни зиёда қиламиз.
31.Албатта, тақводор зотлар учун жаннатда ютуқ бордир.
32.Улар учун боғлар ва узумзорлар бўлади.
33.Ёш ва ҳуснда тенгқур, бўлиқ сийнали ҳур қизлар бўлади.
34.Шароб тўла қадаҳлар бордир.
35.Улар у ерда бирор бекорчи ва ёлғон сўзни эшитмайдилар.
36.Бу Роббингиз томонидан бўлган мукофот ва неъмат ҳисобидандир.
37.У осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги барча нарсанинг Роббиси Раҳмондир. Ундан изн бўлмагунча сўзлашга ҳеч ким қодир эмасдир.
38.Руҳ ва барча фаришталар саф тортиб турадиган кунда одамлар гапирмайдилар, фақат Раҳмон изн берган кишигина сўзлайди ҳамда фақат рост гапиради.
39.Бу ҳақ ва рост кундир. Бас, ким хоҳласа, Роббиси томон қайтадиган йўлни тутади.
40.Дарҳақиқат, Биз сизларни яқин келажакда бўладиган азобдан огоҳлантирдик. У кунда ҳар бир киши ўзи қилиб ўтган нарсани кўради. Кофир кимса эса: “Эҳ, кошки эди, тупроқ бўлиб кетсам”, – дейди.

