1.Оламларга дўзах азобидан огоҳлантирувчи бўлиши учун бандаси Муҳаммадга Фурқонни нозил қилган Зот баракатли ва улуғдир.
Furqon сураси
Makkaда нозил бўлган.
18-жуз,25-сура,77 оятдан иборат2.У осмонлар ва Ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани аниқ миқдорда ўлчаб яратган Зотдир.
3.Мушриклар эса Уни қўйиб, бирор нарса ярата олмайдиган, аксинча, ўзлари яралувчи бўлган, ўзларига зарар ҳам фойда ҳам беришга эга бўлмайдиган, ўлимга ҳам, ҳаётга ҳам, қайта тирилишга ҳам молик бўлмайдиган сохта илоҳларни қилиб унга сиғиндилар.
4.Куфр келтирган кимсалар: “Бу Қуръон фақат Муҳаммад уни тўқиб олган бир уйдирмадир. Бу ишда унга бошқа қавмлар ёрдам берганлар”, – дедилар. Дарҳақиқат улар бу сўзлари билан зулм ва ёлғон келтирдилар.
5.Яна улар: “Бу аввалгиларнинг афсоналаридир, Муҳаммад уларни ёздириб олган. Бас, бу афсоналар унга эртаю кеч ўқиб берилади”, – дедилар.
6.Эй Расулим, уларга: “Бу Қуръонни осмонлар ва Ердаги барча сирни биладиган Зот нозил қилган. Шубҳасиз, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир”, – деб айтинг.
7.Улар яна масхара қилиб: “Бу қандай пайғамбар бўлдики, оддий одамлардек таом ейди ва бозорларда юради?! Унга пайғамбарлигини тасдиқлайдиган бирор фаришта осмондан туширилиб, у билан бирга огоҳлантирувчи бўлса эди?!” – дейдилар.
8.Улар яна: “Ёки унга осмондан эҳтиёжи учун хазина ташланса ёхуд унинг учун бир боғ бўлиб, ундан тановул қилса эди”, – деб айтадилар. Золимлар мўминларга қарата: “Сизлар фақат бир сеҳрланган кишига эргашмоқдасиз”, – дедилар.
9.Эй Муҳаммад, сизга қандай мисоллар келтиришганига назар солинг. Бас, улар ҳақ йўлдан оздилар. Энди, тўғри йўл топишга кучлари етмайди.
10.Агар истаса, сизга шу дунёдаёқ улар айтган нарсалардан яхшироғини, тагидан анҳорлар оқиб турадиган боғларни ва сиз учун қасрлар қилиб бера оладиган Зот улуғдир.
11.Йўқ, улар қиёмат соатини ёлғонга чиқардилар. Биз эса қиёматни ёлғонга чиқарганлари учун дўзахни тайёрлаб қўйганмиз.
12.Дўзах уларни узоқдан кўриши билан золимлар унинг ғазабли қайнашини ва даҳшатли шовқинини эшитадилар.
13.Қачонки, кишанланган ҳолларида унинг тор жойига ташланганларида, ўша жойда ўзларига ўлим тилаб қоладилар.
14.Шунда уларга: “Сиз бугун бир ўлимни эмас, кўп ўлимни истанглар”, – дейилади.
15.Эй Муҳаммад, уларга: “Қани, мана шу дўзах яхшими ёки тақводорларга мукофот ва қайтиш жойи бўлиб, уларга ваъда қилинган абадийлик жаннатими?!” деб айтинг.
16.Улар учун у ерда мангу қолувчи ҳолларида, истаган нарсалари бордир. Бу Роббингиз зиммасидаги масъулиятли ваъдадир.
17.У кунда Роббингиз мушрикларни ҳам, Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларини ҳам жамлаб уларга: “Менинг анави бандаларимни сизлар йўлдан оздирдингизми ёки ўзлари йўлдан оздиларми?” дейди.
18.Шунда улар: “Эй пок Роббимиз, бизлар учун Сендан ўзга дўстлар тутиш мумкин эмас эди. Лекин Сен уларни ва ота-боболарини дунёда турли неъматлар билан баҳраманд қилиб қўйдинки, ҳатто улар Сени эслашни ҳам унутдилар ва ҳалокатга учраган қавм бўлдилар.
19.Мана, сизлар уни “илоҳ” деб сиғинган бутларингиз айтаётган гапларингизни ёлғонга чиқардилар. Энди, азобдан қутулишга ҳам, бир-бирингизга ёрдам қилишга ҳам қодир эмассиз. Сизлардан ким зулм қилса, унга катта азобни тоттирамиз.
20.Эй Муҳаммад, сиздан олдинги Биз юборган барча пайғамбарлар ҳам, албатта, одамлардек таом еб, бозорларда юрар эдилар. Биз баъзиларингизни баъзиларингиз учун синов қилиб қўйдик, қани, бу синовларга сабр қила олармикинсиз? Роббингиз эса барчасини кўриб турувчи Зотдир.
21.Бизга дуч келишни умид қилмайдиганлар: “Бизга пайғамбар ўрнига фаришталар туширилса эди ёки биз Роббимизни кўзларимиз билан кўрсак эдик”, – дейдилар. Дарҳақиқат, улар ҳаддан ошдилар ва жуда катта кетдилар.
22.Улар фаришталарни кўрадиган қиёмат кунида жиноятчилар учун у кун ҳеч қандай хушхабар йўқдир. Фаришталар уларга: “Сизларга хушхабар бутунлай ҳаромдир”, – дейдилар.
23.Шундоқ ҳам Биз улар қилган ҳар бир амалнинг олдига ўтиб, уни сочилган тўзон каби қилиб қўйган бўламиз.
24.Жаннат аҳллари эса у кунда энг яхши маскан ва энг чиройли оромгоҳларда бўладилар.
25.У кунда булутли осмон ёрилиб, фаришталар ер юзига тушириладилар.
26.Ўша кунда ҳақ подшоҳлик ёлғиз Раҳмон учундир. У кофирларга жуда қийин бўлган кундир.
27.У кунда золим ўз қўлларини тишлаб надоматда: “Эҳ, қани, эди, мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди”, – дейди.
28.Ҳолимга вой, қани, эди фалончини дўст қилиб олмаганимда!
29.Аниқки, менга эслатма келганидан кейин ўша фалончи мени йўлдан оздирди. У кунда шайтон ўзига эргашган барча инсонни ёрдамсиз ташлаб кетувчидир.
30.Пайғамбар: “Эй Роббим, дарҳақиқат, менинг қавмим бу Қуръонни тарк қилдилар”, – деди.
31.Биз сиздан олдинги ҳар бир пайғамбар учун ҳам жиноятчи кимсалардан мана шундай душманлар қилганмиз. Ҳидоят қилувчи ва ёрдамчиликка Роббингизнинг Ўзи кифоядир.
32.Куфр келтирган кимсалар: “Муҳаммадга Қуръон яхлит бир тўплам ҳолида нозил қилинса бўлмасмиди?” – дейдилар. Эй Муҳаммад, қалбингизни бу Қуръон билан собит қилиш учун шундай қилдик. Ҳамда уни бўлиб-бўлиб тартил билан баён қилдик.
33.Улар сизга Қуръонни айблаш учун бирор масал келтирсалар, албатта, Биз сизга ҳақ жавобни ва энг чиройли шарҳни келтириб қўйдик.
34.Улар жаҳаннам томон юзтубан ҳолларида тўпланадилар. Ана ўшалар маконлари энг ёмон ва бутунлай йўлларидан адашган кимсалардир.
35.Ҳақиқатан, Биз Мусога китоб бердик ва биродари Ҳорунни унга ёрдамчи қилдик.
36.Сўнгра уларга: “Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган фиръавн қавмига боринглар”, – дедик. Улар куфрларидан қайтмагач уларни денгизга ғарқ қилиб қириб юбордик.
37.Пайғамбарларини инкор қилган Нуҳ қавмини ҳам тўфонда ғарқ қилдик ва уларни одамлар учун ибрат қилиб қўйдик. Шу билан бирга, бундай золимлар учун охиратда ҳам аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз.
38.Од, Самуд қабилаларини ва қудуқ эгаларини ҳамда шу орада яшаб ўтган кўплаб наслларни ҳам ҳалок қилдик.
39.Барчаларига турли масаллар келтирдик ва иймонга келмаганлари учун барчаларини бутунлай йўқ қилиб юбордик.
40.Аниқки, улар сафар чоғларида ёмон тошли ёмғир ёғдирилган шаҳардан ўтгандирлар. Ахир, уни кўриб ибрат олмаганмилар?! Йўқ, улар қайта тирилишга умид қилмайдиган кимсалардир.
41.Эй Муҳаммад, қачонки, улар сизни кўрсалар: “Аллоҳ мана шу одамни пайғамбар қилиб юбордими?!” деб масхара қиладилар.
42.Яна улар: “Агар чидаб қаттиқ турмаганимизда, чиндан ҳам у бизларни илоҳларимиздан оздиришига оз қолди”, – дейдилар. Яқинда, аламли азобни кўрган пайтларида ким йўлдан адашганроқ эканини билиб оладилар.
43.Эй Расулим, кўрдингизми, ким ҳавойи нафсини илоҳ қилиб олган бўлса, энди сиз унинг устида вакил бўлармидингиз?!
44.Ёки бўлмаса сиз уларнинг кўпларини ҳақ сўзни тинглай оладилар ё ақл ишлатадилар деб ўйлайсизми?! Йўқ, асло, улар ҳайвонларга ўхшайдилар, балки, улар ҳайвондан ҳам баттарроқ йўлдан адашувчидирлар.
45.Роббингиз соянинг қандай ёйиб қўйганини кўрмадингизми?! Агар хоҳласа, уни қимирлатмай қўйган бўлар эди. Сўнгра соянинг мавжудлигини нурга боғладик ва қуёшни унга далил қилдик.
46.Сўнгра қуёш кўтарилаётганда уни аста-секин Ўзимизга тортиб олдик.
47.Аллоҳ сизлар учун тунни либос, уйқуни ором қилиб қўйди, кундузни эса ҳар тарафга ёйилиб ҳаёт кечириш вақти қилди.
48.У Зот Ўз раҳмати олдидан ёмғир ёғиши учун хушхабар қилиб шамолларни юборди. Кейин осмондан тоза сув ёғдирдик.
49.Бу ёмғир суви билан қақраб ётган ўлик шаҳарларни тирилтириш ва Ўзимиз яратган кўплаб чорва ҳайвонлари ҳамда инсонларни суғориш учундир.
50.Биз бу Қуръонни одамлар эслатма олишлари учун ораларида тақсимлаб қўйдик. Бироқ одамларнинг кўплари фақат ношукрликни хоҳладилар.
51.Агар Биз хоҳласак, ҳар бир қишлоқ ва шаҳарга бир огоҳлантирувчи пайғамбар юборган бўлар эдик.
52.Бас, эй Расулим, кофирларга итоат қилманг ва бу Қуръон билан уларга қарши қаттиқ жанг қилинг.
53.Аллоҳ икки денгизни буниси чучук ва ширин, униси шўр ва аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва аралашиб кетмаслиги учун уларнинг ўртасида тўсиқ ва очилмас парда қилиб қўйган Зотдир.
54.У бир томчи сувдан инсонни яратди, кейин уни ота-она тарафидан насаб, қудачилик томондан эса қариндош қилиб қўйди. Дарҳақиқат, Роббингиз ҳар ишга қодирдир.
55.Мушриклар Аллоҳни қўйиб, ўзларига фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар. Кофир Роббисига қарши шайтонга ёрдамчидир.
56.Эй Муҳаммад, сизни фақат мўминларга жаннатдан хушхабар берувчи, кофирларга эса охират азобидан огоҳлантирувчи қилиб юбордик.
57.Эй Расулум уларга: “Мен даъватим учун сизлардан унга ҳеч қандай ҳақ сўрамайман, фақат ким хоҳласа, Роббиси томон йўл олишини сўрайман”, – деб айтинг.
58.Ўлмайдиган ҳамиша тирик Зотга таваккул қилинг ҳамда Унга ҳамду сано билан тасбеҳ айтинг. Бандаларининг гуноҳларидан хабардор бўлишда Унинг Ўзи етарлидир.
59.У осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга эгалик қилган Зотдир. У Раҳмондир, бас, У ҳақида хабардор Зотдан сўранг.
60.Агар мушрикларга: “Раҳмонга сажда қилинглар!” – дейилса, улар: “Раҳмон у нима? Сен буюрган нарсага сажда қилаверамизми?” – дейдилар. Бу сўз уларни янада иймондан йироқлаштиради.
61.Осмонда буржларни пайдо қилган ва унда чироқ ҳамда нур таратувчи ойни яратган Зот баракатли ва улуғдир.
62.У эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни бир-бирининг ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир.
63.Раҳмоннинг суюкли бандалари ерда босиқлик билан юрадиган ҳамда жоҳил кимсалар уларга кераксиз гаплар айтганида: “Саломат бўлинг!” – деб жавоб қайтарадиган кишилардир.
64.Улар тунларини Роббилари учун сажда қилган ва тик турган ҳолларида бедор ўтказадиган кимсалардир.
65.Улар: “Эй Роббимиз, бизлардан жаҳаннам азобини узоқлаштиргин. Албатта, унинг азоби доимийдир.
66.Шубҳасиз, у энг ёмон маскан ва энг ёмон мақомдир.
67.Улар ҳайру эҳсон қилганларида исроф ҳам, зиқналик ҳам қилмайдилар. Шу иккисининг ўртасида мўтадил йўл топадилар.
68.Улар Аллоҳ билан бирга бошқа сохта илоҳга илтижо қилмайдилар. Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмайдилар. Ҳамда зино қилмайдилар. Кимки мана шу гуноҳлардан биронтасини қилса, уқубатга дучор бўлади.
69.Бу гуноҳларни қилганларга қиёмат кунида азоб бир неча баробар орттириб берилади ва у ерда хорланган ҳолида мангу қолади.
70.Фақат ким тавба қилиб иймон келтирса ва яхши амалларни қилса, бас, Аллоҳ ана уларнинг ёмонликларини яхшиликларга айлантириб қўяди. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
71.Кимки тавба қилиб солиҳ амалларни қилса, шубҳасиз, Аллоҳнинг ризосига ҳақиқий қайтиш билан қайтади.
72.Раҳмоннинг суюкли бандалари ёлғон гувоҳлик бермайдилар. Агарда беҳуда сўз олдидан ўтиб қолсалар олийжаноблик билан ундан юз ўгириб ўтиб кетадилар.
73.Роббиларининг оятлари зикр қилинган пайтда улар оятларга кар ва кўр бўлиб, беэътибор ҳаракат қилмайдилар.
74.Улар: “Эй Роббимиз, жуфту ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини ҳадя қил ва бизларни тақводорларга етакчи қил”, – дейдилар.
75.Ана ўшалар озорларга сабр қилганлари учун жаннатдаги баланд қасрлар билан мукофотланадилар ва у ерда фаришталар томонидан салом ва табрик билан кутиб олинадилар.
76.Мўминлар у ерда абадий қоладилар. У энг гўзал маскан ва энг гўзал мақомдир.
77.Эй Муҳаммад, мушрикларга: “Агар дуоларингиз бўлмаганида, Роббим сизларга қиймат бермас эди. Бас, сизлар юборилган пайғамбарни инкор қилдингиз бас, яқинда сизларга азоб шарт бўлади”, – деб айтинг.

