1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Hijr сураси

Makkaда нозил бўлган.

14-жуз,15-сура,99 оятдан иборат

1.Алиф, Лом, Ро. Ушбу оятлар китоб ва очиқ-ойдин Қуръоннинг оятларидир.

2.Қиёмат кунида ҳали куфр келтирганлар афсусланиб, кошки, олдин мусулмонлардан бўлсайдик, – деб истаб қоладилар.

3.Эй Расулим, уларни ўз ҳолига қўйиб беринг, ҳозирчалик еб-ичиб қолсинлар, ўткинчи дунё матоҳларидан фойдалансинлар ва орзулар уларни чалғитаверсин. Бас, яқинда қилмишларининг оқибатини билиб оладилар.

4.Биз бирор шаҳар аҳолисини унинг учун маълум муддат ўтиб ажаллари келмагунча ҳалок қилмаганмиз.

5.Бирор уммат ўз ажалидан олдинга ҳам кета олмайди ва ортда ҳам қололмайди.

6.Макка кофирлари Муҳаммадни масхаралаб: “Эй ўзига зикр нозил қилинган киши, ҳақиқатан, сен мажнунсан”, – дедилар.

7.Агар чиндан ҳам даъвоингда ростгўйлардан бўлсанг, унда бизга осмондан фаришталарни келтиргин-чи?!

8.Биз эса фаришталарни фақатгина кофирлар устига ҳақ бўлган азоб билан туширармиз ва у ҳолда кофирлар кутиб турилмай ҳалок қилинадилар.

9.Шубҳасиз, Биз бу зикрни Ўзимиз нозил қилдик ва Биз уни муҳофаза қилувчимиз.

10.Дарҳақиқат, Биз сиздан олдин аввалги гуруҳларга ҳам пайғамбарлар юборганмиз.

11.Улар ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни устидан кулиб масхара қилган эдилар.

12.Шундай қилиб, у масхара қилиш иллатини барча жиноятчиларнинг дилларига солиб қўямиз.

13.Золимлар унга иймон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалги куфрда яшаганларнинг йўллари ўтиб бўлган ва оқибатлари маълум эди.

14.Борди-ю уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсак-у, ундан осмонга қараб кўтарила бошласалар ҳам, барибир иймон келтирмайдилар.

15.Улар шунда ҳам: “Шубҳасиз, бизнинг кўзларимиз боғланиб қолган, балки, бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз”, – дер эдилар.

16.Биз осмонда буржларни яратдик ва уни ибрат билан томошa қилувчилар учун юлдузлар билан безаб қўйдик.

17.Ҳамда у осмонни Аллоҳнинг даргоҳидан қувилган ҳар бир шайтондан муҳофаза қилдик.

18.Агар жинлардан бирортаси фаришталарнинг сўзини ўғринча эшитиб олса, дарҳол унга ёрқин юлдуз қувиб етади ва яксон қилади.

19.Ерни эса, мавжудотларнинг кўпайиши ва ривожланишига мос тарзда уни кенг қилиб ёйиб қўйдик, устига эса тебранмас тоғларни жойлаштирдик. Ҳамда унда ҳар ернинг ўзига хос турли-туман нарсалардан, ўсимлик ва мевалардан ундириб чиқардик.

20.Ҳамда у ерда сиз учун ҳам, сиз уларни ризқ билан таъминлай олмайдиган бошқа махлуқотлар учун ҳам ризқ манбаларини қилиб қўйдик.

21.Еру осмонда мавжуд бўлган ҳар бир нарсанинг хазиналари Бизнинг ҳузуримиздадир. Биз сизларга уларни маълум ўлчов билан туширамиз.

22.Биз шамолларни дарахтлар ҳосил бериши учун чанглатувчи ва урчитувчилар қилиб юбордик. Кетидан осмондан сув ёғдириб у билан сизларни сувга тўйдирдик. Аксинча, сиз уни ғамлаб олувчилар эмассиз.

23.Албатта, Биз барча жонзотга ҳаёт берамиз ва жонини оламиз. Шунингдек, биз охирида ҳар бир нарсанинг ягона эгаси ва ворисларимиз.

24.Албатта, Биз сизлардан олдин яшаб ўтганларни билдик. Шубҳасиз, орқасида келувчиларни ҳам билдик.

25.Шубҳасиз, Роббингизнинг Ўзи қиёмат куни уларни тўплайди. Албатта, У ҳикмат эгаси – Ҳаким ва ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир.

26.Дарҳақиқат, Биз илк инсон Одам Атони шакли ўзгартирилган қора балчиқдан олиб, кейин қуритилган лойдан яратганмиз.

27.Жинлардан бўлган иблисни эса Одамдан олдин қизиган ва тутунсиз оловдан яратдик.

28.Эй Муҳаммад: Роббингиз фаришталарга: “Мен қора балчиқдан олиб, қуритилган лойдан бир инсон яратувчиман”, – деб айтганини эсланг.

29.Бас, уни бенуқсон қилиб ростлаб ичига жон ато қилиш Ўз руҳимдан пуфлаганимда унга дарҳол сажда қилган ҳолингизда йиқилинглар. – деди.

30.Бас, Одам яратилиб уларга намойиш қилингач, фаришталар жам бўлиб, барчалари Аллоҳни улуғлаб Одамга сажда қилдилар.

31.Фақат иблис такаббурлик қилиб сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди.

32.Шунда Аллоҳ унга: “Эй иблис, сенга не бўлдики, сажда қилувчилар билан бирга бўлмадинг?” – деди.

33.Кейин иблис: “Мен қора балчиқдан олиниб, одам сурати берилган, кейин Сен уни қуритилган лойдан яратган башарга сажда қилувчи бўлмайман”, – деди.

34.Аллоҳ иблисга: “Бас, у ҳолда бу ердан чиқ. Энди сен, Менинг даргоҳимдан қувилган малъунсан”, – деди.

35.Сенга жазо куни бўлган қиёмат қоимгача ҳамманинг лаънати бўлади.

36.Иблис илтижо қилиб: “Эй Роббим, ундай бўлса, менга улар қайта тириладиган кунгача ўлмасдан яшашим учун муҳлат бергин”, – деди.

37.Аллоҳ унга: “Бас, сен қиёматгача тирик қолиб, муҳлат берилганлардансан”, – деди.

38.Сенинг муҳлатинг маълум вақт бўлмиш қиёмат кунигача.

39.Иблис: “Эй Роббим, онт ичаманки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, у Одам болаларига Ердаги барча ёмон ишларни чиройли қилиб кўрсатаман ва албатта, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздираман”, – деди.

40.Уларнинг орасидан ихлосли бандаларинг бундан мустаснодир.

41.Кейин Аллоҳ: “Мана бу Менга етиб борувчи тўғри йўлдир”, – деди.

42.Менинг бандаларим устидан сен учун аниқ ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ. Фақат сен ўзингга эргашган гумроҳларни йўлдан оздира оласан.

43.Уларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, албатта, жаҳаннамдир.

44.У жаҳаннамнинг еттита дарвозаси бўлиб, улардан ҳар бир эшик учун золимларнинг гуноҳлари даражасига қараб ажратилган бир бўлак бор.

45.Албатта, Аллоҳдан қўрққан кимсалар боғлар ва чашмалар ичидадир.

46.Унга салом ва омонликда киринглар, дейилади.

47.Биз жаннатдаги сўриларда биродарларча бир-бирларига юзланиб ўтирганларнинг дилларидаги гина-кудуратларни чиқариб ташладик.

48.Жаннат аҳлини у ерда чарчоқ тутмайди, шунингдек, улар у жойдан чиқарилувчи ҳам эмаслар.

49.Эй Муҳаммад, бандаларимга хабар бериб қўйинг, Мен Ўзим, албатта, кечиримли ва раҳмлиман.

50.Шунингдек, азобим ҳам у энг аламли азобдир.

51.Эй Расулим, яна уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида ҳам хабар беринг.

52.Ўшанда инсон қиёфасидаги фаришталар унинг ҳузурига кириб: “Салом”, – дедилар. Иброҳимнинг уларга пишириб келган таом учун қўл чўзишмагач уларга: “Биз сизлардан ҳадиксираяпмиз, кимсиз ўзи?” – деди.

53.Улар: “Қўрқмагин, биз фаришталармиз, сенга бир билимдон ўғил кўришинг ҳақида хушхабарини келтиряпмиз”, – дедилар.

54.Иброҳим уларга: “Менга кексалик етган пайтда фарзандли бўлишим ҳақида хушхабар беряпсизми? Менга қандай ғалати нарса билан хушхабар бермоқдасиз ўзи?” – деди.

55.Фаришталар: “Биз сенга чиндан ҳам фарзанд кўришинг хушхабарини келтирдик. Бас, сен умидсизлардан бўлмагин”, – дедилар.

56.Иброҳим уларга: “Ҳа, албатта, Роббисининг раҳматидан фақат адашган кимсаларгина ноумид бўладилар”, – деди.

57.Сўнгра Иброҳим уларга қараб: “Хўш, эй элчилар, юмушингиз нимадир?” – деди.

58.Фаришталар Иброҳимга: “Бизлар Лут пайғамбарнинг гуноҳкор қавмига уларни ҳалок қилиш учун юборилдик”, – дедилар.

59.Лекин биз Лутнинг иймон келтирган барча оиласини қутқарувчимиз.

60.Бироқ унинг хотинига қутулиш йўқдир. Чунки Биз, шубҳасиз, унга азобда қолувчилардан бўлишини тақдир қилиб қўйганмиз.

61.Шундай қилиб, элчилар Лутнинг оиласига етиб келишди.

62.Лут пайғамбар уларга: “Сизлар нотаниш қавмсиз, кимсизлар ўзи?” – деди.

63.Фаришталар: “Йўқ, биз сенга қавминг у ҳақида бало келишини шубҳа қилаётган азобни келтирдик”, – дедилар.

64.Биз сенга азобни чиндан ҳам келтирдик. Биз, албатта, ростгўйлармиз.

65.Энди сен кечанинг бир қисмида оиланг билан йўлга туш ва ўзинг уларнинг ортидан юр. Сизлардан бирор киши орқасига ўгирилиб қарамасин. Шу тариқа сизлар буюрилган томонга қараб кетаверинглар.

66.Биз Лутга саҳар чоғида ана ўша кофирларнинг кети қирқилиб ҳалок бўлиши ҳақидаги мана шу ҳукмни билдирдик.

67.Шаҳар аҳолиси меҳмонларни эшитиб хурсанд бўлган ҳолларида етиб келдилар.

68.Шунда Лут пайғамбар уларга: “Ахир бу йигитлар менинг меҳмонларим-ку! Мени улар олдида ахлоқсизлик қилиб шарманда қилманглар”, – деди.

69.Аллоҳдан қўрқинглар ва мени расво қилманглар.

70.Улар Лутга: “Ахир биз сени оламлардан одамларни ҳимоя қилишингни қайтармаган эдикми?!” – дедилар.

71.Лут ўз қавмига: “Агар шу ишни қилувчи бўлсангизлар, ана қизларимиз бор-ку ахир, уларни никоҳларингизга олаверинглар”, – деди.

72.Эй Муҳаммад, умрингизга қасамки, улар ўзларининг шаҳвоний мастликларида гангиб юрар эдилар.

73.Саҳар чоғида бирдан уларни даҳшатли қичқириқ тутди.

74.Бас, Биз у шаҳарни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан иборат қизитилган тошларни кетма-кет ёғдирдик.

75.Албатта, бундай ҳодисаларда фаросатли кишилар учун ибратли белгилар бордир.

76.Дарвоқе, ўтмишда вайрон бўлган бу шаҳарлар доимий йўл устидадир.

77.Албатта, бундай ҳодисаларда мўминлар учун ибратли белги бордир.

78.Шубҳасиз, дарахтзор эгалари бўлган Шуъайб қавми ҳам золимлардан бўлган эди.

79.Бас, Биз улардан зулмлари сабабли интиқом олдик. Дарвоқе, Лут ва Шуъайб қавмидан қолган хароба шаҳарларнинг иккиси ҳам ибрат олишингиз учун ҳанузгача аниқ йўл устидадир.

80.Аниқки, Самуд қавмининг Ҳижр водийси эгалари ҳам пайғамбарлари Солиҳни ёлғончига чиқарган эдилар.

81.Биз уларга оятларимизни келтирган эдик, лекин улардан юз ўгирувчи бўлдилар.

82.Улар тоғлардан мустаҳкам уйлар йўниб, бизга ҳеч қандай офат етмайди деб, гўё омонликда эдилар.

83.Бас, уларни ҳам саҳар пайтида даҳшатли қичқириқ тутди.

84.Касб қилган нарсалари уларга ҳеч қандай фойда бермади.

85.Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги барча нарсани фақат ҳақ ҳикмат билан яратдик. Қиёмат соати ҳам, албатта, келувчидир. Бас, шундай экан, сиз жоҳилларнинг озорларига сабр қилинг ва уларга чиройли муомалада бўлиб туринг.

86.Албатта, Роббинг У кўплаб яратувчи – Халлоқ ва ҳамма нарсани билувчи – Аълим Зотдир.

87.Эй Муҳаммад, дарҳақиқат, Биз сизга намознинг ҳар бир ракатида такрорланадиган етти оятли “Фотиҳа” сурасини ва улуғ Қуръонни бердик.

88.Биз кофирлардан айрим тоифаларни ўткинчи дунёда у билан баҳраманд қилиб қўйган нарсаларимизга кўз тикманг. Уларнинг иймонсизликлари устида ғамгин ҳам бўлманг. Мўминлар учун эса шафқат қанотингизни паст тутиб хокисор бўлинг.

89.Уларга: “Чиндан ҳам, мен сизларни Аллоҳнинг азобидан очиқчасига огоҳлантирувчиман”, – деб айтинг.

90.Худди илгари аҳли китобдан ҳукмларнинг осон қисмини олиб, қийинини четга суриб, тақсимлаб олувчиларга нозил қилганимиздек.

91.Шундай кимсаларки, улар Қуръонни ҳам бўлак-бўлак қилиб олган эдилар.

92.Эй Муҳаммад, Роббингизга қасамки, албатта, уларнинг барчасини сўроққа тутаман.

93.Дунёда қилиб ўтган нарсалари тўғрисида сўраб оламан.

94.Эй Расулим, бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни ошкора қилинг ва мушриклардан юз ўгиринг.

95.Албатта, Биз сизни масхара қилувчиларга жазо бериш учун кифоя қиламиз.

96.Ундай кимсалар Аллоҳга бошқа сохта “илоҳни шерик қиладилар. Бас, яқинда қилмишларининг оқибатини билиб оладилар.

97.Ҳақиқатан, Биз сизни улар масхара қилиб айтаётган сўзларидан қалбингиз сиқилишини биламиз.

98.Бас, Роббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва ёлғиз Аллоҳга сажда қилувчилардан бўлинг.

99.Ҳамда ўлим деб аталувчи мутлақ ҳақиқат яқин келгунча Роббингизга ибодат қилаверинг.