ҲИЖР СУРАСИ
Ҳижр сураси 99 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Ушбу сурада Самуд қавми яшаган “Ҳижр” номли водийнинг номи зикр қилингани учун шу ном билан аталган.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
الٓرٰ۠ تِلْكَ اٰيَاتُ الْكِتَابِ وَقُرْاٰنٍ مُب۪ينٍ (١)
1. Алиф, Лом, Ро. Ушбу оятлар китоб ва очиқ-ойдин Қуръоннинг оятларидир.
Изоҳ: Қуръони Каримда бир неча сура мана шундай алоҳида ҳарфлар билан бошланади. Уламолар наздида ушбу ҳарфлар “Ҳуруфи муқаттаот”, яъни маънодан узилган ҳарфлар ҳисобланиб, уларнинг маъноси ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина аёндир. Қуръонда ҳаммаси бўлиб 29 сура ана шундай ҳарфлар билан бошланган. Лекин баъзи тафсир олимлари ўз китобларида уларни изоҳлашга ҳаракат қилишган.
رُبَمَا يَوَدُّ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا لَوْ كَانُوا مُسْلِم۪ينَ (٢)
2. Қиёмат кунида ҳали куфр келтирганлар афсусланиб, кошки, олдин мусулмонлардан бўлсайдик, – деб истаб қоладилар.
ذَرْهُمْ يَأْكُلُوا وَيَتَمَتَّعُوا وَيُلْهِهِمُ الْاَمَلُ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ (٣)
3. Эй Расулим, уларни ўз ҳолига қўйиб беринг, ҳозирчалик еб-ичиб қолсинлар, ўткинчи дунё матоҳларидан фойдалансинлар ва орзулар уларни чалғитаверсин. Бас, яқинда қилмишларининг оқибатини билиб оладилар.
وَمَٓا اَهْلَكْنَا مِنْ قَرْيَةٍ اِلَّا وَلَهَا كِتَابٌ مَعْلُومٌ (٤)
4. Биз бирор шаҳар аҳолисини унинг учун маълум муддат ўтиб ажаллари келмагунча ҳалок қилмаганмиз.
مَا تَسْبِقُ مِنْ اُمَّةٍ اَجَلَهَا وَمَا يَسْتَأْخِرُونَ (٥)
5. Бирор уммат ўз ажалидан олдинга ҳам кета олмайди ва ортда ҳам қололмайди.
وَقَالُوا يَٓا اَيُّهَا الَّذ۪ي نُزِّلَ عَلَيْهِ الذِّكْرُ اِنَّكَ لَمَجْنُونٌۜ (٦)
6. Макка кофирлари Муҳаммадни масхаралаб: “Эй ўзига зикр нозил қилинган киши, ҳақиқатан, сен мажнунсан”, – дедилар.
لَوْ مَا تَأْت۪ينَا بِالْمَلٰٓئِكَةِ اِنْ كُنْتَ مِنَ الصَّادِق۪ينَ (٧)
7. Агар чиндан ҳам даъвоингда ростгўйлардан бўлсанг, унда бизга осмондан фаришталарни келтиргин-чи?!
Изоҳ: Мушриклар залолатга кетиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата: “Фаришталар келиб, сенинг пайғамбарлигингга гувоҳлик берсин-чи ёки бизни жазоласин-чи”, – дейишади.
مَا نُنَزِّلُ الْمَلٰٓئِكَةَ اِلَّا بِالْحَقِّ وَمَا كَانُٓوا اِذًا مُنْظَر۪ينَ (٨)
8. Биз эса фаришталарни фақатгина кофирлар устига ҳақ бўлган азоб билан туширармиз ва у ҳолда кофирлар кутиб турилмай ҳалок қилинадилар.
اِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَاِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ (٩)
9. Шубҳасиз, Биз бу зикрни Ўзимиз нозил қилдик ва Биз уни муҳофаза қилувчимиз.
Изоҳ: Ушбу оятдаги “зикр”дан мақсад қўлимиздаги Қуръони Каримдир. Оят шу пайтгача Қуръоннинг Аллоҳ томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган илоҳий Китоб эканини исботлаб келмоқда. Ислом таълимотига кўра Қуръон Аллоҳдан нозил бўладиган илоҳий китобларнинг охиргисидир. Ушбу оятда уни то қиёматгача йўқотмай, бузмай сақлашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олганлиги баён қилинган. Бунинг исботи шуки, бундан аввалги умматларга нозил қилинган илоҳий китоблар бўлган “Инжил”га ҳам, “Таврот”га ҳам ўзгаришлар киритилиб, бузилгани ҳолда, Қуръон эса мана, ўн тўрт асрдан зиёд Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қандай нозил қилинган бўлса, худди ўшандай сақланган.
وَلَقَدْ اَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ ف۪ي شِيَعِ الْاَوَّل۪ينَ (١٠)
10. Дарҳақиқат, Биз сиздан олдин аввалги гуруҳларга ҳам пайғамбарлар юборганмиз.
وَمَا يَأْت۪يهِمْ مِنْ رَسُولٍ اِلَّا كَانُوا بِه۪ يَسْتَهْزِؤُ۫نَ (١١)
11. Улар ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни устидан кулиб масхара қилган эдилар.
كَذٰلِكَ نَسْلُكُهُ ف۪ي قُلُوبِ الْمُجْرِم۪ينَۙ (١٢)
12. Шундай қилиб, у масхара қилиш иллатини барча жиноятчиларнинг дилларига солиб қўямиз.
لَا يُؤْمِنُونَ بِه۪ وَقَدْ خَلَتْ سُنَّةُ الْاَوَّل۪ينَ (١٣)
13. Золимлар унга иймон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалги куфрда яшаганларнинг йўллари ўтиб бўлган ва оқибатлари маълум эди.
وَلَوْ فَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَابًا مِنَ السَّمَٓاءِ فَظَلُّوا ف۪يهِ يَعْرُجُونَۙ (١٤)
14. Борди-ю уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсак-у, ундан осмонга қараб кўтарила бошласалар ҳам, барибир иймон келтирмайдилар.
لَقَالُٓوا اِنَّمَا سُكِّرَتْ اَبْصَارُنَا بَلْ نَحْنُ قَوْمٌ مَسْحُورُونَ۟ (١٥)
15. Улар шунда ҳам: “Шубҳасиз, бизнинг кўзларимиз боғланиб қолган, балки, бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз”, – дер эдилар.
Изоҳ: Ушбу оятда келишича, қалб кўзи кўр кимсалар уларга самонинг бор сиру синоатларини, ундаги бор малоикаларни кўриш насиб этганида ҳам, барибир, Яратганга иймон келтириш ўрнига: “Бизларнинг кўзимизни боғлаб қўйишди, ўзимизни сеҳрлаб қўйишди”, – дейишдан бошқа нарсани билишмас эди.
وَلَقَدْ جَعَلْنَا فِي السَّمَٓاءِ بُرُوجًا وَزَيَّنَّاهَا لِلنَّاظِر۪ينَۙ (١٦)
16. Биз осмонда буржларни яратдик ва уни ибрат билан томошa қилувчилар учун юлдузлар билан безаб қўйдик.
Изоҳ: Чексиз бўлган бу осмоннинг ўн икки буржи – Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадий, Далв, Ҳут бўлиб, Қуёш уларни 360 даража остида бир йил мобайнида кесиб ўтади. Ойнинг ҳам шу каби буржлари бор. Осмон буржларидан мурод улардаги ўн икки қаср бўлиб, у ерда қўриқчи фаришталар туради, деган тафсирлар ҳам мавжуд. Осмонга оддий кўз билан боқиб кундуз куни қуёшни, сузиб юрган булутларни, кечаси эса ойни ва томоша қилишимиз учун безаб қўйилган юлдузларни кўрамиз.
وَحَفِظْنَاهَا مِنْ كُلِّ شَيْطَانٍ رَج۪يمٍۙ (١٧)
17. Ҳамда у осмонни Аллоҳнинг даргоҳидан қувилган ҳар бир шайтондан муҳофаза қилдик.
اِلَّا مَنِ اسْتَرَقَ السَّمْعَ فَاَتْبَعَهُ شِهَابٌ مُب۪ينٌ (١٨)
18. Агар жинлардан бирортаси фаришталарнинг сўзини ўғринча эшитиб олса, дарҳол унга ёрқин юлдуз қувиб етади ва яксон қилади.
Изоҳ: Ислом таълимотига кўра, замин одамларнинг макони, осмон эса малоикаларнинг ошёнидир. Бу фаришталар “Аллоҳнинг аскарлари” саналиб, Аллоҳ таоло Ўзининг Ердаги бандалари хусусидаги барча ҳукм фармонларини адо қилишни ана ўша фаришталар зиммасига юклагандир. Энди оламда учинчи бир тоифа – жинлар тоифаси ҳам борки, улардан айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гап-сўзларини ўғринча эшитиб олишиб, Ердаги фолбинларга етказмоқчи бўладилар. Мазкур оятларда уқтирилишича, осмондаги учар юлдузлар ана ўшандай шайтон-жинларга отилган ўқлардир.
وَالْاَرْضَ مَدَدْنَاهَا وَاَلْقَيْنَا ف۪يهَا رَوَاسِيَ وَاَنْبَتْنَا ف۪يهَا مِنْ كُلِّ شَيْءٍ مَوْزُونٍ (١٩)
19. Ерни эса, мавжудотларнинг кўпайиши ва ривожланишига мос тарзда уни кенг қилиб ёйиб қўйдик, устига эса тебранмас тоғларни жойлаштирдик. Ҳамда унда ҳар ернинг ўзига хос турли-туман нарсалардан, ўсимлик ва мевалардан ундириб чиқардик.
وَجَعَلْنَا لَكُمْ ف۪يهَا مَعَايِشَ وَمَنْ لَسْتُمْ لَهُ بِرَازِق۪ينَ (٢٠)
20. Ҳамда у ерда сиз учун ҳам, сиз уларни ризқ билан таъминлай олмайдиган бошқа махлуқотлар учун ҳам ризқ манбаларини қилиб қўйдик.
Изоҳ: Бандаларнинг аҳли аёллари, хизматкорлари, чорвалари учун ҳам ризқ келадиган манбалар олдиндан белгилаб қўйилган.
وَاِنْ مِنْ شَيْءٍ اِلَّا عِنْدَنَا خَزَٓائِنُهُۘ وَمَا نُنَزِّلُهُٓ اِلَّا بِقَدَرٍ مَعْلُومٍ (٢١)
21. Еру осмонда мавжуд бўлган ҳар бир нарсанинг хазиналари Бизнинг ҳузуримиздадир. Биз сизларга уларни маълум ўлчов билан туширамиз.
وَاَرْسَلْنَا الرِّيَاحَ لَوَاقِحَ فَاَنْزَلْنَا مِنَ السَّمَٓاءِ مَٓاءً فَاَسْقَيْنَاكُمُوهُۚ وَمَٓا اَنْتُمْ لَهُ بِخَازِن۪ينَ (٢٢)
22. Биз шамолларни дарахтлар ҳосил бериши учун чанглатувчи ва урчитувчилар қилиб юбордик. Кетидан осмондан сув ёғдириб у билан сизларни сувга тўйдирдик. Аксинча, сиз уни ғамлаб олувчилар эмассиз.
وَاِنَّا لَنَحْنُ نُحْي۪ وَنُم۪يتُ وَنَحْنُ الْوَارِثُونَ (٢٣)
23. Албатта, Биз барча жонзотга ҳаёт берамиз ва жонини оламиз. Шунингдек, биз охирида ҳар бир нарсанинг ягона эгаси ва ворисларимиз.
وَلَقَدْ عَلِمْنَا الْمُسْتَقْدِم۪ينَ مِنْكُمْ وَلَقَدْ عَلِمْنَا الْمُسْتَأْخِر۪ينَ (٢٤)
24. Албатта, Биз сизлардан олдин яшаб ўтганларни билдик. Шубҳасиз, орқасида келувчиларни ҳам билдик.
وَاِنَّ رَبَّكَ هُوَ يَحْشُرُهُمْۜ اِنَّهُ حَك۪يمٌ عَل۪يمٌ۟ (٢٥)
25. Шубҳасиз, Роббингизнинг Ўзи қиёмат куни уларни тўплайди. Албатта, У ҳикмат эгаси – Ҳаким ва ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим Зотдир.
وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْاِنْسَانَ مِنْ صَلْصَالٍ مِنْ حَمَإٍ مَسْنُونٍۚ (٢٦)
26. Дарҳақиқат, Биз илк инсон Одам Атони шакли ўзгартирилган қора балчиқдан олиб, кейин қуритилган лойдан яратганмиз.
وَالْجَٓانَّ خَلَقْنَاهُ مِنْ قَبْلُ مِنْ نَارِ السَّمُومِ (٢٧)
27. Жинлардан бўлган иблисни эса Одамдан олдин қизиган ва тутунсиз оловдан яратдик.
وَاِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلٰٓئِكَةِ اِنّ۪ي خَالِقٌ بَشَرًا مِنْ صَلْصَالٍ مِنْ حَمَإٍ مَسْنُونٍ (٢٨)
28. Эй Муҳаммад: Роббингиз фаришталарга: “Мен қора балчиқдан олиб, қуритилган лойдан бир инсон яратувчиман”, – деб айтганини эсланг.
فَاِذَا سَوَّيْتُهُ وَنَفَخْتُ ف۪يهِ مِنْ رُوح۪ي فَقَعُوا لَهُ سَاجِد۪ينَ (٢٩)
29. Бас, уни бенуқсон қилиб ростлаб ичига жон ато қилиш Ўз руҳимдан пуфлаганимда унга дарҳол сажда қилган ҳолингизда йиқилинглар. – деди.
فَسَجَدَ الْمَلٰٓئِكَةُ كُلُّهُمْ اَجْمَعُونَۙ (٣٠)
30. Бас, Одам яратилиб уларга намойиш қилингач, фаришталар жам бўлиб, барчалари Аллоҳни улуғлаб Одамга сажда қилдилар.
اِلَّٓا اِبْل۪يسَۜ اَبٰٓى اَنْ يَكُونَ مَعَ السَّاجِد۪ينَ (٣١)
31. Фақат иблис такаббурлик қилиб сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди.
قَالَ يَٓا اِبْل۪يسُ مَا لَكَ اَلَّا تَكُونَ مَعَ السَّاجِد۪ينَ (٣٢)
32. Шунда Аллоҳ унга: “Эй иблис, сенга не бўлдики, сажда қилувчилар билан бирга бўлмадинг?” – деди.
قَالَ لَمْ اَكُنْ لِاَسْجُدَ لِبَشَرٍ خَلَقْتَهُ مِنْ صَلْصَالٍ مِنْ حَمَإٍ مَسْنُونٍ (٣٣)
33. Кейин иблис: “Мен қора балчиқдан олиниб, одам сурати берилган, кейин Сен уни қуритилган лойдан яратган башарга сажда қилувчи бўлмайман”, – деди.
قَالَ فَاخْرُجْ مِنْهَا فَاِنَّكَ رَج۪يمٌ (٣٤)
34. Аллоҳ иблисга: “Бас, у ҳолда бу ердан чиқ. Энди сен, Менинг даргоҳимдан қувилган малъунсан”, – деди.
Изоҳ: Ушбу оятда келтирилган Аллоҳнинг иблисга қарата айтган “чиқ” деган амри эҳтимолки, осмондан, фаришталар ичидан ёки бўлмаса жаннатдан чиқиши ҳақидадир.
وَاِنَّ عَلَيْكَ اللَّعْنَةَ اِلٰى يَوْمِ الدّ۪ينِ (٣٥)
35. Сенга жазо куни бўлган қиёмат қоимгача ҳамманинг лаънати бўлади.
قَالَ رَبِّ فَاَنْظِرْن۪ٓي اِلٰى يَوْمِ يُبْعَثُونَ (٣٦)
36. Иблис илтижо қилиб: “Эй Роббим, ундай бўлса, менга улар қайта тириладиган кунгача ўлмасдан яшашим учун муҳлат бергин”, – деди.
قَالَ فَاِنَّكَ مِنَ الْمُنْظَر۪ينَۙ (٣٧)
37. Аллоҳ унга: “Бас, сен қиёматгача тирик қолиб, муҳлат берилганлардансан”, – деди.
اِلٰى يَوْمِ الْوَقْتِ الْمَعْلُومِ (٣٨)
38. Сенинг муҳлатинг маълум вақт бўлмиш қиёмат кунигача.
قَالَ رَبِّ بِمَٓا اَغْوَيْتَن۪ي لَاُزَيِّنَنَّ لَهُمْ فِي الْاَرْضِ وَلَاُغْوِيَنَّهُمْ اَجْمَع۪ينَۙ (٣٩)
39. Иблис: “Эй Роббим, онт ичаманки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, у Одам болаларига Ердаги барча ёмон ишларни чиройли қилиб кўрсатаман ва албатта, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздираман”, – деди.
اِلَّا عِبَادَكَ مِنْهُمُ الْمُخْلَص۪ينَ (٤٠)
40. Уларнинг орасидан ихлосли бандаларинг бундан мустаснодир.
قَالَ هٰذَا صِرَاطٌ عَلَيَّ مُسْتَق۪يمٌ (٤١)
41. Кейин Аллоҳ: “Мана бу Менга етиб борувчи тўғри йўлдир”, – деди.
اِنَّ عِبَاد۪ي لَيْسَ لَكَ عَلَيْهِمْ سُلْطَانٌ اِلَّا مَنِ اتَّبَعَكَ مِنَ الْغَاو۪ينَ (٤٢)
42. Менинг бандаларим устидан сен учун аниқ ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ. Фақат сен ўзингга эргашган гумроҳларни йўлдан оздира оласан.
وَاِنَّ جَهَنَّمَ لَمَوْعِدُهُمْ اَجْمَع۪ينَۙ (٤٣)
43. Уларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, албатта, жаҳаннамдир.
لَهَا سَبْعَةُ اَبْوَابٍۜ لِكُلِّ بَابٍ مِنْهُمْ جُزْءٌ مَقْسُومٌ۟ (٤٤)
44. У жаҳаннамнинг еттита дарвозаси бўлиб, улардан ҳар бир эшик учун золимларнинг гуноҳлари даражасига қараб ажратилган бир бўлак бор.
Изоҳ: Бу оятдаги дўзах ёки жаҳаннамнинг етти дарвозаси деганда, унинг етти қавати тушунилиши лозим. Биринчи қаватига вақтинча тушган гуноҳкор мўмин-мусулмонлар, иккинчисига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмаган яҳудийлар, учинчисига шу каби насронийлар, тўртинчисига собиийлар, яъни юлдузларга сиғинувчилар, бешинчисига мажусийлар, яъни оташпарастлар, олтинчисига мушриклар, дўзахнинг энг туби ҳисобланган еттинчисига эса мунофиқлар тушадилар.
اِنَّ الْمُتَّق۪ينَ ف۪ي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍۜ (٤٥)
45. Албатта, Аллоҳдан қўрққан кимсалар боғлар ва чашмалар ичидадир.
اُدْخُلُوهَا بِسَلَامٍ اٰمِن۪ينَ (٤٦)
46. Унга салом ва омонликда киринглар, дейилади.
وَنَزَعْنَا مَا ف۪ي صُدُورِهِمْ مِنْ غِلٍّ اِخْوَانًا عَلٰى سُرُرٍ مُتَقَابِل۪ينَ (٤٧)
47. Биз жаннатдаги сўриларда биродарларча бир-бирларига юзланиб ўтирганларнинг дилларидаги гина-кудуратларни чиқариб ташладик.
لَا يَمَسُّهُمْ ف۪يهَا نَصَبٌ وَمَا هُمْ مِنْهَا بِمُخْرَج۪ينَ (٤٨)
48. Жаннат аҳлини у ерда чарчоқ тутмайди, шунингдек, улар у жойдан чиқарилувчи ҳам эмаслар.
نَبِّئْ عِبَاد۪ٓي اَنّ۪ٓي اَنَا۬ الْغَفُورُ الرَّح۪يمُۙ (٤٩)
49. Эй Муҳаммад, бандаларимга хабар бериб қўйинг, Мен Ўзим, албатта, кечиримли ва раҳмлиман.
وَاَنَّ عَذَاب۪ي هُوَ الْعَذَابُ الْاَل۪يمُ (٥٠)
50. Шунингдек, азобим ҳам у энг аламли азобдир.
وَنَبِّئْهُمْ عَنْ ضَيْفِ اِبْرٰه۪يمَۢ (٥١)
51. Эй Расулим, яна уларга Иброҳимнинг меҳмонлари ҳақида ҳам хабар беринг.
اِذْ دَخَلُوا عَلَيْهِ فَقَالُوا سَلَامًاۜ قَالَ اِنَّا مِنْكُمْ وَجِلُونَ (٥٢)
52. Ўшанда инсон қиёфасидаги фаришталар унинг ҳузурига кириб: “Салом”, – дедилар. Иброҳимнинг уларга пишириб келган таом учун қўл чўзишмагач уларга: “Биз сизлардан ҳадиксираяпмиз, кимсиз ўзи?” – деди.
قَالُوا لَا تَوْجَلْ اِنَّا نُبَشِّرُكَ بِغُلَامٍ عَل۪يمٍ (٥٣)
53. Улар: “Қўрқмагин, биз фаришталармиз, сенга бир билимдон ўғил кўришинг ҳақида хушхабарини келтиряпмиз”, – дедилар.
قَالَ اَبَشَّرْتُمُون۪ي عَلٰٓى اَنْ مَسَّنِيَ الْكِبَرُ فَبِمَ تُبَشِّرُونَ (٥٤)
54. Иброҳим уларга: “Менга кексалик етган пайтда фарзандли бўлишим ҳақида хушхабар беряпсизми? Менга қандай ғалати нарса билан хушхабар бермоқдасиз ўзи?” – деди.
قَالُوا بَشَّرْنَاكَ بِالْحَقِّ فَلَا تَكُنْ مِنَ الْقَانِط۪ينَ (٥٥)
55. Фаришталар: “Биз сенга чиндан ҳам фарзанд кўришинг хушхабарини келтирдик. Бас, сен умидсизлардан бўлмагин”, – дедилар.
قَالَ وَمَنْ يَقْنَطُ مِنْ رَحْمَةِ رَبِّه۪ٓ اِلَّا الضَّٓالُّونَ (٥٦)
56. Иброҳим уларга: “Ҳа, албатта, Роббисининг раҳматидан фақат адашган кимсаларгина ноумид бўладилар”, – деди.
قَالَ فَمَا خَطْبُكُمْ اَيُّهَا الْمُرْسَلُونَ (٥٧)
57. Сўнгра Иброҳим уларга қараб: “Хўш, эй элчилар, юмушингиз нимадир?” – деди.
قَالُٓوا اِنَّٓا اُرْسِلْنَٓا اِلٰى قَوْمٍ مُجْرِم۪ينَۙ (٥٨)
58. Фаришталар Иброҳимга: “Бизлар Лут пайғамбарнинг гуноҳкор қавмига уларни ҳалок қилиш учун юборилдик”, – дедилар.
اِلَّٓا اٰلَ لُوطٍۜ اِنَّا لَمُنَجُّوهُمْ اَجْمَع۪ينَۙ (٥٩)
59. Лекин биз Лутнинг иймон келтирган барча оиласини қутқарувчимиз.
اِلَّا امْرَاَتَهُ قَدَّرْنَٓاۙ اِنَّهَا لَمِنَ الْغَابِر۪ينَ۟ (٦٠)
60. Бироқ унинг хотинига қутулиш йўқдир. Чунки Биз, шубҳасиз, унга азобда қолувчилардан бўлишини тақдир қилиб қўйганмиз.
فَلَمَّا جَٓاءَ اٰلَ لُوطٍۨ الْمُرْسَلُونَۙ (٦١)
61. Шундай қилиб, элчилар Лутнинг оиласига етиб келишди.
قَالَ اِنَّكُمْ قَوْمٌ مُنْكَرُونَ (٦٢)
62. Лут пайғамбар уларга: “Сизлар нотаниш қавмсиз, кимсизлар ўзи?” – деди.
قَالُوا بَلْ جِئْنَاكَ بِمَا كَانُوا ف۪يهِ يَمْتَرُونَ (٦٣)
63. Фаришталар: “Йўқ, биз сенга қавминг у ҳақида бало келишини шубҳа қилаётган азобни келтирдик”, – дедилар.
وَاَتَيْنَاكَ بِالْحَقِّ وَاِنَّا لَصَادِقُونَ (٦٤)
64. Биз сенга азобни чиндан ҳам келтирдик. Биз, албатта, ростгўйлармиз.
فَاَسْرِ بِاَهْلِكَ بِقِطْعٍ مِنَ الَّيْلِ وَاتَّبِعْ اَدْبَارَهُمْ وَلَا يَلْتَفِتْ مِنْكُمْ اَحَدٌ وَامْضُوا حَيْثُ تُؤْمَرُونَ (٦٥)
65. Энди сен кечанинг бир қисмида оиланг билан йўлга туш ва ўзинг уларнинг ортидан юр. Сизлардан бирор киши орқасига ўгирилиб қарамасин. Шу тариқа сизлар буюрилган томонга қараб кетаверинглар.
وَقَضَيْنَٓا اِلَيْهِ ذٰلِكَ الْاَمْرَ اَنَّ دَابِرَ هٰٓؤُ۬لَٓاءِ مَقْطُوعٌ مُصْبِح۪ينَ (٦٦)
66. Биз Лутга саҳар чоғида ана ўша кофирларнинг кети қирқилиб ҳалок бўлиши ҳақидаги мана шу ҳукмни билдирдик.
وَجَٓاءَ اَهْلُ الْمَد۪ينَةِ يَسْتَبْشِرُونَ (٦٧)
67. Шаҳар аҳолиси меҳмонларни эшитиб хурсанд бўлган ҳолларида етиб келдилар.
Изоҳ: Инсон қиёфасидаги фаришталар бир-биридан хушсурат йигитлар эди. Лут қавми айни шу даврда жирканч бир иллат, баччабозлик балосига гирифтор бўлган эдилар.
قَالَ اِنَّ هٰٓؤُ۬لَٓاءِ ضَيْف۪ي فَلَا تَفْضَحُونِۙ (٦٨)
68. Шунда Лут пайғамбар уларга: “Ахир бу йигитлар менинг меҳмонларим-ку! Мени улар олдида ахлоқсизлик қилиб шарманда қилманглар”, – деди.
وَاتَّقُوا اللّٰهَ وَلَا تُخْزُونِ (٦٩)
69. Аллоҳдан қўрқинглар ва мени расво қилманглар.
قَالُٓوا اَوَلَمْ نَنْهَكَ عَنِ الْعَالَم۪ينَ (٧٠)
70. Улар Лутга: “Ахир биз сени оламлардан одамларни ҳимоя қилишингни қайтармаган эдикми?!” – дедилар.
Изоҳ: Лут алайҳиссалом доимо қишлоқларига бошқа юртлардан келган мусофирларни уларга бузуқлик қилмоқчи бўлган кофирларнинг ахлоқсиз хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилар эдилар. Бундан норози бўлган кофирлар Лутга қарата: “Агар яна бегоналарни биздан ҳимоя қилсанг, сени қишлоғимиздан қувиб чиқарамиз”, – деб пўписа қилишади.
قَالَ هٰٓؤُ۬لَٓاءِ بَنَات۪ٓي اِنْ كُنْتُمْ فَاعِل۪ينَۜ (٧١)
71. Лут ўз қавмига: “Агар шу ишни қилувчи бўлсангизлар, ана қизларимиз бор-ку ахир, уларни никоҳларингизга олаверинглар”, – деди.
Изоҳ: Залолатга берилган кофирларни йўлдан қайтариш учун Лут алайҳиссалом ўз қизларини уларга эрга беришга рози бўлишларининг сабаби қадим даврдан то Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илк даъватларигача мусулмон қизнинг кофирга никоҳи жоиз бўлган. Шу сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қизларидан бирини кофир Абу Лаҳабнинг кофир ўғлига никоҳлаб, кейинроқ ажратиб олгани маълум.
لَعَمْرُكَ اِنَّهُمْ لَف۪ي سَكْرَتِهِمْ يَعْمَهُونَ (٧٢)
72. Эй Муҳаммад, умрингизга қасамки, улар ўзларининг шаҳвоний мастликларида гангиб юрар эдилар.
فَاَخَذَتْهُمُ الصَّيْحَةُ مُشْرِق۪ينَۙ (٧٣)
73. Саҳар чоғида бирдан уларни даҳшатли қичқириқ тутди.
فَجَعَلْنَا عَالِيَهَا سَافِلَهَا وَاَمْطَرْنَا عَلَيْهِمْ حِجَارَةً مِنْ سِجّ۪يلٍۜ (٧٤)
74. Бас, Биз у шаҳарни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан иборат қизитилган тошларни кетма-кет ёғдирдик.
اِنَّ ف۪ي ذٰلِكَ لَاٰيَاتٍ لِلْمُتَوَسِّم۪ينَ (٧٥)
75. Албатта, бундай ҳодисаларда фаросатли кишилар учун ибратли белгилар бордир.
وَاِنَّهَا لَبِسَب۪يلٍ مُق۪يمٍ (٧٦)
76. Дарвоқе, ўтмишда вайрон бўлган бу шаҳарлар доимий йўл устидадир.
Изоҳ: Бу шаҳар Ҳижоз, ҳозирги Саудия Арабистонидан Шом томонга қараб ўтган йўл бўйида жойлашган.
اِنَّ ف۪ي ذٰلِكَ لَاٰيَةً لِلْمُؤْمِن۪ينَۜ (٧٧)
77. Албатта, бундай ҳодисаларда мўминлар учун ибратли белги бордир.
وَاِنْ كَانَ اَصْحَابُ الْاَيْكَةِ لَظَالِم۪ينَۙ (٧٨)
78. Шубҳасиз, дарахтзор эгалари бўлган Шуъайб қавми ҳам золимлардан бўлган эди.
Изоҳ: Муфассир Алусийнинг айтишича, Шуъайб пайғамбарнинг қавми бўлган Мадян халқи атрофи қуюқ дархтзорлар ичида истиқомат қилишган экан. Шунинг учун ҳам уларга “Асҳобул Айка”, яъни дарахтзор эгалари дейилган.
فَانْتَقَمْنَا مِنْهُمْۢ وَاِنَّهُمَا لَبِاِمَامٍ مُب۪ينٍۜ۟ (٧٩)
79. Бас, Биз улардан зулмлари сабабли интиқом олдик. Дарвоқе, Лут ва Шуъайб қавмидан қолган хароба шаҳарларнинг иккиси ҳам ибрат олишингиз учун ҳанузгача аниқ йўл устидадир.
وَلَقَدْ كَذَّبَ اَصْحَابُ الْحِجْرِ الْمُرْسَل۪ينَۙ (٨٠)
80. Аниқки, Самуд қавмининг Ҳижр водийси эгалари ҳам пайғамбарлари Солиҳни ёлғончига чиқарган эдилар.
Изоҳ: Қуръонда, фақат бир марта номи зикр қилинган Ҳижр водийсида Самуд қавми яшаган. Ҳижр аҳли тоғларни йўниб тош уйларда яшашган. Улар Аллоҳнинг оятларидан юз ўгириб, пайғамбарларини инкор қилган бир қавм бўлган.
وَاٰتَيْنَاهُمْ اٰيَاتِنَا فَكَانُوا عَنْهَا مُعْرِض۪ينَۙ (٨١)
81. Биз уларга оятларимизни келтирган эдик, лекин улардан юз ўгирувчи бўлдилар.
وَكَانُوا يَنْحِتُونَ مِنَ الْجِبَالِ بُيُوتًا اٰمِن۪ينَ (٨٢)
82. Улар тоғлардан мустаҳкам уйлар йўниб, бизга ҳеч қандай офат етмайди деб, гўё омонликда эдилар.
فَاَخَذَتْهُمُ الصَّيْحَةُ مُصْبِح۪ينَۙ (٨٣)
83. Бас, уларни ҳам саҳар пайтида даҳшатли қичқириқ тутди.
فَمَٓا اَغْنٰى عَنْهُمْ مَا كَانُوا يَكْسِبُونَۜ (٨٤)
84. Касб қилган нарсалари уларга ҳеч қандай фойда бермади.
وَمَا خَلَقْنَا السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَٓا اِلَّا بِالْحَقِّۜ وَاِنَّ السَّاعَةَ لَاٰتِيَةٌ فَاصْفَحِ الصَّفْحَ الْجَم۪يلَ (٨٥)
85. Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги барча нарсани фақат ҳақ ҳикмат билан яратдик. Қиёмат соати ҳам, албатта, келувчидир. Бас, шундай экан, сиз жоҳилларнинг озорларига сабр қилинг ва уларга чиройли муомалада бўлиб туринг.
اِنَّ رَبَّكَ هُوَ الْخَلَّاقُ الْعَل۪يمُ (٨٦)
86. Албатта, Роббинг У кўплаб яратувчи – Халлоқ ва ҳамма нарсани билувчи – Аълим Зотдир.
وَلَقَدْ اٰتَيْنَاكَ سَبْعًا مِنَ الْمَثَان۪ي وَالْقُرْاٰنَ الْعَظ۪يمَ (٨٧)
87. Эй Муҳаммад, дарҳақиқат, Биз сизга намознинг ҳар бир ракатида такрорланадиган етти оятли “Фотиҳа” сурасини ва улуғ Қуръонни бердик.
لَا تَمُدَّنَّ عَيْنَيْكَ اِلٰى مَا مَتَّعْنَا بِه۪ٓ اَزْوَاجًا مِنْهُمْ وَلَا تَحْزَنْ عَلَيْهِمْ وَاخْفِضْ جَنَاحَكَ لِلْمُؤْمِن۪ينَ (٨٨)
88. Биз кофирлардан айрим тоифаларни ўткинчи дунёда у билан баҳраманд қилиб қўйган нарсаларимизга кўз тикманг. Уларнинг иймонсизликлари устида ғамгин ҳам бўлманг. Мўминлар учун эса шафқат қанотингизни паст тутиб хокисор бўлинг.
وَقُلْ اِنّ۪ٓي اَنَا النَّذ۪يرُ الْمُب۪ينُۚ (٨٩)
89. Уларга: “Чиндан ҳам, мен сизларни Аллоҳнинг азобидан очиқчасига огоҳлантирувчиман”, – деб айтинг.
كَمَٓا اَنْزَلْنَا عَلَى الْمُقْتَسِم۪ينَۙ (٩٠)
90. Худди илгари аҳли китобдан ҳукмларнинг осон қисмини олиб, қийинини четга суриб, тақсимлаб олувчиларга нозил қилганимиздек.
اَلَّذ۪ينَ جَعَلُوا الْقُرْاٰنَ عِض۪ينَ (٩١)
91. Шундай кимсаларки, улар Қуръонни ҳам бўлак-бўлак қилиб олган эдилар.
Изоҳ: Улар Қуръоннинг оятларидан ўзларига хуш келганига иймон келтириб, маъқул келмаган оятларни инкор қилишга уринишган.
فَوَرَبِّكَ لَنَسْـَٔلَنَّهُمْ اَجْمَع۪ينَۙ (٩٢)
92. Эй Муҳаммад, Роббингизга қасамки, албатта, уларнинг барчасини сўроққа тутаман.
عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ (٩٣)
93. Дунёда қилиб ўтган нарсалари тўғрисида сўраб оламан.
فَاصْدَعْ بِمَا تُؤْمَرُ وَاَعْرِضْ عَنِ الْمُشْرِك۪ينَ (٩٤)
94. Эй Расулим, бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни ошкора қилинг ва мушриклардан юз ўгиринг.
اِنَّا كَفَيْنَاكَ الْمُسْتَهْزِء۪ينَۙ (٩٥)
95. Албатта, Биз сизни масхара қилувчиларга жазо бериш учун кифоя қиламиз.
اَلَّذ۪ينَ يَجْعَلُونَ مَعَ اللّٰهِ اِلٰهًا اٰخَرَۚ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ (٩٦)
96. Ундай кимсалар Аллоҳга бошқа сохта “илоҳ”ни шерик қиладилар. Бас, яқинда қилмишларининг оқибатини билиб оладилар.
وَلَقَدْ نَعْلَمُ اَنَّكَ يَض۪يقُ صَدْرُكَ بِمَا يَقُولُونَۙ (٩٧)
97. Ҳақиқатан, Биз сизни улар масхара қилиб айтаётган сўзларидан қалбингиз сиқилишини биламиз.
فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَكُنْ مِنَ السَّاجِد۪ينَۙ (٩٨)
98. Бас, Роббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва ёлғиз Аллоҳга сажда қилувчилардан бўлинг.
وَاعْبُدْ رَبَّكَ حَتّٰى يَأْتِيَكَ الْيَق۪ينُ (٩٩)
99. Ҳамда ўлим деб аталувчи мутлақ ҳақиқат яқин келгунча Роббингизга ибодат қилаверинг.

