ҲАДИД СУРАСИ
Ҳадид сураси 29 оятдан иборат бўлиб, Мадинада нозил бўлган. Ҳадид сўзининг маъноси “темир”, демакдир. Бу суранинг номи ундаги “Темирни туширдик”, – деган оятдан олингандир.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
سَبَّحَ لِلّٰهِ مَا فِي السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِۚ وَهُوَ الْعَز۪يزُ الْحَك۪يمُ (١)
1. Осмонлар ва Ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтади. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир. Шубҳасиз, Аллоҳ иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
لَهُ مُلْكُ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِۚ يُحْي۪ وَيُم۪يتُۚ وَهُوَ عَلٰى كُلِّ شَيْءٍ قَد۪يرٌ (٢)
2. Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Уникидир. У тирилтиради ва ўлдиради. У барча нарсага қодир Зотдир.
هُوَ الْاَوَّلُ وَالْاٰخِرُ وَالظَّاهِرُ وَالْبَاطِنُۚ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَل۪يمٌ (٣)
3. У Аввал, Охир, Зоҳир ва Ботиндир. У барча нарсани билувчидир.
Изоҳ: Оятда Аллоҳнинг сифатларидан баъзилари келтирилади. Аввал, яъни бошланиши йўқ. Охир, яъни тугаши йўқ. У азалий ва абадийдир. Зоҳир, яъни Унинг борлиги ҳамма нарсадан билиниб туради. Ботин, яъни Уни бу дунёда бешта маълум сезги аъзолари билан кўриб бўлмайди.
هُوَ الَّذ۪ي خَلَقَ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضَ ف۪ي سِتَّةِ اَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوٰى عَلَى الْعَرْشِۜ يَعْلَمُ مَا يَلِجُ فِي الْاَرْضِ وَمَا يَخْرُجُ مِنْهَا وَمَا يَنْزِلُ مِنَ السَّمَٓاءِ وَمَا يَعْرُجُ ف۪يهَاۜ وَهُوَ مَعَكُمْ اَيْنَ مَا كُنْتُمْۜ وَاللّٰهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَص۪يرٌ (٤)
4. У осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз илми ва қудрати билан Аршни эгаллаган Зотдир. У ерга кирадиган нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган нарсаларни ҳам, осмондан тушадиган нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган яхши амал ва дуоларни ҳам билади. Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир. Аллоҳ барча қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
لَهُ مُلْكُ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِۜ وَاِلَى اللّٰهِ تُرْجَعُ الْاُمُورُ (٥)
5. Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Уникидир. Барча ишлар фақат Аллоҳга қайтарилади!
يُولِجُ الَّيْلَ فِي النَّهَارِ وَيُولِجُ النَّهَارَ فِي الَّيْلِۜ وَهُوَ عَل۪يمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ (٦)
6. У кечани кундузга киритади ва кундузни кечага киритади. У кўнгиллардаги яширинган нарсаларни ҳам билувчи Зотдир.
اٰمِنُوا بِاللّٰهِ وَرَسُولِه۪ وَاَنْفِقُوا مِمَّا جَعَلَكُمْ مُسْتَخْلَف۪ينَ ف۪يهِۜ فَالَّذ۪ينَ اٰمَنُوا مِنْكُمْ وَاَنْفَقُوا لَهُمْ اَجْرٌ كَب۪يرٌ (٧)
7. Эй инсонлар, Аллоҳга ва унинг пайғамбари Муҳаммадга иймон келтиринглар ҳамда У сизларни вақтинча халифа қилиб қўйган бойликларингиздан эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан иймон келтирган ва эҳсон қилган кимсалар учун катта мукофот бордир.
وَمَا لَكُمْ لَا تُؤْمِنُونَ بِاللّٰهِۚ وَالرَّسُولُ يَدْعُوكُمْ لِتُؤْمِنُوا بِرَبِّكُمْ وَقَدْ اَخَذَ م۪يثَاقَكُمْ اِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِن۪ينَ (٨)
8. Агар сизлар иймон келтирувчи бўлсангиз – ҳолбуки, пайғамбар сизларни Роббингизга иймон келтиришга чақириб турибди, аҳду паймонингизни олгач, нима учун сизлар Аллоҳга иймон келтирмаяпсизлар?!
Изоҳ: Бу “Ал-мийсоқ” воқеасидир. Яъни, Аллоҳ таоло дунёга келувчи барча инсонларнинг руҳларини илк бор яратиб, улардан: “Мен Роббингиз эмасманми?!” – деб сўраган. Шунда бўлажак мўминларнинг руҳлари “Ҳа, Роббимизсан”, – деб жавоб беришган. Мийсоқ аҳд демакдир, оятда шу аҳдга вафо қилиш ҳақида сўз боради.
هُوَ الَّذ۪ي يُنَزِّلُ عَلٰى عَبْدِه۪ٓ اٰيَاتٍ بَيِّنَاتٍ لِيُخْرِجَكُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ اِلَى النُّورِۜ وَاِنَّ اللّٰهَ بِكُمْ لَرَؤُ۫فٌ رَح۪يمٌ (٩)
9. У Ўз бандаси Муҳаммадга сизларни жаҳолат зулматларидан иймон нурига олиб чиқиши учун аниқ оятларни нозил қиладиган Зотдир. Шубҳасиз, Аллоҳ бандаларига шафқатли – Раъуф ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
وَمَا لَكُمْ اَلَّا تُنْفِقُوا ف۪ي سَب۪يلِ اللّٰهِ وَلِلّٰهِ م۪يرَاثُ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضِۜ لَا يَسْتَو۪ي مِنْكُمْ مَنْ اَنْفَقَ مِنْ قَبْلِ الْفَتْحِ وَقَاتَلَۜ اُو۬لٰٓئِكَ اَعْظَمُ دَرَجَةً مِنَ الَّذ۪ينَ اَنْفَقُوا مِنْ بَعْدُ وَقَاتَلُواۜ وَكُلًّا وَعَدَ اللّٰهُ الْحُسْنٰىۜ وَاللّٰهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَب۪يرٌ۟ (١٠)
10. Нима учун сизлар Аллоҳ йўлида эҳсон қилмаяпсизлар?! Ҳолбуки, осмонлар ва Ернинг мероси ёлғиз Аллоҳникидир! Сизлардан Макка фатҳ бўлишидан аввал эҳсон қилган ва кофирларга қарши урушган кишилар фатҳдан кейин эҳсон қилган ва урушганлар билан баробар бўлмайди. Улар кейин эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал жаннат ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган барча амалларингиздан хабардордир.
مَنْ ذَا الَّذ۪ي يُقْرِضُ اللّٰهَ قَرْضًا حَسَنًا فَيُضَاعِفَهُ لَهُ وَلَهُٓ اَجْرٌ كَر۪يمٌۚ (١١)
11. Аллоҳга Унинг йўлида “қарзи ҳасана” эҳсон қиладиган киши борми?! Аллоҳ ўша кишига бир неча марта кўпайтириб қайтаради. Унинг учун яна шарафли мукофот ҳам бордир.
يَوْمَ تَرَى الْمُؤْمِن۪ينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ يَسْعٰى نُورُهُمْ بَيْنَ اَيْد۪يهِمْ وَبِاَيْمَانِهِمْ بُشْرٰيكُمُ الْيَوْمَ جَنَّاتٌ تَجْر۪ي مِنْ تَحْتِهَا الْاَنْهَارُ خَالِد۪ينَ ف۪يهَاۜ ذٰلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظ۪يمُۚ (١٢)
12. Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида қилган яхши амал нурлари йўлларини ёритиб кетаётганини кўрадиган кунни эсланг! Ўша кунда уларга: “Сизлар учун бугунги хушхабар – остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу қолинадиган жаннатлардир. Ана шу катта ютуқдир!” – дейилади.
يَوْمَ يَقُولُ الْمُنَافِقُونَ وَالْمُنَافِقَاتُ لِلَّذ۪ينَ اٰمَنُوا انْظُرُونَا نَقْتَبِسْ مِنْ نُورِكُمْ ق۪يلَ ارْجِعُوا وَرَٓاءَكُمْ فَالْتَمِسُوا نُورًاۜ فَضُرِبَ بَيْنَهُمْ بِسُورٍ لَهُ بَابٌۜ بَاطِنُهُ ف۪يهِ الرَّحْمَةُ وَظَاهِرُهُ مِنْ قِبَلِهِ الْعَذَابُۜ (١٣)
13. У кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган кимсаларга қараб: “Тўхтаб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик”, – десалар, уларга: “Ортингизга қайтиб нур истанглар”, – дейилади. Кейин улар билан мўминлар ўртасида дарвозали бир девор урилади. Унинг ичида раҳмат, ташқарисида эса азоб бўлади.
يُنَادُونَهُمْ اَلَمْ نَكُنْ مَعَكُمْۜ قَالُوا بَلٰى وَلٰكِنَّكُمْ فَتَنْتُمْ اَنْفُسَكُمْ وَتَرَبَّصْتُمْ وَارْتَبْتُمْ وَغَرَّتْكُمُ الْاَمَانِيُّ حَتّٰى جَٓاءَ اَمْرُ اللّٰهِ وَغَرَّكُمْ بِاللّٰهِ الْغَرُورُ (١٤)
14. Улар мўминларга: “Биз дунёда сизлар билан бирга эмасмидик”, – деб нидо қилганларида, мўминлар: “Ҳа, лекин сизлар ўзларингизни фитнага солдинглар ва бизларга мусибат етишига кўз тутдинглар ҳамда динимиз тўғрисида гумонда бўлдинглар ва Аллоҳнинг амри бўлган ўлим келгунча хомхаёллар сизларни алдаб юрди. Сизларни Аллоҳ ҳақида ёлғончи шайтон ҳам алдаб қўйди” – дейдилар.
فَالْيَوْمَ لَا يُؤْخَذُ مِنْكُمْ فِدْيَةٌ وَلَا مِنَ الَّذ۪ينَ كَفَرُواۜ مَأْوٰيكُمُ النَّارُۜ هِيَ مَوْلٰيكُمْۜ وَبِئْسَ الْمَص۪يرُ (١٥)
15. Мана бугун сиз мунофиқлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам азобдан қутулишларингиз учун тўлов олинмайди. Жойларингиз дўзахдир! У сизларнинг муносиб жойингиздир! У қандай ҳам ёмон борар жой!
اَلَمْ يَأْنِ لِلَّذ۪ينَ اٰمَنُٓوا اَنْ تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِكْرِ اللّٰهِ وَمَا نَزَلَ مِنَ الْحَقِّۙ وَلَا يَكُونُوا كَالَّذ۪ينَ اُو۫تُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلُ فَطَالَ عَلَيْهِمُ الْاَمَدُ فَقَسَتْ قُلُوبُهُمْۜ وَكَث۪يرٌ مِنْهُمْ فَاسِقُونَ (١٦)
16. Иймон келтирган кимсалар учун қалблари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ Қуръонга мойил бўлиш вақти келмадими?! Яна улар учун илгари китоб берилган, сўнг улар билан пайғамбарлари ўртасидаги муддат узайиб кетгач, диллари қотиб кетган яҳудий ва насронийлар каби бўлиб қолмаслик вақти келмадими?! Улардан кўплари фосиқдирлар!
اِعْلَمُٓوا اَنَّ اللّٰهَ يُحْيِ الْاَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَاۜ قَدْ بَيَّنَّا لَكُمُ الْاٰيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ (١٧)
17. Эй мўминлар, билингларки, албатта, Аллоҳ сувсизликдан қақраб ётган ерни ўлимидан кейин тирилтиради. Ақл юритишингиз учун сизларга қудратимизга далолат қиладиган оятларни батафсил баён қилдик.
اِنَّ الْمُصَّدِّق۪ينَ وَالْمُصَّدِّقَاتِ وَاَقْرَضُوا اللّٰهَ قَرْضًا حَسَنًا يُضَاعَفُ لَهُمْ وَلَهُمْ اَجْرٌ كَر۪يمٌ (١٨)
18. Албатта, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар ҳамда Аллоҳга “қарзи ҳасана” берганлар учун савоблари бир неча баробар кўп қилиб қайтарилади ва улар учун яна шарафли мукофот бордир.
وَالَّذ۪ينَ اٰمَنُوا بِاللّٰهِ وَرُسُلِه۪ٓ اُو۬لٰٓئِكَ هُمُ الصِّدّ۪يقُونَۗ وَالشُّهَدَٓاءُ عِنْدَ رَبِّهِمْۜ لَهُمْ اَجْرُهُمْ وَنُورُهُمْۜ وَالَّذ۪ينَ كَفَرُوا وَكَذَّبُوا بِاٰيَاتِنَٓا اُو۬لٰٓئِكَ اَصْحَابُ الْجَح۪يمِ۟ (١٩)
19. Аллоҳга ва Унинг расулларига иймон келтирган кишилар – ана ўшалар сиддиқлардир ва Роббилари ҳузуридаги шоҳидлардир. Улар учун охиратда мукофотлари ва йўлларини ёритувчи нурлари бўлади. Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарган кимсалар эса – улар дўзах эгаларидир.
Изоҳ: Оятдаги сиддиқлар иймонида садоқатли кишилардир. Тасаввуфда сиддиқ пайғамбарликдан кейинги юқори мақомдир. Бу мақомга биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ эришганлар. Сиддиқ – сўзида, ниятида, амалида ва ваъдасида садоқатли кишидир.
اِعْلَمُٓوا اَنَّمَا الْحَيٰوةُ الدُّنْيَا لَعِبٌ وَلَهْوٌ وَز۪ينَةٌ وَتَفَاخُرٌ بَيْنَكُمْ وَتَكَاثُرٌ فِي الْاَمْوَالِ وَالْاَوْلَادِۜ كَمَثَلِ غَيْثٍ اَعْجَبَ الْكُفَّارَ نَبَاتُهُ ثُمَّ يَه۪يجُ فَتَرٰيهُ مُصْفَرًّا ثُمَّ يَكُونُ حُطَامًاۜ وَفِي الْاٰخِرَةِ عَذَابٌ شَد۪يدٌۙ وَمَغْفِرَةٌ مِنَ اللّٰهِ وَرِضْوَانٌۜ وَمَا الْحَيٰوةُ الدُّنْيَٓا اِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ (٢٠)
20. Эй инсонлар, билингларки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. У бамисоли бир ёмғирки, унинг сабабидан униб чиққан гиёҳ кофирларни таажжубга солади. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у хас-чўпга айланиб қолади. Охиратда эса ким учундир қаттиқ азоб, ким учундир Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матосидир.
سَابِقُٓوا اِلٰى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا كَعَرْضِ السَّمَٓاءِ وَالْاَرْضِۙ اُعِدَّتْ لِلَّذ۪ينَ اٰمَنُوا بِاللّٰهِ وَرُسُلِه۪ۜ ذٰلِكَ فَضْلُ اللّٰهِ يُؤْت۪يهِ مَنْ يَشَٓاءُۜ وَاللّٰهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظ۪يمِ (٢١)
21. Эй инсонлар, Роббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган кимсалар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилинглар! Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато қилади. Аллоҳ буюк фазл соҳибидир.
مَٓا اَصَابَ مِنْ مُص۪يبَةٍ فِي الْاَرْضِ وَلَا ف۪ٓي اَنْفُسِكُمْ اِلَّا ف۪ي كِتَابٍ مِنْ قَبْلِ اَنْ نَبْرَاَهَاۜ اِنَّ ذٰلِكَ عَلَى اللّٰهِ يَس۪يرٌۚ (٢٢)
22. Ер юзида ёки ўзларингизда бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари китобда ёзилган бўлади. Албатта, бу Аллоҳга осондир.
Изоҳ: Ҳаётда содир бўладиган ҳар бир яхши-ёмон, катта-кичик воқеа-ҳодиса албатта Аллоҳ таолонинг тақдири азалийсида аввалдан битилган бўлади.
لِكَيْلَا تَأْسَوْا عَلٰى مَا فَاتَكُمْ وَلَا تَفْرَحُوا بِمَٓا اٰتٰيكُمْۜ وَاللّٰهُ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍۙ (٢٣)
23. Токи, сизлар қўлларингиздан кетган нарсага ачинмайсизлар ва Аллоҳ берган нарса билан шодланиб кетмайсизлар. Аллоҳ ҳар қандай кибрли ва мақтанчоқ кимсаларни севмайди.
اَلَّذ۪ينَ يَبْخَلُونَ وَيَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبُخْلِۜ وَمَنْ يَتَوَلَّ فَاِنَّ اللّٰهَ هُوَ الْغَنِيُّ الْحَم۪يدُ (٢٤)
24. Улар бахиллик қиладиган ва одамларни ҳам бахилликка буюрадиган кимсалардир. Ким бахиллик қилиб эҳсон қилишдан юз ўгирса, бас, Аллоҳ ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғаний ва мақтовга сазовар – Ҳамид Зотдир.
لَقَدْ اَرْسَلْنَا رُسُلَنَا بِالْبَيِّنَاتِ وَاَنْزَلْنَا مَعَهُمُ الْكِتَابَ وَالْم۪يزَانَ لِيَقُومَ النَّاسُ بِالْقِسْطِۚ وَاَنْزَلْنَا الْحَد۪يدَ ف۪يهِ بَأْسٌ شَد۪يدٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَلِيَعْلَمَ اللّٰهُ مَنْ يَنْصُرُهُ وَرُسُلَهُ بِالْغَيْبِۜ اِنَّ اللّٰهَ قَوِيٌّ عَز۪يزٌ۟ (٢٥)
25. Биз пайғамбарларимизни далиллар билан юбордик ва улар билан бирга китоб ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Яна, Биз темирни туширдик унда катта куч ва одамлар учун кўплаб манфаатлар бордир. Аллоҳ Ўзига ва пайғамбарларига Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш билан ғойибона ёрдам берадиган кишиларни билиш учун ҳам темирни яратди. Албатта, Аллоҳ ҳаммадан кучли бўлган – Қовий ва иззати улуғ – Азиз Зотдир.
وَلَقَدْ اَرْسَلْنَا نُوحًا وَاِبْرٰه۪يمَ وَجَعَلْنَا ف۪ي ذُرِّيَّتِهِمَا النُّبُوَّةَ وَالْكِتَابَ فَمِنْهُمْ مُهْتَدٍۚ وَكَث۪يرٌ مِنْهُمْ فَاسِقُونَ (٢٦)
26. Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда пайғамбарлик ва китобни ҳам икковининг зурриётларига ато қилдик. Бас, уларнинг орасида ҳидоят топувчи кишилар ҳам бор, аммо уларнинг орасида аксарияти фосиқлардир.
ثُمَّ قَفَّيْنَا عَلٰٓى اٰثَارِهِمْ بِرُسُلِنَا وَقَفَّيْنَا بِع۪يسَى ابْنِ مَرْيَمَ وَاٰتَيْنَاهُ الْاِنْج۪يلَ وَجَعَلْنَا ف۪ي قُلُوبِ الَّذ۪ينَ اتَّبَعُوهُ رَأْفَةً وَرَحْمَةًۜ وَرَهْبَانِيَّةًۨ ابْتَدَعُوهَا مَا كَتَبْنَاهَا عَلَيْهِمْ اِلَّا ابْتِغَٓاءَ رِضْوَانِ اللّٰهِ فَمَا رَعَوْهَا حَقَّ رِعَايَتِهَاۚ فَاٰتَيْنَا الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا مِنْهُمْ اَجْرَهُمْۚ وَكَث۪يرٌ مِنْهُمْ فَاسِقُونَ (٢٧)
27. Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Марям ўғли Исони ҳам уларнинг ортидан юбордик ва унга Инжилни бердик ҳамда унга эргашган кимсаларнинг қалбларида меҳрибонлик ва шафқат пайдо қилдик. Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз бу роҳибликни уларга ёзмаган эдик. Лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб роҳиблик қилдилар-у, сўнг унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирган кимсаларга мукофотларни ато қилдик. Аммо уларнинг орасида аксарияти фосиқдирлар.
يَٓا اَيُّهَا الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا اتَّقُوا اللّٰهَ وَاٰمِنُوا بِرَسُولِه۪ يُؤْتِكُمْ كِفْلَيْنِ مِنْ رَحْمَتِه۪ وَيَجْعَلْ لَكُمْ نُورًا تَمْشُونَ بِه۪ وَيَغْفِرْ لَكُمْۜ وَاللّٰهُ غَفُورٌ رَح۪يمٌۙ (٢٨)
28. Эй Исога иймон келтирган кимсалар, Аллоҳдан қўрқинглар ва Унинг пайғамбари Муҳаммадга ҳам иймон келтиринглар. Шунда У зот сизларга Ўз раҳматидан икки баробар ато этади ва сизларга қиёматда олдингизда юрадиган бир нур пайдо қилади ҳамда сизларни мағфират қилади. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.
لِئَلَّا يَعْلَمَ اَهْلُ الْكِتَابِ اَلَّا يَقْدِرُونَ عَلٰى شَيْءٍ مِنْ فَضْلِ اللّٰهِ وَاَنَّ الْفَضْلَ بِيَدِ اللّٰهِ يُؤْت۪يهِ مَنْ يَشَٓاءُۜ وَاللّٰهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظ۪يمِ (٢٩)
29. Аҳли китоблар ўзлари Аллоҳнинг фазлидан бирор нарсага етишга қодир бўла олмасликларини ва фазл Аллоҳнинг “қўли”да бўлиб, уни фақат Ўзи хоҳлаган кишиларга ато қилишини билишлари учун Аллоҳ шундай қилди. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир.

