ЁСИН СУРАСИ
Ёсин сураси 83 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Суранинг аввалида келган “Йо” ва “Син” ҳарфларидан ташкил топгани учун “Ёсин” номи билан аталган.
بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ
РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
يٰسٓۜ (١)
1. Йо, Син.
Изоҳ: Қуръони Каримда бир неча сура мана шундай алоҳида ҳарфлар билан бошланади. Уламолар наздида ушбу ҳарфлар “Ҳуруфи муқаттаот”, яъни маънодан узилган ҳарфлар ҳисобланиб, уларнинг маъноси ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина аёндир. Қуръонда ҳаммаси бўлиб 29 сура ана шундай ҳарфлар билан бошланган. Лекин баъзи тафсир олимлари ўз китобларида уларни изоҳлашга ҳаракат қилишган.
وَالْقُرْاٰنِ الْحَك۪يمِۙ (٢)
2. Эй Муҳаммад, ушбу ҳикматли Қуръонга қасам бўлсин.
اِنَّكَ لَمِنَ الْمُرْسَل۪ينَۙ (٣)
3. Албатта, сиз расуллардансиз!
عَلٰى صِرَاطٍ مُسْتَق۪يمٍۜ (٤)
4. Шубҳасиз сиз тўғри йўлдасиз.
تَنْز۪يلَ الْعَز۪يزِ الرَّح۪يمِۙ (٥)
5. Ушбу Қуръон азиз ва раҳмли бўлган Аллоҳнинг нозил қилган китобидир,
لِتُنْذِرَ قَوْمًا مَٓا اُنْذِرَ اٰبَٓاؤُ۬هُمْ فَهُمْ غَافِلُونَ (٦)
6. Ота-боболари огоҳлантирилмаган, ўзлари ҳам ғофил бўлган қавмларни огоҳлантиришинг учун нозил қилингандир.
لَقَدْ حَقَّ الْقَوْلُ عَلٰٓى اَكْثَرِهِمْ فَهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ (٧)
7. Уларнинг кўпларига азоб ҳақидаги сўз муқаррар бўлган. Бас, улар иймон келтирмайдилар.
اِنَّا جَعَلْنَا ف۪ٓي اَعْنَاقِهِمْ اَغْلَالًا فَهِيَ اِلَى الْاَذْقَانِ فَهُمْ مُقْمَحُونَ (٨)
8. Дарҳақиқат, Биз уларнинг бўйинларига, иякларигача етадиган кишанларни солиб қўйдик. Бас, улар ҳаққа бўйин эгмай кеккайиб тураверадилар.
وَجَعَلْنَا مِنْ بَيْنِ اَيْد۪يهِمْ سَدًّا وَمِنْ خَلْفِهِمْ سَدًّا فَاَغْشَيْنَاهُمْ فَهُمْ لَا يُبْصِرُونَ (٩)
9. Яна уларнинг олдиларидан ҳам бир тўсиқ, орқаларидан ҳам бир тўсиқ қилиб, кўзларига парда тортдик. Бас, улар кўра олмайдилар.
Изоҳ: Бу оят Абу Жаҳл Махзумий ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳни намоз ўқиётган пайтларида бошларига тош билан уриб мажруҳ қилишга қасам ичган бўлиб, мақсадини амалга оширмоқчи бўлганида тошни кўтарганича қўллари тошга ёпишиб қолади. Шарманда бўлиб ўз қавмига қайтиб келгач, бошқа бири “Бу ишни мен бажараман” – деб равона бўлганида, Аллоҳ таоло амри билан унинг кўзи кўр бўлиб қолади.
وَسَوَٓاءٌ عَلَيْهِمْ ءَاَنْذَرْتَهُمْ اَمْ لَمْ تُنْذِرْهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ (١٠)
10. Эй Муҳаммад, уларни охират азобидан огоҳлантирсангиз ҳам ёки огоҳлантирмасангиз ҳам уларга барибир, иймон келтирмайдилар.
اِنَّمَا تُنْذِرُ مَنِ اتَّبَعَ الذِّكْرَ وَخَشِيَ الرَّحْمٰنَ بِالْغَيْبِۚ فَبَشِّرْهُ بِمَغْفِرَةٍ وَاَجْرٍ كَر۪يمٍ (١١)
11. Сиз фақат эслатма бўлиб келган Қуръонга эргашган ва Раҳмондан ғойибона қўрққан кишиларнигина огоҳлантира оласиз. Бас, ўша кимсаларга мағфират ва улуғ мукофот борлиги ҳақида хушхабар беринг!
اِنَّا نَحْنُ نُحْيِ الْمَوْتٰى وَنَكْتُبُ مَا قَدَّمُوا وَاٰثَارَهُمْۜ وَكُلَّ شَيْءٍ اَحْصَيْنَاهُ ف۪ٓي اِمَامٍ مُب۪ينٍ۟ (١٢)
12. Албатта, Биз қиёматда ўликларни тирилтирамиз ва уларнинг тақдим қилган нарсаларини ва ҳаётда қолдирган изларини ёзиб борамиз. Барча нарсани очиқ-ойдин китобда ҳисоблаб қўйганмиз.
وَاضْرِبْ لَهُمْ مَثَلًا اَصْحَابَ الْقَرْيَةِۢ اِذْ جَٓاءَهَا الْمُرْسَلُونَۚ (١٣)
13. Эй Муҳаммад, уларга қишлоқ аҳолисига расуллар келган пайтни мисол қилиб келтиринг.
Изоҳ: Қуйидаги оятларда сўз ҳақ йўлига даъват қилиш учун Исо алайҳиссалом томонидан Рум мамлакатидаги Антокия шаҳри аҳолисига юборилган элчилар ва уларни ёлғончи қилганлари оқибатида ҳалокатга дучор бўлган қишлоқ аҳли ҳақида боради. Бу қисса орқали Қуръон Макка мушрикларини Муҳаммад пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтирмасликнинг даҳшатли оқибатларидан огоҳлантиради. Антокия, ҳозирги Туркиянинг қадимий шаҳарларидан биридир.
اِذْ اَرْسَلْنَٓا اِلَيْهِمُ اثْنَيْنِ فَكَذَّبُوهُمَا فَعَزَّزْنَا بِثَالِثٍ فَقَالُٓوا اِنَّٓا اِلَيْكُمْ مُرْسَلُونَ (١٤)
14. Ўшанда Биз уларга иккита пайғамбарни юборганимизда қишлоқ аҳли иккисини ҳам ёлғончига чиқаришди. Кейин учинчи пайғамбар билан қувватлантирдик. Бас, уччала пайғамбар қишлоқ аҳлига: “Чиндан ҳам, биз сизларга юборилган элчилармиз”, деган эдилар.
قَالُوا مَٓا اَنْتُمْ اِلَّا بَشَرٌ مِثْلُنَاۙ وَمَٓا اَنْزَلَ الرَّحْمٰنُ مِنْ شَيْءٍۙ اِنْ اَنْتُمْ اِلَّا تَكْذِبُونَ (١٥)
15. Қишлоқ аҳли уларга: “Сизлар ҳам худди бизга ўхшаган одамларсиз. Раҳмон ҳеч нарса нозил қилган эмас. Сизлар фақат ёлғон гапиряпсизлар”, – дедилар.
قَالُوا رَبُّنَا يَعْلَمُ اِنَّٓا اِلَيْكُمْ لَمُرْسَلُونَ (١٦)
16. Пайғамбарлар уларга: “Албатта, биз сизларга юборилган элчилар эканимизни Роббимиз билади”, – дедилар.
وَمَا عَلَيْنَٓا اِلَّا الْبَلَاغُ الْمُب۪ينُ (١٧)
17. Бизларнинг зиммамизда фақат Аллоҳнинг ваҳийсини сизларга аниқ қилиб етказиш бор.
قَالُٓوا اِنَّا تَطَيَّرْنَا بِكُمْۚ لَئِنْ لَمْ تَنْتَهُوا لَنَرْجُمَنَّكُمْ وَلَيَمَسَّنَّكُمْ مِنَّا عَذَابٌ اَل۪يمٌ (١٨)
18. Қишлоқ аҳли: “Бизлар сизлардан бадгумон бўлдик. Қасамки, агар даъватларингизни тўхтатмасангизлар, сизларни, албатта, тошбўрон қиламиз ва сизларга биз томондан аламли азоб етади”, – дедилар
قَالُوا طَٓائِرُكُمْ مَعَكُمْۜ اَئِنْ ذُكِّرْتُمْۜ بَلْ اَنْتُمْ قَوْمٌ مُسْرِفُونَ (١٩)
19. Элчилар уларга: “Бадгумон бўлишингиз ўзингиз биландир. Сизларга эслатма берилса, ёмон гумон қиласизларми?! Йўқ, сизлар ҳаддидан ошган қавмдирсиз!” – дедилар.
وَجَٓاءَ مِنْ اَقْصَا الْمَد۪ينَةِ رَجُلٌ يَسْعٰى قَالَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُوا الْمُرْسَل۪ينَۙ (٢٠)
20. Шу пайт бир киши шаҳарнинг чеккасидан шошганча келиб: “Эй қавмим, бу элчиларнинг даъватига эргашинглар!” – деди.
اِتَّبِعُوا مَنْ لَا يَسْـَٔلُكُمْ اَجْرًا وَهُمْ مُهْتَدُونَ (٢١)
21. Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан ҳақ сўрамайдиган зотларга эргашинглар!
Изоҳ: Ривоят қилинишича, бу киши шаҳар четида истиқомат қилувчи художўй бир одам бўлиб, исми Ҳабиб ан-Нажжор эди. У ҳамшаҳарлари ўзларини ҳақ йўлига даъват қилиш учун келган элчиларни ёлғончига чиқариб, ўлдирмоқчи бўлиб турганларидан хабар топгач, шошганча уларнинг олдига келиб, мазкур оятлардаги сўзларни айтади. Бу сўзларни эшитган қавми: “Ҳали сен ҳам шуларнинг динидамисан?!” – деб у билан тортишадилар.
وَمَا لِيَ لَٓا اَعْبُدُ الَّذ۪ي فَطَرَن۪ي وَاِلَيْهِ تُرْجَعُونَ (٢٢)
22. У халойиққа юзланиб: “Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмас эканман? Барчангиз Унинг ҳузурига қайтариласизлар”, – деди.
ءَاَتَّخِذُ مِنْ دُونِه۪ٓ اٰلِهَةً اِنْ يُرِدْنِ الرَّحْمٰنُ بِضُرٍّ لَا تُغْنِ عَنّ۪ي شَفَاعَتُهُمْ شَيْـًٔا وَلَا يُنْقِذُونِۚ (٢٣)
23. Мен Ундан ўзгаларни илоҳ қилиб олайми?! Ҳолбуки, агар Раҳмон менга бирор зарар етказишни истаса, у сохта илоҳларнинг шафоатлари менга бирор фойда бермайди ва улар мени азобдан ҳам қутқара олмайдилар.
اِنّ۪ٓي اِذًا لَف۪ي ضَلَالٍ مُب۪ينٍ (٢٤)
24. У ҳолда мен, албатта, аниқ залолатда бўламан-ку!
اِنّ۪ٓي اٰمَنْتُ بِرَبِّكُمْ فَاسْمَعُونِۜ (٢٥)
25. Ҳақиқатан, мен Роббингизга иймон келтирганман, бас, мени тингланглар.
ق۪يلَ ادْخُلِ الْجَنَّةَۜ قَالَ يَا لَيْتَ قَوْم۪ي يَعْلَمُونَۙ (٢٦)
26. Унинг сўзларини эшитмай уни қатл қилишгач, унга: “Жаннатга кир”, – дейилди. Жаннатдаги неъматларни кўргач: “Қани, эди, қавмим буларни билсалар”, – деди.
بِمَا غَفَرَ ل۪ي رَبّ۪ي وَجَعَلَن۪ي مِنَ الْمُكْرَم۪ينَ (٢٧)
27. Роббимнинг мени мағфират қилганини ва мени мукаррам кишилардан қилганини билсалар эди.
وَمَٓا اَنْزَلْنَا عَلٰى قَوْمِه۪ مِنْ بَعْدِه۪ مِنْ جُنْدٍ مِنَ السَّمَٓاءِ وَمَا كُنَّا مُنْزِل۪ينَ (٢٨)
28. Биз унинг қатлидан кейин қавми устига осмондан азоб фаришталаридан иборат бирор қўшин туширмадик. Биз осмондан ҳеч нарса туширувчи бўлмадик.
اِنْ كَانَتْ اِلَّا صَيْحَةً وَاحِدَةً فَاِذَا هُمْ خَامِدُونَ (٢٩)
29. Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, бирданига улар ўчиб қолдилар.
يَا حَسْرَةً عَلَى الْعِبَادِۚ مَا يَأْت۪يهِمْ مِنْ رَسُولٍ اِلَّا كَانُوا بِه۪ يَسْتَهْزِؤُ۫نَ (٣٠)
30. Аллоҳнинг элчиларини ёлғончига чиқариб уларни ўлдирган бандаларга ҳасрат бўлсин! Қачонки уларга пайғамбар келса, уни масхара қилувчи бўлар эдилар.
اَلَمْ يَرَوْا كَمْ اَهْلَكْنَا قَبْلَهُمْ مِنَ الْقُرُونِ اَنَّهُمْ اِلَيْهِمْ لَا يَرْجِعُونَ (٣١)
31. Ахир, улар ўзларидан олдин ҳам қанчадан-қанча авлодларни ҳалок қилганимизни ва улар олдиларига тирилиб, қайтиб келмаётганини кўрмадиларми?!
وَاِنْ كُلٌّ لَمَّا جَم۪يعٌ لَدَيْنَا مُحْضَرُونَ۟ (٣٢)
32. Албатта, барчалари қиёматда тўпланган ҳолларида ҳузуримизга ҳозир қилинувчидирлар.
وَاٰيَةٌ لَهُمُ الْاَرْضُ الْمَيْتَةُۚ اَحْيَيْنَاهَا وَاَخْرَجْنَا مِنْهَا حَبًّا فَمِنْهُ يَأْكُلُونَ (٣٣)
33. Ўлик ер улар учун қиёматда қайта тирилишга бир аломатдир, Биз уни сув билан тирилтирдик ва ундан турли донларни ундириб чиқардик. Бас, улар у донлардан ейдилар.
وَجَعَلْنَا ف۪يهَا جَنَّاتٍ مِنْ نَخ۪يلٍ وَاَعْنَابٍ وَفَجَّرْنَا ف۪يهَا مِنَ الْعُيُونِۙ (٣٤)
34. Яна Биз у ерда хурмозор ва узумзор боғларни пайдо қилдик ва ичидан булоқларни оқизиб қўйдик.
لِيَأْكُلُوا مِنْ ثَمَرِه۪ۙ وَمَا عَمِلَتْهُ اَيْد۪يهِمْۜ اَفَلَا يَشْكُرُونَ (٣٥)
35. Одамлар унинг мевасидан ейишлари учун уларни яратдик. Ҳолбуки, у меваларни ўз қўллари билан барпо қилмаган эдилар. Ахир шукр қилмайдиларми?!
سُبْحَانَ الَّذ۪ي خَلَقَ الْاَزْوَاجَ كُلَّهَا مِمَّا تُنْبِتُ الْاَرْضُ وَمِنْ اَنْفُسِهِمْ وَمِمَّا لَا يَعْلَمُونَ (٣٦)
36. Ер ундирадиган нарсалардан, одамларнинг ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган Аллоҳ ҳар қандай айбу-нуқсондан пок Зотдир.
وَاٰيَةٌ لَهُمُ الَّيْلُۚ نَسْلَخُ مِنْهُ النَّهَارَ فَاِذَا هُمْ مُظْلِمُونَۙ (٣٧)
37. Тун ҳам улар учун қудратимизни кўрсатиб турган бир аломатдир. Ундан кундузни суғуриб олишимиз билан бирданига улар зулматда қоладилар.
وَالشَّمْسُ تَجْر۪ي لِمُسْتَقَرٍّ لَهَاۜ ذٰلِكَ تَقْد۪يرُ الْعَز۪يزِ الْعَل۪يمِۜ (٣٨)
38. Қуёш тўхтамай ўз қароргоҳи томон юриб боради. Бу қудратли ва барча нарсани билувчи Зотнинг ўлчовидир.
Изоҳ: Ердан жуда катта ҳажмга эга бўлган қуёш қиёмат куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади, Фақат қудратли Зот уни шундай тартибга солиб ўлчаб қўяди.
وَالْقَمَرَ قَدَّرْنَاهُ مَنَازِلَ حَتّٰى عَادَ كَالْعُرْجُونِ الْقَد۪يمِ (٣٩)
39. Биз ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғи каби эгилиб қолгунича манзилларга ботадиган қилиб ўлчаб қўйганмиз.
Изоҳ: Ҳақиқатан, ой бир ой давомида йигирма саккиз манзилда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартибда такрорланади, Агар қуёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
لَا الشَّمْسُ يَنْبَغ۪ي لَهَٓا اَنْ تُدْرِكَ الْقَمَرَ وَلَا الَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِۜ وَكُلٌّ ف۪ي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ (٤٠)
40. На қуёш ойга етиб олиши мумкин ва на тун кундуздан ўзиб кетувчи бўла олади. Самодаги барча сайёралар фалакда сузиб юрадилар.
Изоҳ: Яъни то қиёмат қоим бўлгунича қуёш ойга ета олмайди ва тун кундузнинг ўрнини эгалламайди. Ушбу оятда яна коинотдаги барча каттаю кичик сайёралар фазода сузиб юришлари баён қилинган.
وَاٰيَةٌ لَهُمْ اَنَّا حَمَلْنَا ذُرِّيَّتَهُمْ فِي الْفُلْكِ الْمَشْحُونِۙ (٤١)
41. Биз уларнинг зурриётларини Нуҳ пайғамбар ясаган ичи тўла кемада кўтарганимиз ва тўфон балосидан қутқарганимиз улар учун қудратимиздан яна бир аломатдир.
وَخَلَقْنَا لَهُمْ مِنْ مِثْلِه۪ مَا يَرْكَبُونَ (٤٢)
42. Яна Биз уларга ўша кемага ўхшаш минадиган бошқа улов воситаларини ҳам яратдик.
وَاِنْ نَشَأْ نُغْرِقْهُمْ فَلَا صَر۪يخَ لَهُمْ وَلَا هُمْ يُنْقَذُونَۙ (٤٣)
43. Агар хоҳласак, уларни сувга ғарқ қиламиз-да, сўнг улар учун бирор ёрдамчи ҳам бўлмайди ва улар ҳалокатдан қутқарилмайдилар.
اِلَّا رَحْمَةً مِنَّا وَمَتَاعًا اِلٰى ح۪ينٍ (٤٤)
44. Фақат Биз томондан бўлган марҳамат туфайли ва маълум бир вақтгача ҳаёт неъматларидан баҳраманд бўлишлари учун муҳлат бердик.
وَاِذَا ق۪يلَ لَهُمُ اتَّقُوا مَا بَيْنَ اَيْد۪يكُمْ وَمَا خَلْفَكُمْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ (٤٥)
45. Агарда уларга: “Раҳм қилинишингиз учун олдингиздаги охират азобидан ва ортингиздаги дунё мусибатларидан қўрқинглар”, – дейилса, парво қилмайдилар.
وَمَا تَأْت۪يهِمْ مِنْ اٰيَةٍ مِنْ اٰيَاتِ رَبِّهِمْ اِلَّا كَانُوا عَنْهَا مُعْرِض۪ينَ (٤٦)
46. Агар уларга Роббиларининг оятларидан бирор оят келса, фақат ундан юз ўгирувчи бўладилар.
وَاِذَا ق۪يلَ لَهُمْ اَنْفِقُوا مِمَّا رَزَقَكُمُ اللّٰهُۙ قَالَ الَّذ۪ينَ كَفَرُوا لِلَّذ۪ينَ اٰمَنُٓوا اَنُطْعِمُ مَنْ لَوْ يَشَٓاءُ اللّٰهُ اَطْعَمَهُۗ اِنْ اَنْتُمْ اِلَّا ف۪ي ضَلَالٍ مُب۪ينٍ (٤٧)
47. Агар уларга: “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан муҳтожларга эҳсон қилинглар”, – дейилса, куфр келтирган кимсалар иймон келтирганларга истеҳзо билан: “Агар Аллоҳ хоҳласа, уни Ўзи едирадиган кимсани биз таомлантирамизми?! Сизлар, аниқ залолатдасизлар”, – дейдилар.
وَيَقُولُونَ مَتٰى هٰذَا الْوَعْدُ اِنْ كُنْتُمْ صَادِق۪ينَ (٤٨)
48. Яна улар: “Агар ростгўй бўлсангизлар, айтинглар-чи, мана шу ваъда қилинаётган азоб қачон бўлади?” – дейдилар.
مَا يَنْظُرُونَ اِلَّا صَيْحَةً وَاحِدَةً تَأْخُذُهُمْ وَهُمْ يَخِصِّمُونَ (٤٩)
49. Улар тортишиб турганларида, тўсатдан уларни тутиб олувчи биргина қичқириқни кутмоқдалар, холос.
فَلَا يَسْتَط۪يعُونَ تَوْصِيَةً وَلَٓا اِلٰٓى اَهْلِهِمْ يَرْجِعُونَ۟ (٥٠)
50. Ўшанда, улар васият қилишга ҳам аҳли оилаларининг олдига қайтиб боришга ҳам кучлари етмайди.
وَنُفِخَ فِي الصُّورِ فَاِذَا هُمْ مِنَ الْاَجْدَاثِ اِلٰى رَبِّهِمْ يَنْسِلُونَ (٥١)
51. Қиёмат куни сур чалиниши билан бирданига улар қабрларидан Роббилари томон суғурилиб чиқадилар.
قَالُوا يَا وَيْلَنَا مَنْ بَعَثَنَا مِنْ مَرْقَدِنَاۢ ۔هٰذَا مَا وَعَدَ الرَّحْمٰنُ وَصَدَقَ الْمُرْسَلُونَ (٥٢)
52. Улар: “Ҳолимизга вой бўлсин! Ким бизларни қабрдаги ухлаётган жойимиздан уйғотди?” – дейдилар. Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар тасдиқлаган нарсадир.
اِنْ كَانَتْ اِلَّا صَيْحَةً وَاحِدَةً فَاِذَا هُمْ جَم۪يعٌ لَدَيْنَا مُحْضَرُونَ (٥٣)
53. Фақатгина бир қичқириқ бўлди ва дарҳол уларнинг барчалари Бизнинг ҳузуримизда ҳозир қилинувчидирлар.
فَالْيَوْمَ لَا تُظْلَمُ نَفْسٌ شَيْـًٔا وَلَا تُجْزَوْنَ اِلَّا مَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ (٥٤)
54. Мана бугун ҳеч бир жонга зулм қилинмайди ва сизлар фақат қилиб ўтган амалларингизга яраша жазоланасизлар.
اِنَّ اَصْحَابَ الْجَنَّةِ الْيَوْمَ ف۪ي شُغُلٍ فَاكِهُونَۚ (٥٥)
55. Албатта, жаннат аҳли бу кунда роҳат ва фароғат ишлари билан хурсанддирлар.
هُمْ وَاَزْوَاجُهُمْ ف۪ي ظِلَالٍ عَلَى الْاَرَٓائِكِ مُتَّكِؤُ۫نَ (٥٦)
56. Улар жуфтлари билан бирга салқин жойлардаги сўриларда ястаниб ўтирадилар.
لَهُمْ ف۪يهَا فَاكِهَةٌ وَلَهُمْ مَا يَدَّعُونَۚ (٥٧)
57. Улар учун у ерда турли мевалар ва уларнинг истаган нарсалари мавжуддир.
سَلَامٌ قَوْلًا مِنْ رَبٍّ رَح۪يمٍ (٥٨)
58. Уларга Раҳим Зот бўлган Парвардигор томонидан салом айтилади.
وَامْتَازُوا الْيَوْمَ اَيُّهَا الْمُجْرِمُونَ (٥٩)
59. Эй жиноятчилар, энди бу кунда, мўминлардан ажралинглар!
اَلَمْ اَعْهَدْ اِلَيْكُمْ يَا بَن۪ٓي اٰدَمَ اَنْ لَا تَعْبُدُوا الشَّيْطَانَۚ اِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُب۪ينٌۙ (٦٠)
60. Мен сизларга: “Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилманглар, албатта, у сизларга аниқ душмандир”, – деб амр қилмаганмидим?!
وَاَنِ اعْبُدُون۪يۜ هٰذَا صِرَاطٌ مُسْتَق۪يمٌ (٦١)
61. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу тўғри йўлдир, – демаганмидим?!
وَلَقَدْ اَضَلَّ مِنْكُمْ جِبِلًّا كَث۪يرًاۜ اَفَلَمْ تَكُونُوا تَعْقِلُونَ (٦٢)
62. Шайтон сизларнинг ичингиздан кўплаб авлодларни йўлдан оздирди. Ахир, ақл ишлатувчи бўлмадингизми?
هٰذِه۪ جَهَنَّمُ الَّت۪ي كُنْتُمْ تُوعَدُونَ (٦٣)
63. Мана энди, сизларга ваъда қилинган жаҳаннам шудир!
اِصْلَوْهَا الْيَوْمَ بِمَا كُنْتُمْ تَكْفُرُونَ (٦٤)
64. Дунёда куфр келтириб ўтганингиз туфайли бугунги кунда унга кириб, куйинглар.
اَلْيَوْمَ نَخْتِمُ عَلٰٓى اَفْوَاهِهِمْ وَتُكَلِّمُنَٓا اَيْد۪يهِمْ وَتَشْهَدُ اَرْجُلُهُمْ بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ (٦٥)
65. Биз бу кунда гапирмасликлари учун уларнинг оғизларини муҳрлаб қўямиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик беради.
وَلَوْ نَشَٓاءُ لَطَمَسْنَا عَلٰٓى اَعْيُنِهِمْ فَاسْتَبَقُوا الصِّرَاطَ فَاَنّٰى يُبْصِرُونَ (٦٦)
66. Агар хоҳласак, уларнинг кўзларини йўқ қилган бўлар эдик. Ана унда йўлга шошардилар-у, аммо қандай қилиб йўлни кўрсинлар.?!
وَلَوْ نَشَٓاءُ لَمَسَخْنَاهُمْ عَلٰى مَكَانَتِهِمْ فَمَا اسْتَطَاعُوا مُضِيًّا وَلَا يَرْجِعُونَ۟ (٦٧)
67. Агар хоҳласак, уларни турган жойларида бошқа нарсаларга айлантириб қўйган бўлар эдик. Кейин улар олдинга юришга ҳам кучлари етмас эди орқаларига ҳам қайта олмас эдилар.
وَمَنْ نُعَمِّرْهُ نُنَكِّسْهُ فِي الْخَلْقِۜ اَفَلَا يَعْقِلُونَ (٦٨)
68. Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини эгик қилиб қўямиз. Ахир, ақл ишлатмайдиларми?!
وَمَا عَلَّمْنَاهُ الشِّعْرَ وَمَا يَنْبَغ۪ي لَهُۜ اِنْ هُوَ اِلَّا ذِكْرٌ وَقُرْاٰنٌ مُب۪ينٌۙ (٦٩)
69. Биз Муҳаммадга шеърни ўргатмадик ва унга шоирлик тўғри келмайди. Бу ваҳий фақат зикр ва аниқ Қуръондир.
لِيُنْذِرَ مَنْ كَانَ حَيًّا وَيَحِقَّ الْقَوْلُ عَلَى الْكَافِر۪ينَ (٧٠)
70. У тирик кишиларни огоҳлантириш ва кофирларга азоб сўзи муқаррар бўлиши учун нозил қилинган китобдир.
اَوَلَمْ يَرَوْا اَنَّا خَلَقْنَا لَهُمْ مِمَّا عَمِلَتْ اَيْد۪ينَٓا اَنْعَامًا فَهُمْ لَهَا مَالِكُونَ (٧١)
71. Биз улар учун қудрат қўлимиз билан қилган чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Мана улар ўша ҳайвонларга эгадирлар.
وَذَلَّلْنَاهَا لَهُمْ فَمِنْهَا رَكُوبُهُمْ وَمِنْهَا يَأْكُلُونَ (٧٢)
72. Биз ўша ҳайвонларни уларга бўйсундириб қўйдик. Ана у ҳайвонлардан минадиганлари ҳам ва улардан сўйиб ейдиганлари ҳам бор.
وَلَهُمْ ف۪يهَا مَنَافِعُ وَمَشَارِبُۜ اَفَلَا يَشْكُرُونَ (٧٣)
73. Яна улар учун ўша ҳайвонларда бошқа турли фойдалар ва сут-қаймоқ каби ичимликлар ҳам бор. Ахир, шукр қилмайдиларми?!
وَاتَّخَذُوا مِنْ دُونِ اللّٰهِ اٰلِهَةً لَعَلَّهُمْ يُنْصَرُونَۜ (٧٤)
74. Лекин одамлар Аллоҳни қўйиб, ёрдам олиш умидида сохта илоҳларни худо қилиб олдилар.
لَا يَسْتَط۪يعُونَ نَصْرَهُمْۙ وَهُمْ لَهُمْ جُنْدٌ مُحْضَرُونَ (٧٥)
75. Сохта илоҳлари уларга ёрдам беришга кучлари етмайди. Ҳолбуки, улар бу бутлар учун хизматга шай турган лашкар каби эдилар.
فَلَا يَحْزُنْكَ قَوْلُهُمْۢ اِنَّا نَعْلَمُ مَا يُسِرُّونَ وَمَا يُعْلِنُونَ (٧٦)
76. Бас, эй Муҳаммад, сизни уларнинг сўзлари хафа қилмасин! Зотан, Биз уларнинг беркитиб юрган нарсаларини ҳам, ошкора қилаётган ишларини ҳам биламиз.
اَوَلَمْ يَرَ الْاِنْسَانُ اَنَّا خَلَقْنَاهُ مِنْ نُطْفَةٍ فَاِذَا هُوَ خَص۪يمٌ مُب۪ينٌ (٧٧)
77. Биз уни бир томчи нутфадан яратганимизни, инсон билмайдими?! Энди, эса у бирдан, очиқ-ойдин хусуматчи бўлиб турибди!
وَضَرَبَ لَنَا مَثَلًا وَنَسِيَ خَلْقَهُۜ قَالَ مَنْ يُحْيِ الْعِظَامَ وَهِيَ رَم۪يمٌ (٧٨)
78. У Бизга: “Чириган суякларни ким ҳам тирилтира олади?” – деб, масал келтирди-ю, лекин ўзининг қандай яратилишини унутиб қўйди.
قُلْ يُحْي۪يهَا الَّذ۪ٓي اَنْشَاَهَٓا اَوَّلَ مَرَّةٍۜ وَهُوَ بِكُلِّ خَلْقٍ عَل۪يمٌۙ (٧٩)
79. Эй Муҳаммад, уларга: “У чириган суякларни биринчи марта пайдо қилган Зотнинг Ўзи уни қайта тирилтиради. У ҳар бир яратилган нарсани билувчидир”, деб айтинг.
اَلَّذ۪ي جَعَلَ لَكُمْ مِنَ الشَّجَرِ الْاَخْضَرِ نَارًا فَاِذَٓا اَنْتُمْ مِنْهُ تُوقِدُونَ (٨٠)
80. У сизлар учун яшил дарахтдан олов пайдо қилиб берган Зотдир. Бас, сизлар унинг ўтинидан олов ёқасизлар.
اَوَلَيْسَ الَّذ۪ي خَلَقَ السَّمٰوَاتِ وَالْاَرْضَ بِقَادِرٍ عَلٰٓى اَنْ يَخْلُقَ مِثْلَهُمْۜ بَلٰى وَهُوَ الْخَلَّاقُ الْعَل۪يمُ (٨١)
81. Осмонлар ва Ерни яратган Зот яна уларнинг ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Йўқ, албатта, қодирдир. У кўплаб яратувчи ва ҳамма нарсани билувчидир.
اِنَّمَٓا اَمْرُهُٓ اِذَٓا اَرَادَ شَيْـًٔا اَنْ يَقُولَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ (٨٢)
82. Бирор нарса яратишни ирода қилганда, Унинг амри фақатгина унга “Бўл!” деб айтишдир. Бас, У амр қилган нарса дарҳол пайдо бўлади.
فَسُبْحَانَ الَّذ۪ي بِيَدِه۪ مَلَكُوتُ كُلِّ شَيْءٍ وَاِلَيْهِ تُرْجَعُونَ (٨٣)
83. Бас, барча нарсанинг тўлиқ мулки Унинг қўлида бўлган Зот барча нуқсонлардан покдир. Ҳаммангиз Унинг ҳузурига қайтариласизлар.

