ҒОШИЯ СУРАСИ

Ғошия сураси 26 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Ушбу суранинг номи ҳам ўзининг биринчи оятидаги сўздан олинган. “Ғошия” “ўраб олувчи” деган маънони англатади. Қиёмат куни шу ном билан ҳам номланади. Чунки у Кун ўз даҳшати ила ҳамма нарсани ўраб олади.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

هَلْ اَتٰيكَ حَد۪يثُ الْغَاشِيَةِۜ (١)

1. Эй Муҳаммад, сизга ўраб олувчи қиёмат қиссаси етиб келдими?

وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ خَاشِعَةٌۙ (٢)

2. У кунда баъзи юзлар қўрқувчидир.

عَامِلَةٌ نَاصِبَةٌۙ (٣)

3. Қаттиқ меҳнат қилувчи ва толиқувчидир.

تَصْلٰى نَارًا حَامِيَةًۙ (٤)

4. Улар ўта қизиган ўтга кириб, куядилар.

تُسْقٰى مِنْ عَيْنٍ اٰنِيَةٍۜ (٥)

5. Қайнаб турган булоқдан суғориладилар.

لَيْسَ لَهُمْ طَعَامٌ اِلَّا مِنْ ضَر۪يعٍۙ (٦)

6. Уларга заҳарли тикандан бошқа таом йўқдир.

لَا يُسْمِنُ وَلَا يُغْن۪ي مِنْ جُوعٍۜ (٧)

7. У семиртирмайди ҳам, очликдан ҳам халос қилмайди.

وُجُوهٌ يَوْمَئِذٍ نَاعِمَةٌۙ (٨)

8. Бошқа бир юзлар эса у кунда неъматланувчидир.

لِسَعْيِهَا رَاضِيَةٌۙ (٩)

9. Дунёда қилган саъй-ҳаракатларидан розидир.

ف۪ي جَنَّةٍ عَالِيَةٍۙ (١٠)

10. Улар олий жаннатдадирлар.

لَا تَسْمَعُ ف۪يهَا لَاغِيَةًۜ (١١)

11. У жойда беҳуда сўз эшитмайдилар.

ف۪يهَا عَيْنٌ جَارِيَةٌۢ (١٢)

12. У жойда оқар чашма бордир.

ف۪يهَا سُرُرٌ مَرْفُوعَةٌۙ (١٣)

13. У жойда баланд сўрилар бордир.

وَاَكْوَابٌ مَوْضُوعَةٌۙ (١٤)

14. Тайёрлаб қўйилган қадаҳлар бордир.

وَنَمَارِقُ مَصْفُوفَةٌۙ (١٥)

15. Саф-саф қилиб тизилган ёстиқлар бордир.

وَزَرَابِيُّ مَبْثُوثَةٌۜ (١٦)

16. Ҳамма ёққа тўшалган гиламлар бордир.

اَفَلَا يَنْظُرُونَ اِلَى الْاِبِلِ كَيْفَ خُلِقَتْ۠ (١٧)

17. Ахир, улар туянинг қандай қилиб яратилганига назар солмайдиларми?

وَاِلَى السَّمَٓاءِ كَيْفَ رُفِعَتْ۠ (١٨)

18. Осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига ҳам боқмайдиларми?

وَاِلَى الْجِبَالِ كَيْفَ نُصِبَتْ۠ (١٩)

19. Тоғларнинг қандай тикланганини кўрмайдиларми?

وَاِلَى الْاَرْضِ كَيْفَ سُطِحَتْ۠ (٢٠)

20. Ернинг қандай текислаб қўйилганига қарамайдиларми?

فَذَكِّرْ اِنَّمَٓا اَنْتَ مُذَكِّرٌۜ (٢١)

21. Бас, эй Муҳаммад, эслатинг! Зотан, сиз фақат эслатувчисиз.

لَسْتَ عَلَيْهِمْ بِمُصَيْطِرٍۙ (٢٢)

22. Уларнинг устидан ҳукм ўтказувчи эмассиз.

اِلَّا مَنْ تَوَلّٰى وَكَفَرَۙ (٢٣)

23. Лекин кимки бу эслатмадан юз ўгириб, куфр келтирса,

فَيُعَذِّبُهُ اللّٰهُ الْعَذَابَ الْاَكْبَرَۜ (٢٤)

24. У ҳолда, Аллоҳ уни энг катта азоб билан азоблайди.

اِنَّ اِلَيْنَٓا اِيَابَهُمْۙ (٢٥)

25. Албатта, уларнинг қайтишлари Бизгадир!

ثُمَّ اِنَّ عَلَيْنَا حِسَابَهُمْ (٢٦)

26. Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш ҳам фақат Бизнинг зиммамиздадир.