МУМТАҲАНА СУРАСИ

Мумтаҳана сураси 13 оятдан иборат бўлиб, Мадинада нозил бўлган. “Мумтаҳана” сўзининг маъноси “имтиҳон қилинган аёл”дир. Сура ичида “Мўмин бўлдим”, деб келган аёлларнинг иймонини имтиҳон қилиб кўришга буйруқ бор.

بِسْمِ اللّٰهِ الرَّحْمٰنِ الرَّح۪يمِ

РАҲМОН ВА РАҲИМ БЎЛГАН АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН

يَٓا اَيُّهَا الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا لَا تَتَّخِذُوا عَدُوّ۪ي وَعَدُوَّكُمْ اَوْلِيَٓاءَ تُلْقُونَ اِلَيْهِمْ بِالْمَوَدَّةِ وَقَدْ كَفَرُوا بِمَا جَٓاءَكُمْ مِنَ الْحَقِّۚ يُخْرِجُونَ الرَّسُولَ وَاِيَّاكُمْ اَنْ تُؤْمِنُوا بِاللّٰهِ رَبِّكُمْۜ اِنْ كُنْتُمْ خَرَجْتُمْ جِهَادًا ف۪ي سَب۪يل۪ي وَابْتِغَٓاءَ مَرْضَات۪ي تُسِرُّونَ اِلَيْهِمْ بِالْمَوَدَّةِۗ وَاَنَا۬ اَعْلَمُ بِمَٓا اَخْفَيْتُمْ وَمَٓا اَعْلَنْتُمْۜ وَمَنْ يَفْعَلْهُ مِنْكُمْ فَقَدْ ضَلَّ سَوَٓاءَ السَّب۪يلِ (١)

1. Эй иймон келтирганлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманингиз бўлган мушрикларни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик ҳақида хабар юборасизлар, ҳолбуки, улар сизларга келган ҳақ динни инкор қилганлар. Улар пайғамбарнинг ва сизларнинг Роббингиз бўлган Аллоҳга иймон келтирганларингиз учун ўз юртларингиздан ҳайдаб чиқармоқдалар. Агар сизлар Менинг йўлимда жиҳод қилиш ва розилигимни исташ учун чиққан бўлсангиз уларни дўст тутманглар! Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмоқдасизлар. Ҳолбуки, Мен сизлар беркитган ва ошкор қилган нарсани яхши билувчиман. Сизлардан кимки шу ишни қилса, бас, аниқки, у тўғри йўлдан озибди.

Изоҳ: Оятнинг нозил қилинишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом Маккани фатҳ қилиш учун тайёргарлик кўриб юрган кезларида муҳожир саҳобалардан Хотиб ибн Балтаъа бу ҳақида Макка зодагонларига хат ёзиб уларга қарши урушга ҳозирлик кўрилаётганининг хабарини беради ва уни ўша тарафга кетаётган бир аёлдан бериб юборади. Шунда Жаброил фаришта келтирган ваҳий орқали бу хуфёна ҳаракат Расулуллоҳга маълум бўлади ва у зот икки саҳоба билан ҳазрати Алини ўша аёлнинг изидан юборадилар. Улар аёлни пайғамбаримиз айтган Мадина яқинидаги Равзиҳоҳ деган жойдан топиб, ундан хатни беришни талаб қилганларида у аввал тонади, лекин элчиларнинг дўқ-пўписаларидан сўнг сочларининг орасидан чиқариб беради. Хат қўлларига келиб теккач, пайғамбар алайҳиссалом Хотибни чақириб, ундан: “Бу нима қилганинг?” – деб деб сўраганларида у шундай жавоб қилади: “Ё Расулуллоҳ, мен Исломга кирганимдан буён диндан ҳам қайтмадим, сизга хиёнат ҳам қилмадим. Лекин мен хижрат қилиб чиққанимда, бола-чақаларим Маккада қолган эди. Бошқа муҳожирларнинг Маккада қолиб кетган бола-чақа ва мол-мулкларини ўз ҳимояси остига оладиган қариндош-уруғлари бор, аммо менинг Маккада бирон ҳимоячим йўқдир. Шу сабабдан мана бу хатим Макка зодагонларининг қўлларига бориб тегса, улар аҳли-оиламга ҳомийлик қилишар, деб ўйлаган эдим. Мен бу хатни динимизга бирон зиён етказиш учун ёзган эмасман”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хотиб ибн Балтаъанинг узрини қабул қилганлар. Мана шу пайтда юқоридаги оят нозил бўлган.

اِنْ يَثْقَفُوكُمْ يَكُونُوا لَكُمْ اَعْدَٓاءً وَيَبْسُطُٓوا اِلَيْكُمْ اَيْدِيَهُمْ وَاَلْسِنَتَهُمْ بِالسُّٓوءِ وَوَدُّوا لَوْ تَكْفُرُونَۜ (٢)

2. Эй мўминлар, агар мушриклар сизлардан устун келсалар, душманларингиз бўладилар ва сизларга қўл ва тилларини ёмонлик билан узатадилар. Яна улар сизларни ўзларига ўхшаб кофир бўлишингизни хоҳлайдилар.

لَنْ تَنْفَعَكُمْ اَرْحَامُكُمْ وَلَٓا اَوْلَادُكُمْۚۛ يَوْمَ الْقِيٰمَةِۚۛ يَفْصِلُ بَيْنَكُمْۜ وَاللّٰهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَص۪يرٌ (٣)

3. Қиёмат кунида сизларга қариндошларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам асло фойда бермайди! Қиёмат куни Аллоҳ ўрталарингизни ажратиб қўяди. Аллоҳ барча қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.

قَدْ كَانَتْ لَكُمْ اُسْوَةٌ حَسَنَةٌ ف۪ٓي اِبْرٰه۪يمَ وَالَّذ۪ينَ مَعَهُۚ اِذْ قَالُوا لِقَوْمِهِمْ اِنَّا بُرَءٰٓؤُ۬ا مِنْكُمْ وَمِمَّا تَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللّٰهِۘ كَفَرْنَا بِكُمْ وَبَدَا بَيْنَنَا وَبَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةُ وَالْبَغْضَٓاءُ اَبَدًا حَتّٰى تُؤْمِنُوا بِاللّٰهِ وَحْدَهُٓ اِلَّا قَوْلَ اِبْرٰه۪يمَ لِاَب۪يهِ لَاَسْتَغْفِرَنَّ لَكَ وَمَٓا اَمْلِكُ لَكَ مِنَ اللّٰهِ مِنْ شَيْءٍۜ رَبَّنَا عَلَيْكَ تَوَكَّلْنَا وَاِلَيْكَ اَنَبْنَا وَاِلَيْكَ الْمَص۪يرُ (٤)

4. Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган иймонли кимсаларда гўзал намуна бордир. Ўшанда улар ўз қавмларига: “Бизлар сизлардан ва Аллоҳдан бошқага ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор қилдик. Токи, сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтирмагунингизгача, сизлар билан бизнинг ўртамизда доимий адоват ва нафрат пайдо бўлди”, – дедилар. Фақат Иброҳимнинг отасига: “Албатта, мен Аллоҳдан сен учун мағфират сўрайман, лекин сенга Аллоҳ томонидан бўладиган бирор нарсани қайтаришга кучим етмайди”, – деган сўзи бундан мустаснодир. Иброҳим ва у билан бирга бўлган иймонли кимсаларнинг дуоси: “Эй Роббимиз, Сенгагина таваккул қилдик, Ўзингга қайтдик ва қайтишимиз ҳам фақат сенинг ҳузуринггадир”, – дейиш эди.

رَبَّنَا لَا تَجْعَلْنَا فِتْنَةً لِلَّذ۪ينَ كَفَرُوا وَاغْفِرْ لَنَا رَبَّنَاۚ اِنَّكَ اَنْتَ الْعَز۪يزُ الْحَك۪يمُ (٥)

5. Эй Роббимиз, Бизни куфр келтирган кимсаларга фитна қилиб қўймагин, бизни мағфират қил! Эй Роббимиз, албатта, Сен иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотсан.

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ ف۪يهِمْ اُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُوا اللّٰهَ وَالْيَوْمَ الْاٰخِرَۜ وَمَنْ يَتَوَلَّ فَاِنَّ اللّٰهَ هُوَ الْغَنِيُّ الْحَم۪يدُ۟ (٦)

6. Дарҳақиқат, сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган кишилар учун Иброҳим пайғамбар ва у зот билан бирга бўлган мўминларнинг тутган йўлларида гўзал намуна бордир. Кимки иймондан юз ўгириб кетса, бас, албатта, Аллоҳ ҳеч кимга муҳтож бўлмаган – Ғаний ва мақтовга лойиқ – Ҳамид Зотдир.

عَسَى اللّٰهُ اَنْ يَجْعَلَ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ الَّذ۪ينَ عَادَيْتُمْ مِنْهُمْ مَوَدَّةًۜ وَاللّٰهُ قَد۪يرٌۜ وَاللّٰهُ غَفُورٌ رَح۪يمٌ (٧)

7. Ажаб эмас, балки Аллоҳ сизлар билан ва Макка кофирлари орасидаги сизлар душманлашиб юрган кимсалар ўртасида уларни иймонга киритиб дўстлик пайдо қилиб қўяр. Аллоҳ ҳаммасига қодирдир. Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи – Ғофур ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотдир.

لَا يَنْهٰيكُمُ اللّٰهُ عَنِ الَّذ۪ينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدّ۪ينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ اَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُٓوا اِلَيْهِمْۜ اِنَّ اللّٰهَ يُحِبُّ الْمُقْسِط۪ينَ (٨)

8. Аллоҳ дин борасида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан сизларни қайтармайди. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севади.

اِنَّمَا يَنْهٰيكُمُ اللّٰهُ عَنِ الَّذ۪ينَ قَاتَلُوكُمْ فِي الدّ۪ينِ وَاَخْرَجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ وَظَاهَرُوا عَلٰٓى اِخْرَاجِكُمْ اَنْ تَوَلَّوْهُمْۚ وَمَنْ يَتَوَلَّهُمْ فَاُو۬لٰٓئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ (٩)

9. Лекин албатта, Аллоҳ динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан қувиб чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсаларни дўст тутишдан қайтаради. Кимки улар билан дўстлашса, бас, ана улар золим кимсалардир.

يَٓا اَيُّهَا الَّذ۪ينَ اٰمَنُٓوا اِذَا جَٓاءَكُمُ الْمُؤْمِنَاتُ مُهَاجِرَاتٍ فَامْتَحِنُوهُنَّۜ اَللّٰهُ اَعْلَمُ بِا۪يمَانِهِنَّۚ فَاِنْ عَلِمْتُمُوهُنَّ مُؤْمِنَاتٍ فَلَا تَرْجِعُوهُنَّ اِلَى الْكُفَّارِۜ لَا هُنَّ حِلٌّ لَهُمْ وَلَا هُمْ يَحِلُّونَ لَهُنَّۜ وَاٰتُوهُمْ مَٓا اَنْفَقُواۜ وَلَا جُنَاحَ عَلَيْكُمْ اَنْ تَنْكِحُوهُنَّ اِذَٓا اٰتَيْتُمُوهُنَّ اُجُورَهُنَّۜ وَلَا تُمْسِكُوا بِعِصَمِ الْكَوَافِرِ وَسْـَٔلُوا مَٓا اَنْفَقْتُمْ وَلْيَسْـَٔلُوا مَٓا اَنْفَقُواۜ ذٰلِكُمْ حُكْمُ اللّٰهِۜ يَحْكُمُ بَيْنَكُمْۜ وَاللّٰهُ عَل۪يمٌ حَك۪يمٌ (١٠)

10. Эй мўминлар, қачонки, сизларга Макка кофирлари томонидан мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар уларни имтиҳон қилиб кўринглар! Аллоҳ уларнинг қалбларидаги иймонларини жуда яхши билувчидир. Бас, агар уларнинг чиндан ҳам мўмина эканликларини билсангиз, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар! Булар энди кофирлар учун ҳалол эмас ва у кофирлар бу аёллар учун ҳалол эмасдир. Сизларнинг олдингизда қолган мўминаларнинг Маккада қолган кофир эрларига мана шу хотинлари учун сарфлаган маҳрларини эрларига қайтариб беринглар. Қачонки, уларга маҳрларини берсангизлар кейин уларни никоҳларингизга олишда сизларга гуноҳ йўқдир. Шунингдек, сизлар ҳам хотинларингиз кофира бўлган ҳолларида кофирлар билан қолишни истаса, уларнинг йўлларини тўсиб, никоҳларингизда сақламанглар ва кофир аёлларнинг қўлларини тутманглар. Ўзларингиз сарфлаган маҳрни улардан талаб қилинглар ва улар ҳам сарфлаган маҳрларини мўминлардан талаб қилсинлар! Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. У сизларнинг ўртангизда ҳукм қилади. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турувчи – Аълим ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.

Изоҳ: Кофира хотинларингиз кофирлар билан қолишни истасалар, қаршилик қилманглар. “Бу Аллоҳнинг ҳукмидир” оятигача маҳрни қайтариб олишга доир ҳукмлар насх бўлган, яъни амалдан қолдирилган.

وَاِنْ فَاتَكُمْ شَيْءٌ مِنْ اَزْوَاجِكُمْ اِلَى الْكُفَّارِ فَعَاقَبْتُمْ فَاٰتُوا الَّذ۪ينَ ذَهَبَتْ اَزْوَاجُهُمْ مِثْلَ مَٓا اَنْفَقُواۜ وَاتَّقُوا اللّٰهَ الَّذ۪ٓي اَنْتُمْ بِه۪ مُؤْمِنُونَ (١١)

11. Агар жуфтларингиздан бирортаси кофирлар томонига ўтиб кетса-ю, аммо улар ўша хотин учун берилган маҳрни унинг эрига қайтариб бермасалар сўнг сизлар ўч олсангиз ва ўлжа қўлга киритсангиз, у ҳолда ўша ўлжалардан жуфтлари кофирлар томонига ўтиб кетган кишиларга улар сарфлаган маҳр миқдорини беринглар. Ҳамда ўзингиз Унга иймон келтирувчи бўлган Аллоҳдан қўрқинглар.

يَٓا اَيُّهَا النَّبِيُّ اِذَا جَٓاءَكَ الْمُؤْمِنَاتُ يُبَايِعْنَكَ عَلٰٓى اَنْ لَا يُشْرِكْنَ بِاللّٰهِ شَيْـًٔا وَلَا يَسْرِقْنَ وَلَا يَزْن۪ينَ وَلَا يَقْتُلْنَ اَوْلَادَهُنَّ وَلَا يَأْت۪ينَ بِبُهْتَانٍ يَفْتَر۪ينَهُ بَيْنَ اَيْد۪يهِنَّ وَاَرْجُلِهِنَّ وَلَا يَعْص۪ينَكَ ف۪ي مَعْرُوفٍ فَبَايِعْهُنَّ وَاسْتَغْفِرْ لَهُنَّ اللّٰهَۜ اِنَّ اللّٰهَ غَفُورٌ رَح۪يمٌ (١٢)

12. Эй Пайғамбар, қачонки, олдингизга мўминалар келиб, сизга ўзларининг Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликларига, ўғирлик қилмасликларига, зино қилмасликларига, ўз болаларини ўлдирмасликларига, қўллари ва оёқлари орасида тўқиб оладиган бўҳтонни келтирмасликларига ҳамда бирор яхши ишда сизга итоатсизлик қилмасликларига доир байъат қилсалар, сиз уларнинг байъатларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.

Изоҳ: Оятдаги бўҳтон тўқишдан мурод бошқадан туғилган болани ўз эрига сендан дейишдир.

يَٓا اَيُّهَا الَّذ۪ينَ اٰمَنُوا لَا تَتَوَلَّوْا قَوْمًا غَضِبَ اللّٰهُ عَلَيْهِمْ قَدْ يَئِسُوا مِنَ الْاٰخِرَةِ كَمَا يَئِسَ الْكُفَّارُ مِنْ اَصْحَابِ الْقُبُورِ (١٣)

13. Эй иймон келтирганлар, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутманглар. Худди барча кофирлар қабр эгаларининг қайта тирилишларидан ноумид бўлганларидек, улар ҳам охиратдан ноумид бўлгандирлар.