1447 йил 18 зулҳижжа2026 йил 4 июн, пайшанба

Fajr сураси

Makkaда нозил бўлган.

30-жуз,89-сура,30 оятдан иборат

1.Тонг вақтига, қасам бўлсин.

2.Ўн кечага қасам бўлсин.

3.Жуфт ва тоқ нарсаларга қасам бўлсин.

4.Ўтаётган кечага қасам бўлсинки, албатта, кофирлар жазоланадилар.

5.Мана шу нарсаларда ақл эгаси учун етарли қасам борми?

6.Роббингиз Од қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини кўрмадингизми?!

7.Улар баланд устунли Ирам шаҳридан бўлиб,

8.Бошқа юртларда унинг ўхшаши яратилмаган.

9.Водийда харсанг тошларни уй солиш учун йўнган Самуд қабиласини,

10.Қозиқлар эгаси бўлмиш фиръавнни қандай ҳалок қилганини-чи?

11.Улар юртларида ҳадларидан ошдилар.

12.У жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар.

13.Бас, Роббингиз уларнинг устига турли азоб ёғдирди.

14.Албатта, Роббингиз барчасини кузатиб турувчидир.

15.Бас, энди инсонни қачонки, Роббиси имтиҳон учун икром қилиб, унга неъмат ато этса, дарҳол: “Роббим лойиқ бўлганим учун мени икром қилди”, – дейди.

16.Аммо қачонки, уни имтиҳон учун, ризқини тор қилиб қўйса, дарҳол: “Роббим мени хор қилди”, – дейди.

17.Йўқ! Аксинча, сизлар етимни икром қилмайсизлар.

18.Мискин ва бечораларга таом беришга ҳам бир-бирингизни ундамайсизлар.

19.Меросни эса ўз улушингизга ўзгаларникини қўшиб ейсизлар.

20.Яна мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан севасизлар.

21.Йўқ! Вақтики, Ер қаттиқ силкинганда,

22.Роббингизнинг ҳукми ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда,

23.Ўша куни жаҳаннам ҳам яқин келтириб қўйилади. Ана ўша кунда инсон бу кўрганларидан эслатма олади. Аммо унга эслашдан фойда қани?!

24.У: “Эҳ, кошки, мен ҳаёт вақтимда яхши амалларни тақдим қилганимда!”, – дейди.

25.У кунда Аллоҳнинг азобидек ҳеч ким азобламайди.

26.Унинг кишан ва занжирларни боғлашидек ҳеч ким боғламайди.

27.Эй хотиржам нафс!

28.Ато этилган неъматлардан рози бўлган ва Аллоҳ таоло томонидан ҳам рози бўлинган ҳолингда, Роббинг ҳузурига қайтгин!

29.Бас, солиҳ бандаларим сафига киргин.

30.Ҳамда жаннатимга киргин!