Ҳо, Мим.
Josiya сураси
Makkaда нозил бўлган.
25-жуз,45-сура,37 оятдан иборатMakkaда нозил бўлган.
25-жуз,45-сура,37 оятдан иборатРаҳмон ва Раҳим бўлган Аллоҳ номи билан бошлайман.
Ҳо, Мим.
Бу Қуръон Азиз ва Ҳаким бўлган Аллоҳ томонидан нозил қилинган китобдир.
Ҳақиқатан, осмонлар ва Ерда мўминлар учун Аллоҳга далолат қиладиган кўплаб аломатлар бордир.
Ҳамда сизларнинг яратилишингизда ва Аллоҳ ер юзига тарқатиб юборган жониворлардан иборат нарсаларда ҳам аниқ ишонадиган қавм учун ибратли аломатлар бордир.
Ҳар бир туҳматчи ва гуноҳкорнинг ҳолига вой бўлсин!
Бу оятлар одамлар учун очиқ-ойдин кўрсатмалардир ва аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.
Осмонлар ва Ердаги буюклик ёлғиз Уникидир! Шубҳасиз, У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
Яна кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ризқ тушириб, у сабабли сувсизликдан қақраб ётган ернинг ўлимидан кейин тирилтиришида ва шамолларнинг йўналишида ақл юритадиган қавмлар учун аломатлар бор.
Эй Муҳаммад, булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, уларни сизга ҳақ билан тиловат қилиб беряпмиз. Бас, кофирлар Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб, қайси сўзга иймон келтирмоқдалар?!
У ўзига тиловат қилинаётган Аллоҳ оятларини эшитади, кейин худди уларни эшитмагандек, кибрланган ҳолда яна куфрда давом этади. Бас, эй Муҳаммад, унга аламли азоб борлиги ҳақида хушхабар беринг.
Қачонки, оятларимиздан бирор нарсани билиб олса, уни масхара қилади. Ана ўшаларга хорловчи азоб бордир.
Уларнинг ортида жаҳаннам бор! Касб қилиб топган бойлик ва фарзандлари ҳам, Аллоҳдан бошқа тутган дўстлари ҳам уларга бирор нарсада асқотмайди. Уларга улкан азоб бордир.
Мана бу Қуръон ҳидоят манбаидир. Роббиларининг оятларига куфр келтирган кимсалар учун эса қақшатқич аламдан иборат азоб бордир.
Аллоҳ сизларга денгизни унда Ўз амри билан кемалар юриши учун ва Унинг фазлидан истакда бўлишингиз учун беминнат хизматкор қилиб қўйди. Шоядки, бу неъматлар учун шукр қилсангизлар.
У Ўз томонидан сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйсундириб қўйди. Албатта, буларда тафаккур қиладиган қавмлар учун ибратли аломатлар бордир.
Эй Муҳаммад, иймон келтирган кимсаларга: “Аллоҳнинг кунларидан умидвор бўлмайдиганларни кечириб юбораверсинлар”, – деб айтинг. Токи Аллоҳ кечиримли қавмни қилган ишлари сабабидан мукофотласин.
Кимки яхшилик қилса, бас, ўз фойдасигадир. Кимки ёмонлик қилса, бас, у ўз зараригадир. Сўнгра қиёматда Роббингизга қайтариласизлар.
Дарҳақиқат, Биз бани Исроил авлодига китоб, ҳикмат ва пайғамбарлик ато қилдик ва уларни покиза нарсалардан ризқлантирдик ҳамда уларни ўз даврларидаги оламлардан афзал қилдик.
Яна уларга дин иши борасида ҳужжатлар ато қилдик. Бас, улар ўзларига илм келганидан кейин ўзаро адоват қилиб ихтилофга тушдилар. Албатта, Роббингиз қиёмат куни ўрталарида ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ҳукм чиқаради.
Эй Муҳаммад, кейин, Биз сизни дин ишида шариатга тайин қилдик. Бас, унга эргашинг ва ҳақни билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг.
Чунки, улар сиздан Аллоҳ томонидан бўладиган бирор нарсани қайтара олмайдилар. Албатта, золимлар бир-бирларига дўстдирлар. Аллоҳ эса тақводорларнинг дўстидир.
Наҳотки ёмонликларни касб қилганлар ўзларини иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини ўйладилар?! Улар нақадар ёмон ҳукм чиқармоқдалар!
Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳақ ҳикмат билан, ҳар бир жон қилган касбига яраша, зулм қилинмаган ҳолида жазо ёки мукофот олиши учун яратган.
Эй Муҳаммад, ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган ва Аллоҳ уни билиб туриб адаштирган, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрдингизми? Бас, уни Аллоҳ йўлдан адаштирганидан кейин ким ҳидоят қила олади?! Ахир, эслатма олмайсизларми?!
Қиёматни инкор қилувчилар: “Ҳаёт фақат шу дунёдаги яшашимиздир. Биримиз ўлиб, бошқамиз яшаб юраверамиз. Бизларни Аллоҳ эмас, балки фақат замон ўтишигина ўлдиради”, – дедилар. Ҳолбуки, уларда бу ҳақида бирор ҳужжатга эга бўлган билим йўқдир. Улар фақат шундай гумон қиладилар, холос.
Қачон уларга қайта тирилиш тўғрисидаги оятларимиз баён этувчи ҳолида тиловат қилинса, уларнинг Бизга қарши беҳуда ҳужжатлари фақат: “Агар ростгўй бўлсангиз, ота-боболаримизни тирилтириб келтиринглар-чи”, – дейишларигина бўлади.
Эй Расулим уларга: “Аллоҳ сизларга ҳаёт беради, сўнгра ажалларингиз етгач ўлдиради, кейин сизларни ҳеч шубҳасиз бўладиган қиёмат кунига жамлайди. Лекин одамларнинг аксарияти буни билмайдилар”, – деб айтинг.
Осмонлар ва Ернинг ҳукмдорлиги ёлғиз Аллоҳникидир. Қиёмат қоим бўладиган куни – ана ўша кунда бузғунчилар зиён кўрадилар.
Қиёмат куни барча умматни қўрқув ва изтиробдан тиз чўккан ҳолда кўрасиз. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолини кўришга чақирилади, Бугун қилиб ўтган амалларингизга кўра жазоланасизлар.
Мана бу номаи аъмол китобимиз сизларга фақат ҳақиқатни айтиб беради. Дарҳақиқат, Биз сизлар қилиб юрган амалларингизни ушбу номаи аъмолга кўчириб турар эдик.
Бас, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган кимсалар эса, уларни Роббилари раҳмати бўлган жаннатга киритади. Ана шунинг ўзи очиқ-ойдин ютуқдир.
Аммо куфр келтирган кимсаларга: “Ахир, сизларга дунёда экалигингизда оятларим тиловат қилинмаганми?! Бас, сизлар кибрландингиз ва гуноҳкор қавмлардан бўлдингиз”, – дейилади.
Қачонки, сизларга: “Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ростдир, Қиёмат ҳақида шубҳа йўқдир”, – дейилса, сизлар: “Биз қиёмат соати нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз қиёмат бўлишига аниқ ишонувчи эмасмиз”, – деган эдингиз.
Ана энди уларга қилиб ўтган ёмонликлари аён бўлди ва масхара қилиб юрган азоблари уларни ўраб олди.
Уларга: “Сизлар мана шу кунингиздаги Бизга дуч келишни унутганингиздек, Биз ҳам бугун сизларни унутармиз. Сизларнинг жойингиз дўзахдир ва сизлар учун азобдан қутқарувчи ҳеч қандай ёрдамчилар бўлмайди”, – дейилади.
Бундай бўлишингиз, албатта, сиз Аллоҳнинг оятларини эрмак қилганингиз ва сизни дунё ҳаёти алдаб қўйгани учундир. Бас, улар бугун бу дўзахдан чиқарилмайдилар ва уларга яхши амалларга қайтиш учун имконият ҳам берилмайди.
Бас, барча ҳамд осмонларнинг Робби, Ернинг Робби ҳамда оламларнинг Роббигадир.