Осмонлардаги ва Ердаги барча нарса Аллоҳга тасбеҳ айтади. У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
Hashr сураси
Madinaда нозил бўлган.
28-жуз,59-сура,24 оятдан иборатMadinaда нозил бўлган.
28-жуз,59-сура,24 оятдан иборатРаҳмон ва Раҳим бўлган Аллоҳ номи билан бошлайман.
Осмонлардаги ва Ердаги барча нарса Аллоҳга тасбеҳ айтади. У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.
У аҳли китоб бўлган яҳудийлардан куфр келтирган кимсаларни ўз диёрларидан биринчи ҳайдаш учун чиқариб юборган Зотдир. Эй мўминлар, сизлар уларни чиқиб кетишларини ўйламаган эдингиз. Улар ҳам ўзларининг қалъаларини Аллоҳнинг азобидан сақловчи деб ўйлаган эдилар. Бас, Аллоҳнинг азоби улар ҳисобга олмаган томондан келди ва дилларига қўрқинч солди. Улар уйларини ўз қўллари ва мўминларнинг қўллари билан бузар эдилар. Бас, эй ақл эгалари, бу ҳодисалардан ибрат олинглар!
Агар Аллоҳ уларга сургун бўлишни ёзмаганида, албатта, уларни мана шу дунёда қатл қилиш ёки асрга олиш билан азоблаган бўлар эдик. Улар учун охиратда дўзах азоби ҳам бордир.
Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки Аллоҳга қарши турса, бас, Аллоҳ жазоси қаттиқ Зотдир.
Эй иймон келтирганлар, сизларнинг Бану Назир хурмозорларидан бирор хурмоларни кесганингиз ёки ўз таналарида турган ҳолда қолдирганингиз фақат Аллоҳнинг изни билан ва фосиқларни шарманда қилиш учун бўлди.
Аллоҳ Ўз Пайғамбарига улардан ўлжа қилиб берган нарсалар устига сизлар қийналиб от ва туяларни чоптириб борганингиз йўқ. Лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарларини Ўзи хоҳлаган кимсалар устидан ҳукмрон қилиб қўйди. Аллоҳ ҳар нарсага қодир Зотдир.
Аллоҳ қишлоқ ва шаҳарларнинг кофир аҳолисидан пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар – токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина қўлма-қўл бўлиб юраверадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун – Аллоҳга, Пайғамбарга ва у зотнинг қариндошлари, етимлар, мискинлар ва мусофирларга тегишлидир. Пайғамбар сизларга нимани келтирган бўлса олинглар, сизларни нимадан қайтарган бўлса ундан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ Зотдир.
Яна у ўлжалар ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган камбағал муҳожирларникидир. Зеро, улар Аллоҳдан фазл ва ризолик истаганлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамабарига ёрдам берганлар. Айнан ўшалар иймонларида содиқдирлар.
Муҳожирлардан олдин Мадина диёрида яшаган ва иймонни сақлаган ансорлар эса олдиларига ҳижрат қилиб келган кишиларни яхши кўрадилар ва қалбларида уларга берилган нарса сабабли ҳасад сезмайдилар. Ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, эҳсон қилишда ўзгаларни устун қўядилар. Кимки ўз нафсининг зиқналигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар зафар топувчилардир.
Улардан кейин дунёга келган кимсалар: “Эй Роббимиз, бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтганларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган кимсаларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Роббимиз, шубҳасиз, Сен одамларга шафқатли – Раъуф ва марҳамати кенг бўлган – Раҳим Зотсан”, – дейдилар.
Эй Муҳаммад, мунофиқ кимсалар ўзларининг аҳли китобларидан бўлган кофир биродарларига: “Қасам бўлсинки, агар сизлар Мадинадан ҳайдаб чиқарилсангизлар, албатта, бизлар ҳам сизлар билан бирга чиқиб кетамиз ва сизларга қарши ҳаракатда ҳеч қачон ҳеч кимга итоат қилмаймиз. Агар сизларга қарши жанг қилинса, албатта, бизлар ҳам сизларга ёрдам берамиз”, – деб айтишларини кўрмадингизми? Аллоҳ уларнинг ёлғончилигига гувоҳлик беради.
Қасам бўлсинки, агар яҳудийлар ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарилсалар, мунофиқлар улар билан бирга асло чиқиб кетмайдилар. Қасам бўлсинки, агар яҳудийларга қарши жанг қилинса, мунофиқлар уларга ёрдам ҳам бермайдилар. Борди-ю ёрдам берсалар ҳам, албатта, яҳудийлар мағлуб бўлиб ортларига қараб қочадилар ва кейин уларга ёрдам берилмайди.
Эй мўминлар, шубҳасиз, сизлар мунофиқларнинг дилларида Аллоҳдан кўра кўпроқ қўрқинчли туюласизлар. Бунга сабаб, улар Аллоҳнинг қудратини англамайдиган қавм эканликларидир.
Мунофиқ ва яҳудийлар ўзаро бирлашиб сизлар билан жанг қила олмайдилар. Улар фақат қалъали қишлоқлар ичида беркиниб ёки деворлар ортидан туриб жанг қила оладилар. Шунингдек, уларнинг ўз ораларида адоватлари қаттиқдир. Сўзларидан уларни бирлашган деб ҳисоблайсиз-у, аммо қалблари тарқоқдир. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз қавм эканликларидир.
Улар худди ўзларидан озгина олдин, ўз қилмишларининг уқубатини татиган, Бадр жангида енгилган мушриклар кабидир. Уларга охиратда ҳам аламли азоб бор.
Улар худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Шайтон инсонга: “Куфр келтир”, – дейди. Бас, агар инсон куфр келтиргач, шайтон унга: “Мен сенга алоқадор эмасман. Зеро, мен барча оламлар Роббиси – Аллоҳдан қўрқаман”, – дейди.
Бас, шайтон ва кофир, иккисининг ҳам оқибати дўзахга кириб, унда мангу қолишлари бўлди. Мана бу золимларнинг жазосидир.
Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва ҳар бир жон эгаси эртанги қиёмат куни учун нима амални тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ барча қилаётган ишларингиздан хабардордир.
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни унутган кимсалар каби бўлманглар. Шундан кейин Аллоҳ уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйди. Ана ўшалар фосиқлардир.
Дўзах аҳли билан жаннат аҳли ҳеч қачон баробар бўлмайди. Жаннат аҳли ютуққа эришган зотлардир.
Агар Биз ушбу Қуръонни бирор тоғ устига нозил қилганимизда эди, албатта, у тоғни Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб, парчаланиб кетганини кўрар эдингиз. Бу мисолларни одамларга шояд, тафаккур қилсалар деб, келтирмоқдамиз.
У – Аллоҳ, шундай Зотдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. У яширин ва ошкора нарсаларни билувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир.
У Аллоҳ, шундай Зотдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У бутун борлиқнинг подшоҳи бўлган – Малик, барча айб-нуқсонлардан пок – Қуддус, бандаларига омонлик берувчи – Муъмин, осойишталик ато қилувчи – Салом, барча нарсани кузатиб турувчи – Муҳаймин, қудрат соҳиби – Азиз, бўйсундирувчи – Жаббор ва ҳаммадан улуғ бўлган – Мутакаббир Зотдир. Аллоҳ мушрикларнинг келтираётган ширкларидан покдир.
У Аллоҳ, барча махлуқотни яратувчи – Холиқ, йўқдан бор қилувчи – Борий, барча нарсага сурат ва шакл берувчи – Мусаввир Зотдир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги барча нарса Унга тасбеҳ айтади. У иззати улуғ – Азиз ва ҳикмат эгаси бўлган – Ҳаким Зотдир.